Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Минтақадаги хавф

Минтақадаги хавф
02 Mart 2017 - 5:00 'да юкланди ва 1290 марта ўқилди.

Шу йил куз ойларида Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтишга ҳаракат қилган қуролланган гуруҳ, баъзилар айтаётгандай, фақат 1992 йил Наманганда диндорларга қарши бошланган Каримов терроридан қочган одамлардан иборат эмас. Бу гуруҳ 1992 йилдан бошлаб, то 1998 йилгача Ўзбекистондаги зулмдан қочган кишилардан иборатдир. Бу одамлар Аркадий Дубнов каби ёлғон-яшиқни ўзига касб қилиб олган мухбирлар ёзганидай, босмачи ҳам эмас. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Турсунбой Охуновнинг айтишича, бу одамларнинг 60 фоизи олий маълумотли кишилар.

Қолганлари косиблар, ишодамлари экан. Булар, ўзбек режимининг зулми бўлмасайди, бу одамлар юртидан қувилмасди ва табиийки, қўлига қурол ҳам олмасди ва Қирғизистон ҳудудида туриб, ўзбек диктаторларининг тушларига кириб чиқмасди.

Демоқчимизки, Қирғизистонда вужудга келган таҳликали вазиятдан, Тожикистондаги, Ўзбекистондаги, борингки, бутун Ўрта Осиёда пайдо бўлган фуқаролар уруши бошланиши хавфига масъул битта тараф бор: бу – Ўзбекистондир. Ўзбекистон ҳукумати юритган сиёсат фақат Ўзбекистонда эмас, бутун Ўрта Осиё давлатларида истиқрорни хавф остига қўйди. Буни кўра-била туриб, ўзини демократик санаган баъзи давлатларнинг «минтақадаги энг барқарор ўлка», дея Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаётгани кишини ҳайратга солади.

Шунинг учун «минтақадаги хавф» дер экан, урғуларни, нуқталарни жой-жойига қўйиб гапириш лозим. Ўзбек мухолифати учун масала кун каби ойдиндир. Каримов режими Ўзбекистонда ҳоким экан, Ўзбекистонда ҳам, Ўрта Осиёда ҳам ҳеч нарса яхши тарафга ўзгармайди. Шундан хулоса қиламизки, Ўзбекистондаги тоталитар режимни қўллаётган баъзи давлатлар ҳам Ўзбекистон ва Ўрта Осиёда бирор нарсанинг ўзгаришини истамаяптилар. Ва зулм остида қўлига қурол олишга мажбур бўлган бу мазлум йигитларни «бандит» деб атаётган матбуот ҳам ўша иккиюзламачи давлатларнинг ноғорачисидир.

Хулласи калом, бугун Ўрта Осиё минтақасидаги истиқрорга хавф солаётган иккита таҳлика бор: биринчиси – Ўзбекистондаги тоталитар режим, иккинчиси – бу режимни қўллаб-қувватлаётганлар. Учинчи бир хавф йўқ.

1999

(67)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (190-191-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар