Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Олий маълумотли, лекин дипломсиз…

Олий маълумотли, лекин дипломсиз…
02 Şubat 2017 - 12:05 'да юкланди ва 1743 марта ўқилди.

Бахтиёр шу кунларда Жанубий Кореяда тил курсларига бориб, айни вақтда кун кечириш учун турли қора ишлар билан шуғулланишга ҳам тайёр ўзбекистонлик ёш, олий маълумотли мутахассис.

4 йил мобайнида Жаҳон тиллари Университетида ўқиб, бир неча тилда сўзлаша олишига қарамай қўлида дипломи бўлмагани учун ҳозирда шу аҳволда.

Нима учун олийгоҳни битирганига қарамай диплом ололмаган? Ҳамма гап унинг давлат томонидан берилган грантга ўқиганида.

Бир неча йил аввал Ўзбекистон олийгоҳларида ўқиш учун контракт асосида пул тўлаш тизими киритилганидан бери давлат грантига ўқиш кўплаб талабаларнинг энг олий орзуси…

Чунки кўп минг сўмлик контракт пулларини тўлашга ҳамманинг ҳам қурби етмайди ва грантлар фақатгина иқтидорли талабаларгагина берилади.

Бахтиёр ана шу бахтга муяссар бўлганлардан бири эди. Фарғона вилоятининг Бағдод туманидан бўлган Бахтиёр грантга эришгани кейинчалик унинг касбий фаолиятида жиддий муаммога айланишини тасаввур ҳам қилмаганди.

Интилиш ва ташаббус имконсиз…

Ҳамма гап 2016 йили ўқишни битирганидан сўнг, эришилган маррада тўхташни истамай чет элда магистартурада ўқиш йўлларини қидира бошлаган вақти бошланди.

Жаҳон тиллари ректоратидан айтишларича, Бахтиёр давлат томонидан берилган грантда ўқигани учун ўзининг асосий пропискада турган ерига қайтиб, давлат ташкилотида, жумладан ўқув муассаси, яъни мактаб, коллеж ёки лицейда 3 йил мобайнида ишлаб бериши шарт. Ана шундан кейингина унинг қўлига олий таълимни битиргани ҳақидаги дипломни беришлари мумкин.

Бу орада Бахтиёрнинг қўлига хориждаги икки олийгоҳдан грант асосида магистратурада ўқиш учун таклиф келиб тушган эди.

На илож, бир тарафдан хориждаги олийгоҳга олий маълумотга эга эканлиги ҳақидаги ҳужжатни кўрсата олмагани, бошқа томондан давлат грантига ўқигани учун давлат муассасига ишлаб бериш шартини қабул қилишга мажбур бўлгани учун у иш қидира бошлади.

Университет вебсаҳифаси

Прописка йўқ – иш йўқ. Иш йўқ – прописка йўқ.

Тошкентда телевидение таҳририятларидан бирига уни гўё ишга олишга рози эдилар. Ана шу ерда Бахтиёрнинг муаммоларига яна бир бюрократик муаммо келиб қўшилди. У ҳам бўлса прописка масаласи.

Бағдодлик Бахтиёрнинг Тошкентдаги пропискаси фақатгина олийгоҳда ўқиган вақти муддатига, вақтинча берилганди. Телевидениедагиларнинг шарти “аввал пропискадан ўтинг” қабилида бўлди.

Ўзбекистон Олимпия Қўмитасида ҳам уни ишга олишга рози эдилар. Аммо уларнинг ҳам шарти прописка эди.

Тошкент шаҳри турар-жой қайдидан ўтказиш бошқармасида эса шарт – ишлаб турган еридан тасдиқловчи ҳужжатларни олиб келиш эди.

Шундай қилиб, улкан умидлар билан оллийгоҳни битирган Бахтиёр боши берк берк кўчага “кириб қолди”.

Унинг Олий таълим вазирлиги қабулхонаси ва вазирликнинг ишонч телефонларига қилган қайта-қайта мурожаатлари самарасиз бўлди. У билан телефонда гаплашган вазирлик ходимларидан бири гапни чўрт кесиб, “Давлат гранти асосида таҳсил олган бакалавриатура ва магистратура талабаларининг 3 йил давомида ишлаб бериш мажбурияти” ҳақида 2005/2006 ўқув йилидан бошлаб амалиётга тадбиқ этилган қарорни келтирди.

Давлат муассасида ишлаш шарт эмас”

Бахтиёр грант асосида ўқишга рози бўлган вақти бу қарор ва унинг шартларидан бехабар эдими? Унинг айтишича, бундан албатта хабардор эди.

Лекин у ишга кирмоқчи бўлган Ўзбекистон телевидениеси каналларидан бири ёки Олимпия қўмитаси давлат муассаси эмасми?

Бунга илова ҳуқушунос Хушнудбек Худойбердиев томонидан асос солинган ва юридик масалалар бўйича маслаҳат берувчи xushnudbek.uz блог саҳифасида шу мавзуда нашр этилган мақоладан иқтибос келтирадиган бўлсак, юқорида тилга олинган қарор бандларида “таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларга ишга тақсимлаш” жумласи ишлатилган. “Давлат” сўзи мавжуд эмас. Корхоналар хусусий ҳам бўлиши мумкин. Ташкилотлар нодавлат ва нотижорат ҳам бўлиши мумкин. Бундан келиб чиқадики, 3 йил мажбурий ишлаб бериш давлат ташкилотларида бўлиши шарт эмас”. (иқтибос тугади)

Бундан ташқари бу ” муассаса” айнан битирувчининг асосий пропискадан ўтган ерида бўлиши кераклиги ҳам қайд қилинмаган.

Давлат гранти, прописка каби Ўзбекистондаги кундалик воқеликнинг таркибий қисми бўлган “ёзилгану ёзилмаган шартлар” гирдобида қолган Бахтиёр охир-оқибат Фарғонага қайтиб, маҳаллий коллежлардан бири ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади.

“700 минг сўм ойлик, ўқитувчиларга ставкаларни тақсимлаш, қоғозбозлик, кенг қулоч ёйган порахўрлик муаммолари туфайли у ерда фақатгина 3 ой ишлай олдим, холос. Қолганига чидай олмадим”, деди Би-би-си билан суҳбатда у.

Унинг айтишича, у билан бирга олийгоҳни ўша йили битирган ва ундан аввал грант асосида ўқиб битирганларнинг аксариятининг аҳволи ҳозирда айнан шундай. Ўқишни битиришган, лекин қўлларида диплом йўқ. Олий маълумотга эга эканликларини тасдиқловчи бир парча қоғоз бор, холос.

Шундай қилиб, олий маълумотли, лекин қўлида ҳужжати йўқ, иқтидорли ўзбекистонлик мутахассис ҳозирда Жанубий Кореяда. Ҳар қандай қора ишни қилишга тайёр ва яна аввал бошдан тил ўрганмоқда.

Манба: bbc.com/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар