Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Усмон Ҳақназаров: Генерал рутбасидан маҳрум қилиниб, МХХ тизимидан узоқлаштирилди

Усмон Ҳақназаров: Генерал рутбасидан маҳрум қилиниб, МХХ тизимидан узоқлаштирилди
07 Şubat 2017 - 13:12 'да юкланди ва 8484 марта ўқилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг 2017 йил 6 февралдаги Фармони билан Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўлими бошлиғи генерал Шуҳрат Ғуломовни рутбасидан маҳрум қилди ва МХХ тизимидаги ҳар қандай ишдан узоқлаштирди. Фармоннинг расмий сабаби сифатида “Шуҳрат Ғуломов давлат раҳбарининг буйруғини саботаж қилган”и эътироф этилди. Президентнинг мазкур қарори 6 феврал куни кечқурун Хавфсизлик Кенгашининг навбатдан ташқари мажлисида билдирилди. Шундай қилиб…

“Берия усули”даги зарарсизлантириш

Хавфсизлик Кенгашида ўтказилган мажлис махсус топшириқларни бажарадиган турли кисмлардан танлаб олинган 100 нафар аскар тарафидан қўриқланди. Президент Мирзиёев томонидан шахсан танлаб олинган бу гуруҳга президент ва унинг яқин мулозимларига қарши МХХ раиси Рустам Иноятов ва унинг собиқ ўринбосари Шуҳрат Ғуломовга хайриҳоҳ аскарлар тарафидан уюштирилиши мухтамал бўлган ҳужумлардан қўриқлаш вазифаси топширилган эди.

Мажлисда нутқ сўзлаган президент Мирзиёев генерал Ғуломов МХХнинг Сурхондарё вилоят бошқармасига бошлиқ қилиб тайинланганига қарамасдан, Тошкентда қолиб, МХХнинг марказий аппаратида ишлашда давом этганини билдирди. “У [Шуҳрат Ғуломов – У.Ҳ.] гуё ҳеч насра бўлмагандай, Тошкентда қолиб, аввалги [МХХ раисининг биринчи ўринбосари] вазифаларини бажаришда давом этган ва президентнинг Фармонини [Шуҳрат Ғуломовни МХХнинг Сурхондарё вилоят бошқармасига бошлиқ этиб тайинлаш ҳақидаги фармонини – У.Ҳ.] очиқча саботаж қилиб келган”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ғуломовни МХХ тизимидан четлаштириш ҳақидаги қарорни ўқир экан, президент “агарда Ғуломов давлат раҳбарининг янги Фармонига ҳам бўйсунмайдиган бўлса, у ҳибсга олинади ва, керак бўлса, унга қарши қурол ҳам қўлланилади”, – дея қўшимча қилди.

Хавфсизлик Кенгашида ўтказилган мажлис иштирокчилари Мирзиёевнинг шахсан ўзи Ғуломовдан МХХ гувоҳномасини олиб, рутбасидан маҳрум қилганига гувоҳ бўлдилар.

Президентнинг аввалги топшириқларига нисбатан ўз норозилигини очиқча ифода этиб келган Шуҳрат Ғуломов бу сафар ҳаддидан оша олмади ҳамда қуролланган аскарлар қаршисида давлат раҳбарига таслим бўлишга мажбур бўлди. Шавкат Мирзиёев МХХнинг кеккайиб кетган генералини мажлисдан очиқча ҳайдаб юборди.

Мажлисда иштирок қилган Рустам Иноятов ҳам президент Мирзиёевнинг нишонидан четда қолмади. Мирзиёев МХХ раисига қарата: “Рустам Расулович, янги ҳукуматга қарши парда орқасида қилаётган ўйинларингизни тўхтатадиган пайт келди!” – деди.

Хавфсизлик Кенгашида ўтказилган мажлисда Иноятов ва Ғуломов биргалашиб президентнинг бошқа бир топшириғини, аниқроғи, МХХ тасарруфида бўлган қаттиқ режимли 5 та қамоқхонани ёпиш ҳақидаги топшириғини ҳам саботаж қилишгани тилга олинди. “Президентнинг топшириғига кўра, МХХ раҳбарияти аввалига Жаслиқ ва яна 4 та қаттиқ режимдаги қамоқхоналарда сақланаётган сиёсий маҳбусларни озод қилиш ишларини, кейинчалик эса бу қамоқхоналарни ёпиш ишларини бошлаши керак эди”, – деди Шавкат Мирзиёев. Бироқ, президентнинг сўзларига кўра, ўзбек махсус хизматлари раҳбари Рустам Иноятов ва унинг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов “аввалига давлат раҳбарининг бу ташаббусига ўз эътирозларини билдириб, ҳар қанақасига қарши чиқишган ва кейинчалик бу қарорнинг ижросини атайлаб пайсалга солиб келишган”.

МХХ раиси бу ҳамлани индамай кабул этди, чунки президентга билдирадиган ҳеч бир эътирози йўқ эди. Шундай қилиб…

Иноятов ва Ғуломов қандай қилиб Раматовни йўқотишмоқчи эди?

“Ўзбекистон Темир Йўллари” Давлат Акциядорлик Компанияси раиси Очилбой Раматов мамлакат Бош вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинлангач, президент Мирзиёевдан темирйўл компаниясини ривожлантириш бўйича янги таклифларни бериш вазифасини олди. Мана шу топшириқни бажариш жараёнида О. Раматов “Ўзбекистон Темир Йўллари” компаниясига зарур бўлган товарлар ва ускуналарни етказиб бериш ҳамда ишлаб чиқариш бўйича барча тендерларни куч билан монополия қилиб (ўзиники қилиб) олган тўрт хусусий ширкатни темирйўл компанияси фаолиятидан узоқлаштиришни таклиф қилди. Ушбу таклифни билдирар экан Очилбой Раматов, мазкур хусусий ширкатлар МХХ раиси Рустам Иноятов, унинг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов ҳамда собиқ мххчилар, ака-ука Ҳаёт ва Жавдот Шарифхўжаевларнинг қариндошларига тегишли эканлиги ҳақида президентни огоҳлантирди.

“Чекист”ларга тегишли бу ширкатларни “Ўзбекистон Темир Йўллари” Давлат Акциядорлик Компанияси фаолиятидан узоқлаштириш ишлари бошланганда мазкур ширкатларнинг раҳбарлари Раматовга шахсан Иноятовдан “салом айтиб”, унга очиқчасига ўлим билан таҳдид қилишди. Аммо темирйўл компанияси раҳбари бу таҳдидлардан қўрқмасдан, Иноятовнинг “чопар”ларини қувиб солди ҳамда юзага келган вазият ҳақида президентга хабар берди.

Хавфсизлик Кенгашининг навбатдан ташқари мажлисида Шавкат Мирзиёев бу мавзуни кўтариб, очкўз тўда Очилбой Раматовни қўрқитишга урингани ҳақида ҳам гапириб ўтди. МХХ раиси президентнинг бу ва бошқа айбловларига ҳам жавоб бера олмади. Шундай қилиб…

Сўнгсўз ўрнида

Шуҳрат Ғуломовнинг рутбасидан маҳрум қилиниши ва махфий хизмат тизимидан узоқлаштирилиши МХХдан чиққан ўзбек олигархларига тегишли иқтидорнинг ва бизнес-салтанатнинг ярми қулаганидан дарак беради. Зотан, Иноятов ва Ғуломов мазкур иқтидор ва салтанатнинг сўнгги икки устуни эдилар. Энди бизнес-салтанатни ҳимоя қилиш ишлари билан Рустам Иноятовнинг якка ўзи шуғулланишига тўғри келади. Иноятов бу оғир ишни ёлғиз бошига эплай олиш-олмаслигини вақт кўрсатади.

Бундан ташқари, МХХ тизимидан қувилган шахс оддий генерал эмас, балки Рустам Иноятовнинг режаси бўйича ва Ислом Каримовнинг оғзаки розилиги билан Ўзбекистон президенти лавозимига пинҳона даъвогар бўлиб келган, ўзини марҳум Ислом Каримовнинг сиёсий меросхўри сифатида баҳолаб келган “кадр” эди.

Ғуломовнинг президент Мирзиёев томонидан жазоланиши собиқ генералнинг сиёсий орзу ва хирсларига чек қўйиш-қўймаслигини ҳам вақт кўрсатади.

Усмон ҲАҚНАЗАРОВ,
сиёсатшунос
07.02.2017

Русчадан ЎХҲ таҳририяти таржимаси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар