Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Махсус учрашувга “махсус” ҳозирлик

Махсус учрашувга “махсус” ҳозирлик
19 Şubat 2017 - 9:00 'да юкланди ва 2357 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(ўн саккизинчи мақола) 

МАХСУС  УЧРАШУВГА “МАХСУС” ҲОЗИРЛИК

“Ўзбекистон” телерадиоканалининг радиосида ишлайдиганлар орасида шов-шув. Нима эмиш, раис келармиш, ходимлар билан учрашармиш. Қачон, нимага? Бугун-эрта ёки индин. Наҳотки, қайси куни? Ҳеч ким билмайди. Номаълум. Бу ҳақдаги узун-қулоқ гаплар тарқалганига ҳам бир-икки ҳафта  ўтди. Ташрифдан эса ҳалигача дарак йўқ.

2013 йилнинг 10 июль куни саккиз йилдан сўнг кутилмаган ва жуда ҳам ишонилиши қийин бўлган воқеа содир бўлди: ниҳоят, компания раҳбарининг ходимлар билан очиқ мулоқоти худди шу кунга белгиланганлиги ҳақидаги эълон  деворларга осилди. Яна денг, бу учрашув радио биносида эмас, балки телевидениеда ўтказиладиган бўпти. Буни барча орзиқиб кутганди, деб айтиш қийин. Чунки бундан бир муддат олдин раис деярли барча телерадиоканаллар ходимлари билан мулоқот ўтказган ва бундан кўпчиликнинг ҳафсаласи пир бўлган. Ҳаттоки, “Ўзбекистон” телеканалидагилар билан ҳам мулоқот ўтказган. Фақат негадир бу каналнинг айнан радиосидаги жамоа атайлагандай чақиртирилмаган. Нимага шундай йўл тутилганлиги сирлигича қолаверган. Қизиғи шундаки, радиога келишни ва бу ердагилар билан алоҳида учрашишни истамаган А.Ходжаев энди дабдурустдан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг умумий йиғилишини чақириб, ҳамма билан биратўла гаплашишга қарор қилган. Бу борада обдон ва узоқ ўйланган. Сабаби радиодаги ходимлар телевидениядаги баъзи бир “лаббайчи”ларга ўхшаб турадиганлар хилидан эмас. Керак бўлса, аввало бу ўзини даҳо санайдиган раҳбарнинг саккиз йилдан буён қаерда юрганлиги ва нимага энди дафъатан бирданига учрашгиси келиб қолганлиги билан боғлиқ ва бундан бошқа бир хавф туғдириб қолиши мумкин бўлган саволларни шартта юзига айтиши ҳеч гап эмас. Бу каби мураккаб ва ўзи учун ўта ноқулай вазиятларнинг вужудга келиб қолиши ҳам ҳар томонлама ҳисобга олинган бўлса, ажабмас…

Бунинг устига кейинги пайтларда миллий хавфсизлик хизматининг республика идорасидан махсус вакил радиога тез-тез қатнайдиган бўлиб қолди. Бундай ташриф  бежизга эмас эди, албатта. Турқи совуқдан-совуқ МХХчининг бу қадар кўп келиб кетавериши бу ерда ишлайдиган ходимларда борган сари жиддий ташвиш-хавотир уйғотаётганди. У албатта радиодаги умумвазиятнинг қай аҳволда эканлигини ўрганиш-билиш мақсадида келиб-кетаётганлиги аниқ эди. Бу махсус ходим “Ўзбекистон” радиоси бўйича директор ўринбосари С.Ёқубованинг хонасига кириб олса тамом, хона баъзи ҳолларда ичидан қулфланган ҳолда 3-4 соатлаб очилмасди. Ходимлар эса ўринбосарнинг қабулига киролмасдан хуноби чиқиб юрарди. Мабодо, қабулхонадаги котибага: “Ичкарида ким бор ўзи? Нега бунча соатлаб гаплашишади? Тинчликми?” каби саволларни  берадиган  бўлсангиз, унинг ҳам бундайин саволлар жонига тегиб кетганидан “Зарафшон”нинг ёнидаги бинодан бизга кураторлик қиладиган махсус вакил келган”, деган жавобни берарди. Буни биров “тушунарли” деса, бошқа биров “ўша ташкилотдаги ходимларнинг қиладиган иши қолмабди”, яна бирови эса бу идора махсус хизматчиларининг аралашмаган, бурнини тиқмаган жойи қолмади-ку” дея энсаси қотарди.

Ҳа, айтмоқчи худди шу МХХнинг ташаббуси ва тезкор рейдлари боис илгарироқ радиодаги намозхоналар ёпиб қўйилди. Шундан сўнг намозни адо этиш ходимларнинг хонасига кўчди. Бу ҳақда ҳам кимдир, яъни штатсиз “қулоқ”лардан бири ўшаларга экспресс-маълумот бериб улгурган шекилли, шу боис директор ўринбосари дарҳол алоҳида мажлис чақириб бундай ҳолатга чек қўйилишини қатъий таъкидлади. Агар кимки хонасини ичкаридан қулфлаб намоз ўқийдиган бўлса, қаттиқ жазоланиши ва ҳаттоки ишдан ҳайдалиши мумкинлиги  ҳақидаги дўқ-пўписаси билан барчани огоҳлантирди. Бу ҳам етмаганидек, диний қўмитадан бир мансабдор келиб, худди шу йўсинда янада жиддийроқ маъруза ўқиб кетди.

Бундан ташқари, телерадиокомпания бўйича кенг миқёсли профилактик-тозалаш ишлари олиб борилди. Муҳаррирлардан тортиб режиссёрлар ва оддий техник ходимларгача териб-териб махсус суҳбатдан ўтказилди. Айниқса, режиссёрлардан бири ўз иш кабинетида етти соатдан ортиқ вақт давомида қаттиқ тергалиб, чиғириқдан ўтказилган. Шунинг учун ҳам у ҳалигача ўзига келолмай юрганлигини кўпчилик жуда яхши билади. Бу борада кейинроқ алоҳида ва телерадиокомпанияда ишловчи барча рўмол ёпинган-ўранган хотин-қизларнинг ҳам МХХнинг энг катта идорасига чақиртирилиб, бир неча соатлаб подвалдаги бир хонага қамаб қўйилганлиги билан боғлиқ тафсилотларга батафсил тўхталамиз. Шу ўринда бир нарсани алоҳида айтиш жоизки, фақат биргина ислом динидагилар таъқиб-тазйиқ остига олинган эмас, бу компанияда. Бошқа динга эътиқод қилувчилар ҳам сўроқларга тутилиб, элакдан ўтказилган ва ҳаттоки, ишдан ҳайдалганлари ҳам бўлди.

Хуллас, у бўлди-бу бўлди, “Ўзбекистон” радиосидаги умумий аҳволни ҳар томонлама  ипидан-игнасигача ўрганиш масаласида  телерадиокомпаниядаги режим ва хавфсизлик хизматидагиларга ҳам унчалик ишонч билдирилмаган, шекилли,  шунинг учун айнан республика миллий хавфсизлик хизматидагилар бу ишга кенгроқ жалб қилинган кўринади. Ана шундай текшир-текшир, ур-сур, суҳбат-тергашлардан сўнггина мажлисни ҳам бутун компания миқёсида ўтказишга қарор берилган. Шунда ҳам ушбу йиғинга албатта, бош муҳаррирларга берилган алоҳида топшириққа кўра, саралаб-саралаб кимларга “сен борасан” деб айтилган бўлса,  фақат ўша ходимларгина бориши мумкинлиги уқтирилган ва улар у ерда ўзини қандай тутишлари лозимлиги чуқур сингдирилган. Биргина умуммажлис ўтказилиши учун шунчалик даҳмазанинг нима кераги бор, дея кўпчилик ҳайрон.  Ҳали бошланмай туриб одамларни ҳайрон қолдирган бу йиғилишнинг тафсилотини эса кейинги мақолаларимизда ўқийсиз…

11.05.2014 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар