Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ямома ўлкасининг амири Ҳавза ибн Алига юборилган нома

Ямома ўлкасининг амири Ҳавза ибн Алига юборилган нома
17 Şubat 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1062 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 145
(давоми)

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ НОМАЛАРИ ВА ЭЛЧИЛАР

ЯМОМА ЎЛКАСИНИНГ АМИРИ ҲАВЗА ИБН АЛИГА ЮБОРИЛГАН НОМА

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ила Ҳавза ибн Али, Саламун ала манит-табаъал худа, Ваълам анна диний саязҳару ила мунтаҳол хуффи вал хофири. Фааслим таслам ва ажъаллака ма таҳта ядайка».

Маъноси: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммаддан. Али ўғли Ҳавзага. Ҳидоят топганларга салом. Билгилким, Ислом дини инсон қадами етган ерларни ўз ҳукмига олгай. Ислом динига киргил, қўл остингдаги нарсаларга ўзингни эга қилғайман, саломат бўлурсан».

Бу номани еткизгил, деб Ҳазрати Салитга буюрдилар. У киши эрса Ҳавзага келтириб топширди. Ямома ўлкаси Маккадан ўн олти кунлик йўл эди. Уни ўқиб кўриб, узоқ ўйлаб кетди. Олдида Шом тарафидан келган насоро улуғларидан бир киши ўлтирган эди. Бу эрса Ҳавзага:

— Агар бу номадаги сўзни қабул қилур эрсанг кўп яхши бўлғай. Чунки Исо пайғамбар башорат берганки, охирзамон пайғамбари арабдан чиққай. Оти Аҳмад, Аллоҳнинг элчисидур, деб Инжилда ёзилмишдур. Агар унга иймон келтирур эрсанг, подшолигингни сендан олмағай, — деди.

Яна ҳазрати Салит:

— Эй Ҳавза, сени подшо қилиб, бу давлатга эга қилган, кимсаларнинг суяги гўрда чиримиш, ўзлари эса тамуғда азоб тортмоқдадурлар. Ҳақиқатда Аллоҳга иймон келтириб, тақво йўлини тутган кишилар туганмас давлат эгаларидур. Ўзинг ўйлаб кўргил, сенинг ақлингдан бошқалар фойдаланиб, кўплари давлат топмишлардур. Агар унинг фойдаси ўзинга тегмас эрса, сен учун бу қандай армон бўлғай? Бу нома эрса сени энг яхши ишларга буюрғай, барча ёмон нарсалардан қайтаргай. Ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилмоққа амр қилур. Нафс, шайтон йўли, бузуқчилик ишлардан сени қайтарур. Аллоҳ амрини қилар эрсанг, жаннатга кирарсан; шайтон буйруғида бўлсанг, дўзах азобида қолурсан. Агар бу сўзни қабул қилсанг, барча яхшиликларни кўргайсан, умидлик ишларингга эришиб, қўрқинчлик ишлардан қутулгайсан. Йўқ эса бир куни келур, ўртадан парда кўтарилур, ўшанда ҳақиқат кўз билан кўрилур, — деди.

Шунда Ҳавза:

— Эй Салит, ҳар кимсанинг ўзига яраша ақли бордур. Ўзимга ярашур меним ҳам ақлим бордур. Бутун ишларимни у билан ўлчаб кўрарман. Лекин шу тўғрида ақлим бошимдан учди, бир озгина вақт бергил, ақлимни йиғиб олиб, сўнгра бу сўзга жавоб берурман,— деди.

Нома жавобининг мазмуни ушбудир: «Юборган номангни олдим, даъват қилган нарсанг эрса на яхши ишдур! Мен эрсам араблар ичида атоқлик шоир, ҳам хатиб эрурман. Алар олдида ҳайбатим бордур. Узоқ-яқиндаги араблар мендан ҳайиққайлар. Агар шу ишингда мени шерик қилур бўлсанг, ул чоғда сенга тобе бўлурман» демишдур.

Шу билан нома элтган ҳазрат Салитга бир қанча совға-тортиқлар бериб қайтарди. Нома жавобини англагач, Расулуллоҳ:

— Ул ўзини менга шерик қилишни сўрабдур. У бир парча ер сўраса ҳам энди бермагайман. Ўзи халок бўлур, қўлидан давлати кетар, — дедилар.

Макка шаҳри фатҳ бўлгандан сўнгра, Жаброил алайҳиссалом ваҳий келтириб, анинг кофирлик ҳолида ўлганлигидан хабар бердилар. Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Мендан кейин у жойдан яна бир каззоб чиқур. Пайғамбарлик даъвосини қилғай, ани Ислом аскари ўлдиргай, — дедилар.

Расулуллоҳ деганларидек, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ халифалик даврларида у жойдан Мусайлама каззоб чиқиб пайғамбарлик даъвосини қилди. Буни англаб ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ Холид ибн Валид қўмондасида аскар юбордилар. Шу урушда ўзи ўлдирилиб, аскари тарқатилди.

Ҳозирги замонимизда икки Ҳарамда ҳукмрон бўлиб турган саудийлар ҳам шу жойдан чиқдилар, ўшал Мусайлама каззоб қавмидан эрурлар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар