Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Би-Би-Си: Ўзбекистон чиқиш визасини бекор қилмоқчи

Би-Би-Си: Ўзбекистон чиқиш визасини бекор қилмоқчи
20 Ocak 2017 - 15:07 'да юкланди ва 1947 марта ўқилди.

Ўзбекистон ҳукумати хорижга чиқиш учун рухсатнома (стикер) расмийлаштириш тартибини бекор қилиш ва ўрнига хорижга чиқиш паспортини жорий этишни режаламоқда.

Бу ҳақда ҳукумат порталида эълон қилинган Ҳаракат дастурининг “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш” бандида айтилган.

Чиқиш визасининг бекор қилиниши учун аниқ муҳлат кўрсатилмаган, аммо айни тадбирни бажариш муддати 2017 йилнинг 3-чораги этиб белгиланган.

Шу тариқа ҳукуматнинг паспорт-виза, хорижга чиқиш ва кириш тизимини такомиллаштириш режаси амалга оширилгани тақдирда, Ўзбекистонда қатор мамлакатларда бўлгани каби, икки паспорт-ички ва хорижга чиқиш паспорти амал қила бошлайди.

Хорижга чиқиш учун паспортнинг қанча муддатга берилиши маълум эмас.

Ҳаракат дастурида ўзгаришлардан кўзланган мақсад, жумладан, “хорижга чикувчи фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлаш” экани таъкидланган.

Шунингдек, унда “жисмоний шахслар учун божхона ҳудудига кириб келиш ва уни тарк этиш бўйича “яшил” ва “қизил” йўлак тизимини амалиётга тадбиқ этиш” кўзда тутилган.

Ўзбекистон конституцияси фуқароларнинг мамлакат ичкариси ва ташқарисида эркин ҳаракат қилиш ҳуқуқини кафолатлашига қарамай, совет давридан қолган чиқиш визаси амалда сақланиб қолган.

Хорижга чиқишни назорат қилиш тизими мамлакатдаги энг коррупциялашган тизимлардан бири сифатида кўрилади.

Хорижга чиқиш учун стикерлар расман Ички ишлар вазирлигининг бўлинмалари томонидан расмийлаштирилса-да, амалда рухсат Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан берилиши маълум.

Ўзбекистон ҳукумати амалдаги тартибдан сиёсий мухолифат фаоллари ва ўзгача фикрловчиларни назорат қилиш, уларнинг хорижга чиқишини чеклашда фойдаланиб келган.

“Қора рўйхат”даги фуқароларга “хорижга чиқиши мақсадга мувофиқ эмаслиги” борасидаги раддия хатлари берилади.

Ҳаракат дастуридан англашилишича, бундан буён фуқароларнинг хорижга чиқиши фақат суд қарори асосидагина чекланиши мумкин.

Ўзбекистон ўз фуқароларининг хорижга сафар қилишини чекловчи дунёдаги икки давлатдан бири, собиқ шўро ҳудудидаги ягона давлат ҳисобланади.

Аввалроқ бир гуруҳ ўзбекистонликлар чиқиш визасини бекор қилиш юзасидан интернетда петиция бошлашган, унга минглаб ўзбекистонликлар имзо қўйишган.

Манба: bbc.com/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар