Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Жар ёқасидаги давлат

Жар ёқасидаги давлат
05 Mart 2017 - 6:00 'да юкланди ва 1569 марта ўқилди.

Ўрта Осиёдаги жумҳуриятлар ўз мустақилликларининг илк йилларида – улардаги режим авторитар бўлса ҳам – Ғарб тарафидан қўллаб-қувватланди. Буни Ғарбнинг янги жўғрофий-сиёсий маънодаги стратегияси тақазо этарди. Инсон ҳақлари ва демократия Ғарбнинг кун тартибида эмасди.

Бу мавзу жамоатчилик савиясида муноқаша қилинган бўлса-да, расмий мақомларда тилга олинмади. Ваҳоланки, инсон ҳақлари ва демократияни шарт қўшган халқаро ҳужжатлар ўша авторитар давлатлар тарафидан имзоланиб улгурилганди. Масаланинг долзарб эмаслиги авторитаризм ишқибозларини журъатлантирди ва Ўрта Осиёда бирин-кетин демократияга нафратини яширмайдиган диктаторлар пайдо бўла бошлади.

Мустақил Ўзбекистон раҳбари демократиядан нафратланганлар ичида энг самимийси эди. У 1992 йил январ ойида намойишга чиққан талабаларни ўққа тутиб, ўлкада озми-кўпми бўй кўрсатган демократлашув ҳаракатига нуқта қўйди.

Мухолиф партиялар таъқиқланди, уларнинг нашрлари ёпиб ташланди. Мухолифат аъзолари сохта айбловлар билан қамоққа олина бошлади.

Давлат террори йил сайин кенгайди. Энди у фақат мухолифат эмас, жамиятнинг бошқа табақаларини ҳам қамрай бошлади. Одамлар мамлакатдан қочишда нажот топди. Юзлаб, минглаб инсонлар Русияга, Қирғизистонга, Қозоғистонга ва ҳатто уруш кетаётган Тожикистонга қоча бошладилар.

Улар минтақамиз учун янги тип қочоқлар эди. Улар табиий офат ёки урушдан эмас, ўз давлатининг терроридан қочаётган қочоқлар эди.

Ўзбекистон раҳбарининг, ташқаридан қараганда, мантиқли бир рўкачи бор эди. Бу рўкач истиқрор эди. Истиқрорни асраш баҳонаси остида у мухолифатга қарши муваффақиятли кураш олиб борди. У етти йил давомида бир нарсани такрорлади: «агар халққа озодлик берсам, бу ерда ҳам Тожикистондагидай уруш бўлади», деди тинмасдан. Аммо у «агар халққа озодлик берсам, Қирғизистондагидай бўлади», демади. Чунки озодлик берилишига қарамай, Қирғизистонда уруш йўқ эди. Одамлар митингга чиққанига қарамай, барқарорлик, истиқрор бузилмаганди бу ерда.

Ўзбекистон раҳбарининг истиқрор фанатизми миллий хавфсизлик бўлимларини икки мисли кўпайтириб, миршаблар лашкарининг уч баровар ошишига олиб келди. Бунга қўшимча ўлароқ, бутун ўлкани қоплайдиган айғоқчи ва провокаторлар тўри ташкил қилинди.

Шу таҳлит харитада эски шўролар давлатининг кичик модели пайдо бўлди. Унинг қиёфасидаги чизгилар ўз прототипини айнан такрорлар эди. Бу мудҳиш «пайдо бўлиш»ни ҳеч ким сезмади ёки «сезиш»ни истамади. Бу ўлкада биттасининг иқтисодий манфаати, иккинчисининг сиёсий манфаати бор эди…

Ғарб давлатлари (АҚШ) демократия талаби билан Ўрта Осиё давлатларини чўчитиб юборишни истамади. Оврўосиёдаги стратегик шерикларидан ажралиб қолишдан андиша қилди.

Қолаверса, мавжуд сиёсий конъюнктура (Тожикистон, Чеченистондаги урушлар ва ҳаказо) ҳам Ўрта Осиёдаги бу ланж ва сокин кўринган тоталитарзм жараёнини орқа планга суриб, диктаторлар жонига оро киргизиб турди. Ўзбек юртбошиси бу шовқин-сурон соясида дунё жамоатчилиги кўзи олдида, аммо уни ҳеч «безовта қилмай», ўзининг террор сиёсатини давом эттираверади.

Бугун ҳар қандай ўлчов ва мезонни ошган бу сиёсат давлатни ҳам, ўзини ҳам жар ёқасига олиб келиб қўйди. Ўлка – ҳеч муболағасиз – ижтимоий портлаш бўсағасида турибди. Социал гуруҳлар суръатли равишда радикаллашаяпти. Узоқ йиллар давом этган тазйиқ-таъқиб сиёсий гуруҳларни ҳам радикализм сари етакламоқда. Масаланинг демократик тарзда ечилишига ишонувчилар сони тобора камайиб, режимга фақат куч билан қарши курашиш мумкинлигига инонганлар сони ортмоқда.

Тошкентда юз берган феврал портлашлари баҳонасида режим халққа қарши террорни ўн карра кучайтиради. Лекин халқнинг режимга бўлган нафрати ҳам шунча ортганига ҳеч шубҳа йўқ. Портлаш муносабати билан бошланган бу даҳшатли қатағон халқни режим билан муроса қилиш имкониятидан маҳрум қилди.

Агар воқеалар ўз тадрижига қўйиб берилса, кўп ўтмай, бу истиқрорли тоталитар давлат фуқаролар уруши ўчоғига айланиши мумкин. Чунки ортиқ одамларнинг йўқотадиган бирор нарсаси қолмади. На озодлиги, на ҳақ-ҳуқуқлари, на хавфсизлиги, на иши, на мулки ва на-да келажакка умид бор уларда. Бор-будларини йўқотган бундай жамият, ўзини асраб қолиш рефлекси ўлароқ, урушдан бошқа нарсага майл кўрсатмайди.

Дунё жамоатчилиги, Ғарб давлатлари, АҚШ ва шимолдаги қўшнимиз Русия Ўрта Осиё минтақасидаги тоталитаризм реванши ва пайдо бўлган фуқаролар уруши таҳликасидан бир хилда масъулдирлар. Чунки улар йиллар давомида бу жараённи кўриб-кўрмасликка олдилар, турли баҳоналар билан хаспўшладилар.

Энди улар, ҳаммаси бир бўлиб, минтақадаги вазиятни юмшатиш чораларини кўрмоғи лозим. Биринчи тадбир Ўзбекистондаги халққа қарши зўравонлик эсколациясини зудлик билан тўхтатиш бўлмоғи керак. Зўравонлик – ҳатто ўз халқига қарши қилинаётган бўлса ҳам – бир давлатнинг ички иши бўлолмайди.

Биз, Ўзбекистон мухолифати вакиллари, дунё жамоатчилиги ва демократик давлатлар раҳбарларига бир неча марта мурожаат қилиб, Ўзбекистонда демократияни қутқаришга чорлагандик.

Бугун биз уларни ўлкадаги демократияни эмас, фуқаролар уруши ёқасида турган ўлканинг ўзини қутқазишга чақирмоқдамиз. Умид қиламизки, сасимизни эшитишар.

(14.06.1999)

(70)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (199-201-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар