Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

ЎзТВни ким кўраяпти, ўзи?..

ЎзТВни ким кўраяпти, ўзи?..
17 Şubat 2017 - 9:00 'de eklendi ve 1850 kez görüntülendi.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўн олтинчи мақола) 

ЎзТВНИ КИМ КЎРАЯПТИ,  ЎЗИ?..

Ҳа, бугун шунчаки оддий, бўлар-бўлмас нарсалар билан одамларнинг эътиборини тортиб, диққатини жалб қилиб туришнинг ўзи бўлмайди. Нима кўп ахборот воситалари кўп. Газета-журнал дейсизми, радиою телеканаллар дейсизми, интернет тармоқлари дейсизми, хуллас, ҳамма-ҳаммаси ўз аудиториясини имкон қадар кенгайиришга ҳаракат қилади. Ва аксарияти бунинг уддасидан чиқаётир ҳам.

Кенг омманинг эътиборини қаратишнинг бирдан-бир йўли, бу жамиятда рўй  бераётган ҳақиқий аҳволни борича бўй-басти билан кўрсата билишдир. Негаки, ёлғон-яшиқ ва уйдирмадан иборат гапларнинг умри қисқа бўлади. Одамлар бугун ортиқча баландпарвоз гаплардан ҳам, енгил-елпи, олди-қочди хабарлардан ҳам,  сийқаси чиққан ва  аҳолига қизиғи бўлмаган қуруқ ҳисобот-маълумотлардан ҳам чарчади ҳисоб.

Бугунги мухлис кечагиларидан мутлақо фарқ қилади. Оқни қора, қорани оқ  деб қулоққа лағмон осадиганлар учун қимматли вақтини сарфлаб ўтирмайди. Чунки бугунги замонавий ахборот воситалари ва  атрофда рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар одамларнинг фикрини, дунёқарашини тубдан ўзгартириб юборди. Қолаверса, сиёсий билимини ҳам анча юксалтириб қўйди.  Гарчи улар айни пайтда ўз мулоҳазаларини очиқ-ойдин гапирмаётган эса-да, лекин ўзлари учун керакли маълумотларни жамлаб, мамлакатнинг эртанги куни борасида аниқ-тиниқ тасаввурга эга бўлиб ўтирибдилар. Бир сўз билан айтганда, “Ўзинг кўр, ўзинг бил ва ўзинг хулоса қил”, деган нақлга амал қилаяптилар.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси Алишер Ходжаев эса  ҳануз эскича фикрда. Яъни одамларнинг андишасини қўрқоқликка, сукутини эса ризолик аломатига йўйиб, сийқаси чиққан ва ўта жўн мавзуларни эфирга узатишда давом этаяпти. Радиодастурларни олиб қарайсизми ёки теледастурларга  назар ташлайсизми, ҳаммаси бир-бирини такрорлаган, бири-биридан ўзлаштирилган ва керак бўлса, мавзулар ўғирланган. Бундан кўринадики, А. Ходжаев  журналистларни ижодий йўналтириш уёқда турсин, жамоада ҳатто  эшиттириш ёки кўрсатувларга ном танлаш борасидаги  изланувчанликни ҳам бўғиб қўйган.

Қизиқ воқеа: Шахсан ўзим анча йиллардан буён тайёрлаб келаётган муаллифлик эшттиришларимнинг сарлавҳасини кейинги пайтларда бошқа бир радио ва телеканалларда ҳам кўриб ҳайрон қолдим. Ҳаттоки ўзим ишлайдиган “Ўзбекистон” радиоканалида, шундоққина ёнимдаги кабинетда жойлашган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий муҳарририятида ҳам эшиттиришларимдан бирининг сарлавҳаси янграб қолса бўладими?!  Ўз эътирозимни шартта канал директор ўринбосари Султонпошша Ёқубовага билдирдим. “Бу қанақаси, битта каналда бир хил номдаги иккита эшиттириш эфирга кетса тингловчиларга кулги, майна бўлмаймизми? Бундан кимга наф, кимга зарар?”-десам, “Бунинг сизга алоқаси йўқ, шундай номда эштитириш тайёрлашимизни шахсан раис Ходжаев буюрди”, – дея жавоб қилди. Ана, холос! Муаллифлик эшиттиришимнинг сарлавҳаси ёнимдаги муҳарририятга тортиб олингандай қилиб “совға” этилади-ю, яна тағин бунинг менга алоқаси йўқ эмиш… Бу нафақат муаллифлик ҳуқуқимнинг поймол бўлиши, балки раис бошчилигидаги гуруҳнинг куппа-кундузи амалга ошираётган қароқчи-талончилигига ҳам яққол далилдир. Йўқса, сарлавҳа топиш учун ўзбек тили луғатида сўз қуриб қоптими? Бунинг сабаби иккита бўлиши мумкин: биринчиси, ўта саводсизлик ва ўз каналида етти-саккиз йилдан буён тайёрланаётган дастурнинг номини билмаслик. Иккинчиси эса билиб туриб зўровонлик ила сарлавҳани тортиб олиш  ортидан  Алининг шапкасини Валига кийдириш, яъни бировнинг минг заҳмат билан йўлга қўйган эшиттириши ортидан бошқа бировга осонгина қилиб МТРК соврини ёки  “Олтин қалам” мукофотини олиб бериш. Бу ҳолат компанияда деярли одат тусига кириб қолганди. Бундай шармандали ҳолатни ҳазм қилолмаган виждонли журналистлар жамоани бирма-бир тарк этаяптилар ёки тарк этишга мажбур бўлаяптилар.   Ноиложлар эса тишини тишига қўйиб, кунларини амаллаб ўтказиб юришибди.

Мана, яна оддий бир мисол: “Ўзбекистон” телеканалида анча вақтдан буён “Ойдин ҳаёт” кўрсатуви кетаётганди. Таъкидлаш жоизки, бунинг ҳам бўлса андозаси, Россиянинг “Домашний” телеканалидан айнан олинган. Андозаси четдан олинган  шу  “Ойдин ҳаёт”га эгизак равишда “Ўзингни англа” номли янги бир кўрсатув эфирга узатила бошланди. Бу икки кўрсатувнинг бир-бирини такрорлаётганлиги ҳақида кўп гап-сўзлар бўлди шекилли, энди янги кўрсатувда ўзича алоҳидалик касб этишга уриниш бошланди. Бу уриниш эса аввалгисидан-да баттар кулгили ва ажабтовур чиқа бошлади. Ҳатто баъзи бир аскияларга ҳам яхшигина мавзу бўлди. Аввало, ўзликни англаш кенг маънодаги тушунча. Кўрсатувнинг номига маҳлиё бўлиб уни кўрган киши эса ҳафсаласи пир бўлиб кетади. Чунки бу теледастурни кўраётган киши ўзини тиббиёт академияси аудиториясига адашиб ёки мажбуран  кириб қолгандек ҳис қилиши тайин. Негаки, дастурга таклиф этилган фан докторларию профессорлар  айнан одам анатомияси фанидан обдон сабоқ беришга киришиб кетишади. Бўлмаса, овқат ҳазм қилиш органларию қулоқ қон томирларидан мембранасигача дарс ўтишнинг шу соҳа(тиббиёт)га дахлдор мутахассислар учун қизиғи бордир, лекин кенг оммага нима қизиғи бор? Ажабланиш билан шу савол айтилган давраларда бевосита унинг жавоби ҳам топила қолди. Яъни “телерадиокомпаниянинг раиси  ошқозонини ўйлайдиган полковник “қулоқ” бўлгандан кейин овқат ҳазм қилиш органлари билан ҚУЛОҚнинг тузилишини реклама қилмай нима қилсин?” тарзидаги ҳажвиянамо гаплар  болалаб кетди.

Хуллас, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси учун  давлат бюджетидан ажратилаётган миллионлаб эмас, миллиардлаб  маблағлар мақсадсиз сарфланаяпти. Кенг омманинг истак-хоҳишлари, қизиқишлари, талаб ва эҳтиёжлари умуман ҳисобга олинмаётир. Фақатгина А.Ходжаевнинг ҳаминқадар савиясию моддий таъмагирликка йўғрилган истакларига жавоб берса бас, шу дастур эфирдан тушмай қолади. Гўё мамлакатда ундан ақллироқ одам йўқдек…

Шунинг учун ҳам мамлакат аҳолиси, айниқса ёшлар ўзлари учун зарур бўлган ахборот-маълумотларни бутунлай бошқа манбалардан излашаяпти. Унда Ўзбекистон  миллий телерадиокомпанияси томонидан хўжакўрсинга тайёрланиб  эфирга узатилаётган кўрсатувлар кимга ва нимага керак? ЎзТВни ким кўраяпти ўзи?..  Бу муаммони жиддий  ўйлаб кўриш ва узил-кесил ҳал этиш пайти аллақачон келган бўлишига қарамай, негадир ушбу масала кун тартибидаги энг катта сўроқлигича қолиб кетмоқда…

29.04.2014 й.

(давоми бор)

Etiketler :
HABER HAKKINDA GÖRÜŞ BELİRT

Сўнгги хабарлар
İLGİLİ HABERLER