Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ҳақиқат тўлқинлари зулм тўғонларини емира бошладими?

Ҳақиқат тўлқинлари зулм тўғонларини емира бошладими?
27 Şubat 2017 - 13:04 'да юкланди ва 1233 марта ўқилди.

Олдинги дайжестларимизда бир неча бор Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган электрон оммавий ахборот воситаларида уйғониш эпкини эсаётгани, улар аввал умуман тилга олинмаган мавзуларни қаламга олаётганига эътибор қаратган эдик.

Бугун ҳам шу мавзуни давом эттириб, электрон ОАВлардаги бу вазиятга бироз кенгроқ ёндашиш истагидамиз.

Кўпчилик эътибор беряптики, Ўзбекистондаги ОАВ, айтиш жоиз бўлса, юрт учун ҳозирги янги бир босқичда биз ўн йиллар давомида кўникиб қолганимиз биқиқ муҳитдан чиқиб, ўзининг «қимматбаҳо тўни»ни тешиб чиққан пилла капалаги сингари тоза ҳаводан нафас олиш ҳамда парвоз ва эркинлик завқини туйиш ҳаракатидадир.

Kun.uz, Nuz.uz, Tafsilot.uz каби сайтларда бу ўзгаришлар нисбатан кўпроқ кўзга ташланмоқда. Илгари электр, газ танқислиги муаммосини кўтарилармиди? Текис юзасидан кўра ўйдим-чуқури кўп йўллар масаласи-чи? Ишсизликни-чи?

Бугун бу муаммолар электрон ОАВдан ташқари босма газеталаримизда ҳам бот-бот кўтарилмоқда.

Ҳатто ҳукуматнинг энг расмий ахборот воситаси бўлиш Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳам ўзгаришга урингандек бир-икки ҳаракатини кўрсатди. Илгари давлат раҳбарининг бир вилоятга боргани тўғрисидаги хабарни ярим кечагача кутиш керак эди. Энди ЎзА президентнинг вилоятларга чиқиб, ҳар бир тумандаги учрашуви ҳақида имконияти даражасида тезкор хабар тарқатишга ҳаракат қилмоқда.

Ҳатто бу ўзгаришни тезда илғаган бир журналист расмий ахборот агентлигининг бу хатти-ҳаракатларини мақтаб ҳам чиқди.

«Мустақиллик туфайли юртимизда баҳор келди» каби сарлавҳалари билан машҳур бўлган ЎзА тезкор хабарлар тарқата олишини исботлади», деганга ўхшаш мақтовни ҳам айтиб ўтди.

Илгари ЎзА президентнинг вилоятларга ташрифига кўп бўлса, битта мухбир ва битта фотомухбир жўнатарди. Маълум бўлишича, ҳозир давлат раҳбарининг бирор вилоятга ташрифига ЎзАнинг камида ўнта мухбири ҳамроҳ бўлиб боряпти.

Телевидениедан бораётган гуруҳлар аъзоларининг сони ҳам 30 нафарга яқинлашиб қолган эмиш.

Биз ҳам юқорида тилга олинган журналистнинг мақтовига тўлиқ қўшилмаган ҳолда бир истиҳолани айтиб ўтмасак бўлмайди. ЎзА янги даврга ҳам эскича руҳияти билан кириб келди. Бугун ҳам агентликнинг хабарлари «президентимиз раҳнамолигида», «муҳтарам президентимиз» каби Ислом Каримов давридан мерос жумлалар билан тўла.

Тўғри, ЎзАда аниқ муаммолар тилга олинмайди ёки умумий жумлаларда эслатиб ўтилади. Эслатиб ўтилганда ҳам муаммоларнинг илдизлари очилмайди, таҳлил этилмайди, айбдорлар очиқ айтилмайди.

Бу каби ҳолатларни муаммоларни айта олаётган норасмий электрон ОАВлар фаолиятида ҳам учратиш мумкин. Аммо ЎзАдан фарқли ўлароқ, уларда муаммолар кенгроқ тилга олинмоқда, илдизлари имкон қадар кўрсатиб берилишига интилиш бор.

Битта мисолни келтириб ўтамиз. Президент иштирокидаги турли учрашувлар ҳақидаги мақолаларнинг ЎзА ва бошқа эркин электрон ОАВларда ёритилишида жуда катта фарқ мавжуд. Биргина ўтган йил якунларига бағишланган йиғилишнинг ёритилишига эътибор қаратишингиз кифоя.

Албатта, расмий агентлик ва хусусий сайтлар фаолиятининг ўзига хос жиҳатлари бор. Шунга қарамай, маълумот олиш борасида ЎзАнинг имкониятлари кенглигини ҳисобга олсак, агентликнинг бугунги ҳолати ҳали ҳам аянчлидир, деган хулосага келиш мумкин.

Хусусий электрон ОАВларнинг «майдонни кенгроқ олиш»га уринаётгани диққатга сазовор. Айниқса, Kun.uz сайтининг бу борадаги фаолияти эътиборга лойиқ.

Kun.uz сайтининг бир неча мақолалари шов-шув бўлди. Уларнинг баъзилари сайт томонидан тайёрланган, айримлари бошқа сайтлардан тезкорлик билан кўчириб босилган. Шунинг ўзиёқ Kun.uz эркинлик сари бошқалардан кўра кўпроқ интилаётгандек таассурот уйғотади.

Самарқанддаги электр танқислиги ҳақида Nuz.uz дан кўчириб босилган мақола, биттагина кичкина маълумотни тақдим этишни ҳафталаб чўзган Марказий банк танқид қилинган муаллифлик мақоласи Kun.uz нинг бугунги интилишларини кўз-кўз қиладигандек кўринади.

Бундан ташқари, сўнгги вақтларда Kun.uz бир ишга қўл урдики, бу сўнгги йиллардаги ўзбек журналистикаси учун каттагина янгилик сифатида қабул қилинмоқда. Бу ўзгариш сайт мухбирларининг вилоят ҳокимлари билан юзма-юз интервьюлар уюштириш ҳаракатларидир.

Яқинда бу ҳаракатларнинг илк маҳсули – Андижон вилояти ҳокими билан видеоинтервью эълон қилинди. Унда турли мавзулар кўтарилди, ҳоким вилоятни ривожлантириш, у ердаги муаммоларни ечиш, аҳолининг дардларини тинглаш каби масалаларда ўз нуқтаи назарини билдирди.

Назаримизда, бу ўринда асосий жиҳат видеоинтервьюда кўтарилган масалаларда эмас, балки ҳокимнинг норасмий ОАВ вакили билан суҳбатлашганидадир. Чунки шу вақтгача ўзбек журналистикасида бундай ҳодисалар анқонинг уруғи мисол бўлиб келганди.

Ўзбек ОАВларида юз бераётган бу каби ўзгаришлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин бу ўзгаришларга сабаб нима, деган савол ўртага чиқиши табиий.

Гап шундаки, янги президент қудратга минар-минмас «халқ билан мулоқот қилиш» иштиёқи баландлигини баралла айта бошлади. У икки гапининг бирида «халқ давлат учун эмас, давлат халқ учун ишлаши керак»лигини таъкидламоқда.

Президентнинг мана шундай умидбахш хатти-ҳаракатлари, раҳбарларни «олиб бориб олиб келаётгани» ортидан олий ҳокимият доираларида қандайдир мавҳумлик ҳукмрон сураётгандек таассурот пайдо бўлмоқда.

Бу мавҳумлик шароитида ҳукмрон доиралар вакиллари президент ўзи эълон қилган сиёсий курсини айни йўналишда давом эттирадими ёки аста-секин вазият яна аввалги ҳолатига қайтадими, деган савол қаршисида қолди.

Аммо бу саволнинг жавобини ҳозирча кўпчилик билмаяпти. Фикримизча, ўзбек журналистикаси мана шундай бир вазиятда лойқа ҳовуздан кенг денгизга чиқиш йўлини қидираётган балиқ каби ҳолатдадир. Гўёки ҳукмрон доиранинг ҳақиқат тўлқинлари йўлида қурган тўғонини имкон қадар емиришга интилмоқда.

Бироқ йиллар давомида халқ қонини зулукдек сўриб келган ҳукмрон доиралар ҳеч қаерда, ҳеч қачон осонликча ўлжасидан воз кечган эмас. Эркин матбуот зулуклар юзидаги пардани очиб ташлашини улар жуда яхши тушунади.

Шунинг учун журналистлар «энди матбуотга ҳам эркинлик берилди, аста-секин мақсадимизга етамиз», деб чизиб берилган чегара доирасида «эркинлашиш» ўрнига дадил қадамлар қўйиб, ҳақиқий эркинлик учун ҳаёт-мамот жангига киришиши керак.

Зеро, ҳақ олинур, берилмас!

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси

Манба: Eltuz.com

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар