Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Шантаж

Шантаж
23 Şubat 2017 - 9:00 'да юкланди ва 1964 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(йигирма иккинчи мақола) 

 ШАНТАЖ – 1

ЎзМТРК раисига берилган навбатдаги саволга ўтилишидан олдин худди шу савол билан бевосита боғлиқ бўлган муҳим воқеалар тафсилотига тўхталмоқчиман.

БИРИНЧИ ВОҚЕА

2012-2013 йилларда менга шантаж қилиниши билан параллел равишда “Ўзбекистон” радиосининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар мухбирлари тармоғининг бош муҳаррири Шодиёр Ҳазратқулга нисбатан ҳам шу тармоқнинг масъул ходими, ўзини дуч келган ерда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси ҳамда Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси дея таништириб юрадиган Собира Бўлдиева томонидан шантажнинг ақл бовар қилмайдиган амаллари қўлланила бошлади.

Ушбу ҳаракатнинг бошида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг раҳбари Алишер Ходжаев ҳамда унинг режим ва хавфсизлик хизмати бўйича ўринбосари Баҳром Ўтанов турганлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Чунки компаниядан Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Омоновалар ишдан ҳайдалганларидан сўнг навбат бизга етиб келганди. Сабаби Шодиёр Ҳазратқул ҳам ўз муҳарририятининг гонорар фондини алоҳида қилиб ажратиб олиш учун раҳбарият билан анча-мунча конфликтга борганди ва у бу борада талашиб-тортишиб бўлса-да ўз мақсадига эришганди. Илгари ушбу тармоқнинг мухбирлари ўзларининг гонорар фондлари бўлмаганлиги учун бошқа муҳарририятларга берилган ёки тайёрлаб эфирга узатилган материал-эшиттиришлари учун гонорарларини ололмасдан сарсон-саргардон бўлиб юришарди. Шодиёрнинг елиб-югуришлари ортидан шу оворагарчиликка чек қўйилди. Лекин бу нарса раҳбариятга ҳеч ҳам хуш келмасди. Шунинг учун мухбирлар тармоғининг бош муҳаррири ҳам қора рўйхатга тушиб қолганди…

Шодиёр Ҳазратқулнинг қўл остида ишлайдиган ходимаси Собира Бўлдиева унга нисбатан фитна-шантажни бошлаб юборди. Тўғриси, ёши элликдан ошиб, олтмишга қараб кетаётган бу аёлнинг ўз бош муҳаррири, қолаверса, ўз ўғли тенги бир йигитга нисбатан қилган туҳматларининг нақадар ишончсиз ва уятли эканлигини эшитиб, “Наҳотки бу аёл шу даражага бориб етган бўлса?” – дея ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг, ташқаридан қараганда дастлаб туппа-тузук кўринган бу аёл раиснинг ва режимнинг ноғорасига ўйнаб, фарзанди қатори йигит шаънига жуда хунук мағзавалар ағдарди. Яъни “Шодиёр Ҳазратқулов уч йилдан буён менга интим алоқа таклиф қилиб, ҳоли-жонимга қўймай келади. Рад этганим учун мени зўрламоқчи бўлди. Ҳатто мени уриб, қаттиқ тан жароҳати етказди…” дея юзсизларча туҳмат қилишдан ҳам тап тортмади.

Шу нуқтада бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман: Шу вақтга довур, яъни Шодиёр радиога ишга келганидан буён бирор бир ходим унинг хотин-қизларга шилқимлик қилиш уёқда турсин, ҳатто ортиқча гап-сўз отгани, ахлоқсизлик қилганини кўрган ё эшитган эмас. Шодиёрнинг ҳамкасблар орасида маданиятли, ахлоқли ва билимли журналист сифатида ҳурмат ва эътибор қозонганини ҳисобга олсак, С. Бўлдиева айтганидай, “ифлос ниятини амалга ошириш мақсадида онаси тенги аёлга қўл кўтариши ва тан жароҳати етказиши” мутлақо ҳазм қилиб бўлмайдиган ва ақл бовар қилмайдиган гап эди. Демоқчи бўлганимиз шуки, бу даргоҳда раисга, умуман, ЎзМТРК раҳбариятининг бирор бир  қарорига (ҳатто бу қарор ҳарқанча тутуриқсиз ва ноқонуний бўлса ҳам) қарши чиққан одам ҳарчанд этаги тоза бўлмасин, унга нисбатан шундай балчиқлар чапланадики, бошига тутгани соябон тополмай қолиши ҳеч гап эмас. Зеро, раис жаноблари ва унинг режим ва хавфсизлик бўйича ўринбосарлари бундай шантажларнинг ўта ҳадисини олганлардан. Ўз  ҳақ-ҳуқуқини таниган, керак пайтда нафақат ўзининг, балки ҳамкасбларининг ҳаққини, ҳақиқатни, адолатни талаб қила оладиган ходимларни жамоа ичида обрўсизлантириш учун арзимаган лавозим ёхуд кичкинагина бир манфаат  учун  исталган пайтда исталган шантажни ижро этиб бера оладиган иймон-иродаси суст “кадр”лар етарлича…

Хуллас, Шодиёрга нисбатан уюштирилган шантажнинг охири Тошкент шаҳар Ҳамза тумани жиноят ишлари бўйича судида кўрилишгача бориб етди. Икки  марта кўрилган мазкур ишда суд аввал камроқ жарима ҳукмини эълон қилди. Иккинчи маротаба кўрилганида ҳам судда илгари сурилган айблар ўз тасдиғини топмаса-да, яна бош муҳаррирни айбдор деб топишди. Ва унга нисбатан “мана сенга керак бўлса” дея жаримани бир неча баробар ошириб қўйишиб, ҳукмни эълон қилишди. Чунки, ЎзМТРК раисининг режим ва хавфсизлик хизмати бўйича ўринбосари Баҳром Ўтанов раиснинг шахсан топшириғига кўра, суднинг иккинчи маротаба ўтказилиш жараёнига аралашган. Янада аниқроғи, суд раисига телефон қилиб қўйган. Ваҳоланки, Собира Бўлдиева ҳафталаб ишга келмасдан, фақат ойлик-маош берилаётган вақтлардагина ҳозиру-нозир бўлаётганлиги, дуч келган ходимнинг овозини диктофонга ёзиб олаётганлиги ва бу ёзувлар радиодаги монтажхоналардаги компьютерларга кўчирилганлиги фош бўлиб қолиб, катта ҳажмдаги аудиоёзувлар бутун телерадиокомпания миқёсида кенг тарқалиб кетиб ундаги баъзи ўта ножоиз-беҳаё сўзлар-у, мулоқотлар жамоадаги муҳитга салбий таъсир этаётганлиги ҳамда у бундай ҳатти-ҳаракатлари билан меҳнат қонунчилигини, мавжуд тартиб қоидани қўпол равишда бузаётганлиги ҳақида бош муҳаррир Шодиёр Ҳазратқул раҳбариятга бир эмас, икки эмас 5-6 маротабалаб рапорт-билдирги ёзиб берган. Афсуски, раҳбарият томонидан бу билдиргига нисбатан ҳеч қандай реакция бўлмаган ва деярли муносабат ҳам билдирилмаган. Аксинча, С.Бўлдиевани шахсан раис қўллаб-қувватлаб, уни ҳимоялашни янада кучайтирган. Нима сабабдан шундай йўл тутилганлигини тушуниб олиш учун энди жуда катта ақл керак эмас..

Табиийки, бундай айримчалик, гуруҳбозлик, адолатсизлик ва кутилмаган зарбадан Шодиёр анча гангиб қолди. Ахир, ҳазилакам гапми, Собира Бўлдиеванинг бўҳтонлари экспертиза жараёнида тасдиқланмаган, Шодиёрнинг ҳақлигига тирик гувоҳлар судда кўрсатма берган, аммо шунга қарамай судда Шодиёр Ҳазратқул “қора”ю, товон тўловчига, бўҳтончи С. Бўлдиева эса “оппоқ” ва жабрдийдага  айлантирилган. Қани мантиқ, қани адолат, қани ҳақиқат?…

Шодиёрнинг якка ўзи бу тўдага бас кела олмаслигига кўзи етди чоғи, у ҳам алам билан ҳақиқатни қарор топтириш қасдида  уларга муносиб жавоб қилишга киришди ва бунга эришди. Учинчи бор улар ўртасидаги иш Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судида кўрилганида Шодиёр айбсиз деб топилиб, унга нисбатан қўлланилган жарималар бутунлай бекор қилинди. Ана энди бундай ҳолатдан сўнг аламзадалик навбати Ходжаев ҳамда Ўтановга келди. Бу иккиси анча безовта бўлиб қолди. Шодиёр Ҳазратқулга нисбатан қилинган шармандали туҳмат фош бўлиб, миси чиқиб қолганидан сўнг, улар алам устида қутуриб, мустақил фикрли, ўз позициясига эга бўлган журналистларга нисбатан янада қабиҳроқ, янада разилроқ, янада шафқатсизроқ ва пухтароқ шантаж режаларини туза бошладилар. Улар тузган қора рўйхатнинг энг аввалида, табиийки, камина турарди… 

12.06.2014 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар