Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Усмон Ҳақназаров: Нега Рустам Иноятов ва унинг чекист-олигархлари давлат иқтисодининг эркинлаштирилишини исташмайди?

Усмон Ҳақназаров: Нега Рустам Иноятов ва унинг чекист-олигархлари давлат иқтисодининг эркинлаштирилишини исташмайди?
20 Ocak 2017 - 13:13 'да юкланди ва 7870 марта ўқилди.

Ўзбекистоннинг янги сиёсий ҳукумати томонидан бошланган миллий иқтисодиётни эркинлаштириш ва бу йўналишда ислоҳотлар ўтказиш ташаббуси республика МХХсининг чекист-олигархларининг, шунингдек Рустам Иноятов бошчилигидаги “контора” қўли остида иш юритувчи бизнес-элитанинг молиявий ва иқтисодий манфаатларига жиддий таҳдид яратди. Янги ҳукуматнинг иқтисоднинг энг нуфузли секторларини чекист-олигархларнинг норасмий монополиясидан чиқаришга интилиши натижасида, ғазабланган мххчи-бизнесменлар ўзларининг хусусий йиғинларида президент Шавкат Мирзиёев ва унинг иқтисодий сиёсатидан очиқчасига ўз норозиликларини билдира бошлаганлар. Шундай қилиб…

“У қирол бўлиб туғилмаган”…

Бу ўзбек чекист-олигархларининг, сўнгги бир ярим ой давомида тарқалган президент Шавкат Мирзиёев ҳақидаги энг оммабоп ва юмшоқроқ гапларидан бири. Қолган чекист “эпитетлар” ичида эса мамлакатнинг янги раҳбарига нисбатан шу каби иборалар қўлланилади – “Плебей тахтда ҳам плебейдир” (таҳририятдан: Қадимги римда плебей – қуйи синфлардан чиқган озод, лекин сиёсий тенг ҳуқуқликка эга бўлмаган киши.), “Олти ойдан сўнг у ўзининг плебейлик ўтмишига қайтади” ва ҳоказо. Кўриниб турганидек, бу иборалар фақатгина ғазаб ва ёмон ниятлардан иборат эмас, балки президентни ҳукуматдан четлаштириш бўйича ярим-яширин таҳдидлар ҳам бор.

Ўзбекистонда катта бизнесга эгалик қилувчи мххчиларнинг норозилик сабаблари тушунарли: янги ҳукумат ўзининг миллий иқтисодиётни монополиядан чиқариш ва ислоҳотлар ўтказиш ташаббуси билан мамлакат иқтисодининг муҳим секторларидан “контора” бизнесини сиқиб чиқармоқчи. “Конторачи”-олигархлар дуч келиши мумкин бўлган молиявий йўқотишлар даражасини тушуниш учун Рустам Иноятов ва у васийлик қиладиган чекист-олигархлар қўлида тўлалигича ёки қисман жамланган иқтисод соҳаларига назар ташлаш етарлидир.

Ўзбек мххчи-олигархлари асосан иқтисоднинг импорт саноатларини, яъни маҳсулотлар ва ускуналар импорти билан шуғулланувчи соҳаларни монополиялаштиришган. МХХ раиси Рустам Иноятов ва Ўзбекистоннинг чекист-олигархлари иқтисоднинг қуйидаги ҳудуларига эгалик қилишади (ҳудуд/давлат компанияси, ҳақиқий эгалик, мххчи-куратор):

1) “O’zbekneftgaz” (“Ўзбекнефтегаз”) миллий холдинг компанияси, Рустам Иноятов, Шухрат Ғуломов;

2) “O’zneftmahsulot” (“Ўзнефтмаҳсулот”) акциадорлик компанияси, Рустам Иноятов, Шухрат Ғуломов;

3) “O’ztransgaz” (“Ўзтрансгаз”) акциадорлик компанияси, Рустам Иноятов, Шухрат Ғуломов;

4) “O’zmevasabzavotsanoat” (“Ўзмевасабзавотсаноат”) давлат холдинг компанияси, Ҳаёт Шарифхўжаев, Жавдат Шарифхўжаев;

5) “O’zoziqovqatzahira” (“Ўзозиқовқатзаҳира”) ассоциацияси, Зафар Файзиев/Шариф Иноятов, Жавдат Шарифхўжаев;

6) “O’zbeksavdo” (“Ўзбексавдо”) ассоциацияси, Мираброр Усмонов/Шариф Иноятов, Мухтор Ниёзов;

7) “Ўзбек валюта биржаси” ёпиқ акциядорлик жамияти, Файзулла Муллажонов/Ҳаёт Шарифхўжаев, Жавдат Шарфхўжаев;

8) “O’zavtosanoat” (“Ўзавтосаноат”) акциадорлик компанияси, Ботир Парпиев/Рустам Иноятов, Шухрат Ғуломов;

9) “O’zbekiston Havo Yo’llari” (“Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”) миллий авиакомпанияси, Рустам Иноятов, Ҳамидулла Аҳмаджонов;

10) “O’zbekiston Temir Yo’llari” давлат темир йўл компанияси, Ботир Парпиев/Рустам Иноятов, Шухрат Ғуломов.

Биз Рустам Иноятов ва унинг чекист олигархлари томонидан монополиялаштирилган энг йирик ва даромадли соҳаларни санаб ўтдик холос. Ушбу соҳаларда соядаги даромадларни олиш, уларни “ювиш” ва олиб чиқиб кетиш йўллари жуда ҳам осон: миллий валютада олинган даромад гўёки, “соҳанинг зарур эҳтиёжлари учун импорт маҳсулотларини, ҳом ашёларини ва ускуналарини сотиб олиш мақсадида” доимо конвертация қилинади. Шундай ҳолатлар бўлганки, масалан, биргина “Ўзбекнефтгаз” миллий акциадорлик компанияси заводига зарур бўлган бир хил саноат ускуна қисмларини бир йилда икки-уч мартадан сотиб олинган. Шу билан биргаликда ускуна қисмлари ҳар сафар сунъий қимматлаштирилган нархларда сотиб олинган.

Пулллар аввал ҳам ҳозирда ҳам Иноятов ва Парпиевнинг “Orient Finans Bank”и, шунингдек Болтиқ бўйининг “Banka Citadele”, “ABLV Bank”, “Baltic International Bank”, “Handelsbanken” (Латвия), “DNB Pank” ва “SEB Pank” (Эстония) банклари орқали чет элга олиб чиқиб кетилмоқда.

Шундай йўллар билан олинган пулларнинг катта қисми Рустам Иноятов, Ботир Парпиев, Шухрат Ғуломов, Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевлар ва бошқа чекист-тадбиркорлар томонидан Ғарбдаги банк депозитлари ва кўчмас мулкларга инвестиция қилинади. Масалан, Рустам ва Шариф Иноятовлар Аргентинанинг “Puerto Deseado” ва “Punta Loyola” денгиз портларига эгалик қилишади. Биз Иноятовларнинг Туркия, Малайзия, Испания, Италия ва дунёнинг бошқа мамлакатларидаги кўп сонли меҳмонхоналари, вилла ва бошқа кўчмас мулкларини санаб ўтирмаймиз.

Олинган даромадларининг кичик улушини улар “Sunday”, “Makro” ва шу каби бошқа гипермаркет ва кўнгилочар марказларини ривожлантириш учун сарф қилишади. Ўзбек чекистларининг бизнес тузилмалари уларнинг ҳайдовчилари, ошпазлари, қоровул ва бошқа хизматчи ходимлари номига расмийлаштирилган бўлиб, уларга ушбу даромадлардан фақатгина жуда кичик қисми тегади.

Аммо шу жуда кичик қисми ҳам уларга (хизматчи ходимларга) Ўзбекистон ичида ва чет элларда қимматбаҳо кўчмас мулклар сотиб олиш учун етарлидир. Шу сабабли Тошкентлик чекист-тадбиркорлар ичида “қўшни республикаларда вазир бўлгандан кўра, ўзбек мххчисининг ҳайдовчиси ёки қоровули бўлган яхшироқ” деган ҳазил кенг тарқалган.

Бизнинг ҳисоб-китобимиз бўйича, Рустам ва Шариф Иноятовларнинг умумий молиявий ва моддий ҳолати деярли 25 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади, Ботир Парпиев ва унинг оиласи таҳминан – 11,5 миллиард, Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларнинг бойлиги – 10 миллиард атрофида ва Шуҳрат Ғуломовнинг молиявий ҳисоби – 7 миллиард АҚШ долларидан бир оз камроқдир.

Ва бу рақамлар музлаб қолмаган: улар ўсган ва ҳар кун ва ой сайин янада ўсиб бормоқда. Шунинг учун Ўзбекистоннинг янги президенти томонидан бошланган иқтисодни эркинлаштириш ва монополиядан чиқариш бўйича ташаббус, чекист-олигархларнинг ушбу даромадларига тўғридан-тўғри таҳдиддир. Бундай ҳолатда улар, чекистлар тинчлигини бузувчи янги шахсдан эҳтиёткорлик билан қутулишга қарши эмаслар. Ахир, Рустам Иноятов ва унинг қўл остидагиларининг бундай ишларда тажрибалари бор. Шундай қилиб…

Қандай қилиб “контора” эҳтиёткорлик билан Гулнора Каримовани бартараф қилди?

Иноятов ва унинг “контора”си олдида Гулнора Каримова фақатгина ўзбек МХХси олигархлари назорати остида бўлган ҳудудларга кирмоқчи бўлганлиги билан “айбдор” бўлди. Узоқ вақт президент қизининг бизнес иштиёқларига сабр қилиб келган Иноятов, ўзининг “Зеромакс”и билан “Ўзнефтмаҳсулот”га рақобат кўрсата бошлагач, Гугушани бартараф қилишга киришди.

Ушбу мақсади учун Иноятов, КПСС марказий қўмитасининг бош котиби Леонид Брежневни қизи Галина билан жанжаллаштирган Андропов йўлидан юрди. Ўз “устоз”ига эргашган Иноятов ўзининг мххчи-қўриқчилари орқали Гулнора Каримовани алкогол ва енгил наркотикларга ўргата боошлади. Гулнора кокаинга етарли даражада ўрганиб қолгандан сўнг, Иноятов кичик Ислом Каримовни, яъни Гулнора Каримованинг ўғлига “ишлов бериш”га ўтди.

Ўз ўғлининг чўнтакларидан бир неча маротаба кокаин солинган пакетчалар топгандан сўнг Гугуша ўзига келди. У дарров Исломни заҳар билан таъминлаб келган мххчи-қўриқчиларни ҳайдаб юборди. Кейин ўз ўғлининг ҳимояси учун Гулнора Каримова, Тошкентлик тадбиркорлар ичида Боҳо-шакарчи номи билан танилган Боҳодир Каримжоновнинг жиянларини ёнлади. Аммо, ҳатто улар ҳам Исломни “контора”нинг кокаинларидан ҳимоя қила олмадилар. Гулнора Каримова ушбу ҳолат тафсилотларини аниқлаштира бошлаганда, маълум бўлдики, “конторачилар” шунчаки келишган ва Б.Каримжоновнинг жиянларига ўлим билан таҳдид қилишган ва уларга пакетчаларни Исломга беришларини буюришган. Ушбу ҳодисадан кейин Гулнора Каримова ўз ўғлини янги соқчилар билан Лондонга юборди.

Гулнора Каримовага қарши маҳфий курашнинг иккинчи босқичида, Рустам Иноятов ўзининг рақибига тегишли кенг молиявий компроматни, Ғарб оммавий ахборот воситаларида тарқатиш илтимоси билан Россия федерал хавфсизлик хизматига топширди. Россия махсус хизматлари Р.Иноятовнинг ушбу илтимосини бажонидил бажаришди, чунки ўша йилларда президент Ислом Каримов навбатдаги Россияга қарши кайфиятда ва чиқишларда кузатилаётган эди.

Гулнора Каримовага ҳужумнинг кейинги босқичи, Рустам Иноятовнинг, Гулноранинг онаси ва синглиси, Татяна ва Лола Каримовалар билан иттифоқи бўлди. Охир оқибат, Иноятов уларни Гулнора Каримовага тегишли “сексуал файл”ни президент Ислом Каримовга етказиш учун қўлланди. Отага ўз қизининг рад қилиб бўлмас ахлоқсиз хулқининг исботи тақдим қилинган эди. Ва натижада Иноятовнинг бизнес бўйича рақиби Гулнора Каримова ўз отасининг қўллари билан бартараф қилинди! Шундай қилиб…

Хулоса

Рустам Иноятов ва унинг чекист-олигархлари ўз бизнесларини осонликча бериб қўйишларига кафолат борми? “Контора” ва унинг хўжайини, чекист тинчлигининг навбатдаги бузғувчиси, ўзбек иқтисодини монополиядан чиқариш ва эркинлаштириш лозимлигини таъкидлаётган – Шавкат Мирзиёевдан қутулишга урунмасликларига ишониш мумкинми?

Ҳа, Рустам Иноятов ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Лекин бўшаш ҳақидаги биргина қоғоз ўзбек махсус хизматлари бошлиғининг ўз чекист-олигархларига бўлган ҳақиқий таъсирини бекор қиладими? Бизнингча, йўқ.

Айтмоқчи, Рустам Иноятовнинг саломатлиги ҳақида. Рустам Иноятовни телевизорда кўрган баъзи ўқувчилар, бизнинг мақолаларимиз остида, гўёки биз қари эртакчилар эканлигимиз ҳақида изоҳлар ёзиб қолдиришган. Биз ҳеч қачон Рустам Иноятов ўлимга олиб келувчи хасталикка учраган  деб ёзмаганмиз. Биз, у саломатлиги билан боғлиқ ҳолат бўйича истеъфога чиқмоқчи деб ёздик.

Эслатиб ўтамиз, Рустам Иноятов хассага таяниб юради ва деярли ишга чиқмайди. Муҳим учрашувлар ва қабуллардан олдин, унинг омма олдига хасса ва оғриқларсиз чиқа олиши учун оғриқ қолдирувчи укол қилишади. Ўзбек телевиденияси орқали кўрсатилган “Яхши саломатлик ва тетик кўринишда”ги ўзбек махсус хизматлари раиси ҳақидаги бор гап шу.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,
Сиёсатшунос
20.01.2017

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 2 Yorum )

  • Мусо ;

    Халкни куркитиб, тухмат Билан улуг одамлар ни умрини хазон килиб, крисалик килганда бу р.иноятов . Аллохнинг ланати сизларга булсин, булди хам туркингни кара?!!!!

    20/01/2017 17:12
  • Мусо ;

    Мана Энди гумонларим янада аниклашди. Мен хам уйлардим нега “террор” чупчаги шунча буртдирилияпди экан! Булар хакикатдан узоклиги кургаям аёнку, деб уйлардим. Шуни айтадиларда “килма топарсан, экма урарсан!!”.

    20/01/2017 14:53
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар