Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди деганлари шу бўлса керак…

Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди деганлари шу бўлса керак…
25 Şubat 2017 - 9:00 'да юкланди ва 2074 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(йигирма тўртинчи мақола) 

ШАНТАЖ

ИККИНЧИ ВОҚЕА
(давоми)  

Ноҳақликка бефарқ қараб туролмадим. Негаки, туман судида прокурор ҳатто айбловни ҳам эълон қила олмаган. Натижада танаффус эълон қилишга мажбур бўлишган. Шундан сўнггина судга раислик қилувчи томонидан ёзиб берилган айбловни прокурор зўрға ҳижжалаб ўқиб берган. Айблов ўз исботини топмаган бўлса-да, чемпионни айблашган ва шартли       равишда қамоқ жазосининг очиқда юриш мумкин бўлган ҳукмини эълон қилишган. Балким радиодаги чиқишнинг таъсири бўлгандир. Шу сабабдан ҳам қамаша олмагандир. 2013 йилнинг ёз ойида Тошкент шаҳар жиноят ишлар бўйича судида худди шу иш билан боғлиқ процессда қатнашгандим.  Беҳзодга қарши даъво аризаси ёзган қиз жабрланувчи сифатида судга келмади. Чунки унга ИИБ ходимлари томонидан мажбуран, қаттиқ босим остида ёздириб олинган важлар суд-мед экспертизада ўз тасдиғини топмаган. Қиз ўз ишидан пушаймон бўлиб, виждони оғриб, чемпионнинг айбдор эмаслиги, бу аризани ўзи истамаган равишда миршаблар, тергов ходимларининг таъқиб-тазйиқи, қўрқитишлари таъсирида ёзганлигини айтиб, унинг оиласидан ёзма равишда узр сўраган. Аслида қиз бу билан ўз даъво аризасидан воз кечган. Шунинг учун ҳам қизнинг судда иштирок этиши таъминланмаган. Бундан мақсад – Беҳзод Раҳимбоевни барибир, қандай қилиб бўлмасин, жиноятчига чиқариш. Бундай ноҳақлик ва нохолисликдан норози бўлиб эътироз билдирган Беҳзодга ўшанда судьга раислик қилувчи шундай деб таҳдид, дўқ қилганди: “Ҳўв бола, оғзингни юм, очиқда юрганинга шукур қилмайсанми? Нима қилиб яна шаҳарда иш қайта кўрилсин деб  ариза кўтариб юрибсан? Сен ўзи аллақачон бу ишларинг учун зонада ўтиришинг керак эди. Ҳалиям биз индамай турибмиз. Йўқса…” Судьянинг гўё “тақдиринг менинг қўлимда” дегандай таҳдидли оҳангдаги бу гапларидан Беҳзод ҳангу манг бўлиб қолди. Тошкент шаҳар суди ҳам Мирзо Улуғбек тумани жиноят ишлари бўйича судининг ҳукмини ўз кучида қолдирди. Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди деганлари шу бўлса керак…

Хуллас, ана шу воқеалар силсиласи доирасида 2012 йилнинг охири ва 2013 йилнинг бошларида ЎзМТРК раҳбари А. Ходжаев ҳамда унинг режим ва хавфсизлик бўйича ўринбосари Б. Ўтанов ҳуқуқ-тартибот тизимидаги ҳамтовоқлари билан тил бириктириб, каминага нисбатан шантажни бошлаб юборишди.

Бу шантаж-фитнанинг бош буюртмачиси – Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси, мамлакатдагикоррупцион халқанинг улкан чинорларидан бири, МХХ полковниги Алишер Жўрақулович Ходжаев. Уюштирилган фитна-шантаж сценарийсининг муаллифлари – ЎзМТРКнинг режим ва хавфсизлик хизмати ходимлари Баҳром Ўтанов, Фазлиддин Худойқулов, Хуршид Расулов  ва уларнинг ҳуқуқ-тартибот тизимида ишлайдиган ҳамтовоқлари ҳамда “Ўзбекистон” канали директори Олим Тошбоев, директор ўринбосари Султонпошша Ёқубова. Кўпсонли занжир муаллифлар томонидан тузилган бу “асар”ни  ўз “ижодий” ансамблидаги учига чиққан “артист”лар билан бирга ҳаёт саҳнасига олиб чиққан, амалиётга тадбиқ этган моҳир режиссёр – Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси, айни пайтда тўғри келган одамнинг овозини, ҳатто ўз қариндошлари, жигарларининг ўзаро жиноий ҳатти-ҳаракатлари ва уларни қандай қилиб “ёпди-ёпди” қилганларини фош этувчи очиқ-ойдин суҳбатларини ҳам диктофонга яширинча ёзиб олиб, сўнгра шантаж уюштириб, айнан ўшаларнинг ўзларидан пул талаб қилиши билан маълуму машҳур бўлиб қолган журналист Собира Бўлдиева. Буни тасдиқловчи катта форматдаги аудио ёзувлар бир гал унинг эҳтиётсизлик қилиб қўйгани боис бутун жамоага ошкор бўлиб қолди. Бу дискларнинг нусхаси бизда ҳам сақланмоқда.

Шантаж қилишнинг ҳадисини олган устомон артистлар эса  – Тўра Қодиров, Улуғбек Неъматов, унинг хотини Шоира Бўлдиева.   Бундай “асар”ларнинг кўпини кўриб, ҳомийликни зиммасига олган бош продюссер – қандайдир тадбиркорлиги ортидан республика ва халқаро миқёсдаги катта-катта мафиялар билан алоқаси борлиги ва ҳуқуқ-тартибот тизимидаги лавозимдорларнинг барини “оғзини мойлаб”, “қўлга олиб” қўйганлиги билан   мақтаниб, керилиб юрадиган Мустафо Бўлдиев. Яъни Бўлдиева Собиранинг акаси.

Кекса “артист” Қодиров Тўра телерадиокомпания режим хизмати ходими Хуршид Расулов билан доимий алоқада бўлиб турганлиги ва унча-мунча одам рухсатсиз ичкарига киритилмайдиган ишхонамиз ҳудудида ўзини эркин тутиб, бемалол кириб-чиқиб юриши ҳар иккала томондан бу борадаги фитнани амалга ошириш қандай қилиб бошқарилганлигига далолатдир.  Агар бу туҳмат қасддан уюштирилмаган ва катта-катта амалдорлар томонидан қувватлантирилмаган бўлганида ишхонамдан ҳамда ташқаридан шунча киши, яъни ўн нафардан ортиқ киши менга нисбатан очиқ-ойдин тазйиқ қилиб, ҳатто уйимгача бостириб келиб таҳдид қилишгача ҳадди сиғармиди?

2013 йил 12  май куни Қодиров Тўра уйимга келиб, менга шундай гапларни  айтди: ”Ука, гапнинг дангалига ўтайлик. Мен ҳуқуқ-тартибот тизимидан чиққан одамман. Биз қонунни ўз манфаатимизга йўналтириш йўлларини яхши биламиз. Шунинг  учун баъзи бир шикоятчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қиламан, журналистик суриштирув ўтказаман, деб бизга ҳам, ишхонангдаги раҳбарларингнинг ҳам ишларига халақит беришни бас қил. Ҳақиқатпарастлигингни йиғиштир. Ҳақиқат деганлари ҳавода, у қуруқ сафсата. Билмасанг билиб қўй, Ўзбекистонда ҳақиқат – пул! Биз билан ади-бади айтишма-да, гапимизга кўн. Йўқса, ўзингга қийин бўлади. Шундоғам ишхонангнинг раҳбарияти сенга анчадан бери  ола қараб юрганидан хабарим бор. Агар биз бирлашсак, катта кучга айланамиз. Қўлингдан ҳеч нарса келмай қолади. Бизнинг гапимизга кирсанг, менга ўхшаб “Эпика”ларда юрасан. Ёки бир умр автобуснинг орқа эшигига осилиб ўтмоқчимисан?  Ўзингни-ку ўйламабсан, ҳеч бўлмаса бешта болангнинг келажагини ўйламайсанми?” – деди. Мен уларнинг қинғир ишларига ҳеч қачон шерик бўлмаслигимни  рўй-рост айтдим. У эса “Унда ўзингдан кўр, “қулоқсиз” журналистларнинг ҳоли нима кечишини ўзинг яхши билсанг керак-а?..” – дея писанда қилиб жўнаб кетди.

Ёши етмишдан ошган  одамнинг бундай мулоҳаза юритишига ҳайрон бўлиб ёқамни ушладим. Рости, дастлаб улар мени шунчаки қўрқитишмоқчи деб ўйлагандим. Аммо воқеалар ривожи ишхонамнинг раҳбарияти билан ҳуқуқ-тартибот тизимидаги баъзи амалдорлар  тил бириктирганлиги, уларнинг мақсади чиндан ҳам жиддийлиги, яъни мендан қутулишнинг қатъий чоралари кўрилаётганлигини ойдинлади.

Эртаси, 13 май куни  участка милицияси Ғофир (тел: 264-43-40 ва +998-90-996-23-47) қўл телефонидан менга қўнғироқ қилиб кабинетига чақирди. У ерда Қодиров Тўра, Неъматов Улуғбек ва Шоира Бўлдиевалар бор эди. Тўрда ўтирган Қодиров Тўра  участка нозири Ғофирнинг қулоғига нималарнидир шивирларди. Улар менга тазйиқ ва босим кўрсатиб, мендан икки минг АҚШ доллар талаб қила бошлашди. Айниқса, участка нозири менга нисбатан ёзилган бўҳтондан иборат шикоят хатини худдики бир жиноятчига суд ҳукмидан бир парча ўқиб бергандай  тантанавор оҳангда, киши руҳиятига таъқиб ва тазйиқ ўтказадиган даражада ўқиб берганлиги ва ўзини худди ашаддий душмандай тутганлиги менда жиддий шубҳа уйғотди. Сабаби, қандай юзлаштириш ишлари бўлмасин, биринчи навбатда қонунда кўзда тутилганидек, яъни  Ўзбекистон жиноят-процессуал Кодексининг 122 ва 123 моддаларида кўзда тутилган тартиб доирасида ўтказилиши лозим эди. Аммо ТТЗ-1 “Тракторсозлар” мавзесидаги милиция таянч  пунктидаги участка нозирлари Абдусамад ва Ғофир Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексидаги ана шу ҳар иккала моддада кўзда тутилган тартибга зид равишда фаолият олиб боришиб, мени Неъматов Улуғбек ва унинг хотини Шоира Бўлдиева ҳамда Қодиров Тўралар билан юзлаштириш жараёнида  менинг ҳақ-ҳуқуқим бузиладиган ва шахсиятимга тегадиган даражадаги ҳолатнинг юзага келишига сабабчи бўлди. Ҳар иккала участка нозири ҳам Неъматов У., Бўлдиева Ш., Қодиров Т. ларнинг мени ҳар қанақанги бўҳтонга йўғрилган сўзлар билан ҳақоратлашларига йўл очиб берди ва томошабин бўлиб ўтиришди. Бундан мақсад, атай менинг ҳамиятимга тегиб, жанжал чиқариш ва менга яна бошқа бўҳтондан иборат айбловларни ҳам ёпиштириш эканлигини фаҳмлаганим учун бу ҳақоратларга тишимни тишимга қўйиб чидашим, сабр қилиб туришимга тўғри келди. Участка нозирларига ва мени ҳақорат қилган учала шахсга “бу каби ноқонуний ҳатти-ҳаракатларингиз учун жавоб берасизлар”, десам, улар менинг устимдан “ёлғиз отнинг чанги чиқмас…” дея киноя билан кулиб қолишди. Бундай ҳаракатдан уларнинг барчасининг тиллари  бир эканлигини англаш қийин эмасди.

2013 йил 14 май куни Собира Бўлдиева менга қўнғироқ қилиб “сиз ишхонадамисиз?”- деди. Ҳа, дедим. “Ҳозир мен бир киши билан ёнингизга бораман”,- дея 10-15 дақиқалардан сўнг у акаси Мустафо Бўлдиевни бошлаб келиб менга таништирди. Шундан сўнг улар бирданига мақсадга кўчишди.  Яъниким, мени  синглиси Шоира Бўлдиева ва унинг эри Улуғбек Неъматов ҳамда Тўра Қодировлар билан яраштиришга чоғланаётганлигини айтишди.  Мен, “улар менга қилган туҳматлари ва кечаги асоссиз ҳақоратлари учун  жавоб беришсин, ярашиш ҳақида кейин ўйлаб кўришим мумкин, зеро менинг ҳеч кимга ҳеч қанақа адоватим йўқ эди, бу “ўйин”ни кимларнингдир “заказ”лари билан сизлар бошладингиз”, – деб айтдим. Сўнг ака-сингил  менга: “Яхши, улар сиздан узр сўрашади, соат 16:00да участковойнинг хонасида учрашамиз дейишди. Бироқ, ундай бўлмади. Негадир улар томонидан борилиши керак бўлган жой дабдурустдан ўзгартирилди. “Учрашув жойи Мирзо Улуғбек тумани ИИБ ёнида бўлади,”- дейишди. Участка нозири Ғофир ҳам менга сим қоқиб, “эфирингизни ташлаб бўлса ҳам тез етиб келинг”,- деди. Бўлдиева Собира эса ҳадеб менга қўнғироқ қилиб, “тезроқ келмайсизми”, деб безовталангандек бўлаверди.

Мен уларнинг бу безовталикларидан англадимки, демак, кеча амалга ошмай қолган фитна-жанжални кўпайлашиб, бугун бу жойда – Мирзо Улуғбек тумани ИИБ ёнида уюштириб, амалга оширишмоқчи. Бир томондан участка нозири Ғофир “тезда етиб келинг, бўлмаса ҳозир ишхонангизнинг раҳбариятига  қўнғироқ қиламан”, – дея пўписа қилиб, босим кўрсата бошлади.   Иккинчи  томондан Собира худди бир нарсадан кечикиб, қуруқ қолиб кетаётгандай  тезлаб чақиради. Бир пайт уларга жўр бўлиб ишхонамнинг масъуллари – режим ва хавфсизлик хизмати ходими Фазлиддин Худойқулов, кадрлар бўлимидан Феруза деганлари, яна бир ёқдан канал директори  муовини Султонпошша Ёқубова, бош муҳаррир ўринбосари Қобилбек Каримбеков айни иш вақтида, эшиттиришим эфирга кетишига ярим соат қолганлигини била туриб, шу тиғиз пайтда  бир-бирларига навбат бермай менга сим қоқиб ётишибди. Мен-ку майли, ёш бола билан уйда ўтирган турмуш ўртоғимга ҳам тинимсиз қўнғироқ қилишиб, “хўжайинингизга айтинг, тез айтилган жойга етиб борсин, одамлар кутишаяпти”, – дея босим ўтказишган, таҳликага солишган. Ҳатто  раис А.Ходжаев ҳамда режим ва хавфсизлик ходими Ф.Худойқулов ўша лаҳзалар оралиғида ўзларининг ташқаридан шантаж уюштиришда фойдаланадиган эски танишлари бўлмиш қашқадарёлик бир аёлни ҳам ёллаб, уйимга сим қоқтириб, оилани бузишдек бад ният билан ҳар хил бўлмағур, тутуруқсиз гапларни ҳам айттиришган. Бу билан турмуш ўртоғимга ҳам руҳий зарба бериб, оилада катта жанжал чиқариш орқали мени бирданига ҳар томондан “ўққа тутмоқчи” бўлишган. Бироқ, улар ўйлагандай бўлиб чиқмади. Оилада бир-биримизга бўлган ҳурмат, ишонч мустаҳкамлиги, қолаверса, бунақа синовларни бошимизга солишга олдин ҳам бир неча маротаба уриниб кўришганлиги боис  рафиқам бу фитналар ортида айнан ЎзМТРК  раҳбарияти турганлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилганлигини  айтиб, қайтанга мени эҳтиёт бўлишга чақирди ва далда берди. Ўша куни, ўша соатда менга бўлган қўнғироқлар бир лаҳзага бўлса-да тинмади, уйимга ҳам, қўл телефонимга ҳам. Аниқ-тиниқ амин бўлдимки, демак, А.Ходжаев бошлиқ гуруҳ, яъни коррупцион занжир навбатдаги ўлжа сифатида мени ва оиламни бўғишга қаттиқ киришди. Шундай қилиб, уларнинг тузоқ маконига яна  бормадим, боришга вақтим ҳам  хоҳишим ҳам бўлмади.

Қизиқ ҳолат: Эртаси куни, 2013 йил 15 май куни худди ўша участка нозири Ғофир ўз хизмат кийимида  Қодиров Тўранинг менга кўз-кўз қилиб мақтаган “эпика” русумли автомашинасидан тушиб, ишхонамизга, яъни Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига қараб йўл олди. Улар иккаласи ҳам мени кўришди-ю, дарҳол ўзларини четга, яъни  машиналар панасига олишди. Гўёки, ўзларининг биргаликда юрганликларини мендан яшириш учун.  Ана холос, участка нозири Ғофир билан Қодиров Тўра бунчалик ўзларини олиб қочишмаса, дея ҳайрон қолдим. Бундан шу нарса маълум бўлдики, бу ерда уюшган бутун бир гуруҳ менга қарши қандайдир хуфёна тарзда иш пишитишмоқда. Йўқса, нега улар яширинишга уринишди, деган ҳақли савол туғилиши табиий.

Яна иккинчи бир ҳолат. 2013 йил 16 май куни тушдан сўнг Бўлдиева Собира мени ўз ишхонамиз  коридорида кўриб, ёнимдан саломлашмай ўтиб кетди. Бир оз вақт ўтиб эшиттиришлар бевосита эфирга узатиладиган студияда ўтирсам, Бўлдиева Собира кириб келиб, “менинг шу кишида ишим бор” дея, яна саломлашмасдан мени кўрсатди. Ҳа, яхши менда унинг иши бор эканда, деб студиядан чиқишимни биламан,дабдурустдан менга қараб бақириб-қичқириб кетса бўладими?! У менга қараб:“Нима учун сиз Мирзо Улуғбек тумани ИИБ биносининг ёнига бормадингиз? Нимага сиз участка нозирига ёзган тушунтириш хатингизда  Улуғбек Неъматов ва унинг хотини Шоира Бўлдиева билан Собира орқали  танишганман, деб ёзгансиз? Нега бизнинг гапимизга кўнмаяпсиз?”- дея бутун коридорни бошига кўтариб, шантаж қила кетди. “Ҳей инсон, овозингизни пасайтириб гапиринг, нега бунча бақирасиз”, десам, “бақиравераман, улар билан мен орқали танишганингиз йўқ-ку”, дея аййюҳаннос сола бошлади. Мен эса Собира Бўлдиевага ўз туғишган синглиси Шоира Бўлдиева ҳамда куёвгинаси Улуғбек Неъматовларнинг “бошига иш тушиб қолганида” улар билан таништириш учун уйимгача бориб, икки ҳафта қатнайвериб, ҳоли-жонимга қўймасдан, телефон қилавериб, журналистик суриштирув ўтказиб, жигарларига ёрдам беришимни сўраб, йиғлаб-ёлворганларини эслатдим. Табиийки, у сурбетларча тонди… “Сен нима учун кеча мен айтган жойга (яъни у айтмоқчики, Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармасига) мен билан биргаликда бормадинг? Сенга энди кўрсатиб қўяман. Ҳозир сен мен билан телерадиокомпаниянинг режим ва хавфсизлик бўйича ходимларининг хонасига борасан. Ўшанда гап нимада эканлигини биласан. Олдимга туш” дея ўшқира бошлади ва сал бўлмаса мени судрашга тушмоқчи.

Унинг бу шанғиллашидан яна бир бор англадимки, Мирзо Улуғбек тумани ИИБ бўлими ёнида менга нисбатан қандайдир фитна тайёрланганлиги аниқ. Бу ишларни уюштиришда етакчи бўлган Собира Бўлдиеванинг айни пайтдаги жазаваси  уларнинг навбатдаги  найранги ҳам иш бермай қолганлигидан эди… С.Бўлдиеванинг ўз-ўзидан кутилмаганда бу қадар куч олиб менга қараб сапчиши ва шунчалик кескин ҳатти-ҳаракатларидан унинг кимнингдир ноғорасига ўйнаб, тегишли топшириқни аъло даражада бажаришга ошиқаётганлиги ташқаридан қараб, кузатиб турган кишига яққол сезилиб турарди. У рол ижро этаётган эди…

…Худди ана шу ҳодисотлар кўлами  Ўз МТРК раисига берадиган навбатдаги саволимга асос бўлганди.

24.06.2014 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар