Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Билмасмидинг?

Билмасмидинг?
23 Şubat 2017 - 6:00 'да юкланди ва 997 марта ўқилди.

МАХДУМҚУЛИ

Биринчи китоб

Билмасмидинг?

Қалам олиб номани юборганим билмасмидинг?
Афсун уриб, ҳутҳутни қўндирганим билмасмидинг?
Арш устинда қолдириб, миндирганим билмасмидинг?
Тўрт кеча, уч кун йиғлаб, тиндирганим билмасмидинг?
Эшак миниб Исодек, елдирганим билмасмидинг?

Мажнун каби саҳрода, йиғлай-йиғлай кездим мен,
Кўзим ёши маржондек, тизим-тизим тиздим мен,
Варқо каби Гулшоҳдан, ўлиб, умид уздим мен,
Жоним ёқиб ишқ ўти, қайнаб-қайнаб тошдим мен,
Шибли каби тоғларни ёндирганим билмасмидинг?

Ҳутҳут каби Фарангдан Чин-Мочинга борганим,
Боғ ичинда Булқиснинг сочин эшиб ўрганим,
Сулаймоннинг тахтидан, сўзлаб, хабар берганим,
Қуш қўнсин деб бошимга булбулҳангом қурганим,
Чоршанба кун чош вақти, қўндирганим билмасмидинг?

Майхона орқасидан Мажнун солди йўлини,
“Бисмиллоҳ” деб чақирди, топмади устозини,
Ҳақдан ғайри бир кимса эшитмади додини,
Қирқ ошиқ наъра тортиб, шердек сочди ўтини,
Кўзёшимдан сув олиб, сўндирганим билмасмидинг?

Ширвонхоннинг савдоси, не ажойиб савдодир,
Қилдан бу ён оғдирса, Қиёмат кун расводир,
Юз йигирма саф тортиб, ҳар савдо бир ғавғодир,
Ошиқлик бир жўшқиндир – оқмас тошқин дарёдир,
Бир “ҳу” билан қирқ ошиқ қондирганим билмасмидинг?

Етилмамиш шунқорим – қамиш қанот капалак,
Дун мени чув туширди, топганим этди урвоқ,
Жонон жигарим тилиб, тортар, устимдан тупроқ,
Ҳар тикондан юз найза, ҳар қирқ гулдан бир япроқ,
Тоғу тошни айланиб, ундирганим билмасмидинг?

Махдумқули, сўзлаюр, тўққиз фалак зуҳроси,
Етти юлдуз қардоши, ойнинг, куннинг пораси,
Нуру дийдам яхтиси, кўзим оқу қораси,
Оби Замзам чашмаси, Сафо, Марви ораси,
Сулаймондек аҳдимни, синдирганим билмасмидинг?

*****

(давоми бор)

Туркманчадан Мақсуд Қурбон ўзбекчалаштирди

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар