Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов талвасада, у ўз ходимлари томонидан ҳибсга олиниши мумкин

Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов талвасада, у ўз ходимлари томонидан ҳибсга олиниши мумкин
11 Şubat 2017 - 11:43 'да юкланди ва 9141 марта ўқилди.

Ўзбекистонда кечаётган жараёнларнинг кейинги йигирма йилдан ортиқроқ  даврига назар ташланадиган бўлса, бугунги кунгача давлат бошқарувида муҳим ўрин тутувчи куч ишлатар тизимларнинг деярли барчасида (айниқса, прокуратура, ИИВ, мудофаа, фавқулодда вазиятлар вазирлиги) биринчи раҳбарлари ўзгартирилди ва қайсидир маънода ислоҳ қилингандек қилиб кўрсатишга уринилди.

Шунча вақт давомида уларнинг ичида фақатгина битта, у ҳам бўлса якка-ю ягона миллий хавфсизлик хизматининг раҳбари-Рустам Иноятовгина ўз лавозимида муқим ўтириб келмоқда. Бу шахснинг нега бу қадар узоқ йиллар курсида ўтириб келганлиги билан боғлиқ масала алоҳида мавзу.

Энг қизиғи ва энг ажабланарли томони шундаки, МХХ шу пайтгача қайси қонун ва қайси қоида доирасида иш кўриб келаётганлиги ҳалигача ўта мавҳум ва ўта сирлигича қолмоқда. Аслини олганда ҳам ҳамма гап айнан шунда. Яна ҳамма бало ҳам айнан шунга келиб тақалади. Шу боисдан ҳам энг алғов-далғовли ташкилот бўлиб қолмоқда.

Энди шу жойда ушбу энг нозик жиҳат билан боғлиқ масаладан бироз чекиниб диққатингизни бутунлай яна бошқа бир муҳим томонга бурмоқчимиз. Яъни ана шунча йиллар мобайнида ушбу лавозимда давру-даврон суриб келаётган Р.Иноятовнинг бугунги кундаги ранги-рўйи, руҳий аҳволига доир баъзи тафсилотлар хусусида бироз тўхталмоқчимиз. Чунки, бу шахс икки ўн йилликдан ҳам ортиқроқ давр мобайнида нафақат ўз халқи, миллати ва ўз юртигагина эмас ва унинг учун янада хавотирли бўлиши мумкин бўлган бошқа куч ишлатар тизимидагиларгагина ҳам эмас, балки ўзи раҳбарлик қилаётган хизматдаги қатор сафдошларига ҳам хиёнат қилганлиги билан боғлиқ жирканчли ҳолат айни дамда унинг кўз олдидан ўтаётган бўлса ажабмас. Ахир, унинг айни дамдаги ёши ва соғлиги ҳам уни худди шу борада қаттиқ қайғуришга мажбур қилаётганлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Бизга маълум қилган манбанинг таъкидлашича, шу боисдан ҳам Рустам Иноятов агар у ишдан кетадиган бўлса бошқа тизимдагилардан кўра кўпроқ ўз соҳасидаги ходимлардан даҳшатли тарзда қўрқаяпти ва бундан қаттиқ талвасага тушиб қолган. Сабаби айнан шу миллий хавфсизлик хизмати соҳасида ҳам анча йиллардан буён меҳнат қилиб пасту баландни кўриб-кузатиб,  сабр-тоқат ила ҳамма нарсани зимдан билиб, билсада, баъзан ўзларини билмасликка олишга ва баъзи жирканч ишлардан кўз юмишга мажбур бўлиб ўз иши-виждонига садоқати билан танилиб обрў-эътибор орттириб келаётган кадрлари ҳам йўқ эмас. МХХ раҳбари худди шу тоифадаги ходимларининг қурбонига айланиб қолишидан жиддий саросимага тушган. Энг даҳшатлиси, унинг учун бу фожиали ҳолат кутилмаганда, дабдурустдан содир бўлиш эҳтимоли борган сари кучайиб бормоқда. Ҳаттоки, у ўз хизмат кабинетини тарк этишга улгурмасдан қўлга олиниши ҳам мумкин. Бу ҳолатни у жуда ҳам чуқур ҳис этмаслиги мумкин эмас.

Чунки Р.Иноятов ўтган йили ўтиб кетган президент-И.Каримов давридаёқ у бир неча марта ишдан олиниш эҳтимоли олдидан ўзини ҳибсга олинишга асос бўладиган фактлар тахт қилиб қўйилганлиги ва лавозимидан кетар-кетмас аллақачон тайёр бўлган бу папка президент столига устига бориб тушиш мумкинлиги ҳақидаги маълумотдан ҳам қаттиқ чўчирди. Сабаби ўзи раҳбарлик қилаётган МХХ тизимида ўзига ишонган ва ўзининг ҳар бир ҳатти-ҳаракати учун ҳар ерда жавоб бера оладиган, бир умр ҳалол меҳнат қилиб келаётган шундай тоифа-ходимлар ҳам борки, улар доим масофа сақлаган ҳолда фақат ўз вазифаси доирасидагина ўзаро муносабатда бўлиб келган. Худди шу гуруҳнинг ичида Иноятовнинг ҳали жуда кўпчилик хабардор бўлмаган, ҳеч ким билмайдиган, ҳали МХХ биносидан ташқарига ҳам чиқишга улгурмаган сир-асрор, кирдикорларининг  ипидан-игнасигача биладиганлари ҳам бор. Улардан аллақчаон қутилиши мумкин эди. Лекин негадир бош раҳбар бўлатуриб бунга журъат этолмаган, аксинча, уларга нисбатан жуда эҳтиёкорлик билан муносабатда бўлинган ва ўйлаброқ муомала қилинган. Ҳар ҳолда биз билмаган бошқа бир янада жиддийроқ сабаблар ҳам бордир, балки. Айтишларича, ушбу тоифадагиларни “метин гуруҳ” ҳам аташ одат тусига кирган.

Нимадир бўлади-ю, худди шу гуруҳдан бириси Иноятовнинг ҳовлисида уюштирилган тор доирадаги зиёфатда иштирок этади. Ўшанда у меҳмондорчилик давомида  янада муҳим маълумотга эга бўлиб қолади. Зиёфатда ўтирганлардан бириси қатор нарсаларни оғзидан гуллаб қўяди. Бу ҳолатдан ҳижолатга тушган МХХ раҳбарининг ҳалигача ичини ит тирнайди.

Бизгача етиб келган аниқ маълумотга кўра, Андижон қирғинидан кейин МХХ раиси Р.Иноятов ва давлат солиқ қўмитаси раҳбари Ботир Парпиевнинг қуда-андачилигига деярли барҳам берилган. Оилавий борди-келдиларга жиддий дарз етиб, ажралишишлар ўша пайтда содир бўлган, аслида. Лекин бу икки текинтомоқ-лавозимдор шахс айни вақтда ҳам келаётган даромадлар, ўзаро кўрилаётган йирик манфаатлар боис имкон борича сир бой бермасликнинг ҳаракатини қилиб келмоқда. Чунки, сонияма-сония, дақиқама-дақиқа, соатма-соат, кунма-кун жуда катта миқдордаги, айтиш мумкинки, беҳисоб бойликлар оқими узлуксиз тарзда уларнинг хазинасини янада тўлдириб бораётганлиги ҳеч сир бўлмай қолди. Энг улкан фожиали томони шундаки, халқнинг, миллатнинг, шу мамлакатнинг миллий ва табиий бойликларини талон-тарож қилиш, уни ўзлаштириш, янада ачинарлиси, ушбу бойликларнинг четга тўхтовсиз ташиб кетилаётганлиги билан боғлиқ кенг миқёсли кампания-очкўзликнинг бошида ҳам худди шу Р.Иноятов турибди. Айнан унинг ўзи томонидан “ихтиро” этиб қўйилган коррупцион занжир темирга айланиб ўзининг бўйнига урилиши мумкинлиги унинг ҳаловатини бузган. Шу сабабдан ҳам у ўз лавозимида имкон қадар узоқ қолиш йўлларини излаётганлигига шубҳа йўқ.

Кўпчилик жуда яхши биладики,  Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг энг манфур одат- иш услубларидан бири бу олдиндан нимадир-кимдир ҳақида миш-миш тарқатиш орқали жамоатчилик фикри шакллантирилиб кейин унга ҳужумга ўтиш орқали мўлжалга олинган нишон бадном қилинишидир. Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Мавлон Умрзоқов худди шундай табдирнинг  қурбони бўлганлиги бунга ёрқин мисол бўлади. Балки бу унинг лавозимдан олиниши ва ҳибс этилишига сабаб бўлган тадбирнинг бир қисмидир. Худди шу борада содир бўлган бир воқеа жуда яхши эсимда қолган. Аввалига бу президент маслаҳатчисининг кимлар билан ҳамкорлик қилган ҳолда тил бириктириб давлат тўнтариши қилиш мақсади бор эканлигини акс эттирувчи варақа Тошкент шаҳри бўйлаб бекатларда, кўпроқ жамоат жойларида ва айниқса, талабалар шаҳарчаси ҳамда барча олий ўқув юртлари ва ҳаттоки, факультет-деканатлари эшикларида ҳам пайдо бўлганди.

Бизга маълум бўлишича, ушбу миш-миш тарқатилиш амалиёти ва унинг оқибати ҳақида М.Умрзоқов хабардор қилинганида, у ўзига шу қадар ишониб шунчаки қўлини силтаб унга эътибор ҳам бермаган экан. Афсуски, шу миш-миш воқеасидан олти ой ҳам  ўтар-ўтмасдан миллий хавфсизлик хизматининг марказий аппарати ҳовлисида қўллари занжирбанд қилинган давлат маслаҳатчиси-Мавлон Умрзоқовни ўз кўзи билан кўрган машинистка-хоним бу ҳақда ҳаяжон билан сўзлаб берганди.

Иккинчи бир мисолга тўхталсак. Андижон воқеасидан анча вақт илгари, яъни бир йил-ярим икки йил олдин ”ички ишлар вазири Зокир Алматов Ўзбекистонга президент бўлар экан, у шунга жуда катта тайёгарлик ишларини бошлаб юборибди” деган миш-миш урчигандан урчиб борди. Сабаби шу одамнинг саъй-ҳаракати билан  милиция ходимлари сони кескин оширилиб ушбу тизим мамлакатда қудратли кучга айланганлиги кишилар ўртасида бот-бот такрорланадиган бўлди. Ўзи аслида ҳам худди шундай бўлиб бораётган эди. МХХ биргина милицияни ҳибсга олса, ИИВ икки нафар мхх ходимини подвалга тиқиб қўя бошлагани ҳам фактга айланиб бораётганди. Ана шундан сўнг Андижон қатлиоми боис масъулият ва бошқа бир қатор нарсалар З.Алматовнинг бўйнига юкланиб ундан ҳам қутилиб қўя қолишди. Ички ишлар вазиридан қутилиш  И.Каримов ва айниқса, Р.Иноятов  учун катта ғалаба эди.  Чунки деярли ҳар куни Салим Абдувалиевнинг эшигидан берига келмайдиган З.Алматовни вазирликдан мосуво қилиниши учун жиддийроқ асос зарур эди. Баъзи кузатувчиларга кўра, шунинг учун ҳам ички ишлар вазиридан қутилиш унчалик ҳам осон иш бўлган эмас. Кейинги вақтларда кўпчилик томонидан бот-бот эсга олинаётганлигига қараганда, бўлиб ўтган бу каби хотирадан ўчиши мумкин бўлмаган воқеалар Зокир Алматовнинг ҳам ва унинг атрофидагиларнинг ҳам ҳамда унга МХХнинг ичидан туриб хайрхоҳ бўлганларнинг ҳам ёдидан кўтарилмаганлиги аниқ.

Қолаверса, жорий президент Шавкат Мирзиёев ва шахсан унинг оиласи, яна қайсидир жияни ҳақида ҳам бир-бирига қарама-қарши маълумотлар ва ҳаттоки, кишининг кўзи тушса уялиши мумкин  бўлган фотосуръатларни интернет ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш ташаббускори ҳам айнан МХХ раҳбари Р.Иноятов эканлиги борасидаги гап-сўзлар ҳам бекорга урчимаганлигини ҳам эслатиб ўтиш жоиз. Унинг бундайин ташаббускорлиги ортида негадир эртароқ бошлаб юборилган обрўсизлантиришнинг кўз илғар-илғамас ишорат-белгилари ётганлигини сезиш мумкин. Нима бўлганда ҳам Иноятов бу борадаги тарғибот кампанияси билан дастлабки қадамини ташлашга улгурди. Бу усул И.Каримов ва унинг оиласига ҳам қўлланилган ҳамда у қандай натижа берганлигидан жамоатчилик яхши хабардор.

Худди шу аччиқ хотиралар ва бундан бошқа ҳали биз билмаган жуда кўп сирли, мисли кўрилмаган даражадаги даҳшатли ҳодисалар бугунги кунда Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг қаттиқ талвасасига сабабчи бўлаётганлигини инкор этиб бўлмайди.

Айниқса, у ўзи раҳбарлик қилаётган МХХ тизимидаги ўз ходимлари томонидан ҳибсга олиниши эҳтимоли кучайиб бораётганлигидан янада жиддий ташвишланаётган бўлса не ажаб. Сабаби ана шундай инсон зотининг  ҳали ақли етиши мушкул бўлган қилмишлари қаршисида қолган МХХ раҳбари айни шу ҳатти-ҳаракатлари борасида ҳисоб бериш вақти-соати тобора яқинлашаётганлигини янада чуқур ҳис этмаслиги мумкин эмас.

Абдуворис Салом
11.02.2017 

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар