Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Тўқсон олтинчи йилга бир назар

Тўқсон олтинчи йилга бир назар
11 Şubat 2017 - 5:00 'да юкланди ва 1003 марта ўқилди.

Муҳаммад Солиҳ

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(45)

ТЎҚСОН ОЛТИНЧИ ЙИЛГА БИР НАЗАР

Ўтган 1996 йил халқимиз учун худди ундан аввалги йиллар каби йил бўлмади. Ўзбекистон ҳақида ташқи дунёга берилган маълумотлар нақадар силлиқ кўринмасин, ичкаридаги аҳволни бу билан хас-пўшлаб бўлмади. Расмий статистикага зид ўлароқ, ўзбекларнинг асосий қисми йўқсиллик ва сафолат ичида чирпинди ва ҳамон чирпинмоқда.

Бозорларда гўё ҳамма нарса бор, аммо бу нарсаларни олишга қодир одам оз, бу хиёбонларда кезишга ҳафсала қиладиган бахтиёрлар жуда кам; ҳамма бир бурда нон топиш мақсадида зир югуради. Бу нон топиш жазаваси инсонларимизни иймон ва виждондан бегоналаш-тирмоқда. Улар борган сари бир-бирига шафқатсизроқ, борган сари меҳрсиз ва оқибатсизроқ бўлиб бормоқдалар. Моддий қашшоқлик уларни маънавий йўқсиллик тузоғига туширмоқда, уларнинг бу тузоқдан қутилишга ҳеч кучлари йўқ, чунки бутун кучлари ўша бир парча нон топиш учун сарф бўлмоқда.

Яқинда самарқандлик бир ўқитувчи билан суҳбатлашиб қолдим. У мавжуд аҳволни қисқа ва лўнда ифода этди: “ўқийман дегани ҳам йўқ, ўқитаман дегани ҳам”.

Бу гап нафақат маориф системасини, балки бутун жамиятимизни изоҳлайди. Бизнинг жамият зиёлиларни иккинчи нав одам қаторига қўшиб қўйган жамиятдир. Бугун Ўзбекистонда мактаб ўқитувчилари бозорда қурт ёки чакки сотиб, кун кўрмоқдалар.

Бугун Тошкентда фан доктори ва профессор унвонига соҳиб олимларнинг киракашлик қилиб юрганини кўришингиз мумкин.

Тошкентда чиқадиган “Мулоқот” журналининг 96-йил, 6-сонида Рашид Раупов деган журналист ўз мақоласида одамлар инсофсиз бўлиб бораётгани ҳақида ёзади, аммо бунинг социал сабабларини ёзишдан истиҳола қилади. Бу табиий, чунки ёзилса, уни Ўзбекистон матбуоти босмайди, борди-ю, босса, бир қанча одам бунинг учун жазоланган бўларди. Лекин Раупов айтишга истиҳола қилган баъзи нарсаларни айтиш зарур: Совет даврида пахта, яъни “оқ олтин” деганимиз пахта толаси етиштириш ўзбек халқининг асосий машғулоти бўлиб қолган ва бу машғулотдан олинган чой-чақа билан кун кечирардик. Энди мустақил бўлган халқимизга ўша чойчақа ҳам кўп кўринмоқда: деҳқон ойларча, ҳатто йилларча маош ололмайди. Бугун 1992 йил маоши тўланмаган ўзбек деҳқони совет давридагига нисбатан ўн карра шафқатсизроқ эксплуатация қилинмоқда. Қишлоқда мактаб ўқувчилари қор ёққунга қадар пахта даласидан чиқмайди ва уларнинг аксариятининг иссиқ кийими йўқ, пойабзали йўқ, ярим яланғоч меҳнат қиладилар. Баъзи мактабларнинг 10 – 11-синфлари тамомила бекитилган.

Бизда истеъмол маҳсулотларининг асосийси нон бўлган. Анча вақтгача нон арзон нархда сотилиб келинди. Бу нон тараққий қилган мамлакат стандартига кўтарилди, ҳатто ундан ҳам ошиб тушди. Лекин бу мамлакатлар стандартида минимум маош 1500 америка долларидир. Бизда-чи, бизда бу маош 10 долларга ҳам етмайди.

Ақл бовар қилмайдиган жойи шундаки, буғдойни деҳқон етиштиради, аммо нонга қорни тўймайди. Чунки ҳукумат ундан буғдойнинг килосини 3 сўмдан олиб, ун қилади, уннинг килосини 50 сўмдан қилиб, яна ўша деҳқон шўрликка сотади. Буғдой сотилар экан, унинг нархини сотувчи қўймайди, бу нархни харидор, яъни ҳукумат қўяди. Бундай «бозор муносабатлари»ни ақлга қандай сиғдириш мумкин?

Ҳали юқорида, инсонлар бир парча нон топиш учун югурадилар, деганда, мажозий шаклда гапирмадим. Яъни, бундай деркан, инсонлар бой бўлиши учун, бадавлат бўлиши учун чопмоқдалар, деганим йўқ. Балки тўппа-тўғри маънода бир парча нон топиш учун югурмоқда бизнинг фуқароларимиз. Бой бўлиш, бадавлат бўлиш имкони эса бир ҳовуч тўраларда бор. Улар халқнинг юздан бир фоизини ҳам ташкил қилмайди. Шу кичик зумра кимсалар иқтисод машинасининг бутун дастакларини ушлаб турибди. Банк операциялари, ташқи дунёдан келган кредит ва сармояларига оид ҳужжатлаштиришлар, ширкатларнинг қурилишлари, фаолияти ва бутун хусусийлаштириш жараёни ўша бир ҳовуч кимсалар назорати остидадир.

Аслида, Ўзбекистонда ҳеч қандай эркин бозор ёки хусусийлаштириш йўқдир. Кеча хусусийлаштирилган мулкни эртага давлат яна тортиб олиши мумкин. Буни Ўзбекистонда хусусийлаштирилган бензо-колонкалар, такси ширкатлари мисолида кўрдик. Ҳукуматнинг ижтимоиятда бўлгани каби, иқтисодда ҳам истиқрорли бир сиёсат юритишга ортиқ ҳеч ким ишонмайди. Масалан, иқтисод учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган валюта конвертацияси Ўзбекистонда бугун тўхтагандир. Конвертация ҳуқуқи яна ўша катталарнинг қариндош-уруғларининг ва мафиянинг қўлига берилган. Шу сабабли жуда кўп қўшма корхоналар касодга учради, жуда кўпи фаолиятини тўхтатиб, Ўзбекистондан кетиб қолмоқда. Бизнинг маълумотларга кўра, 1500 қўшма корхонадан 1300 таси ўз фаолиятини тўхтатгандир. Фаолиятдаги 200 та ширкат, демак, ўша «қариндош-уруғлар»га пора бериб жон сақлаган ширкатлардир.

Ўзбекистон иқтисодидаги бу бузилиш истиқрорсизликни кўрган дунё мамлакатлари ва иқтисодий сиёсат кузатувчилари бугун қаттиқ тараддуд ичида қолдилар. Бундан бор-йўғи бир неча ой олдин Ўзбекистон ҳақида баъзи ижобий башоратлар қила бошлаган давралар ҳам тилини тишлаб қолди. Бу кайфиятнинг маҳсули ўлароқ, куни-кеча Дунё банки Ўзбекистонга берилиши лозим бўлган катта миқдордаги молиявий ёрдамни бермасликка қарор қилди. Бу тадбир, афсуски, яна ўша жафокаш ўзбек халқига зарар келтирадиган бўлди. Чунки тепадаги тўралар Дунё банкининг миллионларига муҳтож эмас, улар ўз халқининг миллионларини ўзлаштириб, бемалол яшаяптилар. Бутун оғирлик ва зулм миллатнинг чекига тушаяпти. Ўтган 1996 йилда Ўзбекистонда жуда кўплаб инсонлар ўз жонига қасд қилиб, ҳаётдан кўз юмдилар. Сабаби – қашшоқлик. Биз Оллоҳга дуо қилайликки, бу янги йилда бундай интихорлар тўхтасин, бу қашшоқлик, бу сафолат битсин, бу собир миллатимиз, ниҳоят, ёруғликни кўрсин, бошини бир зум бўлса-да, ердан кўтарсин.

(02.01.1997, Истанбул)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар