Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Усмон Ҳақназаров: МХХ раиси Рустам Иноятов истеъфо берди

Усмон Ҳақназаров: МХХ раиси Рустам Иноятов истеъфо берди
14 Ocak 2017 - 21:31 'да юкланди ва 7918 марта ўқилди.

9 январ, душанба куни Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ)нинг юқори мартабали зобитлари иштирокида ўтказилган мажлисда, ўзбек махсус хизматлари раиси Рустам Иноятов “саломатлиги ёмонлашганлиги муносабати билан” ўзининг истеъфога чиққанини айтган. Ўз нутқи давомида Иноятов “Хавфсизлик хизмати ва унинг кейинги раҳбарини, марҳум Ислом Абдуғаниевич даврида бўлгани каби, оғир кунлар кутаяпти” дея таъкидлаган. Шундай қилиб…

Иноятовнинг МХХ юқори мартабали зобитлари олдидаги нутқи ҳақида

“Хавфсизлик хизмати фаолиятининг тубдан тузилмавий ва бошқа ўзгаришларга дуч келиши кутилмоқда. Биринчи ўринда бу ўзгаришлар МХХнинг алоҳида тузилмалари, айниқса иқтисодий ва валюта жиноятлари билан шуғулланувчи, ва бошқа ходимларига яратиб берилган имтиёзларга тегишли бўлади. Шунингдек ходимлар сони қисқартирилиб, ойлик маошлар ҳам камайтирилиши мумкин”, – деган Рустам Иноятов. Унинг айтишича Хавфсизлик хизмати ходимларига, мамлакат янги раҳбарияти томонидан яратилаётган янги шароитларда осон бўлмайди.

“Эртага мен яна бир маротаба мамлакат раҳбари олдига кираман ва ундан яна бир бора биз 25 йил давомида яратган нарсани синдирмаслигини сўрайман. Лекин уни бу фикрдан қайтара олишимга ишончим комил эмас”, – дея таъкидлаган Рустам Иноятов.

Ўз бошлиқларининг нутқини кўпчилик ўзбек “чекистлари” яқинлашиб келаётган таҳдиддан огоҳлантириш сифатида баҳолашган. Мажлисдан сўнг улар бошлиқларининг нутқини ўз гуруҳлари ичида муҳокама қила бошлашган. Иноятов тарафдорлари Хавфсизлик хизмати ҳозирги имтиёзлар ва шарт-шароитларини йўқотмаслигини исташмоқда. Иноятовнинг ушбу хабаридан ҳаммадан кўра МХХнинг Ўзбекистон ичида ва чет элларда сохта шахслар номига расмийлаштирилган катта бизнес тузилмаларига эгалик қиладиган раҳбарлари ташвишга тушишган. Кутилаётган ўзгаришлардан фақатгина ўзбек “контораси”нинг бизнес имтиёзларига эга бўлмаган, “чекистлар”дан иборат гуруҳигина қўрқмаяпти.

Эртаси куни, 10 январ, сешанба куни Рустам Иноятов мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевдан уни қабул қилишини сўраган. Шундай қилиб…

Иноятовнинг Мирзиёев билан учрашуви ҳақида

Ушбу учрашувда Рустам Иноятов мамлакат президентидан саломатлиги ёмонлашаётганлиги сабабли ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини тезроқ имзолашини сўраган. “Кундан-кун аҳволим ёмонлашиб бормоқда. Сиздан тезроқ аризамни имзолашингизни сўрайман. Кеча мен ўз хизматимга ишдан кетаётганимни маълум қилдим. Хавфсизлик хизмати ишчиларига мен аллақачон расман раҳбарман холос, ҳақиқий эмас”, – деган иноятов Мирзиёев билан суҳбатда. Аммо мамлакат президенти Рустам Иноятовдан “ушбу лавозимга ворис топилгунга қадар кутиб туриш”ни сўраган.

Шунда МХХ раиси кутиб туришга ва ишни давом эттиришга рози бўлган, аммо ўзининг “нафақага чиқиш шартлари”ни қўйган. Биринчидан, президентдан расмий тартибда (махсус президент фармонини қабул қилиш йўли билан) унга шахсий ва оила даҳлсизлигини таъминлашини сўраган. Иккинчидан, бюджетдан молиялаштириш ҳисобига амалдаги МХХ раисининг шахсий ва оилавий хавфсизлигини таъминлаш учун 10 та қуролланган тансоқчилардан иборат махсус гуруҳ ажратишни сўраган.

“Менинг соқчиларим мен нафақага кетганимдан кейин ҳам хавфсизлик хизматидан маош олишда давом этишларини истайман”, – деган Иноятов. Президентнинг “Нафақага чиқганингиздан кейин сизга бундай катта қўриқлашнинг нима кераги бор?” деган оқилона саволига Иноятов “хизмат давомида Ўзбекистон ичида ҳам, ташқарисида ҳам ўзимга кўплаб душманлар орттирдим” деб жавоб берган.

Шавкат Мирзиёев Иноятов ва унинг оиласига расмий даҳлсизликни беришга рози бўлган, лекин тансоқчиларни бюджетдан молиялаштиришга рози бўлмаган. “Рустам Расулович, ўз тансоқчиларингиз учун давлат бюджетидан маош талаб қилиш учун сиз камбағал одам эмассиз. Сизнинг ҳолатингиз 10 эмас, 10 мингта шундай соқчиларни таъминлаш учун ҳам етарли”, – дея таъкидлаган президент.

Бундан норози бўлган Иноятов Мирзиёевнинг мамлакат МХХсига нисбатан ҳатти-ҳаракатлари борасида ўзининг танқидий қарашларини очиқ айта бошлаган. “Шавкат Миромонович, сиз мустақилликнинг 25 йили давомида Хавфсизлик хизмати яратган барча нарсани бузиб ташлаяпсиз. Сиз “чекистлар”нинг катта бизнесдан кетишларини хоҳлаяпсиз. Лекин бизнесда бўлиш ортидан улар қимматли маълумотларга эга бўлишади ва “контора”нинг алоҳида ҳаражатларини қоплашади”, – деб эътироз билдирган Иноятов. Унинг фикрича, “конторачилар”нинг катта бизнесдан сиқиб чиқарилиши оқибатида олигархлар Хавфсизлик хизматидан, ва умуман давлатдан ҳам қўрқмай қўйишади. “Охир оқибат, сизнинг ўзингизга уларни бошқариш қийин бўлади. Натижада бутун мамлакат бошқариб бўлмайдиган бўлиб қолади”, – деб таъкидлаган Иноятов.

Шавкат Мирзиёев ўзбек махсус хизмати бошлиғининг гапларидан умуман қўрқгани йўқ. “Олигархлар ва уларнинг жиноятлари ҳақида маълумот олиш учун, менимча, “чекист” ҳам шундай олигарх бўлиши шарт эмас. Масалан, олигарх қўлида оддий қоровул бўлиб ишлаб ҳам керакли маълумотларни олиш мумкин, КГБ даврида бўлгани каби”, – деган унга жавобан Мирзиёев. У Иноятовга тўғридан-тўғри, МХХ раиси ўзининг бундай чиройли кўндиришлари билан Хавфсизлик хизмати фаолиятини эмас, балки бизнес-тузилма фаолиятини ва ундан олинадиган ақл бовар қилмас даромадни ҳимоя қилишга уринаётганини айтган.

“Агарда “чекист”-бизнесменлар ўз даромадларининг бир қисмини МХХ амалиётларини амалга оширишга сарфлаганда эди, сизнинг Хавфсизлик хизматингиз Муҳаммад Солиҳга суиқасд уюштиришни амалга ошириш учун Ғофур Раҳимовдан икки миллион доллар тиланчилик қилиб олиб ўтирмас эди”, – деб таъкидлаган Ўзбекистон президенти ва ўзбек махсус хизмати раисига “Эрк” демократик партияси ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳга нисбатан муваффақиятсиз суиқасд уринишини (2001 й.)* эслатиб қўйган.

Мамлакат президенти шунингдек ўзбек махсус хизматларининг “кам танилган имом ва илоҳиётчилар”га нисбатан ўзбошимча суиқасдларини кескин танқид остига олган. “Мен биламан, на сиз, ва на сизнинг хизматингиздан бошқа бири бу одамларни ўлдириш учун малакатнинг аввалги раҳбаридан рухсат сўрамагансизлар. Истанбулда Бухорийни ўлдиришнинг нима кераги бор эди? Швецияда Обид қорига суиқасд қилишнинг нима кераги бор эди? Бундан мамлакат нима қозонди? Ҳеч нарса? Бундан фақат сиз ва сизнинг хизматингиз қозонди. Бундай қотилликлар ва суиқасдлар билан Хавфсизлик хизмати Ислом Каримовнинг кайфиятини кўтарар эди. Кейин эса сиз ва сизнинг хизматингиз Ислом Абдуғаниевичдан Ўзбекистонда ва чет элда янада каттароқ бизнес ишларга рухсат олишга муваффақ бўлар эдингиз. Қисқа қилиб айтаман: бу қотилликлар сиз ва “контора” учун оддий бизнес эди холос”, – деган Шавкат Мирзиёев.

Суҳбат сўнгида Шавкат Мирзиёев Иноятовга МХХ раислигига мос келадиган кишини топганидек унинг аризасини имзолашга сўз берган. Шундай қилиб…

Хулоса

Рустам Иноятовнинг ишдан бўшагани маълум. Бу фактга расмий тус бериш учун фақатгина унинг шу ҳақдаги аризасини имзолаш қолди. Кейинги мақолаларимизда ўқувчиларимизга Шавкат Мирзиёевга МХХ раиси лавозимига таклиф қилинаётган номзодлар ҳақида хабар беришга ҳаракат қиламиз.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,
сиёсатшунос
14.01.2017

*Норвегия ҳукумати ва Солиҳнинг дўстларининг саъй ҳаракатлари билан 2001 йилда Муҳаммад Солиҳнинг ҳаётига суиқасд уруниши олди олинган эди. Суиқасд бевосита Ички Ишлар вазирлигининг терроризмга қарши бўлими бошлиғи полковник Ботир Турсунов ва Интераолнинг ўзбек бўлими директори полковник Маҳмуд Хаитовлар томонидан тайёрланган. Ушбу воқеа халқаро матбуот воситаларида кенг ёритилган. (Маълумот википедия саҳифасидан олинди)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар