Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Афғонистонга ҳижрат

Афғонистонга ҳижрат
28 Ocak 2017 - 9:00 'да юкланди ва 2068 марта ўқилди.

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(24)

1

Афғонистонга ҳижрат

Ниҳоят сафар тайёргарлигини кўриб “Кархий” орқали Афғонистонга ўтиб кетиш учун йўлга отландим.

Ҳазрат тоғам билан охирги бор учраша олмаганимдан дилим ҳасратда фиғон ила нола этарди.

Волидам берган тугунчани Темурбек ўзимга қайтарди. Хайрлашиб, бекатга етиб келдим. “Бисмиллаҳ” деб Термизга кетаётган поездга миндим.

“Кархий” бекатига етмасдан “Имом Жаъфар” номли бир жой бўлиб, ниҳоятда вайрона ва чангалзорга айланиб қолган эди. Ўша ерда бир мозор бўлиб, бу жой шу мозорнинг номи билан номланар эди. Поезд ўша жойга етганда тўхтади.

Тасодифан тўхтадими ёки одатдагидекми, била олмадим. Вагондаги кўпчилик шу ерда тушиб қолди. Охири фарғоналик икки ёш йигит ҳам кичкина тугунларини кўтариб тушиб кетишди. Мен ҳам уларнинг кетидан тушдим.

Ҳамма темир йўл ёқаси бўйлаб кетиб борар эди. Икки-уч дақиқа чор атрофга қараб туриб қолдим. Поезд кўздан ғойиб бўлиб, йўловчилар қаторлашиб кетиб борардилар. Фарғоналик йигитлар охирида кетиб боришар эди.

Атроф қоп-қоронғу бўлиб, ҳозир қаерга келиб қолганимни билмас эдим. Кейин билсам бу жой ўша “Имоми Жаъфар” экан.

Мен ҳам беихтиёр уларнинг орқасидан эргашдим. Анча юриб, Амударёнинг соҳилига етиб бордик. Бу дамда биздан бошқа ҳамма йўловчилар ўз манзилларига етган эдилар. Йигитлар дарёда юз-қўлларини ювиб келиб ўтирдилар.

Улардан бир оз узоқда мен ҳам ўтирган эдим. Эрталабдан буён ҳеч нарса емаганим учун, тўрвамдан Шаҳрисабзда беришган “кўмач” нони ва бир неча шингил узум олиб, аста олдиларига яқинлашдим. Саломлашиб, келтирган нарсаларни уларнинг олдига қўйдим. Ўз одатимизга кўра:

—Йўл бўлсин, ҳорманглар — дедим.

—Бор бўлинг — деб, туриб кўришдилар ва биргалашиб ўтирдик. Дастурхон солиб, толқон қўйдилар. Улардан бири:

—Сиз ҳам Имом Соҳибнинг мозорига кетяпсизми?— деб сўради.

—Ҳа.

—Қори Масъуд билан учрашасизми?

—Қайси қори Масъуд? — деб ўйланиб қолдим.

Тахминан икки йилча олдин Андижонга фуқаролик гувоҳномасини олгани борганимда Пойтуқда унинг уйида меҳмон бўлган эдим. Индамай қўя қолдим.

Бироз тановул этганимиздан сўнг, “Имоми Жаъфар” мозори томон йўл олдик. Дарё лабидан қишлоққа етиб, бениҳоят хушсурат ва чиройли масжид томон бурилдик. Масжид дарё чеккасидаги улкан харсанг тошлар устига қурилган эди.

Масжиднинг кўриниши ниҳоятда кўнгил очарди. Табриз томондан тошдан-тошга урилиб келаётган Аму сувлари шарқираб масжид олдидан оқиб ўтарди. Кичик бир эшикдан ичкарига кирдим. Рўпарадаги саҳнада қори Масъуд аста уёқ-буёққа юриб турар эди. Ўгирилиб йўлдошларимга қарадим. Улар узоқлашиб кўздан ғойиб бўлган эдилар.

Намозни қори Масъуд имомлигида адо этдик. Сўнгра Туркистон уламоларининг анъаналарига кўра намоздан сўнг ҳалқа бўлиб ўтирдик. Ораларидан бир киши Қуръони каримдан бир неча оятни тиловат этар, имом эса у оятларнинг таржима ва тафсирини баён қилиб берарди.

Имомнинг ишораси билан тилимга беихтиёр келган “Инсон” сурасини чиройли овозда тиловат қила бошладим. Мажлисда ажиб бир ҳолат вужудга келди. Тингловчилар соқолларини юлиб-юлиб йиғлашар эди. Қуйилиб келаётган кўз ёшларимни тўхтатиб бўлмас эди. Ҳалқа бир соатларча давом этди. Сўнг ҳамма тарқаб, имом ҳужрасига кириб кетди.

Кўзларимни юмиб ўтирганимча қолган эдим. Бухородаги “Моғон” масжидида қилган истихорам, кўрган тушим чақмоқдек ёдимга келди. Ғоят ажойиб туш кўрган эдим. Тушимда чипта олиб бир поездга минибман. Поезд бир вайрона олдига келиб тўхтабди. Одамлар мана шу жой “Имоми Жаъфар” — дер эмиш. Ҳамма поезддан тушиб кетаётган эмиш. Бир кишидан “Мен ҳам шу ерда тушаманми?” — деб сўрабман. У эса: “Тушадиган жойинг ҳали узоқ, у ерга кечаси етиб борамиз” — дермиш. Поезддан охирги икки йигит тушиб кета бошлади. Мен эса уларнинг ортидан эргашибман. Улар мендан узоқлашиб юришар эди. Тўсатдан мозор билан ёнма-ён бир масжидга кириб, намоз ўқирмишман. Ҳалқа бўлиб ўтирган кишиларга Қуръон тиловат қиляпман. Имом менинг олдимга келиб зор-зор йиғлармиш. Сўнгра қаёққадир йўл оламан. Бир неча афғоний кишилар мени ушлаб олишармиш. Бир оз жанжаллашиб мени эҳтиром ва шафқат ила таом билан сийлашар, менга тасалли беришарди. Тушим шу ерга етганда уйғониб кетгандим.

Эндиликда тушимнинг аввалги қисми ўнгимда ҳақиқатга айланган эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳим ишларда “истихора” қилишга кўрсатма берганлари учун янада бунга иймоним зиёдалашди. Томирларим иймоний бир туйғу билан жўш уриб, пайларим ҳаракатланиб кетаётганини ҳис этиб турардим.

Дилимнинг тубида яшириниб ётган:“Эй Аллоҳ, сенинг борлигингга ишонаман, сен ҳамиша мавжуддирсан, ўзинг сақлагувчи, қодир, розиқ, эшитиб турувчи, кўриб турувчи зотсан, ўлим ва ҳаёт сенинг қудрат қабзангдадир. Коммунист жоҳил, ғофил, золим, кофирдир. Сенгагина суяниб, сендангина мадад сўрайман” — деган нидо беихтиёр отилиб ҳайқириқ билан чиқиб кетди.

Бу сўзлардан таъсирланган қори Масъуд ичкаридан чиқиб келди.

—Ҳой мусофир йигит қаерга кетяпсан?

—“Кархий”га.

—Пирматинг борми?

—У нима ўзи?

—Шўро командири берадиган ижозатнома.

—Ўзингиз қилиб бермайсизми?

—Пулинг борми?

Беш рублликдан бир нечта чиқариб унга узатдим.

Қори Масъуд хуш бўлиб:

—Ўзингга ҳам оз-моз олиб қолдингми? — деди.

—Аллоҳ берган кўп нарса бор — дедим, жавоб бериб.

Қаршида бир неча кўйлак сотиб олган эдим. Темурбек уларни Шаҳрисабзда фойдасига пуллаб, менга келтириб берган эди. Шунинг ярмини чиқариб қори Масъудга:

—Буларни ўз ҳожатингизга ишлатарсиз, менда турса йўқолиб кетиши мумкин — дедим.

Имом ҳайратланиб: “Ҳой девона, Кархийда ақча кўп зарур бўлади. У ернинг одамлари наманганликлардек саховатли, раҳмдил эмаслар” — деди. Сўнг менга яхшироқ тикилиб туриб:

—Сен Аъзамхон Намангоний эмасмисан? — деди.

—Худди ўзи бўламан.

Қори Масъуд ўзини таништира бошлаган эди, мен кулиб:

—Сизни аввалги назардаёқ таниганман. Икки фарғоналик йигитдан сизнинг бу ерда яшашингизни эшитган эдим, — дедим.

Қори Масъуд ҳам кулиб қўйди. Кейин аста куллар остига кўмилиб кетган ўтмиш хотираси чўғларини кавлай бошлади. Собитхон тўра домланинг вафотида Фарғона ва Туркистоннинг катта-катта уламолари йиғилиб, бизнинг боғимизда тўпланишган эди. Қори Масъуд ҳам бу йиғинда иштирок этган эди. Анча маҳалгача шу йиғин борасида сўзлаб, ич-ичидан эзилиб йиғлади. Сўнг бироз суҳбат мавзуси ўзгариб, ўзи ҳақида ҳикоя қила бошлади.

—Мен бу ерда бир ярим йилдан буён яшаяпман. Пешиндан сўнг қилган тиловатингиздан қалбим юмшаб қаттиқ эзилиб кетди. “Инсон” сурасининг

“Роббингнинг ҳукмига сабр эт” — оятини такрор-такрор ўқиганингизда кўз олдимдан Туркистоннинг бемисл фарзандлари, покиза бузруклари, ифтихорли фозил уламолари ўта бошлади. Улар Парвардигори оламнинг ҳукмига сабр этдилар. Руслар уларни сотиб олиш учун қанча ҳийла найранглар ишлатиб ҳеч бир натижага эриша олмадилар. Аламларидан уларга ваҳшиёна жабр-зулм калтакларини ёғдириб шаҳид қила бошладилар. Аммо бу ишлари ҳам ҳақ устидаги мустаҳкам қадамларини жойидан қимирлата олмади. Бу золимлар қози Абдулмажидхон ҳазратларининг уйларига кечаси бостириб кириб, ушлаб бир чангалзор томон олиб кетдилар. У ерда ул зотни нишон қилиб ўйнабдилар. Бутун аъзоларидан қон оқиб йиқилиб ётсалар, жароҳатланган аъзолари устидан оҳак сепиб бир чуқурга ташлашадилар ва устиларидан қайноқ кул тўкиб: “Ҳозир ҳам кеч эмас, бизнинг сўзларимизни қабул қилсанг озод этамиз” — дейишади. Ҳазрат эса жавоб ўрнига оятини ўқирдилар. Ул ваҳшийлар шу ҳолатда яна оҳак ташлаб тириклайин кўмиб ташлайдилар.

Муҳйиддин ҳазратни ҳам олиб бориб: “Агар Ленин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан баробардур” деб қабул этсангиз, ҳамда халққа ҳам шу сўзларни талқин этсангиз сизни ва барча хеш-ақраболарингизни қонундан юқори қўямиз, яъни ҳар қандай жиноят содир қилсаларингиз ҳам бирор жазо берилмайди” — дейдилар.

Ҳазрат босиқлик билан: “Чи нисбат хокро ба олами пок” — яъни, покиза олам билан бир тупроқ ўртасида қандай нисбат бўлсин!

Ленин Набий алайҳис-саломнинг пешоб ва нажосатлари тушган тупроққа ҳам баробар эмас. У ўзи бир золим, бадкор моддапараст бўлса, ҳар қанча ақлу-истеъдоди бўлмасин моддапарастликдан нарига ўтолмайди. Било модда ҳақиқатни илғай олмай инкор қилиш йўлига ўтди. Росулуллоҳ алайҳиссалом эса ер юзидаги энг комил ва олий хулқ эгаси бўлиб, инсониятни тўғри йўлга бошладилар. Аллоҳ таоло ул зотга шундай билим бердики, бемодда нарсаларни ҳам ҳақиқатини билдилар ва бошқаларни ҳам ундан огоҳ этдилар. Ул зот тутган йўл инсонларни қоронғу зулмат қаъридан ёруғлик сари етакловчидир” — дея жавоб бердилар.

Бундай журъатни кутмаган коммунистлар қаттиқ ташвишланиб, у зотни йўқотиш пайига тушдилар. Ҳазрат махдумни ушлаб, баланд бир жойга тургиздилар. Беш гуруҳ аскар келтириб, бири бошни, иккинчиси бўйинни, учинчиси кўкракни, тўртинчиси сонни, бешинчиси тиззани нишонга олиб отишга буюрилган. Бирваракайига узилган кўплаб ўқлар ҳазратнинг жисмини парчалаб ташлади. Қон ва суяк парчалари ҳамма ёққа сачраб кетди. Бир ҳафта ичида ҳамманинг оғзида ҳазрат махдумнинг шижоати ва саботи ҳақидаги турли-туман сўзлар юрарди. Ҳазратнинг жасорати ва саботидан мусулмонларда ислом динининг ҳақ эканига яна бир карра қаттиқ ишонч пайдо бўлиб, исломнинг қадр-қиммати янада чуқурроқ бўлиб қалбларга ўрнашди. Сиз:

“Бас, сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига сабр қилинг ва улардан (кофирлардан) бирон гуноҳкор ё кўрнамакка итоат қилманг!” — оятини қайта-қайта ўқиётганингизда, Муҳйиддин махдум ва бошқа бузрукворларни сизларнинг боғингизда қилган илм мажлислари ва шаҳодат топишларини кўз олдимдан ўтказардим — деб, чуқур нафас олиб жимиб қолди. Анча фурсат сукут қилгандан сўнг:

—Тўразода, бу ерга қандай келиб қолдингиз? Ҳозир қаерга бормоқчисиз? — деб сўраб қолди.

—“Имоми Кархий”нинг мозорини зиёрат қилгани келган эдим. “Кархий”да бирор танишингиз бўлса мени таништириб қўйсангиз бўларди.

—Икки-уч танишим бор — дея, уларнинг яшаш жойларини тушунтира бошлади.

—“Бу ердан ҳар куни соат тўртда бир кема дарёнинг нариги соҳилига ўтади. Кемада паспорт ёки ижозатнома сўраб қолишса, Масъуд қорининг укасиман, ўзим толиби илмман. Талабалар орасида “Катта қабр”нинг неча газлиги борасида баҳслашиб қолдик. Ҳақиқатни билиб келиш учун кетяпман, дейсиз. Агар ижозат беришса яхши ва илло иш чатоқ бўлади. Яхшилаб ўйлаб кўринг” — деб, маслаҳат берди.

Дуо қилиб, “Далоилул хойрот” ва волидам берган Қуръони Каримни боғлаб елкамга ташладим. Қолган нарсаларни, қимматбаҳо чўнтак соат, компас ва икки мингдан ошиқ рублни тўрвамга солиб, имомга дедим:

—Бу нарсалар сизнинг ёнингизда тура турсин, агар русларнинг қўлидан эсон-омон ўтиб олсам, бирор танишингиздан хабар бериб юбораман. Муносиб кўрсангиз бу нарсаларни жўнатарсиз. Лекин ушланиб қолсам, мен сизни, сиз мени танимайсиз, келишдикми?

Сўнг хайрлашиб жўнадим. Масжиднинг дарвозасига етган эдим, орқамдан қори Масъуд ҳансираб келиб, оёқларимни ушлаб йиғлай бошлади.

—Сайидзода, мен ниҳоятда бадбахтман, сиз мени тавбамга гувоҳ бўлинг, дуо қилинг, Аллоҳ менинг гуноҳларимни кечирсин. Жуда катта гуноҳлар қилдим.

Мен ҳайрат ичида унга қараб турардим. Қори Масъуд эса қайта- қайта “Тавба қилдим, мен катта гуноҳкорман”— деган сўзларни такрорларди. Охири унга:

—Аллоҳ кечирувчи ғофурур роҳим зотдир — деб тасалли бериб, чиқиб кетдим.

Кейин билсам қори Масъуд коммунистларнинг чангалига илиниб, ўз жонини сақлаш учун махфий хизматга ишга кирган экан.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort