Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Шикоят Аризаси

Шикоят Аризаси
20 Ocak 2017 - 7:53 'да юкланди ва 4205 марта ўқилди.

Муҳтарам Президент! Сизнинг ғамхўрлигингиз остида кам таъминланган оилалар учун қурилаётган арзонлаштирилган уйлардан бирини кредитга олиш хусусидаги шикоятларим мутлақо ўрганилмади ҳисоб. Чунки охирги шикоятимда асл кам таъминланган оилалар бошланғич бадал тўловини тўлай олмаганлиги сабаб мен каби мазкур уйлардан кредитга олиш имконидан маҳрум бўлиб қолишаётгани таниш-билишлик ортидан бойваччалар сохта кам таъминланган оила ҳужжатларини расмийлаштириб, сотиб олиб ижарага бериб қўйишаётгани ҳақидаги фикрларим киритилган шикоятим мутлақо ўрганилмади ҳам. Ўрганилганида барча олинган уйлар ҳужжатлари кўтарилиб, қонунийлиги ўрганилар эди. Бу уйлар асл эгаларини топмаяпти! Мен ҳам шулар сафида ногирон ва ёлғиз она сифатида ҳаттоки қонуний руйхатда қўядиган уйимиз йўқлигидан фарзандларим билан дарбадармиз. Шу боис маҳалладан бериладиган ун ва ёғ маҳсулотларини 4 йилдан буён ола олмаймиз. Ажабланарлиси сайловда вақтинча яшаб турган жойимиздан овоз бериш ҳуқуқига эга бўлдик. Шикоят аризаларим ҳам шу манзилда ўрганилиб, ишга жойлаштириш бўйича ҳам вақтинча яшаб турган манзилимизга ташланяпти. Ун ва ёғ маҳсулотларини берилишига келганда, қонуний руйхат талаб қилинмоқда.Ўзимизга тегишли уйимиз бўлмаса қаердан руйхатдан ўтишимиз мумкин ахир? Ўз номи билан кам таъминланган оила бўлсаю, ундай оилага 10-15 миллион даромад қандай мавжуд бўлсин? Мантиқ йўқ-ку бу ҳолатда? Бошланғич бадални ўз-ўзидан ўзига тўқ оила тўлай олади-да! Унда номигагина кам таъминланган оилалар учун дейилишидан на ҳожат? Наҳот бу ҳақда бош қотириш мушкул?

Муҳтарам Президент! “Ногиронлик нафақам ноҳақ суд қарорига кўра таланиб келиняпти. Менга эса 4 йилдирки вилоятдан мутахассислигимга мос иш берилмайди” қабилидаги шикоятларим эса мутлақо ўрганилмай эътиборсиз қолдирилмоқда. Атайлабдан у ёқдан бу ёққа футбол коптогидек улоқтиришиб, мутасаддилар қонуний ечим топишни пайсалга солишаётгани хусусидаги шикоятларимнинг ҳам ҳеч бири ўрганилмаяпти. Ҳали прокурор ҳали бандлик у ташкилотдан бу ташкилотга идорама-идора югуртириб сарсон қилишаётир. Амалий кўмакдан эса дарак йўқ! Мен мутасаддиларнинг бу каби ҳаракатларидан мутлақо норозиман!

Муҳтарам Президент! Мени дори-дармон сотиб олиш имконим ҳам бўлмай ногиронлик ҳолатим янада оғирлашяпти ахир! Нимани ҳисобига яшай ахир? Бир дона булка ноннинг нархи 800 сўм, 1кг шакар 4500 сўм, 1 литр ёғ 10-12 минг сўм бўлиб турган бир пайтда? Сиздан илтимос, менинг топталаётган ҳуқуқларимни тикланишида ва юқоридаги пайсалга солиниб ечими топилмай келинаётган муаммоларимнинг ижобий ечим топишида амалий кўмак беринг. 50 дан ошиб кетди ахир тинимсиз Сизга йўллаётган шикоятларим саноғи!

Ўзбекистон Республикаси президенти
вазифасини бажарувчи Ш.М.Мирзиёевга
Навоий вилояти Кармана тумани
Каттамачит МФЙда яшовчи
Боймуродова Дилдора томонидан
Тел(+998913320697)

ШИКОЯТ АРИЗА

Муҳтарам Шавкат Миромонович! Мен 13 йилдирки 2 гуруҳ ногирони ва ёлғиз онаман. 23 йилдан зиёд тажрибага эга олий маълумотли журналистман. Чунки ногирон бўлиб қолсам-да фаолиятимни бир зум тўхтатмадим. Боқимандачилик кайфияти мендан йироқ бўлди. Мен 2005 йилдан то 2010 йилгача фарзандларим билан биргаликда Навоий шаҳридаги бир хонали торгина ётоқхонада яшадик. 2010 йилда менга шаҳар ҳокимлиги томонидан “Навоийазот” АЖнинг меҳмонхонаси сифатида 1958 йилда қурилиб, хусусийлаштириб берилган 2 қаватли бинонинг очиқ қолган зал қисмидан қўлбола усулида гипсокартондан девор ясаб, ётоқхоналарнинг эскирган яроқси ҳожатхоналари эшикларидан олиб келиб ўрнатиб, мутлақо шароитсиз бир ҳолатдаги бир хонали бошпана қуриб беришди. Шундан сўнг ётоқхонадаги руйхатимизни шу ерга кўчириб келдик. Аммо яшаш шароити йўқлигидан бу бошпанадан деярли фойдалана олмадик. Шу боис 2012 йилдан буён маҳалладан тарқатиладиган ун ва ёғ маҳсулотларимизни ола олмаймиз. 2000 йилда менинг номимга берилган 8 сотихли ер участкаси собиқ турмуш ўртоғим томонидан 2004 йилда мен тўшакда қолиб кетган вақтимда даволатиш учун акам Худойназаров З.га 400 минг сўмга сотиб юборилган ва акам тиклаган уй-жойга ўзаро келишув асосида руйхатдан ўтмаслик шарти билан келиб яшай бошладик. Қуруқ ернинг ўзини олди-сотди қилиб бўлмаслиги боис, мазкур уй қурилиб 2009 йилнинг сентябрида менинг номимга кадастр қилиниб, ноябрь ойидаёқ акам Худойназаров З. билан олди-сотди шартномаси нотариус орқали расмийлаштирилган. Токи акамнинг 2001 йилда туғилган ўғли 18 ёшга етгунига қадар яъни 2019 йилнинг январида ҳовли жиянимнинг номига расмийлаштирилади. Шу келишув билан яшаб келмоқдамиз. 2013 йилда ноҳақ ишдан бўшатилганимдан сўнг қарзга ботиб, соғлигимни йўқотиб, фарзандларим оч қолавергач, мазкур бошпанани сотишга мажбур бўлдим. Эҳтиёжимиздан ортганидан чорвачилик қила бошладим. Аммо туман ветеринария хизматининг айби билан қирғин келди. Биргина кичиккина хасаки бўлса-да соғин сигиримиз қолган шундан холос. Очиғи биз уни у эса бизни боқиб келаяпти шу кунгача.

Муҳтарам Шавкат Миромонович! Шу куйи бизни қонуний руйхатда турадиган бошпанамиз қолмади. Шаҳардаги жойимизнинг янги эгалари ўтган йили бизни огоҳлантирмасдан суд орқали бизларни руйхатдан чиқариб ташлашибди.

2015 йилда суд томонидан ноҳақ қўлланилган жарима сабаб мен яшаб турган уйдаги акамга тегишли бўлган буюмлар мусодара қилингач, акам билан орамизга совуқчилик тушиб қолди. Нафақа пулимга ҳам қаратилиб, ҳар ойда 240 минг сўм ярим нафақада яшаб келмоқдамиз. Хуллас, фарзандларим билан яшаш жой учун ҳаракат қилишга шу пайтгача мадорим ҳам етмади. Кучли босим ва ноҳақ тайзиқлар соғлигимдан айириб, ишсизлигим эса бизни очликка маҳкум этиб келди ва яна қарзга ботиб ҳам қолдим. Бу вазиятдан чиқиш учун эса сотадиган ҳеч вақоим ҳам қолмади. Биргина соғин сигиримизни бозорда бир ярим миллионга зўрға олиши мумкин. Бу билан эса муаммо ечилмайди.

Муҳтарам Шавкат Миромонович! Сиздан менинг оилавий аҳволим оғирлигини инобатга олган ҳолда, фарзандларим билан бирга қонуний руйхатдан ўтиб яшашимиз учун уй ажратилишида амалий кўмак беришингизни сўрайман.Чунки қонуний руйхатдан ўтиб яшаш жойимиз йўқлигидан 4 йилдирки маҳалладан тарқатиладиган ун ва ёғ маҳсулотлардаги улушимизни олишдан ҳам маҳруммиз.

Боймуродова Дилдора
29.10.2016 йил

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар