Қилич урса, мусулмонга мусулмон

Қилич урса, мусулмонга мусулмон
47 views
20 January 2017 - 7:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

 

Нуқсона келгай 

Қилич урса, мусулмонга мусулмон,
Давлат қалқиб, динлар нуқсона келгай.
Зулм ҳаддан ошиб, суд бўлса зиндон,
Пушаймон куйиги ҳар жона келгай.

Бир-бирини чопмоқ эрликдан эмас,
Бу иш шайтонликдир, барчаси абас,
Оғзиолаликнинг дарди тинч бермас,
Давлат кетар қўлдан, душмона келгай.

Фароғат йўқолар, мутаассиб қолар,
Ёмон яловланар, хўпдан сас қолар,
Шариат пуч бўлар, таассуф қолар,
Замонанинг шавқи шайтона келгай.

Тингла, маскан тутган киши чўлларда,
Тасаддуқ камайса улуғ элларда,
Халқ устина оғрам тушиб йилларда,
Хасталик кўпайиб, қасд жона келгай.

Мусулмонсан, хабар олгил зулолдан,
Қочавер ҳаромдан, изла ҳалолдан,
Юлдузлар бож олар ҳар тун ҳилолдан,
Баракати кўпчиб, осмона келгай.

Сўзимни тингласа, бир оқил бўлса,
Муродим – насиҳат этмоқдир халққа,
Қозиси англамас, беги паст ўлка,
Ёмғир ёғмай, ерлар гизмона келгай.

Шаърга шуҳрат бермоқ – шайтоннинг иши,
Ғазабини ютмоқ Раҳмоннинг иши,
Кўпайса ҳар элнинг йўқдан ташвиши,
Низоми бузулиб, вайрона келгай.

Парвардигор эгам фақирга фано,
Ношкурлар тилида бўлмагай сано,
Қайси вилоятда кўпайса зино,
Замин жумбуш айлаб, ларзона келгай.

Махдумқули, турсам сўзим сочмоққа,
Англамаслар, юз қўярлар қочмоққа,
Ҳар эл дастур этса ароқ ичмоққа,
У юртда одамлар қирғинга келгай.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди