Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Сарт сўзи мажҳулдур

Сарт сўзи мажҳулдур
26 Ocak 2017 - 8:00 'да юкланди ва 2358 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

МАҚОЛАЛАР

(48)

САРТ СЎЗИ МАЖҲУЛДУР

Ул зоти анвар амири Бухоро ҳазратларининг ҳузури ҳумоюн русча таржимони муҳтарам Баҳромбек қоровулбеги жаноблари: «Биз Туркистон ва Бухоро халқининг турклиги маълум бўлуб туруб… на учун сарт атайдурлар?» — деб мўътабар «Шўро» мажалласининг 1911 йил 16-ададинда савол этиб эдилар. Мазкур мажалланинг 19-ададинда «Ойна» муҳаррири тарафидан «Сарт сўзи мажҳулдур» унвони ила баъзи нимарсалар ёзилиб эди.

«Шўро»нинг 24-ададинда самарқандий марҳум Бақохўжа тарафидан «Сарт лафзи аслсиздур» унвони ила баъзи нимарсалар ёзилиб эди. Мўътабар «Таржумон» Муҳаррири муҳтарам Исмоилбек жаноблари «Таржумон»да «сарт» атамоқни дуруст эмаслиги тўғрисинда бир неча дафъа ёзиб эдилар. Сарт ҳақиндаги туркий мақолаларнинг натижасини мўътабар устод Исмоилбек жаноблари тафсили илан Тошканда чиқатургон «Туркестанский курьер» русча жаридасинда ҳам ёзиб нашр қилдуруб эдилар.

«Ойна»нинг (?) рақаминда[1] яна ушбу тўғридан жаноб Баҳромбек қоровулбеги сўз қўзғотиб эдилар. Тотор муаррихи муҳтарам Аҳмад Заки Валидий жанобларининг Самарқандда келганларинда сарт сўзи ҳақинда баъзи муколималар* ҳам бўлуб эди.

Туркистон ёшларидан ушбу тўғрида бир неча эътироз — «прўтест» номалар ҳам келиб, у жумладан Тошкандникини «Ойна»да ёзилди. Яна ушбу тўғридан идорада саволлар келган сабабли «Сарт масаласи» ҳақинда қисқалик ила минбаъд ёзилатургон нимарсалар хулоса қилинди. Ва ушбу тўғридан асослик Нимарсалар ёзатургон азизлар учун «Ойна» саҳифалари очуқдур.

Энди матлабға келайлук. «Ойна» муҳаррири тарафидан 19-адад «Шўро»да ёзилғон сўзларни мазмуни шул эди: фикри ожизича, туркистонийларнинг сарт аталишини сабаби маълум йўқдур. Бу исм шимол халқи яъни қозоқ ва тотор қардошларимиз тарафидан Туркистоннинг шаҳар халқиға берилган исмдур. Ушбу бобдаги мулоҳазалар шул тариқа хулоса бўлунур:

1) қазоқ ва тоторлар Туркистон халқининг хоҳ турк ва тожик ё араб бўлсун, сарт дерлар;

2) (ўқиб бўлмади);

3) Туркистон жанубидаги Балх, Бадахшон ва Чаҳор вилоят халқики, аксаран туркча сўйлашурлар ва ўзлари Афғонистон табъасидурлар, туркистонийларни ўзбек дер, Афғонистоннинг афғон, тожик, ўзбекча сўйлайдургон барча халқи туркистонийларнинг ўзбак ва турк дер… Сарт деган сўзни абадан билмайдурлар;

4) Кафкоз, Эрон ва Ҳиндистон халқи сарт калимасини билмайдурлар, фақат туркистоний, турк ё тожик дерлар;

5) туркистонийлар бир-бири ила сўрашганда: “Ўзбекмисан тожик?”, “Мулломисан хожа?” — деб сўрайдурлар. Туркистонда саййидларни «хожа» дерлар. Хожасиз араблар-да бордур;

6) Туркистонда машҳур 92 қабила — уруғнинг исми машҳур бўлуб, онинг ичинда «сарт» йўқдур.

Хонлар замонинда жулус ҳангомида бу 92 қабиладан мурраххас* ва оқсоқоллар Самарқандда жамланиб янги амири(нг) «хон» кўтариб «жулус» маросимини ижро этардилар. Самарқанд Тахти Темурийсинда жулус этган Бухоро хонларининг энг охиргиси амири ҳозирнинг жадди* Музаффархондур. Самарқанд Бухоро ҳукуматининг Маскови эрди.

Амир Музаффар марҳумнинг таърихи жулуси:

Баҳри таърихи жулусаш омад.
Шанбау моҳ раббиус-соний. (1277 ҳижрия.);

Туркча таърих шеърияси:

Шоҳ мулку иқбол ила
Ўлтурди Кўктош устина.

Кўктош амир жаҳонгир Темур Соҳибқирондан қолма тош — бир тахтдурки, Туркистондаги турк элларидан 92 уруғнинг оқсоқол ва баковуллари йиғилиб, янги хонни оқ бир намад — кача устинда ўткузуб, 92 уруғ мураххас*лари качани бирдан кўтариб, янги хонни кўктош тахтина миндурарлар эди. Ва бу ондан эътиборан хон ва амир эълон қилиниб, нақора, карнай қоқилиб чолинарди. Амир ушбу 92 нинг оқсоқоллариға олтун ва хилъат, от ва туғлар бериб, алардан байъат* оларди. Ва хон кўтармоқдан аввал 92 нинг оқсоқоллари баъзи бир сўзу одатларни риояти учун амирдан ваъда ва Сўз олар эканлар. Бу 92 сўзи ал-он халқ оғзинда мавжуд ва мақоллар ҳукминдадур. «Тўқсон иккини ичинда… деди», «Бу ер 92 ни йиғилган ери, сўзингни билиб сўйла», «Сан бадзот, шажаранг 92 ға етмайдур».

7) «Темурнома» ва амсолий китобларда сарт исми мавжуд (ва) уруғлар ичинда кўрулмайдур;

8) Туркистон шимолиға охирги вақтларда сарт сўзи эшитилиб, аммо Туркистон жануби ва ғарбида халқ оғзинда йўқдурки, Туркистон шимолиға бу сўзни жорий бўлғони қазоқ, тотор ва руслар сабабидандур. Масалан, Тошканда «сарт арбаси», «сарт чойи», «сарт одати»… дейилган ҳолда Самарқандда «мусулмони ароба», «мусулмон шаҳри», «мусулмон одати» дерлар;

9) Бухоро ўлкасинда сарт сўзи мутлоқ йўқ. Халқ ўзбек, тожик, қазоқ, туркман, араб қабилалариға мансуб кишилар бўлуб ва шу исмлар ила аталурлар;

10)Туркистоннинг қаю бир чўл ва тоғ ё маъмур ериндаги 60-70-100 ға киргон кишидан «сарт» сўзи сўралсун, билмайдур. Аммо олчин, барлос, туёқли, қипчоқ, хитой, турк, қавчин, сарой, манғит, қорақалпоқ, минг, юз, қирқ, ўроқли, ойтамғали, қўштамғали, найман, қангли, мўғул ва буларға ўхшаш асомаи қабила, уруғ исмларининг машҳури ва аларнинг туганмас шўъба ва шохаларини баён қилган ҳолда бу «мажҳур сарт» ни аслан тилға олмайдур. Қари кишилар: фалона аслан ўзбек ё тожикдур, дер. Асло сарт демас ва сартни билмас, сарт деган қабиладан бехабардур;

11) сарт сўзини ҳозирги мафҳумидан хабардор туркистонлилар гумон қиладурларки, сарт сўзи туркистоний деган сўзни русча таржимаси бўлса;

12) матбуотдан бохабар Туркистон ўзбек ва ё тожик ва ё арабға «сарт» деб хитоб қилинса, ўзлариға ор ҳис этарлар. Албатта, бир кишини ота-онаси берган исми бўлуб ва они мансуб бўлгон қабила ва уруғи бўлуб туруб, они бошқа бир исм ила чақириб ва номаълум ва ё маълум бир қабила исмини онга тақилса, они хушланмасға ва эътироз қилмоқға ҳақи бўлса керак;

13) Туркистон халқидан ўзини билатургонлари қабила ва уруғига у қадар биноси борки, бошқа қабилаға қиз бермайтурғонлари бордур. Қизни ўзи хоҳлаб теккан бўлса, қабила орасидан ақча жамлаб даъволашиб чиқориб оладурлар. Қабиласининг исмини ва етти отасининг отини билмайтургонларни қул — марқуқ дерлар.

 (Давоми бор)

Муколима – сўз, гап
Мураххас – имтиёзли одам
Жадд – аждод
Байъат – қасамёд

[1] Манбада рақам тушиб қолган.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort