Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қайтиш масаласида

Қайтиш масаласида
27 Şubat 2017 - 11:25 'да юкланди ва 1426 марта ўқилди.

Мусулмончиликнинг, умуман, инсонийликнинг бир одоби бор. Биров саломга қўл узатса, унинг қўлини олмоқ лозим. Шу инсоний одоб ҳурмати, биз Ўзбекистон Президенти Каримовнинг мухолифатга қаратилган ватанга қайтиш чақириғига самимий, бажонудил жавоб бераяпмиз. Аммо бу дегани, Президент Каримовнинг чақириғига биз тўла ишондик, деган гап эмас. Бу чақириқнинг нақадар самимий эканини биз билмаймиз.

Шунинг учун ҳам кичик, илк этапда бажариладиган шартлар қўйдик, агар бу шартлар бажарилса, демак, Каримовнинг бизни ватанга қайтариш нияти самимий, агар бажарилмаса, буни Ўзбекистон раҳбарининг навбатдаги ҳийласи, деб баҳолашга мажбур бўламиз.

Чунки, мухолифатнинг бир қисмини қамоқда ушлаб, иккинчи қисмини юртга даъват қилиш, унга кечиримли бўлайлик, дейиш, иккиюзламачилик бўлади ва бу даъватга ҳеч ким ишонмайди. Ва биз ҳам ватанга қайтолмаймиз, чунки сиёсий ва диний мухолифатнинг мингларча бегуноҳ аъзолари қамоқда ўтираркан, бизнинг ватанга қайтишимиз ҳалол бўлмайди, агар қайтсак, бизнинг ватандан чиқиб кетишимизга сабаб бўлган ғояларимизга хиёнат қилган бўламиз, халқимизга хиёнат қилган бўламиз. Чунки халқнинг бир қисмига афв чиқариб, иккинчи қисмини яна қамоққа
ташлаётган мунофиқ режим билан келишган бўламиз. Буни биз асло қилмаймиз.

Лекин ҳозирча, биз Ислом Каримовнинг фақат даъватига жавоб бераяпмиз, даъватнинг самимийлиги ёки носамимийлиги иккинчи масала. Каримов бир давлатнинг бошлиғи, минбардан бутун дунё кўзи ўнгида бир баёнот берди. Муҳим баёнот берди. Унинг маъсулияти бир давлат Президентини ташийди. Биз мухолифат сифатида бу баёнотни жиддий қабул қилишга мажбурмиз.

Бу даъватни самимий, деб фараз қилишга ва шунга яраша жавоб беришга мажбурмиз. Нега? Чунки Каримов эртага яна: «Мен мухолифатни юртга чақирдим, менга жавоб бермади, менга ишонмади, менинг чақириғимни ҳийла, деб баҳолади, энди ўзидан кўрсин», дея дунёга жар солиши турган гап. Биз Каримовнинг шундай дейишига йўл қўймаслик учун ҳам унинг чақириғига жиддий жавоб бераяпмиз.

Баъзи дўстларимиз Тожикистон ҳукуматини мисол келтириб, «мана, ҳукумат ва мухолифат келишди-ку, улар бир-бирларига ўқ отди, икки тарафдан ҳам кўп одам ҳалок бўлди, шунга қарамай, туппа-тузук янги ҳаёт бошладилар-ку, Ўзбекистон мухолифати қуролли кураш олиб бормади, қамалди, азоб кўрди, энди бугун Каримов адолатни тикламоқчи экан, балки унинг нияти самимийдир», дея умид билдиришаяпти. Лекин Каримов баёнотидан кейин ҳам қатағон давом этаётган экан, бу умид пуч бўлиб қолаверади.

Мен мухолифат номидан қисқача шуни айтмоқчиман. Биз ҳорижга яхши яшаш учун, Ғарбнинг неъматларидан баҳраманд бўлиш учун чиқиб кетмадик. Биз режимнинг бизга қарши юритган терроридан, бизга қарши йўналтирган ўлим таҳликасидан ўзимизни, оиламизни амин қилмоқ учун юртдан кетишга мажбур бўлдик. Энди Ўзбекистон раҳбари бизни қайтишга даъват қилар экан, биз бу таклифга режимга кўзимиз учиб тургани учун жавоб қилаётганимиз йўқ. Биз қўлимиздан тортиб олинган ҳақларимиз-нинг қайтариб берилиши учун жавоб бераяпмиз.

Агар булар қайтариб берилса, ватанга бориб, халқимизга хизмат қилиш учун жавоб бераяпмиз. Бизнинг бундан бошқа ҳеч бир илинжимиз йўқ.

Биз Ўзбекистон раҳбарининг бизга қарата қилган чақириғига ўз муносабатимизни билдирдик. Энди унинг жавобини кутаяпмиз. Унинг жавобига қараб, биз ҳам хулосавий сўзимизни айтамиз.

(1998)

(64)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (180-182-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар