Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Аҳдга вафо этамиз

Аҳдга вафо этамиз
19 Ocak 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1413 марта ўқилди.

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(21)

1Аҳдга вафо этамиз

Эртаси жума куни эди. Тахминан икки мингдан зиёд мужоҳид тўпланди. Намози жумъа вақтида амир ҳам етиб келди. Уни кўриб “Қуруни уло” яъни саҳобалар давридаги лашкарбошилар тасаввури кўз олдимда гавдаланди.

Ўнг тарафида маузер тўппонча, ханжар осилиб турар, танасини айлантириб ўраган ўқдонларда ўқлар тизилиб турар, қўлида стволли милтиқ бор эди. Кўринишидан камтар ва олийжаноблиги сезилиб турган амир шахдам қадамлар билан юриб минбарга кўтарилди. Милтиғига суяниб, шиддат ва шижоат билан, фикру-ҳидоят билан хутба ўқий бошлади.

Хутба эшитган кишини Аллоҳ йўлида қурбон бўлишга тайёр этар, умидсизликни қувиб, қалбни хотиржам этар эди. Хутба сўнгида ўқилган намозда шундай бир лаззат ва роҳат бор эдики, бу роҳат ва лаззатни дунё нопокликларига шўнғиб кетган руҳга ўша кундан бошқа насиб этмади.

Фарзнинг орқасидан суннатларни ҳам адо этиб бўлинсада, ҳеч кимнинг қўзғалгиси келмас эди. Орқамга ўгирилиб қарадим, охирги икки сафдаги мужоҳидлар қўлларига қурол ушлаб ҳушёрлик билан теварак-атрофни кузатиб турар эдилар.

Шайхдан қалъани айланиб чиқишга изн сўрадим. Илтимосимни қабул этиб, қўлларидаги рўмолни бериб бир навкарни менга ҳамроҳ қилдилар. Рўмолни кўриб мужоҳидлар аввалроқ салом беришиб, хушдиллик билан кутиб олишар эди. Масжид устидаги 4 йигит чор-атрофни дурбин орқали кузатиб туришарди. Ҳатто энг баланд тоғларнинг устиларига ҳам кузатув марказлари ўрнатиб, хабарларни етук услуб билан етказиш чоралари ҳам кўрилган эди.

“Тахта Қорача” ҳамда “Лангар ота” тоғлари ниҳоятда муҳим марказлардан ҳисобланарди. Самарқанд ва Шаҳрисабз ўртасидаги “Тахта Қорача” тоғи жуда улкан ва баланд бўлиб, ундан ўтиш жуда мушкул ва хатарли эди. Йўллар фақат бир неча ойгина ўтишга лаёқатлик бўлар, шунда ҳам икки кундан кам фурсатда ўтиб бўлмас эди.

Мужоҳидлар ҳар 16 милда бир хабар маркази ташкил этишган бўлиб, хабарчи биринчи марказга етказар, у ердан иккинчи бир одам кейинги марказга етказар, шу тариқа шом вақтида Самарқанддан олинган хабар субҳидамда қароргоҳга етиб келар эди.

Бухородан олинган хабарлар эса “Қизил эмчак”даги чорвадорлик ва зироатчилик билан шуғулланаётган мужоҳидларга, улардан эса бу ерга етиб келар эди.

Узоқ вақт айланиб масжидга келсак дуо қилинаётган экан. Дуодан сўнг, шайх ўтган ҳафтадаги ҳодисаларни бирма-бир эшиттирди. Сўнг маслаҳат ҳайъатини чақириб кечаги меҳмоннинг маслаҳатини ўртага ташлади.

Озгина фурсат баҳсу-мубоҳасадан кейин, ватандан ҳижрат қилмай жиҳодни давом эттиришга қарор қилдилар.

Қуёш ботиб бораётган эди. Тўсатдан Ғийлон тарафдан шайхнинг ўғли Исломиддин қайтиб келди, деган хушхабар етиб келди.

Исломиддин уч ойдан буён дом-дараксиз кетган эди. Ўзи ниҳоятда билимдон, туркий ва форсий тилларда фасоҳату-балоғат ила шеър ва мақолалар битувчи адиб экан. Улуми исломиядан ташқари Тошкентдаги янги замонавий билим юртлари(гимназия)да ҳам таҳсил олган, рус тилида қийналмай сўзлай ва ёза олар экан.

Анвар пошшонинг назари тушган бир неча Туркистон навқиронлари орасида Исломиддин ҳам бўлиб, Анвар пошшонинг ўзи унга ҳарбий таълимни ўргатган эди. Исломиддин ҳам Бухородаги ва Қаршидаги қатлиомга шоҳид бўлган ва Қаршидаги олимни қатл этганларида, қўмондон бўлиб қизил аскарларга ҳужум этишган экан.

Қаршидан Болюна тарафга кетаётганида қизиллар ушлаб олишибди. Бир амаллаб уларнинг чангалидан қутулиб Афғонистонга ўтиб кетибди. Афғонистондан тўлиқ маълумотлар олиб қайтиб келибди.

Афғонистонга боришидан мақсади, мужоҳидларга кўмак қилиш-қилмасликларини аниқлаш, зарурат бўлиб ҳижрат этилса қанча кишига бошпана топилишини билиш бўлиб, катта умидлар билан бориб, орзу-умидлари узилиб қайтиб келган эди. У ердаги ҳар бир ишни шайхга бирма-бир сўзлаб берди.

Афғонистон ҳукумати ҳеч кимга паноҳ бермасликка қонун чиқарибди. Хусусан Мозори Шарифнинг ҳокими руслар билан жуда ҳам қалин бўлиб кетибди. Дарёдан кечиб ўтган ҳар бир кишини русларга ушлаб бериб, уларнинг олқишига сазовор бўлибди. Ҳозиргача тахминан мингларча мужоҳидларни тутиб берибди. Машҳур кишиларни ушлаб бергани учун руслардан бир қанча катта- катта инъомларга эришибди.

Бу ердагиларга ҳали етиб келмаган бир аянчли воқеани ҳам сўзлай кетди:

— Иброҳимбек бир неча йиллардан буён Дарвоз тоғларида коммунистлар билан олишиб ётарди. Руслар аста-секин қамалга олиб, ҳолат тобора таранглашиб борганидан кейин икки ярим минг мужоҳид билан қамални ёриб Амударёни кечиб Афғонистонга кириб боради. Афғон ҳукумати паноҳ бериш ўрнига уни русларга тутиб беради. Ҳозирги кунда, Афғонистонда яшаётган 25 лак (2,5 миллион) ўзбек, туркман, тожик муҳожирларига Кобул шаҳри ва атрофида яшашга ижозат бериб, улардан русларга қарши бирон-бир ҳаракат қилмасликка аҳд олинган. Бундан ташқари, Ҳиндистондан олинган баъзи маълумотларни ҳам зикр қилди.

Шайх эртасига хуфтон намозида мужоҳидларни маслаҳат мажлисига чақирди. Мен ҳам иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим. Шундай вақтларда хуфтон кечиктирилиб ўқилар экан. Шу куни ҳам анча кеч ўқилди. Жуда катта жамоат тўпланди. Намоздан сўнг шайх қурол-аслаҳага бурканиб чиқиб келиб, узоқдан сўз бошлади.

Пайғамбарларнинг даъват тарихлари, пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларидаги ҳақ ва ботилнинг юзма-юз курашларини таъсирлик тарзда вазминлик билан баён қилиб, Туркистондаги ҳозирги аҳволни, мужоҳидларга етказилаётган қийинчиликларни ва Исломиддин келтирган хабарларни хулосасини сўзлаб: “Энди сизлар нима дейсизлар? Ҳолат таслим бўлишни ёки ҳижрат қилишни тақозо этяпти. Сизлар нима десаларинг шуни қиламиз” — деб сўзини тугатди.

Атроф жимиб, қилт этган товуш ҳам эшитилмай қолди. Кечанинг бу зулматида шайхнинг ҳам жимиб қолиши, бу сукунатнинг ваҳимасини зиёдалаштириб юборди. Бир неча вақт шу тарзда ўтди. Жимликни бир навқирон йигитнинг момоқалдироқдек гумбурлаган янгроқ товуши бузиб юборди:

—Биз бу ерларга келишдан олдин чуқур ўйлаб, фикрлаб жонимизни қурбон қилишга тайёр бўлиб, бир неча йиллар ҳолатни кузатганимиздан сўнг келиб сизга байъат этдик. Биз охирги нафасимизгача бу аҳдимизга вафо қиламиз, таслим ҳам бўлмаймиз, ҳижрат ҳам қилмаймиз, — деди.

Бир неча мужоҳидлар унинг сўзини қувватлашди.

Шайх қайта хитоб қилди:

—Сизлар нима дейсизлар? Шу биродарингизнинг сўзига иттифоқмисиз?

—Иттифоқмиз, иттифоқмиз — деган овозлар ҳар томондан янгради.

Фонуснинг ғира-шира ёруғида шайхнинг хурсандлик билан порлаган чеҳрасини илғаш қийин эмас эди. Шайх иккинчи бор хутбани, кетидан олти калимани ўқиди. Охирида ҳаммалари “калимаи тоййиба”ни бир овоздан ўқиб аҳдларини мустаҳкамлаб тарқаб кетишди. Мен ҳам ётоқхонага қайтдим.

Шайх менга юзланиб:

—Тўразода, ҳозир аҳли иймоннинг олдида икки йўл қолди. Куфру-муртадликка чидаб хорликда ҳаёт кечириш ёки динни ҳимоя этиб жони-молни қурбон этиш. Учинчи йўл ҳам бор, ҳижрат йўли. Бироқ қаерга ҳижрат этамиз? Афғонистон, Ҳиндистоннинг аҳволини ўзингиз эшитдингиз. Аллоҳ таолонинг кенг замини ҳозир аҳли иймон учун жуда танг ва тор бўлди, —деди ҳазин товушда.

Шайхнинг қўриқчилик навбати таҳажжуд намозидан кейин экан. Мен у киши билан шерик бўлиб пойлоқчилик қилдим. Шайх хилма-ҳил ибратомуз сўзлар сўзларди.

—Мужоҳидларнинг лашкари фақат эркаклардан иборат эмас, балки аёллар ҳам бор. Уларга ҳарбий таълим пухта ўргатилган. Душман қўққис ҳужум этиб қолса улар бизга юк бўлмайдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Хозирги тарихимиз сузи Билан айтсак, ((Улар террористлар)). Афсус тарих такрорланди ва маглубийят, маглубийят!!!

    19/01/2017 13:06
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар