Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Дориюнлар воқеаси

Дориюнлар воқеаси
26 Şubat 2017 - 8:00 'да юкланди ва 1140 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 148
(давоми)

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ НОМАЛАРИ ВА ЭЛЧИЛАР

ДОРИЮНЛАР ВОҚЕАСИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратдан илгари Маккада турган вақтларида Шом тарафида яшайдиган Дориюн арабларидан бир неча кишилар келиб иймон келтиришган эди.

Булар ичида Тамимуд-дорий, Абу Ҳиндуд-дорий, Наимуд-дорий деган кишилар бор эди. Бу дориюнлар қайтар вақтларида:

— Ё Расулаллоҳ, вақти келиб Худо сизга олам атрофидан кўп ерлар берса, бизга ҳам шу ерлардан ато қилғайсиз, — дедилар.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Хоҳлаган ерни айтинглар, шу ҳозирдаёқ хат қилиб берайин.

Расулуллоҳ олдиларидан чиқишиб ўзаро келишгандан кейин Байтул мақдис шаҳрини атроф қишлоқлари билан сўрамоқчи бўлдилар. Анда Абу Ҳинд айтди:

— Бу шаҳар илгари Ажам подшоларига марказ бўлиб келгандур. Бу сўнгги кунларда эса арабларга пойтахт бўлиши кутилмоқда. Буни қўйиб бошқароқ жойдан кўрсатайлик, — дейишиб, охири Шом тупроғида Байт Жайрум деган жойни сўрадилар.

Расулуллоҳ буни маъқул кўриб, бир парча кийик терисига ҳужжат хати ёздириб бердилар.

Нусхаси бу эрур:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳаза китобун зукира фиҳи ма вахаб Муҳаммадун расулуллоҳи лид-дориййина иза аътоҳуллоҳу лаҳуларза ваҳабалаҳум Байта Айнуна ва Жайруна вал Мартум ва Байта Иброҳима илал абадалабад. Шаҳида бизалика Аббас ибну Абдулмутталиб ва Хузаймату ибни Қайс ва Шураҳбил ибни Ҳасанах».

Таржимаси: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳнинг Пайғамбари Муҳаммад Дориюнларга шу жойларини ҳиба қилиб берди: Байти Айнун, Жайрун, Мартум, Байти Иброҳим. Аллоҳ ўз Пайғамбари Муҳаммадни шу жойларга қачон эга қилса, ул кишилар шу ерларни олсинлар. Буларга доимий мулк бўлсин. Абдулмутталиб ўғли Аббос, Қайс ўғли Хузайма, Ҳасана ўғли Шураҳбил гувоҳдур».

Сўнгра бу хатни уларга бериб:

— Энди ўз ерингларга қайтганинглар яхшидур. У ерга боргач, меним Мадинага ҳижрат қилиб келишимни кутиб туринглар, — деб рухсат қилдилар.

Улар ҳам ўз жойларига қайтишди. Қачонки Расулуллоҳ ҳижрат қилиб Мадинага келдилар эрса, Дориюнлар уни англашиб Мадинага келиб, Расулуллоҳ билан кўришгандан сўнгра Маккада ёзилган бурунги ҳужжат хатни янгилаб беришни талаб қилишди. Иккинчи ҳужжат хатни ёзишга буюрдилар. Нусхаси ушбудир:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳаза ма анто Муҳаммадур Расулуллоҳ литамимид-дорий ва ашобиҳи. Инний антайтукум Байта Айнуна ва Жайруна вал Мартум ва Байта Иброҳима, бирумматиҳим ва жамийъа ма фийҳим натийята баттин ва нафадту ва салламту золика лаҳум валиаъқобиҳим мин баъдиҳим абадал абад. Фаман азаҳум фиҳи азаҳумуллоҳ. Шаҳида бизалика Абу Бакр ибни Қуҳофа ва Умар ибни Аби Хаттоб ва Усмон ибни Аффон ва Али ибни Аби Толиб».

Таржимаси: «Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад Тамимуд-дорий ва анинг йўлдошларига Байти Айнун ва Жайрун ва Мартум ва Байти Иброҳим — шу жойларни ичидаги борлиқ нарсалари билан ҳиба қилиб бердим. Ўзларига, кейин болаларига доим мулк бўлсин. Бу тўғрилик уларга ким азият етказса, Аллоҳ унга азият еткизсин. Абу Бакр ибн Қуҳофа, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб бу ишга гувоҳдурлар».

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар