Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Бегона кимсалар

Бегона кимсалар
31 Ocak 2017 - 9:00 'да юкланди ва 1990 марта ўқилди.

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(25)

1

Бегона кимсалар

Соҳилга борсам кема жўнашга тайёр бўлиб турган экан. Секин бир чеккасига бориб ўтирдим. Дарёнинг нариги соҳилидан Туркманистон бошланар ва унинг чегараси Афғонистон билан туташиб турарди.

“Кархий” Туркманистоннинг машҳур шаҳарларидан бўлиб, буюк имом, фақиҳ ва муҳаддис Кархий роҳимаҳуллоҳга нисбатланар эди.

Ярим соатлар чамаси юрганимиздан сўнг, бир қуролли аскар хорижийлардан паспорт, ерлик аҳолидан эса ижозатнома сўраб текшира бошлади. Охири менга навбат етиб паспорт сўради. Мен эса: “Мен шу ерликман” — дедим.

—Яхши, ижозатномангни кўрсат — деди, буйруқ оҳангида.

—Мен “Каттагўрни” зиёрат қилгани кетяпман, қайтиб келаман — дедим.

Аскар қизишиб, бор кучи билан юзимга шапалоқ тортди. Оёқларим ердан узилиб, учиб кетдим. Кўз олдим қоронғулашиб кетди. Тезлик билан ўзимни дарёга отдим. Сузишни ҳамда сув остида узоқ туриш машқини яхши билардим. Орқамдан кетма-кет паққиллаган овоз эшитилди. Бир оздан сўнг ҳушимни йиғиб сув остида суза бошладим. Нафасим тугай бошлади. Сув бетига чиқиб орқамга қарасам кема анча узоқлашиб кетиб, соҳилга яқинлашиб қолибди.

Дарё суви ғоятда совуқ эди. Агар жисм узоқроқ турса қон юриши қийинлашиб, ҳолсиз бўлиб қоларди. Мен ҳам борган сари ҳолдан тойиб борардим, охири беҳуш бўлиб қолибман. Бир маҳал ўзимга келиб кўзимни очсам дарё бўйида, ўт-ўланлар устига улоқтирилган ҳолатда ётар эдим. “Қуръони карим” ва “Далоил” белимда аввалгидек боғланиб турарди. Оёқ-қўлларим увишиб ўзимга бўйсунмас эди. Не машаққатлар билан судралиб қуруқликка интилдим. Судрала-судрала қуёш ботишига яқин қуруқликка етиб олдим.

Ҳарчанд турмоқчи бўламан, ҳеч иложи бўлмади. Ноилож ётган жойимда оёқ-қўлларимни қимирлата бошладим, қон юриши тезлаб баданимга иссиғлик юра бошлади. Яна бир оздан сўнг туриб юришга ҳам қудрат сеза бошладим. Қайтадан ҳаётга келганим учун беихтиёр саждага йиқилиб, узоқ шукурлар қилдим. 15-20 дақиқалардан сўнг ўзимни тамоман яхши ҳис этиб, гўё ҳеч нарса бўлмагандек бўлиб қолдим.

Ойдин кеча. Зулматли чангалзор анча олисларга чўзилиб кетган эди. Эҳтимол “Кархий” бир неча мил шимол тарафда қолиб кетгандир. Дарёнинг чеккасидаги ўт-ўланлар майин шамолда мавжланиб силкинишар, мен эса кўйлагим ҳўллигидан титрар эдим. Ўзимни совуқдан паналаш учун ўт-ўланлардан бошқа нарса йўқ эди.

Қудрати илоҳийни қарангки, нарироқда бир уюм хас-хашак тўплаб қўйилган экан. Парвардигорнинг берган “кўрпа”си ичида роҳатланиб тунни ўтказдим.

Азон айтиб бомдодни ўқидим. Қуёш чиққандан сўнг ўтнинг орасидан чиқиб, дарёни томоша қилиб кета бошладим. Бир қанча масофа босганимдан сўнг қуюқ чангалзор келди. Чангалзорга кириб қудрати илоҳийга яна бир бор тан бериб иймоним зиёда бўлди.

Дарахтлар орасида бир тут дарахти ҳам бор бўлиб оқ, қизил, сариқ ва қора тут доналари товланиб турарди. Аллоҳнинг ризқ берувчи, сахий зотлигига ишончим комил бўлиб, зоти покка ҳамду-санолар айтдим. Тутдан тўйгунча еб қоринни тўйғазиб чангалзордан чиқдим. Узоқдан шаҳар кўзга ташланиб турарди. Аста шу томон ошиқдим.

Юриб-юриб бир дарахтнинг остига дам олиш учун тўхтадим. Уйқу ғалаба қилиб ухлаб қолибман. Қўққис бўлган шовқин-сурондан уйғониб кетдим. Тепамда девқомат, узун-узун мўйловли, баҳайбат беш киши мен ҳақимда ниманидир қизғин баҳслашар эдилар. Афту-ангор, кийим-кечакларидан уларнинг турк эмаслиги яққол сезиларди. Улардан бири пайдар-пай форсий тилда савол қила бошлади.

—“Ту ки асти? Аз кужо омади? Чи ирода дори?”, яъни: Кимсан? Қаердан келдинг? Нима мақсадинг бор?

Ишора билан тушунмаслигимни изҳор қилдим. Охири улар мени ўзлари билан қаёққадир олиб кетишга келишдилар.

Каттагина бир саройга етиб келиб, ичкарига кирдик. Айланасига ҳужралар қурилган бўлиб, улардан бир каттароғига кирдик. Ичкарида етти нафар басавлат киши ўтирарди. Ҳужранинг бир четида товуқ шўрва қайнаб, ҳужрани ёқимли ҳидга тўлдирган эди.

Мени чорпояга ўтиргизиб ўзлари мен ҳақимда суҳбатлаша бошладилар. Еттовлон ора-сира менга қўрқинчли бир қараш қилардилар. Овқат пишиб, дастурхонга тортилди. Ҳаммалари ўтириб мени ҳам таклиф қилдилар. Биргалашиб таом едик. Таомдан сўнг яна мен тўғримда баҳслаша бошладилар. Уларнинг бири келиб, белимга боғланган китобларни чиқариб:

—Бу нима? — деди, ҳайрон бўлиб форсий тилда.

—“Далоили шариф” ва “Қуръони карим”— дедим таржимон орқали.

—Нимага ҳаммаёғинг ҳўл? — сўради таажжуб билан.

—Дарёга тушиб кетдим, жуда қийинчилик билан чиқиб олдим.

—Яхши, аввал буларни қуритгин, сўнг яна сўзлашамиз, — деди уларнинг ичидаги мулойим ва раҳмдилроқ бўлган киши.

Саройнинг қуёш нури тушиб турган ерига ўтириб китобларни варақлаб қурита бошладим. Уларнинг шовқинлаб сўзлашишлари янада кучайиб борарди. Орадан озроқ вақт ўтиб, ҳалиги раҳмдилроғи чиқиб келди ва қўллари билан ишора қилиб:

—Ҳой бола, тезроқ бу ердан кет. Тақдиринг яхши экан қутулиб қолдинг. Ухлаётган ерингдан бир оз нарида “Каттагўр” мозорининг жомеъ масжиди бор, шу ерга бориб жойлашиб ол, — деди форс тилида.

Унинг бу куюнчаклик билан қилаётган ишоралари-ю сўзларидан мақсадни тушуниб тезда у ердан жуфтакни ростлаб қолдим.

“Кархийда” икки ярим ой истиқомат қилдим. Шунда бу кишилар Мозори Шарифнинг ҳокими томонидан тайин этилган афғонлар экани, Афғонистонга ҳижрат қилиб ўтган мусулмонларни русларга тутиб бериш хизматига қўйилганлари маълум бўлди.

Қори Масъуд ҳам, булар ҳам махфий маҳкаманинг аъзоси эдилар. Бироқ Аллоҳ таоло буларнинг қалбига раҳм солиб, улардан эсон-омон қутилиб кетдим. Улар бу кунгача неча минглаб кишиларни рус ҳукуматига тутиб берган эдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort