Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

“Қодировларнинг қудратини билмайсанми?”

“Қодировларнинг қудратини билмайсанми?”
02 Mart 2017 - 9:00 'да юкланди ва 2680 марта ўқилди.

Нарзулло Охунжонов 

МАМЛАКАТНИ КИМ БОШҚАРАЯПТИ?
(йигирма тўққизинчи мақола) 

“ҚОДИРОВЛАР ҚУДРАТИНИ БИЛМАЙСАНМИ?”

“Кўп эмас, оз эмас бундан беш йил аввал фалон бўлганди” деб туҳмат аризасини уюштиришди. Шундан сўнг уйимгача бостириб келиб оилам-болаларимни қўрқитиб кўришди. Тинч-аҳилгина оилани бузишдек бад ният ила фитналар қилишди. Таъқиб-тазйиқлар турмуш ўртоғимга нисбатан ҳам унинг ишхонасида очиқ-ойдин бошланиб кетди. Бунинг устига ҳар куни давлат рақами мавжуд бўлмаган бир “матиз” машинасидаги кимсалар уйимнинг рўпарасига келишиб кузатув ишларини ҳам бошлаб юборишди. Бу ҳолатни биз унчалик сезмагандик ва эътибор ҳам қилмагандик. Баъзи қўшниларимиз сезиб, бу ҳақда бизга хабар берганидан сўнггина билдик. Менга-ку ишхонамда олдинги мақолаларда келтирилганидек, таъқиб-тазйиқлар ҳар томонлама авж олдирилди.

Гуруҳбозлик асосида келишилган ҳолда буюртма бўлса ҳам аризангни ҳуқуқ-тартибот органларига эмас, МТРК раиси номига ёзиб бердинг. Ҳеч бўлмаса, шу аризангни натижасини сабр қилиб кутиб, тинчиб ўтиришинг керак эмасми? Йўқ. Улар тинчий олишолмади. Чунки, бу қабиҳ ҳаракат кўп қиррали маккорликка асосланганди. Нимаики, қилиб бўлмасин, қандай йўл тутиб бўлса ҳам  киши қалби-юрагига қўрқув-ғулғула солиш билан бўлса-да, ўзининг мақсадига эришиш уларнинг энг муҳим мақсадларидан бири эди. Энди уларнинг имконияти қай даражада эканлигини кўрсатувчи ва шунга жиддий ишорат берувчи омиллар билан қўрқитиш усулларига ўтила бошланди. Яъни ҳуқуқ тартибот органларида кимлари, қандай “криша”лари ва қанақанги “земляк”лари-ю, қариндош-уруғи, ошна-оғайнигарчилик,  қуда-андачиликка асосланган алоқалари нақадар кенг қулоч ёзганлигини рўкач қилиб босим ўтказиш маккорларнинг бош вазифасига айланди. Сабаби бугунги кунда Ўзбекистонда худди шу асосдаги маҳаллийчилик, таниш-билишчиликни ишга солиб, баъзида эса унчалик яқинлиги бўлмаса-да, катта лавозимдаги раҳбарларнинг номини сотиб ёки уни ниқоб қилиб босим ўтказиш усулларига зўр бериш ҳоллари мавжуд. Коррупция ботқоғига ботган мамлакатда бу нарса янада урчиган, илдиз отган.

Шу боисдан ушбу гуруҳ энди мени қўрқитишнинг бошқа усулига ўтишди. Қодиров Тўра дегани ишхонамга ҳадеб қатнайдиган бўлиб қолди. У режим ва хавфсизлик хизмати ходими Расулов Хуршид билан доимий алоқада. Бир сафар у мени ишхонамнинг олдида кутиб олди. Кибр билан ўзига эрк бериб, атай жанжал чиқаришга уриниб кўрди. Ёши етмишдан ошиб қолган бу одамга “Эй инсон, менинг уйимга бостириб бориб қилган номаъқулчиликларингиз етмадими? Ана ўзингиз истагандек, ёзадиган жойингизга ёздингиз, энди жавобини кутиб юраверинг-да” дедим. Шунда у менга қараб: “Ука, сен менинг совунимга кир ювмаган экансан. Шуни яхши билиб қўйгинки, ички ишлар вазирининг тергов масалалари бўйича ўринбосари Нурматов Сайфулло Очилович менинг “землягим” бўлади. Сен анави чемпионнинг ҳуқуқини ҳимоя қиламан деб ўчакишиб қолган Мирзо Улуғбек тумани прокурори Абдуқаҳҳор Тўхтабоев ҳам ўзимизнинг одам. Унинг ўринбосари – А.Қодиров, республика бош прокурори эса –  Р.Қодиров, ўзинг яхши билганингдек, менинг фамилиям ҳам  – Қодиров. Шундан ҳам хулоса қилавергин: учта Қодиров бирлашиб, нималарга қодирлигимизни кўрсатиб қўйиш қўлимиздан келади.. Биз Қодировларнинг қудратини билмайсанми? Эшитмаганмидинг ҳеч? Жилла қурса, “сен бош прокурорнинг қайси хизматдан келганлигини  биларсан” дея унинг МХХдан келганлигига шаъма қилди. – Билиб қўй, мен хоҳлаган пайтимда ўша бош прокурорнинг столи устига сен ҳақингда ҳар қанақанги уйдирмадан иборат бир қулоч материалларни қўйишга қурбим етади. Бизларни нафақат фамилиялар, балки бошқа жиҳатлар ҳам боғлаб туради. (У шу жойда соққани назарда тутаётганлигини билдириш учун икки бармоғини бир-бирига ишқаб, шиқирлатиб қўйди.) Шунинг учун ҳам менинг айтганимга юрсанг юрдинг, бўлмаса, барибир ҳаммаси бизнинг фойдамизга ҳал бўлади.” – деган гапни Тўра Қодиров қаттиқ ишонч билан айтди.

Унга яна бир марта қаерга хоҳласа бориши мумкинлигини тушунтирдим. Лекин у нимани истаётганлигини кейин тушундим. Унинг менга айтишича, уларнинг гуруҳига қўшилишим, мен улар каби кимларнингдир тагига сув қўйиш, чув туширишда иштирок этишим, аниқроғи улар ёқтирмайдиган баъзи кимсаларни ёмонотлиқ қилишим учун қаламимдан фойдаланиб, ўз касбим, инсоний бурчимни суистеъмол қилишим керак эмиш. Бу одам нега менга бунчалик ёпишиб олдийкин, деган ўйда мен ҳам унинг ўзи, яъни Т.Қодировнинг аслида ҳақиқатдан ким эканлиги билан жиддий қизиқишимга, у ҳақдаги қатор маълумотларни ўрганишимга тўғри келди.

Чунки бу нусханинг шу қадар эркин ҳаракат қилишига қараганда, бунинг орқасида кимлардир-нималардир борлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Сабаби бир гал у менга: “МХХга чақиртирилиб сўроққа тутилганингдан кейин биларсан кўп нарсаларни…” деб айтганди. ЎзМТРК раҳбари ва режим-хавфсизлик хизмати, прокуратура, ички ишлар ва бунга республика МХХси ҳам қўшилган бўлса, демакки, унда бизнинг оиламиз билан шуғулланадиган ташкилотнинг ўзи қолмабди-да, дея ҳайрон бўлгандим. Шунда биз билан шуғулланишга жалб қилинмаган куч ишлатар тизимдан фақат яна биттагинаси, у ҳам бўлса-мудофаа вазирлиги қолибди-да, дегандим..

Қодиров Тўра асли Навоий вилояти Қизилтепа туманидан бўлиб, у ички ишлар тизимида ишлаб юрган вақтида вояга етмаган бир қизнинг номусини топтаган ва шу боис унга нисбатан жиноий қўғатилган. У шунчалик устомонлик қилганки, яъни қиз жуда қаттиқ қўрқитилиб, унга турли тазйиқ ўтказилиб, унинг берган дастлабки берган кўрсатмасини ўзгартириш орқали зўрға ушбу жиноят ишини ёпишнинг йўлини қилган ва ишдан кетиш-ҳайдалишга мажбур бўлган. Шунда ҳам унинг тўрт мучаси соғ бўлса-да, вилоят соғликни сақлаш тизимидаги ўз қариндошлари орқали сохта ҳужжатларни тайёрлаш асосида иккинчи гуруҳ ногиронлигига чиқиб, бу қинғир ишининг жавобгарлигидан амаллаб қутулиб қолган. Ўша қиз ҳозиргача жуда кўп жойларга арз қилиб мурожаат қилишига қарамасдан ҳеч бир нарсага эриша олмасдан сарсон бўлиб юрганлиги ҳақида ушбу ҳолатдан хабардор ишончли манба гапириб берди.

Шунингдек, бу Қодиров Т. ўз куёвининг ҳам бошига етганлиги хусусида аниқ маълумотлар мавжуд. Бу ўта учар бўлган милиция ходими ички ишлар тизимидан ҳам кетиб тинчимаган. Қаттиқ зерикиб қолганидан амал-тақал қилиб адвокатлик лицензиясини қўлга киритган. Бу соҳада ҳам унинг  улоғи узоққа чопмасдан омади келмай қолган. Чунки бу йўналишда ҳам янада улканроқ қаллобликларга қўл ура бошлаган. Айниқса, у “менинг землягим, асли қизилтепалик бўлган танишим Қорақалпоғистонда прокурор бўлди, қанақанги ишлар бўлса, бу ҳудуддаги ишларни мана мен бажариб бераман” деб анча-мунча одамдан катта миқдордаги маблағ йиғиб олиб қовуннинг каттасини тушириб қўйган. Биргина бу эмас, у бошқа вилоятларда ҳам ана шундай қаллобликларни амалга оширган. Шундан сўнг  ўз адвокатлик лицензиясидан маҳрум қилиниб, аслида жиноий жавобгарликка тортилиши керак бўлса-да, лекин яна ўша ўзининг эски таниш-билиш ҳамтовоқларини ишга солиб яна амаллаб маъмурий жавобгарликка тортилиш жазоси билангина қутулиб қолган.

Лекин жуда кўп кишиларга қайтиб бериши керак бўлган катта маблағ унинг бўйнида қолиб кетаверган. Ана энди нима иш қилишини билмасдан қолган бу собиқ “мент” ва олғир адвокат одамларни чув туширишнинг энг разил йўлига ўта бошлаган. У ишингни, бу ишингни битириб бераман, дея йиғиб олганларини уларга қандай қилиб бўлмасин қайтариб бермасликнинг йўлларини қидира бошлаган. Унинг эски касали қўзғаган. Яъниким, ички ишлар тизимида ишлаб юрган вақтидаги гуруҳи билан туҳмат уюштириш орқали кўпгина кишиларни қақшатганлиги ва бунинг ортидан анча-мунча бойиб қолганлигини эслаб, шу қилғилиқларини яна қўмсаган.

Айни шу йўсиндаги ишларини фарзанд-невараларини бағрида хотиржам ўйнатиб ўтириши мумкин бўлган ёшга етиб қолган маҳалда “Тошкент деган бир шаҳарда ҳам бир синаб кўрсам кўрибман-да”, деган қарорга келиб қолган бу киши. Айдишади-ку: “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас…” Тўғри, унинг ўзи айтганидек, пойтахтда ҳам катта “веси” бор. Айниқса, ИИВ ва прокуратурадаги Қодировлар, миллиардер Мустафо Бўлдиев.. ва бошқалар. Ҳа, айтгандай, Қодиров Тўранинг таъкидлашича, бош прокуратурадаги Ботир Норов деган “земляги” ва Мустафо Бўлдиев бош прокурор билан “прямой” алоқаси борлардан экан.

Хуллас, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар бошқармаси тергов бўлими томонидан 2013 йил 10 июнь куни тарафларга эмас, балки айнан факт бўйича, яъни улар ёзган ариза (уюштирилган, бўҳтон бўлса-да) “асос” қилиниб жиноят иши қўзғатилганлиги маълум бўлди. Шундай бўлса-да, Қодиров Тўра менинг ёнимга келишдан тўхтамасди. Яна у турлича шантажларни амалга оширишга ҳаракат қилиб кўрди. Мен эса унинг асл муддаоси нима эканлигини сўрашдан чарчамадим. Бир куни у иккита шикоят аризасини қўлимга тутқазишга уринаркан, “мана шу ердаги важларни радио орқали эфирга узатасан”  дея тўғридан-тўғри топшириқ бера бошлади.

Мен унга: “Мана, жиноят иши ҳам қўзғатилди, буёғини энди тегишли жойда гаплашамиз” дея гапни қисқа қилдим. Аммо у нимагадир жазавага тушиб мени ҳамкасбларим ўртасида обрўсизлантиришга зўр берарди. Бундай ҳатти-ҳаракатлари билан у сценарий бўйича ўйналадиган ролини қойилмақом этиб ижро этаётганди. Чунки у шунга маҳкум  ва бундайин шантажлар аллақачонлар унинг “хобби”сига айланиб улгурган эди. Қодиров Тўранинг кимлиги ва унинг асл қиёфасини фош этувчи бошқа материал-далилларга навбатдаги мақолаларнинг бирида кенгроқ, янада батафсилроқ тўхталамиз. Сабаби, бу одам ҳақида шу даражада салбий маълумотлар кўпки, уни бир ёки бир неча мақолага сиғдириш қийин, албатта.

Айниқса, унинг бир қиз ҳаётини барбод қилиши билан боғлиқ бўлган воқеанинг ўзи каттагина бир китоб бўлиши мумкин. Энг қизиғи, яна унинг ногиронликни қандай қилиб ва кимлар орқали олганлиги ҳам  яна бир улкан “китоб”.  Қорақалпоғистонлик бир неча кишиларни чув туширганидан сўнг, улар Т.Қодировнинг уйига бостириб келишиб, уни яшириниб ётган жойидан қандай қилиб топишганлиги ва бу машмаша бутун маҳаллага овоза бўлишдан тортиб, судгача борганлиги билан боғлиқ ҳолатларнинг ўзи янада йирикроқ учинчи китоб бўлиши мумкин…

24.07.2014 й.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар