Оламда достондир…

Оламда достондир…
68 views
05 February 2017 - 7:00

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Давлаталининг

Суннийга устиндир, кофирга ўтдир,
Тиғи қиндан чиқса Давлаталининг.
Оламда достондир, элларда хатдир,
Суҳбатларда сўзи Давлаталининг.

Сўзлари панд бўлиб қолди тилларда,
Фақирлар паноҳи ёмон кунларда,
Йироқ ўлкаларда, яқин элларда,
Дўст, душмани рози Давлаталининг.

Жаҳонни сайр этди умри ўтгунча,
Ажали мавҳ этиб ерга киргунча,
Ёлғончида яйраб, токи ўлгунча,
Совулмади ёзи Давлаталининг.

Йўлидан кечмасди кимни истаса,
Чизиқдан чиқмасди, ўзи ўлмаса,
Бургутдай урарди лочин кўзласа,
Шер оларди бози Давлаталининг.

Кенг феъли йўлдоши, ҳам буюк элли,
Машҳурлар ичинда ўзи белгили,
Майдонда қиличли, девонда тилли,
Мингга татир ўзи Давлаталининг.

Тилак этса, қоя тошни эритар,
Ғазаб этса, ҳукми тоғни қўзғатар,
Қуёшдан тафтлидир, ойдан сардафтар,
Фалакда юлдузи Давлаталининг.

Сонсиз элга саркардадир, султондир,
Жангларда у жаллод, бир арислондир,
Танаси майдонда, пўсти девондир,
Кечаси, кундузи Давлаталининг.

Таманноси ердан осмона қадар,
Ҳар ишда йўлбарсдир, қоплондир – қайсар,
Дарёда кемадир, наҳангдир аксар,
Ҳарён борса ўзи Давлаталининг.

Нечаларни қилди йўлида хуррам,
Ўзи дардларига топмади малҳам,
Бедовсиз, йўлдошсиз кўзларида нам,
Тўхтамас хабари Давлаталининг.

Махдумқули, кечди дунёда ҳақсиз,
Тўраликда тойсиз, эрликда тенгсиз,
Пайғамбар файзисиз, бир лолдай сассиз,
Шунга менгзар изи Давлаталининг.

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди