Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Одамзот – нима дегани?..”

“Одамзот – нима дегани?..”
14 Şubat 2017 - 14:27 'да юкланди ва 1660 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўн учинчи мақола) 

“ОДАМЗОТ – НИМА ДЕГАНИ?..”

2005 йилнинг май ойидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига янги раҳбар тайинланди-ю, кадрларни саралаш кун тартибига жиддий масала сифатида киритилди. Бу борадаги биринчи амалиёт барча ижодий ходимларни аттестациядан ўтказишга қаратилди. Бу бошланган талотўпда “Бизга ёш кадрлар керак” қабилида иш тутилиб, кўп йиллар ишлаб, юксак тажриба орттирган устозларнинг ҳам баҳридан ўтилди. Баъзи бирларининг эса арзимаган нарсалар баҳона қилиниб, лавозимлари пасайтирилди.

Бу аттестация деганлари ҳам жа-а-а қизиқ ва қизғин бўлди. Ҳам тез-тез ва ҳам узу-у-ун бўлди. Ҳар йили ўтказиладиган  бўлиб, анъана тусига кирди. Нега бундай бўлаяпти, деб ҳайрон бўлган эдик. Кейин билсак, аттестация баҳонасида  ўзига хос, парда ортидаги  “ким ошди?” савдоси авж олган экан. Яъни, лавозимлар пасту баландига қараб, нархланган экан.  Бўлим бошлиқларидан тортиб ундан паст лавозимдагиларга синов канал раҳбари ва ё ўринбосари томонидан ўтказилди. Ҳар бир муҳарририятдагилар битта жойга тўпланиб, журналистларнинг  ҳар бирига ўзи ёритадиган мавзуси бўйича қисқача баён ёздирилди. Шу асосда уларга ҳам турли лавозим ва лавозимчалар тақсимланди. Аттестациянинг ваҳимаси катта бўлгани билан аслида унчалик қийин кечмади, дейиш мумкин. Чунки бу синовдан бир қатор билимли журналистлар қаторида бу соҳага адашиб келиб қолган, баъзи бировлари  ҳаттоки  ўз исми-фамилиясини тўғри ёза олмайдиганлар ҳам ўтиб кетди.

Бош муҳаррир ва ундан юқори бўлган лавозимдагиларники эса бутунлай бошқача, яъни савол-жавоб тарзида бўлди. Лекин унда алоҳида комиссия тузилди. Унинг таркибига президент аппарати, вазирлар маҳкамаси ва турли вазирликлардан вакиллар ҳам кирган. Бу ўтказилган шаҳодат кўриги жуда қаттиқ талаб доирасида бўлгандай, гўё. Лекин аслида асосий мақсад биринчи навбатда ўз мустақил фикри ва дунёқарашига эга бўлганлардан қутилиш бўлган. Чунки кейинги кечган жараёнлар буни яққол тасдиқлади. Шундай ниқоб остида ёши улуғроқ  ижодкорларнинг аксарияти ишдан четлатилди. Ишлашга изн берилганларига ҳам иложи борича паст лавозимлар раво кўрилди. Бу жараёнда ҳўлу-қуруқ бирга ёниб, энг тажрибали устозлар билан ҳам хайрлашишга тўғри келди. Энг ёмони бу билан бўлажак кадрларни тарбиялайдиган, чархлайдиган, керак бўлса зарур пайтда жўяли маслаҳатлар бера оладиган малакали журналистлар мактабига барҳам берилди.

Ажабланарли жойи шундаки, мазкур “нуфузли” комиссиядан ўта саводсизларнинг ҳам ўтганлигини кўриб кўпчиликнинг ҳайрати ошди. Кейинроқ билсак, бу аттестациядан иккала тур бўйича синовдан ўтаётган ҳар бир ходимнинг  ижодий қобилиятидан кўра, “қулоқлик” қобилияти, яъни раҳбарият учун “қулоқ” бўлишдек “энг муҳим вазифа”ни нечоғлик усталик билан бажара олишига кўпроқ эътибор қаратилган экан. “Қулоқ” бўлиш вазифасини рисоладагидек уддалаган ходим саводсиз бўладими ва умуман, қанча-қанча етук ижодкорларнинг нафаси теккан бу мўътабар даргоҳнинг мавқеи, обрўсини оқлай оладими ё аксинчами, ўта масъулиятли бу соҳанинг талабларига жавоб берадими – йўқми, бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ.  Муҳими, раҳбариятга садоқат кўрсатиб, ҳатто жирканч топшириқларига ҳам “лаббай” деб турса бас, у сўзсиз лавозимга лойиқ кўрилавериши, ҳатто поғонама-поғона кўтарилиши ҳам мумкин. Ана шундайлардан икки нафари ўз исми-шарифини тўғри ёза олмасалар-да, бири катта муҳаррир, бири бош муҳаррир ўринбосарлигига тайинланди. Улардан бири бошқа сўзларни-ку қўяверинг, атиги тўрт ҳарфдан иборат бўлган “шакл” сўзини ёзиб билмаса, яъни қанча таъкидлашимизга қарамай, ҳалигача  “шакил” тарзида ёзиб юрган бўлса-да, “Ўзбекистон” телерадиоканалининг сиёсий ва ҳуқуқий-маърифий эшиттиришлар студиясида ишлаяпти.

Энди худди шу каналдаги ижтимоиёт ва иқтисодиёт муҳарририятига бош муҳаррир бўлган ёш ходимнинг эшиттиришларни кўриш ва таҳрир қилиш жараёнида барчага кулгу бўлганлигини эшитинг. Камина ҳам эндигина иш бошлаган ўша бош муҳаррир – Суюнов Шуҳратдан эфирга кетиши керак бўлган эшиттиришимни кўздан кечириб, имзолашини сўрадим. Уни қўлига олиши билан биринчи жумласига кўз югуртирар экан, дабдурустдан: “Ака, бу “Одамзот” деб бошлабсиз, бу нима дегани?” деб сўраб қолса бўладими?!  Воажаб, дедим-у, оғзимга бир гап келди, лекин ўзимни қўлга олдим ва унга боқиб, “Сиз ўзи қайси зотдансиз, ука?” – дедим. У нима дейишини билмай каловланиб қолди, гўё қайси зотдан эканлигини ўйлаб  кўриш фурсати энди етгандек… Бироз вақт ўтиб, тағин: “Энди ака, менинг вазифам-да, “одамзот” нима эканлигини билиш. Эшиттиришлар шундай қилиб  таҳрир қилинади-да” – деди. Шу заҳоти шартта унинг қўлидан эшиттиришимни юлиб олдим-у, чиқиб кетдим. Сўнгра тўғри директор ўринбосарининг ёнига бордим ва бу каби саводсиз, ўзининг қайси зотдан эканлигини билмайдиган бош муҳаррир эшиттиришимни кўриши, таҳрир қилишига мутлақо рози эмаслигимни айтдим. Директор ўринбосари Ёқубова Султонпошша шундан сўнг вазиятни юмшатиш учун “Бўпти, бундай кейин эшиттиришингизни ўзим кўриб бериб тураман, яқинда ўзгариш бўлади”, – дея бу вазифани ўз зиммасига олди.

Аммо телерадиокомпанияда кадрлар масаласида ҳеч қандай ўзгариш бўлмади.  Кадр танлаш борасида йўл қўйилган жиддий хатоликлар туфайли  соғлом ижодий ва маънавий муҳит  инқирозга юз тутди.   Инқирозга юз тутмай ҳам нима қилсин, ахир, мантиқдан ва имло саводхонлигидан бехабар бўла туриб, бош муҳаррирликдек масъул вазифага тайинланганларнинг бирови томдан тараша тушгандай “одамзот – нима дегани?” деб, талмовсираб турса?…

Ш. Суюновга ўхшаб, одам зотидан эканлигини, инсоний қиёфасини унутиб, ўз ҳузур-ҳаловати, шахсий манфаатини ўйлаб, ҳеч қачон ҳеч кимга вафо қилмаган лавозим учун  ҳатто энг вафодор дўстларини ҳам сотадиган, ҳамкасблари, устозларининг-да юзига оёқ қўйишдан тап тортмайдиган айрим кадрларни телерадиокомпания раиси  А.Ходжаев айрича сийлайди ва рағбатлантиради. Бу ҳақда кейин…

11.04.2014

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Раис (ИАК) кандай булса, маръус
    ( млаълари) хам шундай булади.

    14/02/2017 18:42
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар