Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Пайғамбаримизнинг подшоларга ёзган номалари

Пайғамбаримизнинг подшоларга ёзган номалари
27 Ocak 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1636 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 138

(давоми)

 

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ НОМАЛАРИ ВА ЭЛЧИЛАР

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ ПОДШОЛАРГА ЁЗГАН НОМАЛАРИ

Юқорида баёни ўтган Ҳудайбия сулҳи ҳижратнинг олтинчи йилида бўлмиш эди. Бу сулҳ тузилгандан сўнгра, орада алоқалар бошланиб, Арабистон йўллари тинчланди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ амри билан чегарадош мамлакатларнинг подшоларига нома ёзмоқчи бўлдилар.

Анда одамлар:

— Ё Расулуллоҳ, подшолар одати, муҳрсиз хатни қабул қилмағайлар. Ўз номингизга муҳр ўйдирмоқ керак, — дедилар.

Анда Расулуллоҳ олтиндан муҳр ўйдирдилар. Буни кўриб саҳоба бойлари ҳам олтиндан муҳр ясатдилар.

Расулуллоҳ муҳр узукларини қўлларига тақиб эдилар, шунга қараб бошқа саҳобалар ҳам узукларин қўлларига тақишди. Шу чоғда Аллоҳдан ваҳий етиб:

«Эй Муҳаммад, олтин тақинмоқ, ипак кийим киймоқ эркак умматларингга ҳаромдур, аммо хотинларга ҳалолдур», деди.

Дарҳол ҳаммалари олтин узукларини қўлларидан чиқазиб ташладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳрларига уч калима: биринчи «Муҳаммад», бунинг устига «Расул», бунинг устига «Аллоҳ» ёзилган эди. Учови қўшилиб «Муҳаммадур Расулуллоҳ» бўлди.

Бу муборак муҳр узук ҳамиша қўлларида тақилган ҳолда турар эди. Юқоридаги ваҳий келиши билан, эркакларга олтин тақинчоқ ҳаром бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муҳрни кумушдан ясатдилар. Вафотларидан кейин Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ тақдилар. Бу кишидан кейин Ҳазрати Умар, сўнгра Ҳазрати Усмон тақмиш эдилар. Лекин энг охирги умри етиб, вафот бўлар йилида бу муҳр Арис қудуғига тушиб кетиб йўқолди.

Буни кўп излашиб топиша олмадилар. Шу йили Ҳазрати Усмон разиаллоҳу анҳу ҳам фитначилар томонидан шаҳид бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳр узукларини сўл қўлга солиш одатлари бор эди.Ўрта бармоқ билан жимжилоқ ўртасидаги бармоқларига тақар эдилар. Арабистон тупроғига чегарадош бўлган подшоҳларга нома юбориш олдида бир куни саҳобаларни йиғиб:

— Эй одамлар! Ер устидаги барча инсонларнинг бахт-саодати учун аларга мени Аллоҳ пайғамбар қилиб юборди. Кўришган кишиларга бу хабарни ўзим баён қилдим. Кўришмаганларга эрса ўлгунимча ўзим кўришсам, Аллоҳ амрини айтурман, узоқдагиларга нома ёзиб юборурман. Бутун одам авлодини Ислом динига даъват қилиш Аллоҳ томонидан буюрилган менинг вазифамдур. Бу номаларни менинг тарафимдан ёзилган жойларга еткуринглар. Аллоҳ сизларни раҳмат қилсин, бу хизматни қилувчилардан Худо рози бўлсин. Исо пайғамбарнинг шогирдларига ўхшаб йўлнинг узоқ-яқинини сизлар талашманглар. Бу хизмат устида алар қилгандек ихтилоф қилманглар, — дедилар.

Анда саҳобалар:

— Ё Расулаллоҳ, Исо алайҳиссаломнинг шогирдлари хаворийлар қандай ихтилоф қилмиш эдилар?— деб сўрашдилар.

Расулуллоҳ айтдилар:

— Исо пайғамбар ҳам Аллоҳ амри билан подшоҳларга шу янглиғ нома ёзмиш эди. Номаларни атрофга етказиш хизматини хаворийлар шогирдларига (энг яқин шогирдларига) топширдилар. Яқинроқ жойга ёзилган номани олган шогирдлари рози бўлиб, бу хизматни дарҳол бажаришга киришдилар, йироқ ерларга ёзилган номани олганлар оғир кўриб, бормасга баҳона излашдилар. Бундай бўлгач, ҳазрати Исо Аллоҳ таолога бу ишни арз қилдилар. Эртаси қарасалар, Худонинг қудрати билан нома кўтарган кишиларнинг тиллари нома юборилган халқ тилидан бўлмишдур. Ўз тиллари эса бутунлай унутилмишдур. Бу мўжиза кўрилгандан сўнгра ноилож бўлишиб, узоқ-яқин демай, номани олиб йўлга тушдилар. Энди сизлардан эрса, алар қилгандек иш бўлмасин, — дедилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар