Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Хат ёзмоқ шартлари

Хат ёзмоқ шартлари
22 Şubat 2017 - 8:00 'да юкланди ва 951 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

МАҚОЛАЛАР
(57)

ХАТ ЁЗМОҚ ШАРТЛАРИ

1. Котиб ҳар муддаони ёзмоқчи бўлганда, ўшал муддаони ўзи яхши тушунуб, сўнгра ёзса керак.

2. Ўзи билмайдургон луғатни мумкин қадаринча ёзмасун.

3. Ҳар тил ва луғат сўзини ўз қоида ва имлоси ила ёзмоқ лозим. Арабий калималарни арабий ҳарф ила, форсий ва русий сўзларни ўзиға тейишли товуши ила ва ўқумакға мумкин бўлгудек ҳарф ила ёзмоқ керак.. Чунончи: сирот, азим, падар, соло,… Петербург, Нижни Новгород…

4. Ҳар ким маъносиға тушунмайдургон калима ва бегона луғатни сўз ичиға ёзмоқ лозим бўлгонда, ҳаракат қўймоқ керак.

5. Хат бориб тегадургон одамни мулоҳаза қилиб, они фаҳм ва билишиға мувофиқ ёзмоқ лозим.

6. Бировни кўр, кар, ўғри, ҳаммор* ва шунга ўхшаш айб ва ямон сифатлари бўлса, ани исмини ёзганда ўшал ямон сифатларини ёзмоқ айб ва мамнуъдур*. Магар ёзилмоғи лозим бўлган суратда (чунончи ҳукмномаларда)…

7. Ёзилатургон-сўзлар ичиға ҳар ким билмайтургон луғат мумкин қадаринча ёзмасға ва инчунун, авомча ва кўчаги иборат ва айб саналатургон калима ва лақабларни ёзмасға керак.

8. Халқ орасинда бутун унутулгон эски форсий калималарни қасддан ёзиб, ўқувчилар зеҳнини ташвишға солмаслик беҳроқдур.

9. Туркийча ёзилур экан ва иборатни туркиси бўлуб туруб, ани ўрниға русий ва ажнабий исмини ёзмоқни аҳли дониш манъ қилгандурлар.

10. Аҳли фан, уламо ва удабоға махсус ёзилатурғон хатлар, маҳкама ва дорулқазо мактублари, илмий ва сиёсий мақолалар яхши ва адабий суратға ёзилса керак. Мундай мактубларда арабий, форсий хатға русий ва франсавий баъзи бир исм ва луғатни ёзмасға илож йўқдур. Бовужуд шул бақадри имкон ўшал сўзларни туркий ё форсийчасини топиб ва топилмаганда жумла ила тафсир қилмоқ лозимдур.

11. Хатни камсўз, сермаъно ёзмоқ керак. Эрон, Афғонистон ва Туркиядек шикаст ва таълимсиз ёзмоқни тарк қилмоқ ва хушхат ёзмоқға саъй қилмоқ керак.

12. Узун бир мақола ёзгандан сўнг луғз* ва маъноси, назокат ва одоби ва тарзи шевасини тушунуб, тасҳиҳ*, иккинчи мартаба ёзмоқ керак. Биринчисини — тасвид*, иккинчисини — табийз* аталадур. Мақолаларға қайси шаҳар ва маҳалладан ёзилгони билдурилса керак.

13. Мақолани ўз муаллими ва ё аҳли дўстиға кўрсатиб, саҳву хатоларини билмоқ керак.

14. Ғазаб ва хафалик ва ё ниҳоят хурсанд ва бехушлик вақтларда хат ёзмай, ҳолоти даражи эътидолға* келганда мактуб ёзмоқ авлодур.

15. Ҳар бир хатни ўқиб кўруб, баъдинда юборилсун.

16. Бир нимарса ва ё одамни ниҳоят мадҳ ва таъриф ва ё ёмонламоқ ва муболаға этмоқдан ҳазар қилиб, барча ҳолда ўрта қисмға қалам ишлатмоқ керак.

17. Мактубға ҳақорат, таъна, ҳазл, фисқ ва гуноҳға лааллуқ сўзлар асло ёзилмасун.

18. Бир кишини тўғрисинда хат ёзилур экан, ўшал одамни ояндаги дўст ва ё душман, яхши ва ямон бўлиши ва аҳволини тағйир топилиши эҳтимолини ёдға тутиб, хулоса ҳар бир ишға дастуриламал ҳикмат бўлгон -«Хайрул умури-авсату хо»[1] ҳадиси шарифиға амал лозимдур.

Авсоф* ва одоби мактуб

Ёзилатургон хатлар икки қисмға бўлинадур. Бири — умумий, дигари — хусусий. Умумий хатлар девонхона, қозихона, тижоратхоналарда ёзилатургон мактублардурким, расмий аталиб, яна шаръий ва урфий деган қисмларға айриладур. Хусусий мактублар икки киши орасиға ёзилатурғон ёднома, муборакбод ва хабарномалардур.

Хусусий мактубни бош тарафиға «бисмиллоҳир раҳмонир раҳим»— хайрул само иборати ва ё шунга монанд исми Оллоҳ ёзмоқ керак. Сўнгра хат бориб тегадургон кишини лақаб — исми ва ё мансаби сифат ва қаробатиға* қараб туғрони исми Оллодан қуйи ёзмоқ лозим. Баъдинда хат ёзадургонни зикр бўлғон сифат ва мартабасиға мувофиқ онга таъзим ва дуо қаториндаги иборатларни ёзмоқ керак. Сониян*, муддао бошланадур…

Румузлар

Аломати савол                                                                                   ?

Аломати нидо, таажжуб, хитоб                                                    !

Аломати муътариза                                                                         ()

Аломати муммайиза                                                                       «»

Икки сўзни фарқ қилатургон аломат                                         —

Аломати муродафот, яъни иккиси бир поғонада                   =

Озгина турмоқ учун                                                                          ,

Баён ва тафсил учун                                                                         :

Нотамом сўзлар, киноя, мубҳам* ва маҳзуф*лар аломати  …

Сўзни охири ёки вақфи том аломати                                          .

(Давоми бор)

*
Ҳаммор – ичувчи, майхўр
Мамнуъ – ман этилган
Луғз – сўз
Тасҳиҳ – тузатиш
Тасвид – қора
Табийз – оқ
Эътидол – мўътадил
Авсоф – васфлар, мақтовлар
Қаробат – яқин кишилар, қариндошлар
Сониян – иккинчидан, шундан кейин
Мубҳам – ноаниқ
Маҳзуф – таъкид

[1]Таржимаси: ишларнинг яхшиси ўртачадур.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар