Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Нажрон элчилари

Нажрон элчилари
23 Şubat 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1076 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 147
(давоми)

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ НОМАЛАРИ ВА ЭЛЧИЛАР

НАЖРОН ЭЛЧИЛАРИ

Ҳижратнинг ўнинчи йили Ашур ойида Нажрон шаҳридан олтмиш киши элчи бўлиб Мадинага келдилар. Бу ернинг халқи эрса, илгаридан бери насоро динида яшаган араблар эди. Қуръони каримда Буруж сурасида қиссаси айтилган, тириклай ўтга ташласалар ҳам ўз динларидан қайтмаган кишилар шу келган элчиларнинг илгариги ўтган боболари эди.

Бу элчилар Мадинага келгач, Расулуллоҳни сўрашиб масжидга кирдилар. Кийган кийимлари бутунлай ипакдан бўлиб, қўлларига олтиндан узук тақишган эди. Ўша замоннинг қўл ишларидан турли рахтлар, ҳар хил расм-сурат солинган тўшаклар, киши кўрса қизиқарлик нарсалардан Расулуллоҳга кўпгина ҳадя келтирган эдилар.

Бу нарсалар илгари кўп кўрилмаганликдан халқ кўзига қизиқ бўлиб, ундаги суратларни қайта-қайтадан томоша қилардилар. Бу элчиларнинг зийнатлик кийган кийимларига, совға қилиб келтирган қимматбаҳолик молларига қарашиб, қай бир кишиларнинг кўнгли дунё ҳавасига мойил бўлди.

Ҳадяларини Расулуллоҳ қошларига келтиргач, суратлик нарсаларини ўзларига қайтариб, қолганларини қабул қилдилар. Дунё, зийнатларини кўриб қизиқишган кишилар ҳақида ушбу оят нозил бўлди:

«Қул ауннаббиукум бихойрин мин заликум, лил-лазинат-тақав инда роббиҳим жаннатун тажрий мин таҳтиҳал анҳару».

Маъноси: «Айтгил, (эй Муҳаммад,) мўминлар учун у дунёда тайёрланган нарсалар эрса булар кўриб қизиққан бу дунёнинг зийнатларидан, албатта, яхшидур. Ичида асал, шароб анҳорлари оқиб турган жаннатлар мўминларникидур».

Шу куни аср намози ўқилгандан кейин уларнинг ҳам ибодат вақти киргач, ўз одатларича кун чиқишга қарашиб масжид ичида намозларини ўқишмоқчи бўлди. Саҳобалар буларни тўсмоқчи эдилар, Расулуллоҳ уларни қайтариб, ўқишга рухсат қилдилар. Намоз ўқишиб бўлишгандан сўнгра ўлтириб эдилар, Ислом ҳақида келган Қуръон оятларидан Расулуллоҳ ўқиб, уларга иймон арз қилдилар эрса, қабул қилишмай:

— Илгаридан бери биз мусулмон эрурмиз, — дедилар.

Анда Расулуллоҳ:

— Бу сўзинглар ёлғондур, чунки сизларда уч иш бордурким, уни қилган кишилар мусулмон бўла олмагайлар: биринчиси, бутга топинасиз. Бутга топинмоқ иймондан чиқмоқдур. Иккинчиси, тўнғиз эти ейсиз, ҳалол деб тўнғиз емак куфрдир. Учинчиси, Исо Худонинг ўғли дейдурсизлар. Худо бу ишдан покдур. Мана шу нарсалар сизларни Исломдан йироқ қилур. Исо Аллоҳнинг қулидур. Аллоҳ қудрати билан уни отасиз яратгандур. «Пайдо бўл!» деган сўзини Аллоҳ Марямга ташламиш, сўнгра Исони туғмишдур. Аллоҳ қудрати билан отамиз Одамни яратгандек Исони шундоқ яратибдур. Исо отасиз туғилмиш эрса, Одам алайҳиссаломни қудрат қўли билан ота-онасиз яратмишдур,— дедилар.

Улар бу сўзни англагач, ичларидан бировлари туриб:

— Исо Худонинг ўғлидур, — деди.

Яна бирови:

— Йўқ, ундоғ эмас, Исо Худонинг ўзидур, — деди.

Исо алайҳиссалом ҳақида насороларнинг аниқ ишонган сўзлари бўлмагач, Расулуллоҳ олдида довдирашиб, бир-бирларига қарама-қарши сўзлашганларидан хижолат бўлишди.

Уларнинг раислари Расулуллоҳга қараб:

— Нега Исони сўкадурсан, уни Аллоҳ қули демак, унга ҳақоратдур, — деди.

Яна Расулуллоҳ:

— Исо Аллоҳнинг қулидур. Уни Аллоҳ яратиб, халққа пайғамбар қилиб юбормишдур, — дедилар.

Бу сўзга уларнинг ғазаблари келиб:

— Исо нечун банда бўлғай, ул неча ўликларни тирилтирди, шифоси топилмаган песмоховларга дам уриб соғлантирди. Онадан туғма тилсиз касалларга, кўзи очилмаган кўрларга, шолларга шифо берди. Қора балчиқдан қуш суратини ясаб, унга дам солиб эрди, жон кириб, қўлидан учди. Бу ишлар эрса, махлуқ қўлидан келмагай, балки Холиқнинг қудратидур, — деди.

Мана шу чоғда Расулуллоҳга ваҳий келиб, ушбу оят тушди:

«Лақад кафарал-лазийна қолу инналлоҳа ҳувал Масиҳ ибну Маряма».

Яъни, «Марям ўғли Исони Аллоҳ деган кишилар, албатта, кофирдурлар».

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Агар мен келтирган Ислом динига кирмасдан мени ёлғончи қилсанглар, келинглар, ҳаммамиз бир ерга йиғилайлик, сўнгра дуога қўл кўтариб, ким ёлғончи бўлса, уни Аллоҳ лаънат қилсун, деб қарғашайлик. Менга ишонмаганларга шундоғ қилгил, деб Аллоҳ мени буюрди.

Бу сўзни эшитгач, қўрқишиб:

— Эй Абул Қосим, бу кунча бизга рухсат қилгил, қайтайлик, бу иш тўғрисида ўзаро кенгашайлик, сўнгра келиб жавобини берурмиз, — дедилар.

Шу билан Расулуллоҳ олдиларидан қайтиб чиқишиб ўзаро маслаҳат қилганларида, улардан бирови деди:

— Худо ҳаққи, биламиз бу киши Исо хабар берган охирзамон пайғамбаридур. Бунинг пайғамбарлигини ўз кўнглимизда билиб турамиз. Қайси бир киши пайғамбар билан лаънатланур бўлса, ўзи ҳалок бўлиб, унинг насли ер устидан йўқолур. Эндиги маслаҳат шулки, ул айтган динга кирмасак ҳам, у билан келишиб тинч-омон ўз элимизга қайтайлик, — дейишиб шу сўзга тўхташдилар.

Эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келишларида Ҳазрати Али, Фотима, имом Ҳасан, имом Ҳусайнларни бирга келтирдилар. Насоролар Расулуллоҳнинг авлодлари билан бирга келганларини кўриб ҳайрон қолишди.

Анда раислари:

— Мундоғ нур юзлик кишилар Худодан нима нарса сўрасалар, қабул қилур. Аларни қуруқ қайтармағай. Агар шу тоғни ўрнидан қўзғалсин деб дуо қилсалар, дарҳол қўзғалур. Агар булар билан лаънатланур бўлсак, насоро наслидан ер устида ҳеч киши қолмагай, — деди.

Сўзлари ноҳақлигидан қўрқишиб, бу ишга журъат қилиша олмадилар. Ҳар йили икки минг уқия кумуш бериб туришга ўзлари рози бўлишиб, сулҳ қилдилар. Чунки Қуръонда агар кофирлар сен билан келишишни сўрасалар уни қабул қил, деган мазмунда оят бор эди.

Бу солиқнинг ярмини ҳар йили Сафар ойида, қолган ярмини Ражаб ойида тўлаб тугатмоқ шарт қилинди. Иш битгандан сўнгра булар ўз юртига қайтмоқчи бўлдилар. Тўлов молни топшириш учун бир амин (ишонимли) одамни қўшиб беришни Расулуллоҳдан сўрадилар.

Мана бу киши эса Ислом уммати ичида амини эрур деб, Абу Убайда ибн Жарроҳни уларга қўшдилар. Шу кундан бошлаб Абу Убайда «Аминул умма» лақабини олди. Араблар «амин» деб тўғри сўзли, ишончли кишини айтурлар. Расулуллоҳ лақаблари, Жаброил алайҳиссалом лақаблари ҳам Ал-амин эрур. Улар кетгандан кейин Расулуллоҳ айтдилар:

— Ул улуғ қудратли Аллоҳ ҳақида қасам қилурманки, аҳли Нажрон устига осмондан азоб тушиб, тайёр бўлиб турди. Агар мен билан лаънатлашиб, ким ёлғончи бўлса, Аллоҳнинг лаънатига қолсин дейишсалар эди, ўша онда Худонинг лаънати уларга тушиб, ҳаммалари маймун, тўнғиз суратига кириб қолишур эди. Яна осмондан азоб ўти тушиб, Нажрон шаҳрини бутун халқи билан куйдирур эди. Йил ўтмай туриб, ер устида насоро кофирларидан бир киши ҳам қолмас эрди.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар