Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Афросиёбдаги мажлис

Афросиёбдаги мажлис
22 Ocak 2017 - 9:00 'да юкланди ва 2039 марта ўқилди.

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(22)

1

Афросиёбдаги мажлис

Тўртинчи куни шайхдан ижозат олиб йўлга чиқдим. Менга шайхнинг махсус навкарларидан 10 киши ҳамроҳ бўлди.

Олти кунча яширинча эҳтиёткорлик билан юрдик. Еттинчи куни “Қайнар қишлоқ”қа етиб бордик.

Бу ердан машҳур “Тарбуз” тоғи бошланиб, унинг нариги томони Самарқанд, бу томони Шаҳрисабзга яқин эди.

Шу ерда ҳамроҳларим билан хайрлашдим. Улар эса ортга, қароргоҳга қайтиб кетдилар. Бир оз шаклимни ўзгартириб Самарқандга юзга яқин эшак олиб кетаётган савдогарга навкар бўлиб ёлландим. Тоғдан ошиб иккинчи куни Самарқандга кириб бордик.

Дўконларнинг бирида кийим-кечак олмоқчи эдим, дўкондор:

—Кўйлак эртага субҳдан сўнг сотилади. Бугун “Афросиёб”да ниҳоятда муҳим мажлис бор. Ҳамма унда иштирок этиши зарур, — деди.

Савдогар эшакларни жойлаш билан машғул бўла бошлади. Мен ундан рухсат олиб “Майман” қишлоғига равона бўлдим. Уч ой ичида бу ер жуда ҳам ўзгариб кетган, аҳвол танг эди.

Пешин намозига бир неча одам қўрқа-писа келдилар. Секингина уларнинг биридан домла Бухорий тўғриларида сўрадим.

Домла Бухорийни бундан бир ой илгари уйларидан ушлаб, номаълум томонга олиб кетишди. Бир неча кундан сўнг коммунистлар “Домла Бухорийни ўз истакларига кўра Фарғонага жўнатилди”, — дея овоза тарқатдилар. Албатта бунга ҳеч ким ишонмади. Одамларнинг фикрича, ул кишини Сибирга сургун этишган ёки ўлим хандағига қулатишган, — деди у.

Бу ердан чиқиб “Шоҳи зинда”га бордим. Унинг тарихий вайроналарида ватандошларимдан бири Ғофиржон қори яшар эди. Ғоят хушовоз, ботажвид Қуръон ўқир, етти қироатни пухта биладиган муккаммал қори эди. Қироатини тинглаган киши завқу-шавққа тўлиб тошар эди.

Уч ой олдин мени “Эски Шаҳрисабз”га сайр қилдириб, домла Бухорий билан ҳам учраштирган эди. Ҳозирги кунда “Шоҳи зинда” қадимий обидаларга айлантирилиб совет ҳукумати қўлига ўтган ва улар томонидан масъул кишилар қўйилган эди. Қори Ғофиржонни эса ҳибсга олишган эди.

Одамлар тўдатўда бўлиб “Афросиёб” томон кетишар, юзларидан мажбуран кетаётганлари сезилиб турар эди. Мен ҳам аста орқаларидан эргашдим. “Афросиёб” маркази одамлар билан тўлган, коммунистлар, комсомоллар ва қизил аскарлар ҳам жуда кўп эди.

Кетма-кет келиб қўшилаётган кишилар жамоатни янада кўпайтирарди. Мажлис дини исломни қоралаган беҳуда сафсата ва уйдирмалар билан бошланиб, коммунистларнинг имтиёзли нишонасига айланиб қолган баёнотлар билан давом этди.

Мажлисга уч нафар ҳайкалча келтирдилар. Улардан бирини эъзозлаб баланд жойга қўйиб гуллар сочдилар. Иккитасини эса гулханга улоқтирдилар. Эъзозлаган ҳайкаллари яланғоч суратда ишланган бўлиб фақат белидан пастига лунги ташлаб қўйган эдилар. Сўнгра бир киши бу ҳайкалларни рус тилида таърифлай бошлади.

— Бу икки ҳайкал Ҳиндистондаги инглиз ҳукумати жосусларининг рамзий кўринишидур. Англия ҳукумати Ҳиндистон Озодлик Ҳаракатини синдириш учун ёллаган бу кишилар мусулмонлардир ва иккиси ҳам айғоқчидир. Уларнинг иккаласи Али биродарон деб номланади. Мана бу ҳайкал эса, — дея давом этди ўзларининг яланғоч бутларига ишора этиб, — Ҳиндистон “Озодлик” ҳаракатининг парвонасидур. Улар Ҳиндистонда ҳинду миллатини инглизлар қўлидан озод этиш мақсадида курашяптилар. Бу шахснинг исми Маҳатма Гандидир. Ўзининг ушбу рамзий кўринишини у шундай таъриф қилади: “Қачонки миллатим оч-яланғоч экан, мен ҳам оч-яланғочдурман”. Британия ҳукумати ва унинг ёрдамчилари ҳамда уларнинг жосуслари бўлмиш мусулмон заминдорлар ва корхоначилар унинг ашаддий душманидир.

Коммунистларнинг бу каби ёлғон-яшиқ уйдирмаларига кўникиб қолган халқ ҳеч ҳам эътироз қилмади. Бу мажлис инглиз ҳукумати жосусларини ёмонлаган наъралар шовқин-сурони билан якунланди.

Муаллифдан: “Мен бир қанча вақт Афғонистонда яшаб сўнгра Покистоннинг Лоҳур шаҳрига келганимда шарқнинг шоири аллома Иқбол билан учрашиб бу қиссаларимни бошдан-оёқ ҳикоя қилиб бердим. Аллома Иқбол ўз ҳузурига мавлоно Зафар Алихон, катта сиёсатдон Саййид Ҳабиб ва яна бир мавлонони чақиртириб уларга ҳам бу воқеаларни айтиб беришимни илтимос қилди”.

Афросиёбдан ўз жойимга қайтиб келдим. Савдогарга домла Бухорийнинг ғойиб бўлиши, Ғофиржон қорининг азоб-уқубатларини сўзлаб бердим. У сўзларимга қулоқ солди. Орадан икки кун ўтиб савдогар билан Шаҳрисабз тарафга йўл олдик. Йўлда савдогарга қараб:

—Амаки, бу мужоҳид, коммунист, социалистлар ким ўзи?— деб савол қилдим.

—Эҳ сўтак, фарғоналик бўла туриб ҳалигача билмадингми?! Ахир улар ҳақида тарихлар ёзиляпти, ҳатто Анвар пошшо ҳам уларнинг жасоратига қойил қолган. Ўн йилдан буён ислом учун жиҳод этяптилар. Шундай кишиларнинг фарзанди бўла туриб кимлигини билмайсанми? Коммунист эса худога мункирдур ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашни хоҳлайди. Социалист эса еру-замин, ҳатто хотинда ҳам ҳамма шерик бўлишини тарафдоридур, — деди савдогар.

—Амаки, сизлар чекка жойларда яшаб туриб, бундай нарсалардан қандай огоҳ бўласизлар?

Савдогар менга ажойиб қараш қилиб, жимиб қолди. Эҳтимол менинг саволим уни шубҳага солиб, мени комсомол деб ўйлаётган бўлса керак. Ич-ичимдан аҳмоқона саволимга пушаймон қилдим. Чунки, бу савдогар шубҳа билан бирон чеккароқ жойда ўлдириб кетиши мумкин эди.

Шундай хаёллар билан анча вақт ўтди. Чуқур ўйга толдим, қандай кунларга қолдик. Ҳеч ким бир-бирига ишонмайди, шеригидан шубҳа қилади, дўстига хиёнат этади.

Тоғ йўли билан сафарни давом эттирар эдик. Қуёш ботар маҳалда бир булоқнинг яқинига бориб тўхтадик. Эшакларни суғориб, мешларга сув тўлдирдик. Таҳорат олиб шом намозига ҳозирлик қилдик.

Савдогарнинг ёқимли овози бор эди. Шундай хушовоз билан қироат қилдики, гўё осмону-замин, тоғу-тош, ўт-ўланлар, жилдираб оқиб турган сувлар барчаси унинг қироатига маҳлиё бўлиб қолганди.

Намоздан сўнг овқатланиб, бир оз вақт ўтказиб хуфтон намозини ҳам ўқиб яна йўлга тушдик. Эртаси куни Шаҳрисабз музофотининг бир ноҳиясига етиб бордик. Мен Сариосиё йўли билан Шаҳрисабзга боришим керак эди, шунинг учун савдогар билан хайрлашиб йўлга тушдим.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort