Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Сочилаётган долларлару евролар”

“Сочилаётган долларлару евролар”
15 Şubat 2017 - 9:00 'да юкланди ва 2222 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўн тўртинчи мақола) 

 “СОЧИЛАЁТГАН  ДОЛЛАРЛАРУ ЕВРОЛАР”

Ҳар бир миллат, ҳар бир халқнинг ўзига хос анъанаси, урф-одати билан боғлиқ турли маросимлари мавжуд. Шуларнинг ичида энг муҳимларидан бири бу никоҳ тўйи. Айниқса, биз ўзбеклар бу каби тадбирларимизда боримизни тўкиб сочамиз. Қарз олиб бўлса-да, бировдан кам бўлмайин дея ҳеч нарсамизни аямаймиз. Тўй қилиш, элнинг олдидан ўтиш учун дастурхон ёзиш, бу яхши албатта. Лекин уни кимўзарга айлантириб, мен сендан камманми дея шуҳратпарастликка эрк бериб дабдабабозликка буркаш энг хунук одат. Айни пайтда жойларда, хусусан, Тошкент шаҳрида бу борадаги пойга авжига чиққан. Бундай мусобақа лавозимдор шахслар ўртасида янада кенг қулоч ёзган. Худди шундай ўйинда ўзини кўрсатиш, кўз-кўз қилишда пешқадамлардан бири бўлган кимса бу Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раиси Алишер Ходжаевдир. Ҳақиқатдан ҳам бундан бир неча йил олдин бу жаноб томонидан бир ҳафта давомида Тошкент шаҳрининг бир эмас, икки эмас бешта ресторанида тўй берилган. Тантанавор бўлган бу маросимларнинг барчаси донғи кетган, номдор, ўта қиммат тўйхоналарда ўтказилганлиги билан ҳам нафақат пойтахт, балки республика бўйлаб овоза, шов-шув бўлиб кетганди. Кимсан ўша пайтда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Абдулла Арипов ва телерадиокомпания раиси бир-бири билан қуда бўлгандан кейин хоҳлаганча тўкиб-сочмаслигининг иложи ҳам йўқ. Қани, ким уларнинг мушугини пишт, дея оларкин. Баъзи бир гувоҳларнинг айтишича, ушбу тўйда бўлган исрофгарчилик республиканинг бошқа бирор жойида ўтказилган тўйда кўрилмаган бўлса керак. Чунки унда совурилган ва оёқ-ости қилинган озиқ-овқат, маҳсулотларнинг чеки-чегараси бўлмаган.

Тўйнинг сўнгги якунловчи қисми А.Ходжаевнинг уйида бўлиб ўтган. Энди бунисига ҳар томонлама синовдан ўтган ва энг ишончга кирган кишиларгина чертиб-чертиб таклиф этилган. Шунинг учун ҳам унинг қанақанги авж пардаларда ўтказилганлиги билан боғлиқ тафсилотлар ва умуман, бу ҳақдаги маълумотларни унча-бунча одам билиши мумкин эмаслиги аниқ эди. Лекин тасодифни қарангки…

Бир куни ишдан уйга кеч қайтаётгандим. Вақт алламаҳал бўлиб қолганди. Нимадир бўлди-ю, ишхонада бир нарса билан андармон бўлиб, куннинг кеч бўлиб қолганига ҳам эътибор қилмабман. Ташқарига чиқиб қарасам қоронғу. Шунинг учун метрога ҳам бормай, радионинг шундай биқинидаги бекатга ўтиб, трамвайга чиқдим.  Шунда ўриндиқда камина билан ёнма-ён ўтириб қолган киши билан танишиб қолдим. Йўл-йўлакай гурунглашиб кетдик. Суҳбатдошим ўз юмуши, касбу кори, ишхонасидан сўз очди. Табиийки, мен ҳам. У менинг телерадиокомпанияда ишлашимни билгач, “Сиз ишлаётган ташкилот раҳбари шу яқин атрофда яшашини биласизми?”, – деб қолди. Йўқ, – дедим. Суҳбатдошим сўзида давом этди:

– Мен ҳам олдин билмасдим. Кейинроқ, янада аниқроғи яқинда билиб олдим. Сабаби мен  кўп қаватли уйнинг энг тепасида тураман. Бизнинг “дом”лардан кейин ҳовлилар бошланади. Худди шу уйнинг балконидан қарайдиган бўлсам, у ердан одамнинг ақлини шошириб қўядиган кошоналар кўзга ташланади. Шундай даҳшатли қасрлардан биттаси ўша Ходжаев деганига тегишли экан.

Чунки у яқинда чунонам дабдабали тўй қилдики, элнинг оғзига тушиб, танимаганларга ҳам танилиб қолди. Ҳа, у бирда оқ, бирда қора “жип” миниб юрганлиги учун унинг “оқ-қора” деган лақаби ҳам бор экан. Кунларнинг бирида мен ҳам сизга ўхшаб ишдан кеч қайтгандим. Уйга келдим-у, тановул  қилиб бўлгач, баланд мусиқа товушини эшитиб,  балконга чиқдим. Шунда кеч соат ўн бирлар бор эди. Ташқарига чиқиб, бада-банг мусиқа шовқини таралаётган томонга бир қараганимни биламан, кўп чироқлар ёнган, ҳамма томони ёп-ёруғ бир ҳовлига кўзим тушди. У ерда кўп одамлар йиғилган, ғала-ғовур бошланган. Безатилган узун столларга кимдир ниманидир ташишда давом этарди. Яна кимлардир саҳнадагилар билан овора эди.  Каттакон бир тўй бўлаётганлиги шундоққина билиниб турарди. Фақат тўйнинг нега бунчалик кеч бошланганига ҳайрон  бўлдим. Қизиқсиниб қараб турдим. Бир маҳал варанглатиб қўйилган мусиқа товуши ўчирилиб, ноғораю, карнай-сурнайнинг тарақа-туруқи бошланиб кетди.

Хуллас, никоҳ тўйи эканлигини фаҳмладим. Чунки тўрда келин-куёв ўзининг ўртоқ-дугоналари билан ўтирарди. Борган сари давра қизиб борарди. Қистир-қистирлар бошланиб кетди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, қистирилаётган қоғозлар ўзбек сўми эмасди. Фақат кўки-доллар сочилаётган эди. Юқоридан кафтдай кўриниб тургани бу манзарани мен ҳам эринмай кузатдим. Ҳаммасидан қизиғи охирида бўлди. Бир пайт ўртага икки нафар мўйловли киши тушиб олиб, бир-бирига ва атрофдагиларга қистира кетди. Бу қоғозлар эса сўмга ҳам долларга ҳам ўхшамасди. Шу заҳоти қўлимдаги телефоннинг видео-камерасини ишга туширдим. Не кўз билан кўрайинки, бу чўнтакка тиқилаётган ва пешонадан-пешонага ўтказилиб ёпиштирилаётган қоғозлар фақат ЕВРОЛАР эди. Қаранг, сўм ёки доллар эмас, фақатгина евролар… Мен олган тасвирларда бу яққол кўриниб турарди. Ана сизга дедим-у, шу тўй қилган одам ким экан, деб қизиқсиниб, уни эртаси куни маҳалла-куйдагилардан сўраб-суриштирдим. Маҳалладагилар тўй қилган инсоннинг телерадиокомпания раиси А. Ходжаев эканлигини айтишди. Қизиғи, ул зот маҳалладан деярли ҳеч кимни тўйга айтмаган. Фақат ўзининг яқинларини териб-териб таклиф қилган. Шунда унинг ким эканлиги ва ўртадаги иккинчи мўйловли киши – унинг қудаси, бош вазир ўринбосари А.Арипов эканлигини билиб олдим. Энди ука, шунақа, ҳозир кимсан шу “катта”ларнинг замони бўлиб қолди. Хоҳлашса сўм, хоҳлашса доллар-евро сочишади. Тўйларни камчиқим, камсуқум, дабадабозликка буркамасдан ўтказиш лозимлиги билан боғлиқ фармон-қарорлар улар учун эмас, оддий қора халқ учун чиқарилган. Ушбу ҳужжатларда кўзда тутилган талаблар улар учун бир тийинга қиммат. Барибир менинг ҳайрон қолган жойим шуки, улар бу доллар-ку майли, лекин еврони қаердан олган экан. Давлат мулкини ўмараётганлар шу казо-казоларнинг ўзи экан-ку! Бу ёғига нима дейсиз?..

Суҳбат шу нуқтага етганида трамвай янги танишим тушиши керак бўлган “северо-восток” бекатига етиб келганди. Шу сабаб у киши билан хайрлашдик. Суҳбатдошнинг гапидан шу нарсани англадимки, бу А.Ходжаев деганлари медиамарказга янги техникалар олиб келиш учун ажратилган 125 миллиондан ортиқ евродан ҳам бебаҳра қолмаган экан. Бундан ҳам ўзига хос ва ўзига мос равишда яхшигина “откат” қилингани ўз-ўзидан маълум бўлди-қолди. Бўлмаса, ярим кечада ўтказилган тўйда евролар қаердан пайдо бўлиб қолди?.. Чунки бу одам миллий пул – сўмни эмас, балки долларни, еврони, айниқса, фунт-стерлинг тўплашни ўз “хобби”сига айлантириб олганлиги хусусидаги гапларни кўп эшитгандим. Ҳозиргина бўлиб ўтган суҳбат эса эшитганларимнинг яққол тасдиғи эди…

18.04.2014 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

 Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар

( 1 Yorum )

  • Мусо ;

    Энг ачинарлиси шуки бу маийшатлар мусулмонларга хайванга курсатилмайдиган азоб укубат бериш, моллари мусодара килиниб тухмат билан камаш эвазига курилгандир!!!

    15/02/2017 12:02
Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар