Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Намуна хатлар

Намуна хатлар
25 Şubat 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1180 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

МАҚОЛАЛАР
(58)

НАМУНА ХАТЛАР

Улуғ Тангрим оти ила Меҳрибон отажоним хизматлариға

Тангрим сояи давлатингизни бошимдан эксик этмагай, азиз қиблагоҳим!

Бу оқшом уйға жаноби халифамни зиёфатға таклиф қилдим. Онажоним дедиларки, гўшт ва биринч йўқдур, марҳамат қилиб таомға кераклик нимарсаларни олиб хизматкордан юборсалар, хурсанд бўлур эдим, афандим.

Қулингиз…

* * *

Севикли онам ҳузури шарифаларина!
Парвардигорим доим сизни эсон сақласун!

Онажон! Меҳрибон опамни уйиға борғанингизға ўн кун бўлди. Ман сизни кўб соғиндим. Борай десам, мактабдан қолурман. Ани учун илтимос қиларманки, энди уйға келсангиз, йўлингизға кўз тутарман, волидажоним!

Мушфиқа опамға салом айтармен.

12 шаввол, явмул чоршанба.

* * *

Жаноби устоди киромим ҳузури анворларина!

Парвардигорим файзу муҳаббат устодоноларина биздин эксик этмагай. Боиси дониш ва саодатим, жаноби мавлом! Ҳазрати воҳид ал-ато ўтган оқшом бандангизға бир ўғул биродар ато этди. Шул сабабли букун жаноби волидам хизматлариға турмоғим лозим бўлдики, мактабға боролмаганимға жанобингиздан афу тиларман, афандим.

Чокарингиз… 18 зулҳижжа…

* * *

Севикли биродарим ва шерики мактабим!

Умрингиз узун ва илмингиз фузун бўлғай! Ийди босафои зиҳиға мушарраф бўлушингизни дўстона муборакбод этарман, азизим! Марҳаматлик парвардигорим кўб-кўб ийдларға оила ва қариндошларингиз ила соғу саломат еткургай, омин.

Маълумингиз…

* * *

Биродари азизим!

Дунёда сабаб йўқ. Охири ҳар жамъият паришон, ҳар хонаи рўзгор вайрон бўлғусидур. Жаҳон фоний, ялғуз биз ила сиз эмас, жонликларнинг барчаси, ҳатто, еру кўк ҳукми қазо ила йўқ бўлғусидур. Боқий ва доим собит фақат зулжалол ҳазратларидур. Букун ва эрта ҳаммамиз Тангрининг аржаи нидоси ила олами арвоҳға кўчуб, ота-бобонинг муқаддас руҳлариға қовушурмиз. Дунёю дун кулфатидан ва олойишидан қутулурмиз. Улум навбатдур, ногузидур* ва кўб қўрқулатургон нимарса ҳам эмас. Чунки анинг орқасида доимий тириклик бор. Ва руҳлар боқийдур. Ўлумни илгари ва кейин келишиға аҳамият йўқ. Мутлақо букун бўлмаса, эртаға биз-да кетармиз. Онинг учун жаноби қиблагоҳини дорулбақоға рихлат этганлариға ҳаддан зиёда маъюс ва ғамнок бўлишингиз маъқул ва машруъ эмас. Олло бошингизни омон этсун. Ота ўлуми меросдур. Бизу сиздан дуо ва хайрот керак. Оҳу воҳ лозим йўқ. Мусибатни ўзига олмоқ фоида этмас, балки зарардур. Иймонлик ўлим тўйдур. Олло таоло кетганларга иймон ва қолғонларға умр ва сабр берсун. Энди сизға лозим шулки, марҳум қиблагоҳ васиятларини мў-бамў ўрниға келтируб, оилани ўзингиздан рози этмоқ ва оталик ватанини обод ва зиёд этиб, қадриға етмак ва чироғларини ўчирмаслик лозим. Оилани ўзингиздан рози этиб, ота арвоҳини ёддан чиқармаслик керак.

Азизим, шуни-да ожизона ёзайинки, энди ота ўрниға оила учун отадурсиз. Ва букундан бошлаб бомаънилик ила оталардек ҳаракатда бўлишингиз кераклигини дўстона арз этарман…

* * *

Котиб ва мирзо афандилардан рижо

Хатларда «фалон маҳалла ё қишлоқни фуқароси» ёзилурки, бу яхши эмасдур. Биздан бошқалар «…аҳли» ёзарлар. Бизни муҳтарам мирзолар-да фуқарони (мискинни муродифидур) ёзмасдан «аҳли» ёзсалар яхши эрди. Масалан, бойни фалон маҳаллани бечора ё камбағали деб ёзмоқ ялғон ва таҳқирдур…

РАСМИЙ ХАТГА МИСОЛ

Ҳурматлу… уездини ҳокимиға!

…шаҳрини …қитъа қозисини …йили …ойинда …рақамли ҳукмларин нусхасини ушбуни-ла топшуруб, илтимос қиларманки… саёзд қозиларини сўровлариға юборсалар. Азбаски, мазкур қози… сўм (ёинки бир таноб боғ) ундуруб… ўғлиға топшурмоқға ҳукм қилдилар. Мазкур ҳукмға шариат бўйинча маним айтадургон дафъи* ва жарҳим* бордур.

…сана …ойинда.

(Давоми бор)

*
Ногузидур – четлаб ўтмайди
Дафъи – раддия
Жарҳ – эътироз

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар