Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнати тугатилдими?

Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнати тугатилдими?
03 Şubat 2017 - 16:17 'да юкланди ва 1574 марта ўқилди.

Икки нуфузли халқаро ташкилот Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнати аста-секин тугатилгани ва бу амал эндиликда жамият томонидан қабул қилинмас ҳолатга айлгани ҳақида баёнот чиқаришган.

Жаҳон Банки ва Халқаро Меҳнат Ташкилотининг деярли бир маънодаги баёнотларида айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати пахта йиғим-терими соҳасини ислоҳатлаштириш йўлида илгари силжишларга эришган.

Айтилишича, бу каби хулосага Халқаро Меҳнат Ташкилоти 2016 йилги пахта мавсумини кузатиш натижалари асосида келган.

“Болалар меҳнатининг қабул қилинмас ҳолат эканлиги ҳозирда расмийлар, ўқитувчилар, мутахассилар , фермерлар, ота-оналар ва болаларнинг ўзлари томонидан тан олинган. Ўзбекистонда ташкиллаштирилган болалар меҳнатини тугатилган”, дейилади ХМТ баёнотида.

2016 йили пахта йиғим-терим мавсумида Халқаро Меҳнат Ташкилоти вакиллари вазиятни назорат қилиб, айниқса Жаҳон Банки томонидан қўлланган агросаноат, сув ва таълим лойиҳаларида болалар меҳнатидан фойдаланишнинг “биронта ҳолати юз бермаган”лигини ҳисобот беришган.

Би-би-си билан суҳбатда мамлакатдаги болалар мажбурий меҳнати вазиятини бир неча йилдан бери муфассал ўрганиб келаётган ҳуқуқ фаоли Елена Урлаеванинг айтишича ҳам мамлакатда аввал бўлганидек ёш болалар ва мактаб ўқувчиларини ёппасига пахта далаларига сафарбар этилиши ниҳоя топган.

Лекин ўтган йили кузида Бухоро вилоятига қилган мониторинг сафарларидан бирида маҳаллий ҳоким ташаббуси билан бир ерда болалар далага чиқарилгани ҳолатини кузатган.

“Лекин бу маҳаллий ҳокимнинг қарори бўлиб, илгари бўлганидек марказдан туширилган буйруқ асосида рўй бермаганди”, дея изоҳ берди Елена Урлаева.

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг билдиришича, болалар меҳнатига чек қўйилган бўлса ҳам олийгоҳлар талбалари ва давлат хизматчиларининг мажбурий равишда пахта теримига жалб этилиши ҳолатлари ҳануз сақланиб қолган ва мажбурий меҳнатнинг бу турини ҳам барараф этиш учун яна қўшимча ҳаракатлар талаб қилинади.

Ташкилот айниқса, 16-17 ёшлиларни мажбурий меҳнатга жалб этиш хавфидан огоҳлантирган.

Ҳуқуқ фаоли Елена Урлаеванинг айтишича, Ўзбекистонда пахта далаларини турли маҳаллий расмийлар “қарамоғига” тақсимлаш бериш практикаси мавжуд.

“Масалан бир далани маҳаллий прокурор “зиммасига юклайдилар”. У бу далага теримчиларни ташкиллаштириш ва кўзда тутилган режага мувофиқ миқдорда пахта топширилиши учун масъул бўлади. Бу каби маҳаллий расмийлар эса мактаб ўқитувчисини пахтага жалб этаётгандек бўлиб кўринмаслик учун ўқитувчиларни фаррош ёки шунга ўхшаш касбдаги инсон сифатида қайд қилиб, далага олиб чиқмоқдалар”, дейди Елена Урлаева.

Унга кўра, охирги йилларда болалар меҳнатида фойдаланишга чек қўйила бошлаганидан бери давлат хизматчилари, ўқитувчи ва шифокорларнинг теримга олиб чиқилиши миқёслари кенгайган.

Фаол шунингдек, пахта териш асосий касби бўлмаганлар учун бу каби меҳнат анчайин оғир эканлиги, айниқса уларга қўйилган кундалки нормани бажариш мушкул вазифа эканлигини билдирди.

“Нормани бажариш учун ўз соғлиқларини йўқотаётганлар, ҳатто нохуш ҳодисалар рўй бериб, оламдан кўз юмиш ҳолатлари ҳақидаги хабарларни биз ўрганиб, текширишга ҳаракат қилмоқдамиз”, деди у.

Манба: bbc.com/uzbek

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар