Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Қирғизистонда нима бўлаяпти?

Қирғизистонда нима бўлаяпти?
28 Şubat 2017 - 10:36 'да юкланди ва 1702 марта ўқилди.

26 февралдан буён Қирғизистон пойтахти Бишкек, мамлакатнинг жанубий пойтахти Ўш ва Жалолобод вилоятида норозилик митинглари бўлиб ўтмоқда.

Норозилар 26 феврал тонгида Истанбул-Бишкек авиарейсида учиб келиши биланоқ “Манас” аэропортида қўлга олиниб, 48 соатга ҳибсга олинган сиёсатчи Ўмурбек Текебаевнинг ҳибсдан озод қилинишини талаб қилмоқда.

Бу сарлавҳага чиқарилган саволнинг жавобидир.

Қирғизистондаги воқеаларни тушуниш учун яна бир неча савол жавоби айтилиши керак.

Ўмурбек Текебаев ким?

Ўмурбек Текебаев – Қирғизистондаги энг таниқли сиёсатчилардан бири, ёши 58 да. Сўнгги чорак аср давомида мамлакат парламенти – Жўғўрқу Кенеш депутати. Мамлакатдаги дастлабки партиялардан бири – “Ата-Мекен” социалистик партияси асосчиси ва лидери. Парламентдаги “Ата-Мекен” партияси фракцияси етакчиси. Ҳозирда бу фракция оппозицияда.

2010 йилги Апрель инқилоби чоғида Текебаев ким томонида эди?

Инқилобчилар томонида эди. Ҳозирги президент Атамбаев билан бирга Роза Ўтунбаева етакчилигидаги Муваққат ҳукумат аъзоси, яъни Атамбаев билан сафдош, маслакдош эди.

Текебаевни “Қирғизистон Конституциясининг, қирғиз парламентаризмининг отаси” дейишади, шу ростми?

Ҳа, Қирғизистонда шундай гап бор. Президент Бакиевни қувиш билан тугаган 2010 йилги инқилобдан сўнг Ўмурбек Текебаев мамлакат Конституциясининг янги вариантини ёзиш гуруҳига бошчилик қилган ва янги Асосий қонун Қирғизистоннинг Парламент республикасига айланишига асос бўлди.

Текебаев билан Атамбаев орасига совуқчилик тушган дейишади, шу ростми?

Ҳа, рост.

Нега?

Гап шундаки, президент Атамбаев Текебаев раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва таркибига 2020 йилгача ўзгартиш киритиш қонун билан тақиқлаб қўйилган Конституцияга ўзгартишлар киритиш ташаббусини ўтган йили кўтариб чиқди. Президент ташаббуси, танқидчилар фикрича, биринчидан, қонунга зид, иккинчидан, мамлакат танлаган парламентаризм руҳига зид эди.

Текебаев билан Атамбаев ўртасидаги совуқчилик шундан бошланганми?

Ҳар ҳолда, ташқаридан қараганда, шундай. Атамбаев Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтказмоқчи бўлди. Текебаев ва унинг ҳамфикрлари қарши турди. Бироқ, бошқа сиёсатчилардан фарқли ўлароқ, Ўмурбек Текебаев мамлакатдаги олтин конлари, хусусан, Кумтор кони бўйича ҳам қатъий позицияда туриб келди. Унинг фикрича, Кумтор конини ҳорижий инвестор билан бирга ишлатишда Қирғизистон ҳукумати миллий манфаатлардан келиб чиқмаган.

Атамбаев нима қилди бу қаршиликка қарши?

Қирғизистоннинг Мустақиллик байрамида қилган чиқиши чоғида Президент Муваққат ҳукумат аъзоларидан баъзиларни қонунбазарликда, талончиликда айблади. Бу гапдан кейин собиқ президент Ўтунбаева байрамни тарк этди. Атамбаев отган “ўқ”лардан бири ўшанда Текебаевга “бориб тегди”.

Текебаев “ярадор” бўлиб қолавердими?

Йўқ. Шундан кейин компроматлар уруши бошланиб кетди. Текебаев парламент минбаридан ҳамда журналистлар олдида қилган чиқишларида “президент Атамбаевнинг, унинг маъмуриятидаги айрим мулозимларнинг коррупционерлигини фош қила бошлади”.

Атамбаев индамай ўтиравердими?

Йўқ. Текебаевнинг айбловларига жавобан Президент маъмурияти Текебаев ва унинг икки партиядоши, депутатлар Аида Салянова (собиқ бош прокурор) ва Алманбет Шикмаматовларни коррупционерликда айблади. Уларнинг устидан ҳам жиноят ишлари очилган.

Текебаевга қандай айблов қўйилмоқда?

Текебаевнинг ҳибсга олиниши арафасида Қирғизистон миллий телевидениеси россиялик тадбиркор Леонид Маевскийнинг ярим соатлик кўрсатмасини эълон қилди. Унда Маевский Текебаевга 1 млн. доллар пора берганини иддао қилган. Тадбиркорнинг айтишича, бу пул эвазига Текебаев унга “Мегаком” алоқа компаниясини сотиб олишига шароит яратиб бериши керак эди.

Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Абдил Сегизбаевнинг бугун Жўғўрқу Кенешдаги мажлисда айтишича, Текебаевнинг устидан жиноят иши очиш учун Маевскийнинг баёноти билан бирга 7 та сабаб бўлган.

Қирғизистонда 2005, 2010 йиллари инқилоб бўлган эди, яна инқилоб бўлиб кетиши мумкинми?

Бу саволга ҳозирда ҳеч кимда жавоб йўқ. Ҳар ҳолда, Қирғизистонда нафақат Текебаевнинг тарафдорлари, балки унга қаршиларнинг ҳам митинглари бўлиб ўтмоқда.

Манба: “Озодлик” радиоси

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар