Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Кадрлар: Ким кимга ёлчимади?

Кадрлар: Ким кимга ёлчимади?
16 Şubat 2017 - 12:44 'да юкланди ва 1967 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўн бешинчи мақола) 

КАДРЛАР: КИМ КИМГА ЁЛЧИМАДИ?

Ҳар қандай ташкилот, муассаса ёки бир идора бўлмасин албатта, аввало у жойдаги кадрлар билан ишлаш ва уларни ўз ўрнига қўйиш ҳамда тўғри йўналтириш муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳатларга панжа орасидан қаралиб жиддий эътибор берилмай аҳамият қилинмадими, демак, ўз-ўзидан мувофиқлаштиришдаги чалкашликлар юзага келиши табиий. Айниқса, бундай вақтда ҳар қандай ташкилот ёки идорада қўнимсизлик бошланади ва бу ўз навбатида умумий муҳитга салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига Президент ҳузуридаги миллий хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари, МХХ полковниги Алишер Ходжаев раис бўлиб келгандан буён кадрлар қўнимсизлиги авжига чиққандан чиқиб борди. Бу раҳбарнинг маънавият ишлари бўйича биринчи ўринбосари бир эмас, икки эмас, нақд беш маротаба алмашди. Ходжаев муовинларга ёлчимадими ёки муовинлари Ходжаевдан ёлчишмадими, буни ҳозир билиб оласиз. Ўзи билан бирга келган Ғолибшер Зиёев-ку ҚОВУНнинг КАТТАсини тушириб қўйганидан сўнг бир кечанинг ўзида думи тугилди. Иккинчи гал биринчи муовинлик лаврозимига педагогика соҳаси бўйича олим-профессор Муҳаммаджон Қуронов ишни энди яхши йўлга қўя бошлагандай эди, лекин унга ҳам кун беришмади. Айтишади-ку яхшига кун йўқ деб. Чунки, у бошқа ўринбосарлардан фарқли ўлароқ, телерадиокомпаниядаги барча каналларнинг ходимлари билан учрашув ўтказиб, яхши ижодий мулоқот орқали соғлом бир муҳитни юзага келтираётганлиги сезилаётгандек эди.

Қолаверса, у бир мутахассис сифатида жамоадаги муҳитнинг қай аҳволга келиб қолганлигини аниқ-тиниқ англаганди. Шу боис уни соғломлаштириш зарурлигини алоҳида таъкидлаганди. Шунга яраша йўл-йўриқлар кўрсатиб, теле ва радио дастурларни янгилаш, такомиллаштириш, мавзу кўламини кенгайтириш борасидаги таклиф ва ташаббусларини ўртага ташлаган эди. Шу билан бир қаторда жамоа билан ўтказилган учрашувларнинг бирида “Ёшлар” радиоканалида деярли ҳар куни янграйдиган хориж тилидаги бир қўшиқнинг матнини мисол келтириб, тилга олиб бўлмайдиган даражадаги нақадар уят сўзлардан иборат эканлигини қаттиқ танқид остига олганди. Қуронов билан бирга мажлисга келган Абдимўмин Абдусаматов, яъни ЎзМТРКнинг мониторинг бўлими бошилиғи ушбу “қўшиқ” матнини ўқиб беришни ўзига ор билди, бу ҳаёсиз сўзларни тилга ололмаслигини айтди. “Мана, биз мамлакат ёшларининг онгу шуурига қўшиқ ниқоби остидаги қандай беҳаёликларни сингдираяпмиз”, – деди куюнчаклик билан М.Қуронов.

Шундан сўнг раис муовини-Қуронов “Ўзбекистон” телерадиоканали директор ўринбосари Султонпошша Ёқубовани ўрнидан турғизиб, яқингинада маънавий-маърифий соҳага доир қабул қилинган қарор-ҳужжатлардан нечоғли хабардор эканлигини сўради.  Аммо С. Ёқубова у тарафга боқди, бу тарафга аланглади-да “миқ”  этолмади, каловланишдан нарига ўтмади. Бундан ҳайрон қолган раис муовини шундай деди: “Ие, сиз шу  савия билан қандай қилиб бу  ерда ишлаб юрибсиз? Ана аҳво-о-ол, кўрдингларми,  қаерга келиб қолганмиз?…”

Муҳтарам ўқувчи! Сиз ушбуларни ўқиётиб, бу воқеадан сўнг Қуроновнинг боши силаниб, Султонпошша Ёқубова эгаллаб турган лавозимга бошқа дурустроқ кадр тайинланган бўлса керак, деб  ўйлаётгандирсиз. Йўқ, хулоса қилишга шошилманг! Аксинча, раис жанобларининг ўзи тайинлаб, тутиб турган кадрлардан бирининг савияси қай аҳволда эканлигини жамоа олдида ошкор қилиб қўйгани учун М.Қуроновнинг бошига не кўргуликлар солинмади.  МХХ полковниги, ЎзМТРК раиси А. Ходжаев ўзининг зимдан  киши билмас даражадаги айёрона амалиётларини ишга солиб, шундай йўл тутдики, оқибатда  муовин М.Қуронов лавозимга келганига ҳеч қанча вақт ўтмасдан инфаркт орттириб олди  ва ўз аризасига кўра ишдан кетишга мажбур бўлди.

Савияси ҳаминқадар бўлган Султонпошша Ёқубова эса  қатъий топшириқ асосида жамодаги сўзи ўткир журналистларга қирон келтириш, уларни ёмонотлиқ қилиш учун турли катта-ю кичик фитналарни уюштириш ва унга бош-қош бўлиш ҳамда қатор олди-бердиларда фаол хизмат кўрсатганлиги учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони билан тақдирланди.

Қуронов ишдан бўшаб кетгандан кейин бу лавозимни “Тошкент” телерадиоканали директори бўлиб ишлаб юрган Файзулло Юнусов эгаллади. Лекин у ҳам узоққа бормади. У биринчи муовинликка кўтарилиши билан қаттиқ сиқувга олинган бўлса керакки, ичкиликка ружу қўя бошлади. Чунки, қараса, ўринбосар сифатида унинг мутлақо на роли ва на ўрни бор. Шу сабабдан ҳам у аламини виною-“водка”дан ола бошлаган. Кейинчалик эса ишга ҳам келмай, чойхоналару майхоналарни макон тутиб олган. Мана шуларнинг оқибатида орттирган касаллиги туфайли шифохонада даволаниб чиққанидан сўнг  бундай ишлашдан ҳеч маъни йўқлигига иқрор бўлгач, лавозимни тарк этган.

Маънавият ишлари бўйича биринчи муовин бўлиб келган навбатдаги кадр – Минҳожиддин Мирзо эса умумвазиятнинг қанчалик қалтис эканлигини яхши англаб, тўғри баҳолай олди, шекилли,  у на телевидения ва на радиоканаллар жамоаси билан учрашиш-мулоқот қилишни мутлақо истамади. Иложи борича ўз иш кабинетидан чиқмасликка ҳаракат қилди. Ҳаттоки, энг зарур вақтда ижодий ходимларни ҳимоя қилишга ҳам журъат этолмади. Менимча, у бунинг оқибати нимага олиб келиши мумкинлигини жуда яхши ҳис этган. Чунки,  у  ўзидан олдин келган муовинларнинг тақдиридан тузуккина сабоқ олиб, оқилона хулоса чиқарганга ўхшайди. У жимгина келди-ю, жимгина кета қолди. Унинг келганини биров билди, биров билмади, ҳисоб. Ҳаттоки, Минҳожиддин Мирзонинг ўзи бир пайтлар ишлаб кетган радиодаги жамоа ҳам у билан дийдорлашишдек бахтга мушарраф бўла олишмади. Гўёки, унинг вақти шунчалар зиқ эди.

Ҳа, у ўзини шу қадар сипо ва ўта маданиятли тутганлиги учун ҳам маданият ва спорт ишлари вазири деган юксак лавозимга кўтарилди. Бунга қойил қолмасликнинг сираям иложи йўқ. Юқори мансабга ўтириши учун,  мана,  одам деган ўзини қандай тутиши ва вазиятни теран англаб, аниқ баҳо бериши, мўлжални қанчалик тўғри олиши  керак.

ЎзМТРК юристи Муҳайё Қалқонова “Мана, кўрдингизми, бизда раис ўринбосари бўлиб ишлаб кетаётганлар ҳатто вазир даражасига кўтарилаяптилар”, – дея оғзини тўлдириб мақтанган ва бу билан менинг кадрлар қўнимсизлиги борасидаги фикрларимга эътироз билдирган эди.

Бироқ…

Ҳаёт ҳамиша ҳам оғзингизга ҳолва тутавермайди. Шундай кезлар келадики, ҳатто энг синалган усулингиз ҳам иш бермай қолиши мумкин. Йўқса, шундай сипо ва маданиятлилиги билан мансаб пиллапояларидан силлиққина кўтарилаётган Минҳожиддин Мирзодек одам маданият ва спорт ишлари вазири деган юксак лавозимидан бир йил ўтар-ўтмас  кутилмаганда кетиб қолармиди?

Ана энди Қалқонова хонимнинг раисга янада яхшироқ кўриниш учун компаниядаги қаллобликларни хаспўшлаб ҳаволангани, кеккайгани неча пулга тушди?…

Шундай. Кўза кундамас, кунида синади…

Хуллас, шундан кейин бу  лавозим курсиси а-а-нчагача бўш  қолди. Бу ўринга муносибларнинг-да муносиби, яъни энг садоқатли ва “лаббай”чи, раис нима деса думини ликиллатиб-сапчиб ўрнидан туриб қуллуқ қиладиган, ҳатто энг жирканч ва энг шафқатсиз топшириқларни-да сўзсиз бажарадиган бир муте қидирилди чоғи. Ана шундай кўпқиррали “қобилият” эгаси ким экан,  дея кўпчилик қизиқиб турган эди. Мана, ниҳоят, ўз раҳбарининг талабларига тўла жавоб бера оладиган “қуллуқ”чи топилди. Бу – “Ўзбекистон” телерадиоканали директори Олим Тошбоев бўлиб чиқди. Унинг бу лавозимни эгаллаш учун А.Ходжаевнинг қандай қабиҳ топшириқларини бажарганлиги ҳақида эса кейинги мақолаларимизда воқиф бўласиз.

22.04.2014 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар