Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Иноятов еган тепкиси учун Каримовдан ўч олдими?

Иноятов еган тепкиси учун Каримовдан ўч олдими?
03 Mart 2017 - 10:00 'да юкланди ва 4554 марта ўқилди.

Ислом Каримовнинг чорак асрдан зиёд вақт оралиғида мустақил давлатга раҳбар бўлиб ўзидан бир тузук из қолдиролмасдан мамлакатни ҳар жиҳатдан вайрона ҳолга, ҳалокат-жар ёқасига келтириб қўйганлигининг жиддий сабабларидан бири бу бошқарувдаги ўта пала-партишликнинг оқибатидир.

Фақат ўз нафсини ўйлаш ва ўз ҳукмдорлик даврини имкон қадар узоққа чўзиш орқали узоқ йиллар иқтидорда қолиш мақсади учунгина нимаики номаъқулчилик бўлса барчасини қўллашга уринди. На иқтисодиёт ривожланди, на маънавият юксалди ва на-да сиёсатда жиддий ўзгариш-шаффофлик бўлди. Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, боши берк кўчага кириб қолмаган соҳа қолмади, ҳисоб.

Чумчуқ пир этса юраги шир этадиган Каримов ўта қўрқадиган-ҳадиксирайдиган бўлиб қолганлигидан ўзининг ҳатти-ҳаракатини назорат қила олмайдиган даражага тушиб қолганди. Худди шу сабабдан ҳам унинг қўл остида ишлайдиган юқори лавозимдор-раҳбарлар орасида ана шундай “назоратсизлик”нинг таъмини тотиб кўрмаган, бу вазиятдан шахсий манфаати йўлида худбинона фойдаланмагани камдан-кам бўлса керак.

Энг қизиғи шундаки, қанчалик камситилиб-ҳақоратланмасин, неча бор калтакланиб оёқости қилинмасин мансабпарастлик касаллигига чалинган шахс барибир ҳар қандай йўл билан яна ўша креслосига ёпишиб олишни одатга айлантириб олиши табиийлигича қолавераркан. Мансабни ўз ҳаётининг туб маъноси ва мазмуни деб қарайдиган ҳолатидан чиқа олиши мушкул экан. Эгаллаган мансаби-лавозимини суистеъмол қилиши ортидан ўзига, оиласи-фарзандларига, қариндош-уруғига янада хавфлиси  жамиятга, халққа, юртга не-не кўргуликлар-балоларни орртириб кетаётганлиги уни заррача ўйлантирмас ва ҳатто қизиқтирмас ҳам экан. Чунки бундайин тубанлик ботқоғига ботган нусхалар ўзини гўёки, жуда улкан ишларни амалга ошираётгандай ҳис этиши ва ўзи англашни истамаган бу каби ножоиз амалидан ғурурланиши шубҳасиз.

Ўзбекистонда йигирма беш йилдан ортиқ амалда бўлиб келган мавжуд режим ҳар жабҳада худди ана шундай тоифадаги “кадр”ларни етиштиришда асосий инкубаторлик вазифасини ўтади, муболағасиз.

Биргина миллий хавфсизлик тизимига эътибор  қаратинг: йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида раҳбарлик қилиб келаётган Рустам Иноятовни ана шу “инкубатор”нинг чиркин ҳосиласидан бири деб айтишимиз мумкин.

Каримов диктатор-ўта қаттиққўл раҳбар бўлса-да, халқ, омма-жамоатчилик олдида қилган чиқишларида ўзини имкон қадар муаммога жиддий, танқидий кўз билан қарайдиган, халқпарвар, жонкуяр, ичи ачиётган раҳбар сифатида кўрсатиш йўлини топгандек эди, гўё. Бу ролни у моҳирлик билан ижро этишга ҳаракат қиларди. Аслида-чи? Парда орқасида, хусусан, у қабул қилган инсонлар унга ёқмайдиган ҳатти-ҳаракатларни содир этган бўлса, кабинетда-панагина жойда кўп маротаба калтаклаган ҳолатлари ҳам бўлганлиги билан боғлиқ маълумотлар кам эмас.

Бунга ўхшаш “ур-калтак”лар оддий ходимдан тортиб то вазир, давлат маслаҳатчилари, ҳаттоки баъзи машҳур ёзувчи-шоирлар ва умуман зиёлилар бошида ҳам синганлигидан бугун кўпчилик хабардор. Бундай хунук воқеаларга гувоҳ бўлганлар ҳам анчагина. Зулмкорликнинг ёпиқ турда амалга ошириладиган, яъни кўпчиликнинг назари тушиши мумкин бўлмаган — иш кабинетида содир  этилганлари хусусидадир бу фикрларимиз.

 Энди эса…

Дўппослаш ва ҳаттоки тепкилашнинг очиқ турдагиси, ташқарида, яъни кўпчиликнинг кўз ўнгида рўй берганлиги хусусида сўз юритмоқчимиз. Ичкаридагиларини-ку нима бўлган-бўлмаганини биров билиб-биров билмай, кўриб-кўрмай қолади: маълумот баъзан шу ҳолича ташқарига чиқмай қолиши ҳам мумкин. Айтаётганимиз ҳодиса эса унинг бутунлай тескарисидир. Сабаби, у катта бир шоҳкўча-трассанинг ўртасида намойишкорона тарзда содир бўлган. Яна ким билан денг, Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятов билан! Ушбу калтакланишнинг қайд этилиши кўпчиликнинг қизиқиши ва ҳайратини ошириши табиий. Чунки кимсан хавфсизлик хизматининг раҳбари, президентнинг энг ишончли, биринчи рақамли одами шу даражага олиб келинганлиги кўпчиликнинг диққатини ўзига қаратиши ва табиийки, ажаблантириши шубҳасиз. Ушбу воқеанинг айнан қаерда ва нима учун ҳамда қандай шаклда бўлганлигига оид тафсилотлари ҳақида батафсилроқ тўхталишга ҳаракат қиламиз.

Тошкент шаҳри аҳолиси жуда яхши билади: президент Каримов кортежи иш кунлари ҳар куни эрталаб соат ўнга яқин “Дўрмон” тарафдан йўлга чиқаркан, албатта Пушкин ҳайкали ва метроси ўртасидаги йўлдан кесиб ўтишга мажбур эди. Кунларнинг бирида кортеж худди шу манзилдан ўтаётиб, “Дархон” кафесига етишига бир баҳя қолганида негадир фавқулодда тўхтатилади. Бу албатта, камдан-кам учрайдиган ҳодиса.

Шунда Каримов бирдан ўзи ўтирган автомашинадан тушиб кимнидир излай бошлайди. Табиийки, айни шу онда биринчи бўлиб нима бўлди экан, деб ҳовлиқиб МХХ раиси Рустам Иноятов югургилагандек бўлиб, лапанглаб президентнинг ёнига етиб келади. Шу вақт дабдурустдан кутилмаган бир вазиятда жаҳл отига миниб олган Каримовнинг оғзидан боди кириб шоди чиқиб бақираркан, йўлнинг ўртасида намойишкорона тарзда тўсатдан Иноятовнинг дуч келган жойига тепа бошлайди. МХХ раҳбари эса нима дейишини билмасдан каловланиб қолиб фақатгина “Ислом Абдуғаниевич…” дея олади, холос.

Президент негадир уни мутлақо тинглагиси келмасди. Тан қўриқчилари ҳам нима бўлаётганлигини тушунмасдан таажжубда қолишади. Айнан ўша ҳудуд дарҳол ўраб олиниб, атроф пиёдалардан тозалана бошлайди. Айни шундай қалтис ва ўта мураккаб вазиятда Каримовга ҳеч  бир нарсани уқтириб бўлмаслигини жуда яхши англаб етган Иноятов тепки ейишда давом этаркан, оёқ билан берилаётган зарб танасининг қай ерига келиб тушаётган бўлса, ўша жойини уқалаб қўйишдан нарига ўта олмай қаттиқ довдираб қолади. Бу кўнгилсизлик қисқа метражли фильм каби бир зумда бўлиб ўтади. Каримов гапининг сўнгида Иноятовга қараб бугун қабулига нима билан кириши кераклигини уқтиради-ю, машина ўтириб оқсарой томон кетади.

Кейинроқ маълум бўлишича, Каримовнинг бу қадар жазавага тушиб, ўзининг ҳатти-ҳаракатларини назорат қила олмайдиган  даражага бориб қолишининг бош сабабларидан бири, бу – “Дархон” кафесида эрталаб бериладиган тўй, маърака оши ва шунга ўхшаш турли тадбир-маросимларнинг ўтказилиши оқибатида ўша йўл доимо одамлар билан гавжум бўлганлиги ҳамда автомобилларнинг ҳам тирбандлашиб кетганлиги бўлган. Айни шу масалада Иноятов бир неча маротаба огоҳлантирилган ҳам. Шунга қарамай, Новомосковский кўчаси тарафидан келаётган автомашиналар карвони оқими негадир айнан ўша куни президент ўтаётган шоҳкўчага жуда ҳам яқин келган ҳолда йўлга тақалиб турган, гавжум бўлганлиги Каримовни ғазаблантирган.

Албатта бундайин “комедия” Иноятов билан биринчи маротаба содир бўлаётгани йўқ эди… Илгарилари М.Горкий (ҳозирда Буюк Ипак йўли) метроси яқинидаги айланма йўлдан бемалол Доғистон ва “Дўстлик” кинотеатри жойлашган кўчаларига кириш мумкин эди. Сўнг бу йўл ёпиб қўйилди. Натижада кортеж ҳаракатланаётган маҳалда автоҳалокат рўй бериши мумкин бўлган жиддий вазият юзага келиб қолган. Яъни кутилмаганда бир “самосвал” кортеж йўлига чиқиб қолган. Бечора қум ташиётган “самосвал” ҳайдовчисининг-ку уйини куйдириб юборишди…  Иноятовнинг масъулиятсизлиги учун додини бериб қўйиш ҳодисасининг давоми ҳам президент девонида, унинг иш кабинетида рўй берганлиги борасида маълумотлар бор. Ичкарида давом эттирилган “жазолаш иши”да президент роса-а-а хуморидан чиққунча “ур-калтак”ни давом эттирган.

Ҳаттоки худди шундай воқеанинг биринчи ва иккинчиси билан биргаликда учинчиси ҳам очиқ ерда, одамлар янада гавжумроқ жойда содир бўлган. Аммо учинчи маротаба Каримовдан калтак ейиши, Иноятовнинг чап оёғи томири тортишиб қолишига сабаб бўладиган даражада бўлганлигини шифокорлардан бири оғзидан гуллаб қўйган. Шу боис бу киши қачонки Каримовнинг қабулига борадиган бўлса, кабинетга кираверишдан бошлаб албатта худди ўша оёғини атайлаб судрагандек қилиб кўрсатишга ҳаракат қилишни одатга айлантирган. Сабаби, Иноятов шу қадар Каримовнинг психологиясини ўрганиб олганки, қай вақт-қандай вазиятда унинг раҳмини келтира билиш, ўзига нисбатан бўлган муносабатини ижобий томонга ўзгартира олишни устомонлик билан уддалаган. Президент эса унинг бу қадар тулкилигини чамалаб ҳам кўрмаган бўлса, эҳтимол… “Ҳа, бир неча маротаба уриб-тепиб оёғини шунақа судраладиган ҳолга келтириб қўйишимга қарамасдан у менга ҳали-ҳамон қуллуқ ва қуллик қилиб ўз садоқатини билдираяпти” дея ғурурланиб, ахмоғи чиқиб ҳаволаниб гўё ўша қилган ҳатти-ҳаракатидан куч олгандай бўлиб жуда калта ўй-фаҳм билан юрган. Оқибат эса… қандай натижа билан тугаганлигини ўзингиз кўриб турибсиз.

Каримовни қонхўр-диктатор сифатида дунёга танитишда ҳаммадан ҳам кўра, Ўзбекистон МХХ раиси Рустам Иноятовнинг қўшган ҳиссаси беқиёс ва улкан бўлганлигини тан олмасликнинг иложи йўқ. Каримовлар оиласининг тақдири алал-оқибат нималар билан якун топганлигини бугун фақат Ўзбекистон аҳли ёки Марказий Осиё давлатларида яшовчи халқларгина эмас, балки бутун дунё жамоатчилиги кўриб кузатиб турибди.

Аслида бир марта калтак еганидан кейин унинг ишидан қониқиш ҳис этилмаганлигини англаб, ўз ўрнини халқ тақдирини ўйлайдиган бирор мардга бўшатиб бериб кетса ҳам бўларди. Бироқ Иноятов бир эмас, бир неча маротаба Каримовнинг оёғи остида “теппакалаваш” қилинишига қарамасдан барибир ўз лавозимида қолаверган. Ҳаттоки бир икки сафар лавозимдан бўшаш ҳақида ариза ҳам ёздириб олинган, ҳатто унинг ўрнига тайинланадиган кадр ҳам маълум бўлган. Лекин Иноятов ишдан кетмаган, аниқроғи, лавозимдан кетмасликнинг “нозик” йўлини топа билган. Шу жиҳати билан ҳам бу жумбоқ кўпчиликни қизиқтириши табиийдир. Унинг ишдан олинмай қолишига сабаб бўлган муҳим омил-сир нимага ва кимга бориб тақалиши мумкин? Яхшиси, ушбу ўта сирли занжирсимон хилқатлар ҳақида эса кейинги сафарги чиқишларимизда…

Абдуворис Салом

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар