Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

…Маҳкамадан сўнг

…Маҳкамадан сўнг
06 Mart 2017 - 5:00 'да юкланди ва 1506 марта ўқилди.

Тошкентда  16  февралда  юз  берган  портлашларни  муҳокама қилган маҳкама ўз ишини тамомлади, аммо ҳеч бир саволга жавоб бермади. Аксинча, бу маҳкама саволларни яна кўпайтирди.

Маҳкаманинг  биринчи  куни  ифода  берган  айбланувчи  айнан шундай  деди:  «Тошкентдаги  портлашларни  бизга  буюрган  одам Муродилла  Қозиев  бўлади.  У  бизга  амр  берди,  биз  портлатдик. Мурадилла  Қозиев  ўзининг  мустақил  эканини,  Тоҳир  Йўлдошга боғлиқ эмаслигини  бизга айтган».

Лекин маҳкаманинг иккинчи куни шамол бошқа тарафдан эса бошлади.  Иккинчи  кун  маҳкамада  ифода  берган  Асқаров портлашларни  бевосита  содир  қилган  шахснинг  кечаги  айтган гапларини  унуттиришга  ҳаракат қилаётгани кўриниб қолди.

Суд  раисининг  ҳам  қийин  вазиятга  тушиб  қолгани  унинг айбланувчиларга  қаратилган  маънисиз  луқмаларидан  билиниб турарди.  Бомбани  портлатган  одамлар  шу  ерда  эди,  улар портлатишга  буйруқ  берган  кишининг номини ҳам айтишди. Лекин маҳкама  буни  чеккага қўйиб, бутунлай тескари тарафга йўналиши керак эди. Бу «тескари тараф» портлашларга ҳеч алоқаси бўлмаган мухолифат эди.

Зотан,  16  феврал  маҳкамасининг  ҳукумат  белгилаган стратегиясида  ҳадаф  бомбани  портлатганлар  эмас,  сиёсий мухолифат  эди.  Маҳкаманинг  асосий  вазифаси  ҳақиқатни  яшириб, ўрнига  ёлғонни  қўйиш,  уни  айбланувчиларнинг  қийноқ  остида берган  ёлғон  ифодалари  билан  безаб,  ҳукм  чиқариш  эди.  Аммо маҳкамада  биринчи  бўлиб  ифода  берган  айбланувчи  бу  планни чиппакка чиқарди. У ҲАҚИҚАТНИ АЙТИБ ҚЎЙДИ.

Ҳукумат  бундан  довдиради  ва  маҳкама  раисининг  ҳам, айбланувчиларнинг  ҳам бир кечада пўстагини қоқди.

Маҳкаманинг  иккинчи  куни  бомбани  портлатганлар-у,  унга буйруқ  берганлар  четга  сурилиб,  сиёсий  мухолифат  асос  нишонга олинди.  Муҳаммад  Солиҳнинг  диний  гуруҳлар  билан  учрашгани-ю,  уларнинг  нима  гаплашгани,  қандай  таом  егани  маҳкаманинг асосий  муҳокамасига  айланди. Лекин маҳкамада ҳеч ким ўрнидан туриб,  «Хўп,  Муҳаммад  Солиҳ  фалончи  киши  билан  учрашган экан, бунинг 16 феврал портлашларига нима алоқаси бор?» демади. Ёки  бошқа  бириси  туриб,  «бомбани  портлатган  одамлар  шу  ерда, тирик,  буйруқ  берганларнинг  номини  улар  айтди.  Хўш,  Муҳаммад Солиҳнинг  бунга нима алоқаси бор?» демади.

Маҳкама  шу  сассизлик  фонида  жараён  этди  ва айбланувчилардан  истаган  кўрсатмасини  олди.  Лекин,  шунга қарамай,  улардан  ҳеч  бири  «Муҳаммад  Солиҳ  портлашларга буйруқ  берди  ёки  портлашларни  фалончи  билан  келишиб  олди», деб  айта  олмади.  Қолган  барча  ёлғонлари  учун  уларни  афв  этиш мумкин. Қолаверса, улар айтган ёлғонлар шу қадар бесўнақай, ҳеч бири  ақли  салим  инсон  бу  ёлғонларга  ишонмайди.  Масалан, менинг  1  миллион  600  минг  доллар  беришга  ваъда  қилганим,  80 минг  долларлик  адабиёт  жўнатганим  ҳақидаги «ривоятлар»…Менинг  камтарона  турмуш  тарзимни  жамоатчилик билади ва бундай маблағ менда йўқлиги ҳам ҳар кимга маълум.

Ўзбекистон Президенти маҳкама бошланмасдан бир ой аввал дунё  жамоатчилигига  хитобан  «Муҳаммад  Солиҳ  ҳақида  бир  ҳужжатли  фильм  кўрсатаман,  Солиҳнинг  Афғонистонга  бориб, Толиблар лидери Мулла Умар билан учрашганини исбот қиламан», деган сенсацион хабар берган эди.

Бугун  Ўзбекистон  телевидениеси  ҳақиқатан  ҳам  каминани «фош»  қилувчи  ҳужжатли  фильмни  такрор-такрор  кўрсатаяпти.

Фақат  бу  фильмда  менинг  толиблар  бошлиғи  Мулла  Умар  билан тушган суратим йўқ, КГБ подвалида ётган биродаримиз Мамадали Маҳмуд  билан  тушган  суратимиз  намойиш  қилинмоқда.  Ва  уни ваҳшиёна  қийноққа  солиб,  менга  қарши  ифода  беришга  мажбур қилмоқдалар.  Айни  ваҳшиёна усул билан менинг укаларимдан ҳам ҳукумат истаган ифода олинмоқда.

Шу  нуқтада  мен  бир  нарсани  хотирлатмоқчиман.  1995  йили менга Франкфуртга бир фарғоналик биродаримиз телефон қилди. У ёзувчи  эди,  қамоқдан  чиққанига  икки-уч  кун  бўлганди.  У телефонда  шундай  деди:  «ичкарида  сизга  қарши  кўрсатма беришимни  талаб  қилишди,  акс  ҳолда  қамоқда  чириб  кетишимни айтдилар ва мен кўрсатма бердим. Бир куни бу кўрсатмалар юзага чиққанда, мени айбламанг, ҳақингизни ҳалол этинг”, деди бу одам.

Мен  унга  ҳаққимни  ҳалол  қилдим.  16  феврал  маҳкамасида  менга асоссиз ифода берган ким бўлса, ҳаммасининг ҳаққи ҳалол бўлсин. Мен  яна  бир марта такрорлайман: 16 феврал портлашларида бизни  айблаётганлар  катта  туҳмат қилмоқдалар. Энг юксак идеал учун,  ҳатто  ватан,  ҳатто  миллат,  ҳатто  дин  учун  ҳам  бегуноҳ инсонларни  қатл  этиш  бир  жиноятдир.  Бизнинг  террорга қарашимиз будур.

Албатта,  агар  халқ  ўзининг  қуллик  ва  ўлимдан  мудофаа қилиш  учун  тажовузкор  тузумга  қарши  бош  кўтарса,  уни  қўллаб-қувватламаслик  халққа  хиёнат  бўлган бўларди. «ЭРК» ташкилоти учун эмас, ўзим учун айтаман, агар ўзбек халқи мавжуд тоталитар режимга  қарши  бош  кўтарса,  мен  унинг  сафида  бўламан.

Аммо террор  бизга  ярашмайди.  Бу  ўз  халқига  террор  ўтказаётган  ўша мустабид давлатга ярашиши мумкин. 16 феврал портлашларини ким уюштирган бўлса ҳам, у ўзбек халқига энг катта ёмонликни қилди. Чунки портлашлар баҳонасида режим  янада  қутурди,  зулмни  янада  кучайтирди,  мингларча инсонни  хонавайрон  қилди,  мингларчасини  зиндонга ташлади.

Хўш,  халққа  қарши  бу  фитнанинг  орқасида  ким  бор?  Бу савол маҳкама тамом бўлгандан кейин яна ўртага ташланди, чунки  боя  айтганимдек,  маҳкама  фитна  ташкилотчиларини  топиш  эмас, уларни  яширишга урингани  ҳаммага маълум бўлди.

16  феврал  портлашлари  орқасида  бўлиши  мумкин  бўлган кучлар ҳақида мен маҳкамадан олдин шу уч эҳтимолни айтгандим:

Биринчи  эҳтимол:  портлашларни  бевосита  режим уюштирган.

Иккинчи  эҳтимол:  ҳукумат  ичидаги  мухолиф  клан уюштирган.

Учунчи  эҳтимол:  Миллий  хавфсизлик  хизмати  назоратида бир радикал гуруҳ уюштирган.

Маҳкамадан кейин маълум бўлган баъзи фактлар ўша тахмин қилинган  учинчи  эҳтимолнинг  ҳақиқатга  анча  яқинлигини кўрсатди.

Маҳкамадан  кейин  шу  маълум  бўлдики,  Ўзбекистон ҳукумати  «портлашлар  тайёрланаётганини»  аввалдан  билган.  Бу жуда муҳим фактор. Аввалдан билган бўлса, нега тадбир олмаган, деган  савол  туғилади.  Тадбир  олишни  истамаганлар,  аксинча,  бу «бомбачилар»  Миллий  хавфсизлик  хизматчилари  томонидан  то  16 феврал  кунигача  қадам-қадам  кузатилиб,  бомбалар  портлагандан кейингина  бирин-кетин  қўлга олинган…

Бизнинг  тахминимизча,  ҳикоя  фабуласи  шундай: Ўзбекистон ҳукумати  1998  йил  апрел  ойида  радикал  гуруҳга  аъзо  бўлган Назарбек  Умаров  ва  Абдунаби  Нишонбоев  деган  иккита  кишини ҳибсга олади. Уларнинг кўрсатмасига таяниб, бу гуруҳларнинг юрт ичидаги  ва  ташқарисидаги  фаолларини  тасбит  этишади,  улар устидан  назорат  ўрнатишади.  Кейин  1998  йил  ноябр  ойида Туркманистонда  гуруҳнинг  раҳбарларидан  ҳисобланган  ва ташкилотнинг  планларидан  яхши  хабардор  бўлган  Баҳром Абдуллаевни  қўлга  туширишади.  Абдуллаевдан  ташкилотнинг нималар  қилишга  қодир  эканлигини  ўрганишади  ва  шу

потенциалга  яраша  бир  сценарий  ёзилади.  Сценарийнинг  биринчи қисмида  ташкилотнинг  ташқарида  юрган,  аммо  доимий назоратда бўлган  аъзоларига  «бир  террористик  акт  билан  донг  чиқариб қўйиш»  ғояси  сингдирилиши  керак  бўлади.  Бу  ғоя  ертўлада ўтирган  Умаров,  Нишонбоев  ва  Абдуллаевларнинг

«консультацияси»  билан  ташқаридагиларга  етказилади. Ташқаридагилар  ҳам  «ниҳоят,  золимга  қарши  жиҳод  бошланди», деб дарров портловчи моддаларни тайёрлай бошлашади.

Улар  портловчи  моддаларни  ҳозирлаб,  «жиҳод»га  шайланар экан,  МХХ  агентлари  бу анойи мужоҳидларнинг портлашдан кейин қочиши  мумкин  бўлган  бутун  тирқишларни  беркитади.  Айни пайтда портлашлардан кейин ўлкада бошланиши керак бўлган кенг миқёсли репрессиянинг  тамалини қўя бошлайдилар.

Биринчи  навбатда,  ҳибсга  олиниши  шарт  бўлганлар рўйхати тузилади  ва  сиёсий  мухолифат  аъзолари  бу  рўйхатнинг  биринчи қаторида ўрин олади.

Шунингдек,  ҳорижда  юрган  мухолифатчилар  ҳам  назорат остига  олиниб,  улар  кириб-чиқадиган  шаҳарларга  яна  ўша  МХХ агентлари жўнатилади.Бунинг  битта ўрнаги Истанбулда зуҳур этди.

1999  йил  феврал  ойининг  бошида  «Бирлик»  халқ  ҳаракати тамсилчиси  Алибой  Йўляхшиевнинг  оиласини  Канадага кетаётганда,  Истанбул  аэропортида  турк  ва  ўзбек  полислари тўхтатиб,  Ўзбекистонга  жўнатмоқчи  бўлишади.  Уларни  БМТнинг қoчқин статуси қутқариб қолади.

Кейин  маълум  бўлишича,  16  феврал  портлашларидан 10 кун аввал  Ўзбекистон  Миллий  Хавфсизлик  хизмати  раиси  ўринбосари бошчилигида  бир  гуруҳ  Туркияга  келиб,  бу  ўлканинг  чегара дарвозаларида  «ўзбек  террористларини»  тутиш  учун  рухсат сўрагани ва бу рухсат берилгани маълум бўлди.

Яъни,  16  феврал  портлашларидан  кейин  бошланиши  керак бўлган  кенг  миқёсли  репрессия  ҳаракати доирасига нафақат МДҲ давлатлари, балки Туркия ҳам кирган.

МДҲ давлатлари эса Ўзбекистон учун ҳеч қачон «проблема» бўлмаган.  Президент  Каримов  бу  давлатларга  бир дўқ урса, улар Каримовга истаган одамини бериб юбораверган. 16 февралдан сўнг «портлаш  сабабчилари»нинг  аксарияти  Қозоғистон  ва Қирғизистондан  ҳеч бир қийинчиликсиз  ушлаб келинди.

Буларнинг  ҳаммаси  16  феврал  портлашларининг ташкилотчиси  Ўзбекистон  Миллий  хавфсизлик  хизмати,  деган гумонни  туғдиради.  Яъни,  бу  портлашларда  МХХ  бошқарувчи, ертўлада  ўтирган  учта  маҳбус  консультант,  ташқаридагилар  – ижрочи  ролини  ўйнаган.  Портлашлар  ҳукуматнинг  ўйини  эканини охиригача  англамаган  гуруҳ  ижрочилар  бўлган.  Улар  бомбаларни бирин-кетин  портлатар  эканлар,  биз  золимга  қарши  жиҳод қилаяпмиз,  деб  ўйлашган.  Улар  портловчи  модда  тўлдирилган машиналарни,  битта  эмас,  бешта  машинани,  куппа-кундузи Тошкентнинг  марказига  қўяр  эканлар,  нега  бизни  ҳеч  ким тўхтатмаяпти, деб ўйламаганлар. Тўғриси, бундай ишни қилаётган одамнинг ўйлашга ҳам вақти бўлмайди…

16  феврал  фитнасини  уюштирганлар  хусусида  бизнинг гумонимиз шу. Ҳақиқатни  яна Оллоҳ билади.

(1999)

(71)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (201-206-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар