Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Сохта гувоҳнинг туширган қовуни

Сохта гувоҳнинг туширган қовуни
04 Mart 2017 - 5:00 'да юкланди ва 1581 марта ўқилди.

Муҳаммад Солиҳнинг “Озодлик” радиоси билан суҳбати.

Сўзимни таассуф билан бошламоқчиман, кеча ҳориждан чиқадиган яна бир радиога интервью бергандим. Суҳбатдан жамоатчиликка эшиттирилиши лозим бўлган ўринлар кесилиб, даҳанаки мунозарани эслатувчи бир парча эфирга берилди.

Суҳбатни тинглаганлардан узр сўрамоқчиман. Аслида, туҳматга қарши қисқа қилиб «бу туҳмат», дея жавоб бериш энг маъқул услуб. Аммо баъзи одамларга бу ҳол ғалати кўриниши мумкин. Нега қисқа гапираяпти, бир нарсани яшираётганга ўхшайди, деб ўйлашлари мумкин. Агар узун-узун гапирсанг, бу одам нега чўзаяпти, ўзини оқлаяпти шекилли, деб шубҳаланиши мумкин. Бундай бир ҳолатда туҳматга қолган одам ҳар бир сўзини етти марта ўлчаб гапиришга мажбурдир. Мен бугун туҳматга қолган одамман. Баъзан ўз-ўзимга дейманки, «ҳали ҳам кўникмадингми, сенга сиёсатга киргандан бери ранг-баранг туҳматлар қилишди, ортиқ бунга кўникиш пайти келмадими”, деб танбеҳ бераман, аммо ҳеч кўниколмайман, қизишаман, ғазабланаман.

Аслида бунга на қизишмоқ, на-да ғазабланмоқ керак. Бир тоталитар давлат ўз душманини йўқ қилиш учун бутун арсеналини ишга солаяпти. Сен тоталитар давлатнинг душманисан. Бундай давлатнинг сиёсати, мафкураси, суд ва ҳуқуқ органлари ўз душманига қарши курашар экан, туҳмат ва ёлғонга суянмай нимага суянади? Агар у адолатга ва ҳақиқатга суянса, тоталитар давлат бўладими?

Агар адолатга ва ҳақиқатга суянса, сен бундай давлатга душман бўлармидинг, деб ўз-ўзимга тарбия бераман. Аммо навбатдаги, янги туҳмат келганда, мен такрор ғазабдан ўзимни тутолмайман. Кеча ўша радиодан гапирган гапларимда ўша ғазаб ҳарорати бор эди. Мен бунинг учун ватандошларимдан узр сўраяпман.

Ваҳоланки, Тошкентда бўлаётган суд чиқариши керак бўлган ҳукм аллақачон чиққан. Бундан икки ярим ой аввал Каримов бизга айбни қўйиб бўлган.

Бугунги суд деб аталаётган бу масхарабозларнинг томошаси ўша чиқарилган ҳукмдан бошқасини ўқимайди. Бу маълум. Бу ҳукмни чиқариш учун ҳукумат шу қадар шошаяптики, ҳатто сохта гувоҳларнинг чиқишларида айтилаётган гапларни назорат ҳам қилмаяпти. Масалан, кеча менга қарши гувоҳлик берган Асқаров шундай катта қовун туширдики, буни ҳукумат ҳам кўтаролмайди. Асқаров айнан шундай деди: «Мен 1995 йилда Туркияга келдим ва Муҳаммад Солиҳ билан танишдим, Муҳаммад Солиҳ мени Теҳронга Тоҳир Йўлдошевнинг ёнига юборди», деди бу одам.

Мен президент Каримовнинг талаби билан 1994 йил октябр ойида Туркиядан чиқариб юборилганман. Ва шу кетишда Германияга кетганман. Ва шу кетишда 1996 йил сентябр ойигача Туркияга кела олмаганман. Мени Туркиядан чиқиб кетишимга бош-қош бўлганлар ўша пайтнинг Туркия Бош Вазири Тансу Чиллер хоним, Туркия Президенти Сулаймон Демирал бўлганлар ва менинг гувоҳларим шулар. Бундан ташқари, менинг энг собит гувоҳим турк матбуотидир.

Турк матбуотининг энг катта газеталари менинг 1994 йил охирида чиқиб кетганимни ва икки йил давомида Франкфуртда яшаганимни ёзганлар.

Менинг яна бир гувоҳим Президент Каримовнинг дилкаш маслаҳатчиси, менинг собиқ дўстим Мурод Муҳаммад Дўст. У Президентнинг хоҳиши билан Франкфуртда мен билан 1995 йилда кўришган.

Яна бир гувоҳим ўша 1995-1996 йилларда Олмонияда Ўзбекистоннинг Мухтор элчиси бўлган Содиқ Сафоев. У менинг икки йил давомида Олмониядан ташқарига чиқолмаётганимни назорат қилган. Яна бир гувоҳим менинг паспортим.

У ерда чегарадан кириш-чиқиш тамғаланади. Нега мен буларни узундан-узоқ санаяпман? Чунки туҳматнинг туҳматлигини исбот қилиш жуда қийин. Мен бу ишни қилмадим, дейишинг мумкин. Аммо шундай закий одамлар борки, чиқиб «қани бу ишни қандай қилиб қилмаганингни исбот қилиб берчи», дейишади? Ана ундан кейин сиз ҳам бу ишни қандай қилиб қилмаганингизни исбот қилишга мажбур бўласиз. Бу кулгили, аммо ҳаёт ҳақиқати.

Агар бу Асқаров деган сохта гувоҳ чиқиб, мен 1995 йилда Муҳаммад Солиҳни кўрганман, демасайди, мен ўша ишни қандай қилиб қилмаганимни исботлашга анча қийналган бўлардим. Яхшиямки, Оллоҳнинг қонуни бўйича туҳмат ва ёлғоннинг умри қисқа. Ва бу ҳақиқатни бугун Тошкентда қўштирноқлар ичида жараён этаётган суд ўзида намоён этмоқда.

Ҳозирча, сохта гувоҳларнинг мен ҳақда айтган бошқа ёлғонларига изоҳ бермайман, чунки ҳали юқорида айтганимдек, бу ишни қандай қилиб қилмаганимга исбот топишим керак. ИншоОллоҳ, бу исботни ҳам туҳматчиларнинг ўзлари яқинда топиб беради.

(“Озодлик” радиоси, 06.06.1999)

(69)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (196-199-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар