Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Ер юзи шу кенглиги билан уларга тор бўлди…”

“Ер юзи шу кенглиги билан уларга тор бўлди…”
18 Ocak 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1132 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 135

(давоми)

Каъб ибн Моликнинг Абу Қатода деган саҳоба қариндошларидан бўлур эди. Бу иккови орасида дўстлик алоқаси кучлик эди. Бир куни ёлғизликка чидаёлмай, нима иш қилишини билмай зерикканликдан ҳам қариндоши, дўсти Абу Қатоданинг боғига борди. Қараса, боғ эшиги ичидан беркитилмиш экан. Томдан ошиб тушиб, унинг устига киргач, салом берди. Ул қаради-ю, аммо саломига жавоб бермади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буларга ҳеч ким гапирмасин, деган эдилар. Буни кўриб Каъб:

— Эй Абу Қатода, мен Расулуллоҳни дўст тутишимни сен билармидинг, Худо ҳаққи айтсанг-чи! — деди.

Ул индамади. Худо ҳаққи, деб уч қайта қасам қилиб сўраса ҳам индамагач, хафаликдан ёрилиб кетгудек бўлиб йиғлаганича қайтиб кетди. Ҳеч жойга сиғмасдан бозор айланиб юриб эди, шу орада қараса, Шомдан келган бир савдогар нитбий (нубиялик):

— Каъб ибн Моликни менга кўрсатиб қўйинглар,— деб сўроғлаб юрганини кўрди.

Кишилар уни кўрсатгач, нитбий ёнидан бир хат чиқариб берди. Ўқиб қараса, Ғассон қабиласининг подшоси насоро арабларидан Ислом душмани Ҳорис ибн Абу Шимрдан келган хат экан. Унда шундай ёзилмиш эди:

«Меним эшитишимча, Муҳаммад сенга жафо қилмишдур, хорлик кўрган жойда Худо турғулик қилмасин. Хатни олишинг билан бизга етиш чорасини қилгил, яхшилик кўрурсан».

Буни англагач, бу ҳам менга ортиқча бало бўлмасин, деб у хатни куйдириб ташлади.

Ҳазрати Каъб ҳикоя қилурким:

«Шундай бўлиб, Расулуллоҳнинг суҳбатларидан ажраб, бунинг устига халққа аралаша олмай, ғам-қайғу билан эллик кунни ўтказдик. Бир куни бомдод намозини том устида ўқиб, ғам-ғуссага ботган ҳолда йиғлаб ўлтириб эдим.

Салҳ тоғининг тепасидан туриб бир киши:

— Эй Каъб, суюнчи! — деб қаттиқ қичқирди.

Йироқдан бунинг товушини эшитиб, бир яхшилик вақти келди, деб суюнганимдан дарҳол туриб, Аллоҳга шукр саждасини қилдим. Шу куни бомдод намозида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавбамиз қабул бўлганлигини билдирмиш эканлар. Бу хушхабарни бизга еткизмак учун бир киши от чоптириб келибдур. Яна бир киши тоғ устидан қаттиқ қичқириб экандур. Мунинг товуши илгарироқ эшитилибдур. Қичқирган кишини кўриб, борлик кийимларини анинг суюнчисига бериб, ўзим яланғоч қолдим. Қўшниларимдан кийишга омонат кийим олиб, Расулуллоҳ зиёратларига келдим. Кишилар тўп-тўп олдимдан қарши чиқишиб, мени табрикладилар. Тўғри келиб Расулуллоҳга салом бердим. Муборак юзлари суюнганларидан кулиб ялтираб кетган эди.

— Эй Каъб, сенга башорат бўлғайким, туғилган кунингдан буён бундай яхшилик юзини кўрмагандирсан, тавбанг қабул бўлди, — дедилар.

— Бу илтифот сизданми, Ё Аллоҳданми? — деб сўрадим.

— Йўқ, бу иш мендан эмас, балки Аллоҳдан бўлди,— дедилар.

Анда Каъб айтди:

— Мунинг шукронасига бутун молимни Худо йўлига садақа қилурман.

— Йўқ, озроғини садақа қил, қолгани бўлса, ўзингда турсин, шундоқ қилганинг яхшироқдур, — дедилар.

Ҳазрат Каъб:

— Ё Расулаллоҳ, мен сизга рост сўзлаганим учун бу яхшиликка етдим. Эндиги қолмиш умримда, ёлғонга яқин келмасликка, чин сўздин бошқани гапирмасликка аҳд қилдим, — деди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу учовларини тавбалари қабул бўлиши ҳақида келган Тавба сурасидаги шу оятни унга ўқиб бердилар:

«Ва ала салосатиллазина, хуллифу ҳатта иза зоқат алайҳимул арзу бима раҳубат ва зоқат алайҳим анфусуҳум ва занну алла малжаа миналлоҳи илла илайҳи сумма тоба алайҳим, лиятубу инналлоҳа ҳуваттаввабур-роҳим».

Яъни: «Табук ғазотидан қолғон уч кишига ҳам Аллоҳ тавба насиб қилди. Улар эрса хафаликдан шу ҳолга келганлар эдики, ер юзи шу кенглиги билан уларга тор бўлди, ғам-ғуссанинг кўплигидан ўз жойларига ҳам ўзлари сиғмади. Билдиларким, Аллоҳдан ўзга сиғинарлик ҳеч ўрин йўқдур. Сўнгра булар қилган гуноҳларига тавба қилдилар. Аллоҳ таоло тавбаларини қабул қилди. Шу учунким, ул Аллоҳ тавба қабул қилгувчи бек меҳрибондур».

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар