Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Зимом ибн Саълаба воқеаси

Зимом ибн Саълаба воқеаси
04 Mart 2017 - 9:00 'да юкланди ва 1261 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 150
(давоми)

ЗИМОМ ИБН САЪЛАБА ВОҚЕАСИ

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан Мадина масжидида ўлтирган эдилар. Шу орада саҳро бадавийларидан сочлари хурпайган бир киши келиб масжид олдида тўхтади ва туясини чўктирди. Унинг товуши ғўнғирлаб чиқиб турса ҳам, нима дегани тушуниксиз эди. У масжидга кирди ва:

— Абдулмутталиб ўғли Муҳаммад қимдур? — деб сўради.

Саҳобалар Расулуллоҳни кўрсатдилар эрса, яқин келиб ўлтирди. Сўнгра:

— Эй Муҳаммад, мен сендин бир неча сўз сўрамоқчидурман, сўзимни суякка еткизиб қаттиқлик билан сўрайман, яна кўнглингга оғир олмагил, — деди.

Расулуллоҳ:

— Нима хоҳласанг, шуни сўрагил, — дедилар.

— Худонинг ҳаққи сени барча инсонларга Пайғамбар қилиб Аллоҳ юбордими? — деди.

Расулуллоҳ:

— Шундоқдир, мени Аллоҳ таоло бутун инсонларга Пайғамбар қилиб юборди, — дедилар.

Яна ул айтди:

— Аллоҳ ҳаққи, бир кеча-кундузда беш вақт намоз ўқимоққа Аллоҳ буюрдими?

Расулуллоҳ:

— Албатта шундоқдур, Аллоҳ буюрди, — дедилар.

— Яна ул Аллоҳ ҳаққи-ҳурмати билан сўрайман, закот бермакни, бир йилда бир ой рўза тутмакни ва ҳаж қилмоқни Аллоҳ буюрдими, — деди ул.

— Ҳа, Аллоҳ буюрди, — дедилар Расулуллоҳ.

Сўнгра у киши дарҳол Расулуллоҳга иймон келтириб:

— Сенинг Пайғамбарлигингга ишондим, Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ, — деди-да, ташқарига чиқди.

Анда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

— Бу киши эрса онгли равишда иймон келтирди, Ислом динини аниқлаб яхши таниди, — дедилар.

Сўнгра бу киши Расулуллоҳдан рухсат олиб ўз қавмига бориб, уларни динга ундади.

Бунинг йўлбошчилигида улуғ бир қабила динга кирдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар