Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Оғир дамлар

Оғир дамлар
12 Şubat 2017 - 8:00 'да юкланди ва 2023 марта ўқилди.

Муаллиф: Аъзам Ҳошимий
Таржимон: Абу Ҳафс Туркистоний

Самарқанду Бухоронинг қонли кечмишлари
(29)

1

ОҒИР ДАМЛАР

Эртаси куни субҳдан кейиноқ юкларимни олиб саройга келдим. Шомга яқин йўлбошчи ҳам икки фарғоналик йигитни бошлаб кириб келди. Улар кичкина мешчаларда сув олиб белларига боғлаб олишган, оёқларида чориқ, бошларига эса афғоний рўмол ташлашган эди. Бир-икки соат вақт сафар тайёргарлиги билан ўтиб кетди. Бу орада сарой ҳам афғоний мусофирлар билан лиммо-лим тўлган эди. Кўринишимиздан туркманларга ўхшаб кийиниб олган эдик. Шунинг учун бизга биров эътибор ҳам бермади. Чунки Афғонистонда туркман муҳожирлари кўп эди.

Шом намозидан сўнг битта-битта чиқиб кетдик. Тахминан соат ўнларда биз шаҳардан анча олислаб кетган эдик. Орқамга бурилиб қарадим, шаҳар олисдан қора нуқта каби кўзга ташланарди. Қаршимиздаги саҳро чексиз узоқ-узоқларга чўзилиб кетган эди. Саҳронинг бошланиш ерига етиб келганимизда йўлбошчи:

— Ҳар биримиз алоҳида-алоҳида юрамиз. Орамизда 200 метр масофа бўлиши зарурдир. Мабодо коммунистларнинг гумашталарига йўлиқсак ҳаммамизни тутиб олишмасин. Катта карвон йўлини ўнг томонимизга олиб, бир оз йўлдан узоқроқ юрамиз, лекин йўлни кўздан қочирманглар. Олдимизда қум саҳроси бошланяпти, адашиб қолишимиз мумкин, — деб тушунтириш берди.

Унинг кўрсатмасига кўра, катта йўлни тарк этиб, йўлдан чеккароқда кета бошладик. Олдинда йўлбошчи, орада 200-300 метр масофа қолдириб бизлар ҳам ортидан кетардик, юриб-юриб бир дарёга етдик. Биздан 200 метр узоқликда бир ёғоч кўприк кўриниб турарди. Карвон йўли шу кўприкка келиб давом этарди. Дарёнинг эни эса катта, тахминан 100 газлар атрофида эди.

Йўлбошчимиз бизларга хар-ҳил саҳро ҳайвонларининг овозларини ишора белгиси қилиб тушунтирган эди. Баъзи овозлар хатардан огоҳ этар, баъзиси эса жамланиш белгиси ва ҳоказо нарсаларга ишора бўлар эди.

Дарёнинг яқинида “тўпланиш” ишорасини қилди. Дарров илдамлаб унинг олдига етиб бордик. Ҳолат бундай эди: дарёнинг икки томонини ҳам иккитадан қўриқчи қўриқларди. Биз турган томондаги қоровулнинг ити ҳам бор экан. Бахтимизга иккаласи ҳам ухлаб қолган эдилар. Келишувга кўра, икки киши қоровул ва итни ҳушёрлик билан кузатиб турадилар. Нариги икки киши эса у ёқдаги қоровуллар томон аста борадилар. Агар бирор ҳодиса юз бермаса қолганлар ҳам ортдан етиб борадилар. Аллоҳ кўрсатмасин-у, қоровуллар уйғониб қолса, иложи борича қуролларини олиб, ўзларини йўқотишга ҳаракат қилинади. У ёғдагилар ҳам хотиржам хуррак отишарди. Учтамиз эсон-омон ўтиб олдик. Охирги шеригимиз ўтаётиб қоровуллардан нарироқдаги бутазор олдига етганда мункиб кетди. Даҳшатли сукунатни шапур-шупур этган овоз бузиб юборди. Ит уйғониб овоз келган томонга ҳурий бошлади. Уйқусираган қоровуллар бир-биридан “Нима гап” — деб сўрардилар. Икки қоровул анчагача қаттиқ овозда сўзлашиб ўтирдилар. Бир оздан кейин ит ҳам, қоровуллар ҳам тинчиб қолдилар. Чангалзорга яна сукунат чўмди. Оҳисталик билан қадам ташлаётган тўрт кишининг шип-шип этган товуши бу сукунатни бузиб турарди.

Бир неча соат юрганимиздан кейин яна тўпланишга ишора бўлди. Тезда олдинга қараб шошдик. Тунда йўлбошчимиз катта йўлни йўқотиб қўйибди. Туни билан йўлни қидириб чиқдик. Тонг ёришай деганда бир тепалик кўзга чалинди. Унинг олдида бомдод намозини ўқиб, қумни кавлаб жой қилиб ичига тушдик. Кун бўйи шу ҳолатди ётардик. Кархийдан чиққанимиздан буён туз тотмаган эдик. Фақат оз-моз сув ичардик. Кеч кириб қоронғу тушганда: “Агар йўлни топмасак ушбу саҳрода ҳалок бўлиб кетамиз” — дедик йўлбошчига.

Тун бўйи ой ёруғида қидиришимиз фойда бермади. Кундузни яна беркиниб ўтказдик. Кечаси яна қидиришни давом эттирдик. Тонгга яқин ҳамроҳларимиздан бири ҳолдан тойиб йиқилиб қолди. Сувимиз ҳам тугаб, оғиз ташналикдан қуриб борарди. Кунни ўтказиш учун яна бир жойга тушдик. Йўлбошчи сув қидириб чиқиб кетди, орадан икки соатлар ўтиб, сувнинг дарагини топиб келди. Икки-уч соатлик масофа нарида бир дарахт кўринибди. У ердан сув топишимиз ва йўлни ҳам маълум қилиш мумкинлигини айтди. Ҳамроҳимизни қимирлай олмайдиган даражага келиб қолганини кўрган йўлбошчи ўйланиб қолди. Ҳамроҳимиз эса:

“Биродарлар, мени бу ерда қолдириб кетаверинглар, сизлардан ҳеч қандай гинам йўқ. Мен бир-икки соатлик меҳмонман. Мени деб ўзларингизни ҳам хатарга қўйманглар” — дер эди.

Биз уни бундай ҳолатда ташлаб кета олмас эдик. Қўлларимизни кўтариб Парвардигори илоҳийга нолалар қила бошладик. Мен ўзимда ажиб бир ҳолатни ҳис эта бошладим. Йўлбошчимиз эса “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”— деди-да ҳолдан тойиб ётган йигитни елкасига кўтариб кета бошлади. Мен ҳозиргача у йигитнинг куч-ғайратига лол қоламан. Ташналик уни ҳам ҳолдан тойдирган бўлишига қарамай, қум устида учгандек бўлиб кетиб борарди. Биз эса юкларни кўтариб олиб унинг ортидан судралиб кетардик.

У дарахт деб ўйлаган нарса бир қум тепалиги бўлиб, унга бир ярим соатда етиб бордик. Тепаликка озроқ масофа қолганда иккинчи ҳамроҳимиз ҳам йиқилиб қолди. Шунча уринсам ҳам уни қўзғата олмадим. Ўзим ҳам аста-аста ҳолдан тойиб борардим. Йўлбошчи елкасига кўтарган йигитни тепалик олдига ётқизиб, қайтиб келиб бунисини ҳам олиб келди. Икки дўстнинг ҳолати ёмонлашиб тиллари осилиб қолди. Йўлбошчи қўли билан уларни елпий бошлади. Мен эса тепаликка кўтарилдим.

Тепалик орти ҳам шу каби тепаликлардан иборат бўлиб, икки тепаликнинг ўртасида бир чуқурлик юзага келган эди. Аста тепаликдан тушиб ханжарим билан чуқурни кавлай бошладим. Бир неча қаричдан сўнг ҳўл қум чиқиб қолди. Кўзимдан умид учқунлари чақнаб кетди. Бир газча кавлаганимдан кейин, секинаста сизиб сув кела бошлади. Тотиб кўрсам муздек ва ширин экан. Хурсандликдан “сув”, “сув” — дея ҳамроҳларим томон ошиқдим. Барча сув мешларини олиб булоқча томон югурдим. Келганимда хандақ сувга тўлиб турарди. Сувдан ичиб ҳаёт қонларим айлана бошлади. Мешларни тўлдириб, дўстларим томон шошдим. Оғизларига сув томчилатиб юз-баданларига сув сочдим. Бирор соатлардан кейин ўзларига келишди. Йўлбошчи иккимиз шукрона учун саждага бош қўйдик.

Тўрвамдаги охирги толқонни чиқариб сувга аралаштириб беморларга едирдик, ўзимиз ҳам бироз тановул қилган бўлдик. Бир кеча-кундуз бу ерда турдик. Шерикларимиз ҳам анча ўзларига келиб қолдилар. Мешларни тўлдириб йўлга тушдик. Тепаликлар тугаб, очиқ бир майдонга етиб бориб икки соатча ором олиб яна сафарни давом эттирдик.

Замини қумли, одам бўйи келадиган ўт-ўланлар ва қуюқ дарахтлар ўсиб ётган водийсимон бир жойга етганимизда тонг ёришиб қолди. Хар-ҳил қушлар кўнгилни хушлаб сайрашарди. Йўлбошчимиз бизни қолдириб, йўл қидириб кетди. Пешинга яқин келиб, йўлнинг маълум бўлганини, бизлар қумликда айланиб қолганимизни, Кархий бу ердан икки кунлик узоқда эканини айтиб кўнглимизни хотиржам қилди.

— Нарироқда мевали дарахтлар бор экан. Сизлар ўша ерда тура-туринглар. Мен Кархийга бориб озиқ-овқат, биронта улов топиб келаман — деди, йўлбошчи.

Шерикларим ҳам у билан шаҳарга қайтишни хоҳлашгани учун сафаримизнинг еттинчи куни Кархийга қайтдик.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort