Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳорис ибн Аби Шимрга юборилган нома

Ҳорис ибн Аби Шимрга юборилган нома
20 Şubat 2017 - 8:00 'да юкланди ва 929 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 146
(давоми)

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ НОМАЛАРИ ВА ЭЛЧИЛАР

ҲОРИС ИБН АБИ ШИМРГА ЮБОРГАН НОМАЛАРИ

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Мин Муҳаммадин расулиллоҳи ила Ҳорис ибни Аби Шимр. Саламун ала манит-табаъал худа, ва амана биллаҳи ва саддақа. Фаинний адъука ила ан туъмина биллаҳи ваҳдаҳу ла шарика лаҳу ябқо лака мулкука».

Маъноси: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг пайғамбари Муҳаммаддан Ҳорис ибн Абу Шумурга. Ҳидоят топганларга салом. Ўхшаши, шериги йўқ ёлғиз Аллоҳга сени чақираман. Агар иймон келтирсанг, Ислом динига кирсанг, подшолигинг ўзингга қолғай, давлатинг завол топмагай».

Бу номани саҳобалардан Шужў ибн Ваҳбга бердилар. Бу киши эрса Ҳорис ибн Абу Шумурга етказди. Рум подшоси Қайсар бутун Шом ўлкасига буни волий қилиб қўймиш эди. У замондаги араблар номига бўлса ҳам ярми Рум, ярми Эронга тобе эдилар. Бутун Шом вилоятига ҳоким бўлғонликдан бу ҳам ўзини подшоҳлардек чоғлар эди.

Анинг ўрда саройидаги соқчилар ҳазрати Шужўни ичкари киргани қўймадилар. Бу жойда фурсат кутиб уч кун туриб қолди.

Буларга Рум насороларидан Маврий отлиқ киши бошлиқ эди. Расулуллоҳдан нома келтирганини билгач, ҳазрати Шужўдан Пайғамбаримизнинг сифатларини, Ислом асосларини сўради. Расулуллоҳнинг сифатларини эшитиб, кўнгли бўшаб йиғлагани турди:

— Инжилда охирзамон пайғамбарининг сифатларини кўп ўқиган эдим, унинг ҳақида сенинг айтган сўзларинг меним ўқиғонларимга тўғри чиқадур. Мен бу пайғамбарни Шом тупроғидан чиқармикан, деб ўйлаган эдим. Унинг араб чўлларидан чиқиб қолиши ҳеч кимнинг кўнглига келган эмас. Сенинг айтганингга қараганда охирзамон пайғамбари албатта шул киши бўлиши керак. Унинг ҳақ пайғамбарлигига ишондим, унга иймон келтирдим, лекин бу сўзни очиқ айтишга қўрқаман. Агар буни билиб қолсалар, мени ўлдиргайлар,—деди.

Шундай бўлиб уч-тўрт кун ўтгандан кейин Ҳазрати Шужў Ҳорис ибн Абу Шумурга номани топширди. Уни ўқиб кўргач, ғазаби келиб Ҳорис қўлидаги номани ерга ташлади:

— Мени подшолигимни қўлимдан ким олар экан? Агар мусулмон бўлсанг, подшолигинг ўзингда қолар демиш. Қараб тур, унинг устига аскар тортиб боргайман. Яманда бўлса ҳам мендан қутила олмағай,— деб элга жар чақириб, ҳар томонга киши юбориб, аскар йиғишга киришди. Уруш асбобларини тайёрлатиб, аскар отларини тақалатмоққа буюрди.

Сўнгра ҳазрати Шужўга қараб:

— Мана бўлғулик ишларни кўзинг кўрди. Бор энди нима кўрган, билган бўлсанг сени юборган кишига хабарини бергил, — деди.

Дарҳол бу воқеани баён қилиб, Қайсарга хат ёзди, у эса Қуддус зиёрати учун Шомга келмиш эди.

Расулуллоҳ Қайсарга юборган номаларининг келиши ҳам шу кунларга тўғри келди. Унинг хатини ўқиб кўргач, бундан рухсатсиз қилган ишини англаб, Қайсар уни ёқтирмай жавоб ёзди. Тўпланмиш аскарларингни тездан тарқатиб ўзинг бу ерга келгил, деб ани чақирди.

Бу чоғда ҳазрати Шужў йўлга чиқмаган эди. Дарров чақиртириб йўлга қачон чиқишини сўраб, Шужўга юз олтин берсин, деб хазиначисига буюрди. Шу чоғда соқчилар бошлиғи Маврий етиб келди. Йўлчига атаган йўл озуғидан бошқа Расулуллоҳга совға йўсинда бир қанча тансуқ нарсалар келтириб, ҳазрати Шужўга:

— Менинг саломимни Расулуллоҳга етказгил. Мен унга иймон келтириб, Ислом динига кирдим. Ўлмай бора олсам, анинг юзини албатта кўрурман, йўқ эрса ўлгунимча анинг динида бўлурман, — деди.

Шу билан ҳазрати Шужў у ердан қайтиб, саломат Мадинага келди. Бу сафарда ўтган ишларни гапириб, Маврийнинг саломини айтган эди, Расулуллоҳ:

— У рост айтмишдур. Аммо Ҳорис ибн Абу Шумур эрса ўзини ҳалок, мулкини хароб қилмишдур, — дедилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар