Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Усмон Ҳақназаров: Ўзбек мухолифати янги ҳукуматнинг эркинлаштириш ташаббусини қўллаб-қувватлайдими?

Усмон Ҳақназаров: Ўзбек мухолифати янги ҳукуматнинг эркинлаштириш ташаббусини қўллаб-қувватлайдими?
26 Ocak 2017 - 4:30 'да юкланди ва 4837 марта ўқилди.

Ўзбекистонда Ислом Каримов ўлимидан сўнг юз бераётган ҳодисаларни таҳлил қилиб, биз раҳмдил Аллоҳ ўзбек халқига яна бир маротаба мустабидликидан эркинроқ ва демократик тизимга қон тўкмасдан ўтиш имконини бермоқда деган хулосага келаяпмиз. Шундай қилиб…

Тарих такрорланаяпти…

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида собиқ СССРнинг бошқа халқлари каби ўзбеклар ҳам ҳеч қандай жанг ва йўқотишларсиз, айтиш мумкинки, шунчаки Кремл империясидан чиқиб, сиёсий мустақилликка эришдилар.

Ҳозир, 2017 йилнинг бошида, тарих такрорланяпти: чорак аср давомида Каримов зулми остида жимгина жабр тортиб келган ўзбек халқида яна қон тўкмасдан режимни ўзгартириш, балки умуман алмаштириш имконияти пайдо бўлмоқда.

Балки, ўша вақтда, яъни ўтган асрнинг 90-йиллар бошида ушбу вазият(озодликни курашиб эмас, балки совға сифатида олиниши),собиқ Совет Иттифоқининг сўнгги раҳбари Михаил Горбачев томонидан бошлаган демократик эркинликнинг тезда қўлдан бой берилишининг асосий сабаби бўлгандир.

Мамлакат ҳукуматининг юқори тузилмаларида  янги ҳукуматнинг жорий ташаббусларига қарши гизли иттифоқлар тузилаяпти-ки, инъом қилинган юмшоқ ўтиш даврини йўқотиш хавфи яна пайдо бўлди.

Бундай иттифоқлар ва хавфлар ҳақидаги тафсилотларни биз аввалги мақолаларимизда баён қилган эдик. Сўнгги мақоламизда биз шуни таъкидлаб ўтдик-ки, Мирзиёев ва унинг ҳукумати фақат халқ дастагига эмас, балки мамлакат ичидаги сиёсий ва куч ишлатар тузилмалар кўмагига ҳам муҳтождир.

Ўзбекистон жорий ҳукуматининг таяниши мумкин бўлган кучлар қаторида ўзбек мухолифати имкониятларини ҳам назардан қочирмаслик керак. Шундай қилиб…

Ўзбек мухолифати ва ҳукуматининг ҳамкорлик истиқболлари ҳақида

Шу нуқтада иккита ўринли савол туғилади.

Биринчиси: ўзбек мухолифати янги ҳукуматнинг либерал ташаббусларини қўллаб-қувватлай оладими?

Ҳа, 20, 15, 10 йил ва ҳатто бир йил аввал ҳам жамият олдида бундай саволни қўйиш у ёқда турсин, балки бу ҳақда ўйлаш ҳам ғайритабиий ҳол эди. Сиёсий қутбларнинг қаршилиги шу даражада кучли эди. Аммо, Шавкат Мирзиёевнинг келиши билан бошланган Ўзбекистон ички сиёсатидаги кутилмаган силжишлар мавжуд сиёсий режим ҳақидаги стереотипларни парчалаб ташлади.

Мамлакатнинг янги президенти ўз салафига қараганда анча мослашувчан бўлиб чиқди. У вафот этган диктатор Каримовдан мерос қолган муаммоларни ҳал қилишга жиддий киришган кўринади. Гарчи энг асосийси – сиёсий ислоҳотлар ҳақида ҳалигача ҳеч қандай гап-сўз бўлмаса ҳам, президентнинг халқ дардини эшитишга интилишида бир самимият сезилмоқда. Ва бу одамларда баъзи умидларни уйғотмоқда.

Фикримизча, бундай таассурот ўзбек мухолифатида ҳам пайдо бўлмоқда. Шавкат Мирзиёевнинг ҳатти-ҳаракатларига билдирилаётган турли муносабатлар, мухолифатнинг Ўзбекистон янги президенти фаолиятини диққат билан кузатаётганини кўрсатади.

Таниқли диссидент, ўтган асрнинг етмишинчи йилларида СССР тоталитар тузимига қарши ижодий ёшларнинг мафкуравий уруши фахрийси, ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ  янги президентни Ўзбекистонни Россия таъсири остидаги бўйинтуруққа олиб келмаслиги кераклиги ҳақида огоҳлантирган эди. Бу тажрибали антисоветчи шахснинг табиий рефлекси эди.

Ўша Муҳаммад Солиҳ ҳам маълум бир маънода умум оптимистик кайфият таъсири остида, янги ҳукуматни кескин танқид қилишдан ўзини тияётгани кузатилмоқда. Муҳаммад Солиҳ ҳатто янги ҳукуматга ўз ҳайриҳоҳлигини яширмаётган биз каби муаллифлар мақолаларини ЎХҲнинг расмий сайтида эълон қилишга имкон бермоқда.

Ўйлаймизки, агарда ўзбек мухолифати истаса мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётини эркинлаштириш йўлида янги ҳукумат билан ўртоқ нуқталарда топишаолади.

Мулоқот ўрнатилди ҳам дейлик, янги ўзбек ҳукуматига мухолифатнинг қўллаб-қувватлаши нима беради?

Бизнинг фикримизча, Ўзбекистон ҳукумати ва мухолифатининг бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватлаши, иккала тарафга ҳам қуйидаги сиёсий дивидентларни бериши мумкин:

Биринчидан, бу ўзбек жамиятида Каримов даврида йиғилиб қолган, ҳукуматга бўлган ишончсизлик ва ички сиёсий тангликни бартараф қилади.

Иккинчидан, янги президент томонидан ҳамкорликка қадам қўйилиши – дейлик, сиёсий маҳкумларни реабилитация қилиниши ёки ўзбек мухолифатининг ватанга қайтиши учун ҳуқуқий шароитларнинг яратилиши – одамларда эркин ҳаётга бўлган ишонч ва умидни кучайтирган бўлар эди. Воқеаларнинг бундай ривожланиши жамиятнинг ҳукумат билан чорак асрлик унсиз адоватини музлар эришининг бахмал баҳорига айлантирган бўлар эди.

Учинчидан, Ўзбекистон автоматик равишда, гарчи илк босқичда норасмий равишда бўлсада, жаҳон ҳамжамияти наздида, том демократик бўлмаса ҳам, яримдемократик давлат статусига эга бўлар эди. Бундай ўзгаришлар Ғарб ётиримчиларининг (инвесторларининг) Ўзбекистонга бўлган иқтисодий стратегиясини ҳам ижобий тарафга ўзгартирар эди.

Ва ниҳоят, тўртинчидан, Ўзбекистонда ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги ҳамкорлик эҳтимоли, ўз молиявий ва иқтисодий вазиятидан воз кечишни истамаётган, янги ҳукуматнинг эркинлаштириш ташаббусларига қарши бош кўтаришни режалаштираётган ва ҳатто президенти вазифасидан четлатишга уринаётган, Мирзиёевга қарши иттифоқлар имкониятини камайтирган бўлар эди. Шундай қилиб…

Сўнгсўз ўрнида

Баъзи ўқувчиларимиз, биз Ўзбекистондаги янги ҳукуматни танқид қилишни тўхтатганимизни ёзибдилар. Бунга ҳайрон бўлиш керак эмас. Чунки биз гуруҳларга, партияларга, ҳукуматлар ёки алоҳида шахсларга хизмат қилмаймиз. Биз Ўзбекистоннинг фаровонлиги ва  эрки ғоясига хизмат қиламиз. Биз ҳар доим ушбу ғоянинг тарафдорини ва шу ғоя йўлидаги ҳар қандай аниқ қадамни қўллаб-қувватлаймиз.

Агар ушбу ғоя ва ташаббусларни ўз вақтида Ислом Каримов бошлаганида эди, биз уни ҳам қўллаб-қувватлаган бўлар эдик.

Аммо, Каримов мулоқот ва эркин ислоҳотлар йўлидан юрмади. Бу ҳам етмагандай, у умрининг охиригача бундай ташаббусларга қатъиян қарши чиқди. Маъжозий маънода айтганда, Ислом Каримов мотори ёнмаётган автомобилни итаришиб юборишни сўраб, ўзи тормозни босиб турадиган дали ҳайдовчи каби эди. Қисқаси, Каримов Ўзбекистон тараққиёти йўлида бир тормоз эди.

Ҳозир Ўзбекистон бошқарув рулида янги ҳайдовчи. Унинг ташаббусларида ўчиб қолган машина моторини  ўт олдириш истаги кўринмоқда.

Бундай ҳолатда ўзбек мухолифати қандай йўл тутади?

Бу ҳукуматнинг ташлаши мумкин бўлган илк муроса одими, жасоратли одимига боғлиқ. Чунки ўзбек мухолифатининг Каримов режими олдида қўйган 25 йиллик фуқоролик ҳуррияти, инсон ҳақлари талаблари бугун ҳам бажарилмай қолаяпти.

Агар ҳукумат шундай жасоратли қадамга журъат қилсагина биз мухолифатдан ҳукуматни қўллаб-қувватлашни талаб қилиш каби маънавий ҳуқуқга эга бўламиз.

Эсдан чиқармаслик керак: фақат Каримов ўлди, унинг тизими ва у етиштирган чекист олигархлар яшаяпти. Бу кучлар “Ўзбекистон” номли машина моторининг ишга тушишини истамаяптилар.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,
сиёсатшунос
26.01.2017

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Тугри акилли сузлар! Булган иш булди Ким лаънатга колган булса охиратгача мальун булиб кетди. Энди колганлар бу вафосиз бойлик ва мансабни кадри канчалинини билиб ибрат олиб олдинга яъни яхши йулга кадам ташлаш керак!Шунда рахматга сазовор булиб одамлар ва Яратувчининг олдида ёруг юзли булади.Тарихда хам яхши ном колдиради!!!

    26/01/2017 11:19
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар