Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Каримовнинг жияни Акбарали Абдуллаев қўлга олинди

Каримовнинг жияни Акбарали Абдуллаев қўлга олинди
20 Ocak 2017 - 13:19 'да юкланди ва 2830 марта ўқилди.

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Киев суди кўп миллионли молиявий товламачиликда айбланиб халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон ватандошини ҳибс қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Суд матбуот хизматининг 19 январь куни билдиришича, 33 ёшли шахс Ўзбекистон ҳудудида содир этган жинояти учун полиция томонидан қўлга олинган. Унинг ёнидан Доминикан Республикаси ва Ўзбекистон ватандоши паспортлари топилган.

Киевнинг Соломянский суди матбуот хизмати “Озодлик” радиоси билан суҳбатда қўлга олинган шахс Акбарали Абдуллаев эканини тасдиқлади.

Абдуллаев Ўзбекистоннинг марҳум президентининг беваси Татяна Каримованинг жиянидир.

У 2014 йилда оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб ҳибсга олинган, “Қувасой мафияси” деб ном олган йирик гуруҳ устидан бораëтган маҳкама жараëнида жавобгарликка тортилганди.

Айрим норасмий манбаларга кўра¸ Акбарали Абдуллаев шахсан президент буйруғи билан қамоққа олинган.

Интерпол орқали қидирувда бўлган мазкур шахс 91 миллион доллардан кўпроқ маблағни ўзлаштирганликда, 200 минг доллар ва 271 минг еврони яширганликда, жиноий фаолияти давомида 77,4 миллион Швейцария франки ва 200 минг Латвия лати миқдорида даромад топганликда айбланмоқда.

Ҳозирда Абдуллаев Киевдаги Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторида ушлаб турилибди. Украина уни Ўзбекистонга топшириш масаласини кўриб чиқмоқда.

Fakty.ua нашри хабарига кўра, Абдуллаев бир неча кун аввал Жуляна шаҳри аэропорти орқали Украинага кирган.

Киев аэропортида паспорт назоратидан ўтаётганида эса чегарачилар унинг Интерпол орқали қидирувда эканини аниқлашган ва қўлга олишган.

ЎХҲ хабарлар бўлими

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар