Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Маҳкамадан аввал…

Маҳкамадан аввал…
03 Mart 2017 - 5:00 'да юкланди ва 1652 марта ўқилди.

16 феврал портлашларига оид расмий айбловнинг 30 саҳифалик матн андозасини олдим. Унда каминага ўналтирилган айблов – бош айбдор қилиб кўрсатилишига қарамай – бор-йўғи бир саҳифага жо бўлибди. Ва бу саҳифа ҳам бошдан-оёқ ёлғон билан тўлдирилган. Маҳкама обрўсини янада пастроққа тушириб юборадиган ёлғон билан тўлдирилибди. Айбловда ёзилишича, Т. Йўлдошев бошчилигидаги беш киши 1997 йил июл ойи охирида Истанбулда мен ва укам Мақсуд билан учрашиб, Ўзбекистон ҳукуматини ағдариб ташлаш борасида келишиб олишган. Бу иддаонинг ёлғонлигини исбот қилиш жуда осон: укам Мақсуд у пайтда оиласи билан Украинада эди, у Туркияга сентябр ойида келган. Бунинг далил ва ҳужжатлари, тарафсиз гувоҳлари мавжуд.

Мен у пайтда Туркияда эдим, аммо Йўлдошев билан мен 1997 йил май ойида учрашганман. У бизникига менинг меҳмоним Зелимхон Яндарбиев билан танишиш учун келганди. Мен ва укам Мақсуд билан учрашди, деган одамлардан фақат Т. Йўлдошевни биламан ва қолганларини на укам, на-да мен кўрдик, на исми-шарифини биламиз.

Айбловда мен Йўлдошев билан бирга конституцион тузумни ағдариб ташлашга келишганлигим ҳақида ёзилади. Буни ҳурматли суд нима билан исбот қилмоқчи? Унда, лоақал, бу келишувни исботлайдиган менинг овозим ёзилган магнит лентаси борми?

Балки бу ҳақдаги маҳфий протокол бордир сизларда? Агар шундай бир ашёвий далил, энг кичик бўлса ҳам биргина ашёвий далил топсангизлар, ишонинг, судга ўзим бораман. Гап шундаки, бундай далил йўқ, чунки бундай келишув йўқ. Шунингдек, менинг тузумни ағдариш учун 1.6 млн. доллар топишга ваъда берганим, 80 минг долларлик диний адабиётни Қозоғистонга исмини биринчи марта эшитаётганим Зокиров ва Маматқуловларга юборганим ҳақидаги гаплар ҳам куракда турмайдиган ёлғондир. Буни ҳам суд ҳеч нарса билан исботлай олмайди. Албатта, мени умрида кўрмаган сохта гувоҳлар чиқиб, «кўрдим, у фалон-фистон» деди, дейиши мумкин, аммо бу сафсатага Ўзбекистон Президентидан бошқа ҳеч кимни ишонтириш мумкин эмас. Президент ҳам ишонгиси келгани учун ишонади.

Сизлар ҳам, жаноб мутасадди шахслар, бу ишнинг бизга қаратилган катта туҳмат эканлигини биласиз. Бу айбловнинг жиноий тамали йўқлигини, бу айблов тамомила сиёсий моҳиятга эга эканини биласиз. Биласиз-у ҳеч нарса қилолмайсиз. Чунки сиз чиқаришингиз керак бўлган биз ҳақдаги ҳукмни Президент аллақачон чиқариб қўйган.

Сизнинг ишингиз бу ҳукмни тасдиқлаш, холос. Шундай экан, менинг сизларга дашном бериш ниятим йўқ. Бу мактубни ҳам «дашном» деб қабул қилмангизлар.

Фақат 16 феврал портлашларида 13 та бегуноҳ киши ҳалок бўлди ва бу фожеа қаршисида сиз қанчалик қайғурган бўлсангиз, мен ҳам шунчалик қайғурганимга ишонишингизни истайман.

Портлашлар энг кўп бизга зарар берди, шундай бўлишини била туриб, бундай ишга қўл уриш даражасида жоҳил эмаслигимизни ҳам билишингизни истайман.

Бу портлашларни ким уюштиргани ҳақида менинг ўз тахмин ва гумонларим бор. Уларни қоғозга тушириб, сизларга йўллаяпман, бўш пайтингизда фикр гимнастикаси учун яраб қолар.

16 феврал провокацияси орқасида туриши мумкин бўлган учта муҳтамал куч бор: биринчи куч, бу Президент бошчилигидаги гуруҳ, тўғрироғи, ҳокимиятнинг ўзи. Бундай гумон қилишга, етарли бўлмаса ҳам, анча-мунча асос бор.

Илк асос ўлароқ, бу воқеа юз берган онда ҳукуматнинг ўзини тутишини кўрсатиш мумкин. Ҳукумат худди портлашларни кутиб тургандай, фожеа сабабларини дарров айта бошлади. Энг муҳими, воқеага ҳеч иккиланмай «Президентга суиқасд» дея ташхис (диагноз) қўйди.

Ваҳоланки, портлашларнинг суиқасд эмаслиги очиқ-ойдин кўриниб турарди. Чунки куппа-кундузи Тошкентнинг қоқ марказида, ҳар сантиметри миршаблар томонидан назорат қилинадиган ҳукумат бинолари атрофига портловчи модда тўлдирилган машиналарни, битта эмас, иккита эмас, бешта машинани олиб бориб қўйишнинг ҳеч иложи йўқ. Уларни фақат миршаблар ёки хавфсизлик ходимларининг ўзларигина олиб бориб қўйиши мумкин, холос.

Иккинчидан, Президентнинг ёнига қасд қиладиган ваҳҳобий ёки мухолифатчи бомбани бешта жойга қўймайди. Ва уларни сайр қилиб юриб, бирин-кетин портлатмайди. Аввал биттасини, кейин иккинчисини, яна кейинроқ учинчисини портлатадими суиқасд қилган киши? Яъни, «ҳў, жаноб юртбоши, мана шу бомбани портлатгандик, бу сизга тегмади, энди иккинчисини портлатаяпман, яқинроқ келинг, илтимос», дейдими суиқасдчи?

Суиқасд деган бир нуқтада, бир он, бир сонияда яшин тезлигида қилинадиган ҳаракатдир. Нима, буни Президент ва унинг лаганбардорлари билмайдими? Буни бугун бизни суд қилиш учун тайёрланаётган, ҳуқуқ тожини кийган ҳакамлар билмайдими? Ҳаммаси билади.

Гумонни кучайтирадиган яна бир омил, аввал ҳам эътироф қилганимдек, ҳукуматнинг келаётган сайловлардан бизни узоқлаштириш учун баҳона топиши муқаррарлиги эди. Чунки, биз «ЭРК» Партияси ўлароқ сайловларда қатнашиш учун дунё жамоатчилигига мурожаат қилиб, демократик ўлкалардан кўмак сўрай бошлагандик. Ўша мурожаатдан парча келтираман: «Ўзбекистонда парламент сайловлари яқинлашиб келмоқда. Мамлакатимиз келажаги бу сайловларнинг демократик тарзда ўтказилиши ёки ўтказилмаслигига боғлиқ. Бугунги режим сиёсий ҳаётда ҳеч бир ўзгариш истамаяпти ва жамиятни демократлаштиришга қаратилган ҳар қандай ташаббусни шавқатсиз бостиришда давом этмоқда. Албатта, бу режим ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш ва мухолифатни сайловда иштирок этолмаслиги учун яна бир ўйин ўйлаб топади».

Бу мурожаат остида «22 декабр, 1998 йил» санаси турибди. Ва менинг имзом бор. Кўриб турибсиз, ҳукуматнинг муҳтамал ўйинини биз кутгандик, аммо бу ўйин 16 феврал каби қонли бўлишини асло кутмагандик. Мен бу билан «портлашларни ҳукумат қилди» демоқчи эмасман, мен фақат гумонимни айтаяпман.

Бу гумонни кучайтирадиган яна бир нуқта шуки, «ЭРК» Партияси келажак сайловларни муҳокамага қўйган бир пайтда, унга параллел равишда 16 феврал провокацияси ҳам тайёрлангани энди маълум бўлаяпти. Масалан, 2 феврал куни «ЭРК» Партияси котиби Американинг «Миллий Демократия институти» вакиллари билан учрашиб, сайловни ва сургундаги мухолифларни ватанга қайтариш ҳақида фикр алмашганди. Энг ҳайратланарли тавофиқ эса 16 феврал куни бўлди. Худди ўша бомбалар бирин-кетин портлаётган дақиқаларда яна ўша «ЭРК» котиби ва бошқа мухолиф гуруҳ вакиллари «Интерконтинентал» отелида Оврупо хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти тамсилчилари билан учрашиб, яна ўша қарғиш теккан сайловларни муҳокама қилаётгандилар.

Ҳукуматга нисбатан гумонни кучайтирадиган сўнгги ва жуда мантиқли кўринадиган нуқта шуки, 16 феврал воқеалари ҳукуматдан бошқа ҳеч кимга фойда келтирмади. Бу воқеа ҳукумат учун чинакам омад бўлди. Бу воқеа шарофати билан жазолашга баҳона тополмай юргани юзларча ўзга фикрлини бир кунда қамоққа олди. Бу портлашлар туфайли бир неча йилдан бери чет элда юриб, газета чиқараётган мухолифат аъзолари ҳеч бир тўсиқсиз тутиб олиб келинди. Бу портлашлар туфайли ҳукумат ўз юзидан ҳар қандай аҳлоқий пардани сидириб ташлади ва зулм ўтказишда дунёнинг ҳеч бир диктатори орзу қилмайдиган бир миқёсга эришди: энди у нафақат мухолифатчи ёки диндорни, балки уларнинг хотинларини ҳам, ҳатто мўйсафид отасини, ҳатто оқсоч онаси-ю норасида боласини ҳам ҳеч тап тортмасдан ҳибсга олиши ва оёқ ости қилишга ўзини ҳақли ҳисоблай бошлаганди. Ўзбекистонда «Агар болалари таслим бўлмаса, уларнинг муттаҳам ота-оналарини қамоққа ташланг!» деган буйруқ миршаб бошлиғининг оғзидан чиққани йўқ, буни айтган одам бизнинг юртбошимиздир.

Ҳатто Сталин ҳам халққа бунчалик очиқ шантаж қилишга журъат қилмаганди. Юртбошини шунчалик журъаткор қилган яна ўша 16 феврал портлашлари эди. Хўш, юртбошининг ҳукуматига шунча имтиёз қозонтирган бу провокацияни ким уюштирган бўлиши мумкин? Ҳукуматга бу яхшиликни ким қилган бўлиши мумкин? Албатта, уни яхши кўрганлар қилиши мумкин. Аммо ҳукуматни ким яхши кўради бугун? Ҳар ҳолда, уни унинг ўзидан бошқа ҳеч ким яхши кўрмаса керак. Шу силлогизм билан ҳукумат ҳақдаги гумонни нуқталаса ҳам бўлади.

Энди гумон қилиниши мумкин бўлган иккинчи кучга келайлик. Бу куч – маҳаллийчилардир. Уларни «клан» деб ҳам деб аташади.

Бу куч рус мустамлакаси даврида, кейин большевик-совет мустамлакаси даврида, энди эса мустақил-диктаторлик замонида ҳукмдорлар тарафидан доим ёлланма қувват сифатида фойдаланилиб келинди. Бу кучнинг иқтисодий пойдевори доим мустаҳкам бўлган, бу пойдевор мустақиллик даври анархияси даврида янада мустаҳкамланди, чамамда. Унинг қўли узун – Президент саройигача узанади. Таъсир миқёси кенг – хавфсизлик ва ҳуқуқ органларида юксак мақомлардаги одамлари мавжуд. Фақат унинг иккита заиф жойи бор: сиёсий калтабинлик ва социал қўрқоқлик.

Шу боис, ҳеч қачон мустақил сиёсий кучга айлана олмайди. Сиёсий конъюнктурани ҳис қилмаганидан мўлжални янглиш олади ва сиёсий лидерлар ва мафия оталари ўртасида сарсон бориб келиб юради.

Каримов ҳокимиятга келганида маҳаллийчиликка қарши курашишга ваъда берган эди. Унинг ҳамма ваъдалари каби бу ваъдаси ҳам пуч чиқди. Бугун Ўзбекистон маҳаллийчиликнинг энг ривожланган жойи. Каримов атрофида унинг маҳалласи жамулжам бўлгандир. Жумҳуриятнинг бутун «ёғли» нуқталари юртбоши ва унинг оғайнилари қўлига топширилгандир. Бунга қарама-қарши албатта, тошкентлик маҳаллийчилар, водийлик, қашқадарёлик, бухоролик ва хоразмлик маҳаллийчилар ҳам ўз тирикчилигини кўриш учун жон-жаҳди билан кураш бошлагандир. Ўртада халқ, бечора халқ сарсон. Юпун ва қашшоқ халқ. Маҳаллийчилар бу халқнинг бир фоизини ҳам ташкил қилмайди, аммо бу халқ ейиши керак бўлган ноннинг тўқсон фоизини улар ейишади. Албатта, биринчи навбатда, Президент атрофидаги клан, сўнгра ундан нарироқдаги, сўнгра ундан ҳам нарироқдаги – ҳар бири Президентга яқинлигига пропорционал равишда халқ мулкини талон-тарож қилишади.

Президентга мансуб гуруҳ жуда ҳаддидан ошса, товоқдаги овқатнинг ҳаммасини еб қўйиб, қолган гуруҳларнинг «ҳаққи»га тажовуз қилса, бу кланлар ўртасида таҳликали вазиятлар туғдиради. 16 феврал провокацияси шу талашув оқибати бўлиши мумкин. Клан бундай таҳликали ўйинга кирар экан, унинг оқибатларини тасаввур қилган, албатта.

Президентнинг илк ўлароқ кимга ҳамла қилиши мумкинлигини аниқ ҳисоблаган. Маълумки, портлашлар баҳонасида бошланган репрессиянинг асосий зарбалари диндорлар қаторида сиёсий мухолифатга йўналтирилди. Клан Президент ва унинг кланидан қанчалик нафратланса, мухолифатни ҳам шунчалик ёмон кўради. Чунки мухолифат маҳаллийчиликнинг душманидир. Миллий бирлик ҳимоячисидир. Бу эса клан мафкурасига зид. Клан учун миллат ва унинг бирлиги қуруқ сафсата. Клан учун пул ва мансаб – инсон ҳаётининг ягона ва сўнгги мақсадидир. Мавжуд диктаторлик режими унинг иш фаолиятига кўпроқ мос келади, чунки режим ҳам кланчилик мафкурасига таянади.

Агар 16 феврал провокациясини кланлардан бири қилган бўлса, у бу билан бир ўқда икки қушни уришни мўлжаллаган. Яъни у Президент зулми билан мухолифатни, халқ нафрати билан Президентни йўқ қилиш ёки, ҳеч бўлмаганда, заифлатишни режа қилган бўлиши мумкин.

Албатта, бу фикрларим ҳам бор-йўғи бир версия, бир гумон, холос. Агар бу гумон ҳам янглиш бўлса, у ҳолда учинчи бир кучни кўз олдимизга келтиришга тўғри келади. Буни қилиш мен учун қийин, чунки унинг ким бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч таҳминим йўқ. У ким бўлса бўлсин, агар портлашларни қилган ўша бўлса, унинг бу ишидан давлат органлари хабардор бўлганига шубҳам йўқ. Давлат органлари бу провокацияни бошдан-оёқ кузатиб турган ва аралашмаган (нега аралашмагани ҳам бошқа бир гумонга сабабдир). Чунки, аввалроқ айтганимдек, портлашлар юз берган майдонда давлат органларининг назоратисиз ҳеч нарса қилиш мумкин эмас.

16 феврал портлашлари ҳақидаги менинг тахмин ва гумонларим қисқача шулардан иборат. Албатта, ҳақиқатни ёлғиз Оллоҳ билади.

(24.05.1999)

(68)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (191-196-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort