Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Жуғрофия қачон пайдо бўлган?

Жуғрофия қачон пайдо бўлган?
06 Mart 2017 - 8:00 'да юкланди ва 740 марта ўқилди.

Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ

МАҚОЛАЛАР
(60)

ЖУҒРОФИЯ ҚАЧОН ПАЙДО БЎЛГАН?

Тарих ва жуғрофия китоблариға ёзилибдурки, жуғрофия илми аввал мартаба Миср мамлакатиға Ҳазрат Мусодан илгари, фиръавнлар замониға бошланиб, Ер, туфроқ, денгизлар борасиға баёнотлар ёзилиб, харита — картаға ўхшаш «планлар» ихтиро бўлингонлиги маълум бўладур. (Фиръавнлар замони ҳижратдан 3-4минг сана илгари эди. Ва илгари ўтган Миср подшоҳларини барчасини фиръавн аталадур.)

Чин мамлакатиға ҳам ушбу илм сироят қилиб Ю деган подшо Хитой мамлакати хариталарини чиний косалар устиға нақш қилдурубдур. Сўнгра ушбу илм юнон халқиға сироят қилиб, алар замониға ривож топибдур. Сўнгра навбат румийларға тегиб, Искандари кабирни Эронға қилган сафари сабаб бўлуб, ҳозирги Туркистон, Ҳиндистон, Сибир мамлакатлари дунё одамлари ёинки юноний ва мисрий одамлариға билинди. Искандари кабир милоддан 350 сана илгари тириклик қилар эди. Ани устоди Арасту ҳаким бу очилган мактаблар тўғрисиға баённомау китоблар ёзиб, жуғрофия илмини ривож берди.

“Ушбу ҳаким милоддан 384 сана илгари таваллуд бўлуб эди (санаи милодий таваллуд ҳазрат Исодан, санаи ҳижрий пайғамбаримизни Мадинаға кўчганларидан ҳисобланадур). Сўнгра Истрабўн[1], Батлимус[2] деган юноний олимлар жуғрофия ва ҳайъат илмлари тўғрисиға яхши китоблар тасниф қилиб, бу илмларни кўп ривож берибдурлар. Аларни китоби юнон тилиға ёзилган эмиш. Истрабўн милоддан ўттуз, Батлимус саксон сана сўнгра вафот қилибдур.

Осмон тўққуздур ва Ерни атрофиға айланадур, деган киши ушбулар ва низоми маҳдуд эгасидур.

Дини ислом зоҳир бўлгандан сўнгра мусулмон уламолари, яъни араблар Андалус, Бағдод, Шом, Миср мамлакатлариға ҳар хил илмларни ниҳоят ривож ила ўқуб, ақлий илм ва фанлар тўғрисинда кўп таснифотлар қилганларидек, ушбу жуғрофия илмини ҳам аввал мартаба юноний тилидан арабийға таржима қилиб, ўз билиш ва тажриба ва кўрган мамлакатларини анга қўшуб, шарҳ қилиб, ўшал замонни(нг) дунё ва қуруқлигини билиб, жуғрофия илмини тараққийсиға саъй қилибдурлар. Ўзларидан илгари уламоға номаълум турган ерларни ва мамлакатларни очиб, ўз мусулмоний жуғрофиялариға ёздилар.

Хулафои Аббосияни еттинчиси Абдулла ал-Маъмун бин Ҳорун ар-Рашид замони 198 санаи ҳижрияға ва андан сўнгра мадрасаларға юноний уламолардан вақтинча мударрис тайинланиб, мусулмон уламолари юнонийча ўқуб сўнгра барча улуми ақлияи юнонияни таҳқиқға бошладилар. Ушал замонға жуғрофияға тааллуқ «даража ҳисоби»ға амалиёт — ўлчов қилдилар. Хулоса: барча улуми ақлияни бу кунги даража тараққий қилишиға уламои аҳли ислом сабаб бўлдилар.

Жуғрофия, ҳайъат, риёзий, тиб, ҳикмат, кимё, ҳисоб, илми табақот ул-арз[3] ва бошқалариға кўп китоблар тасниф қилиб, расад ва асбоб истеъмол қилиб ва мазкур илмларни баъзиси, чунончи, кимё, илм ал-арз фанларини ихтиро ва ижод қилдилар.

Мазкур мусулмон уламолардан бир нечаларини тасниф этган китоблари ила мунда ёзармизки, у жумладан 290 тарихи ҳижрияға Абулқосим Убайдуллоҳ «Китоб ал-масолик ва-л-мамолик» ва «Китоб ас-само»ни тасниф қилган ва жуғрофия тўғрисиндаги китоби Франса ва Гирмония тилларига таржима бўлгандур. Абу Исҳоқ Истахрий «Китоб ал-ақолим»ни, Абулқосим Мархитий ҳайъатға «Таъдидал- кавокиб» китобини 390 санаға, Ибн Ҳавқал Тужжор «Китоб ал-масолик ва-л-мамолик ва-л-мағориз»ни 28 сана саёҳатидан сўнгра тасниф қилдики, фаранг тиллариға таржима бўлгандур.

Абул Фидо VII аср ҳижрияға «Тақвим ал-булдон» ном китоби жуғрофияға тасниф қилдики, фаранг тилларига таржима бўлди. Фуқаҳои шофеъадан Сирожиддин Ҳифс «Харитат ул-ажойиб» китобини тўрт аср илгари тасниф қилди. Саккизинчи қарн ҳижрийға араб уламоларидан Абу Абдуллоҳ ибн Батута 25 сана доимий саёҳат қилиб, ўз вақтиндаги дунёни ҳаммасини кўруб, жуғрофия ва бир неча таснифлар қилганки, баъзиси фарангий тиллариға таржима бўлгандур.

Олтинчи аср уламосидан Муҳаммад бинни Абулқосим Абулфаттоҳ Шаҳристоний «Китоб ал-мулк ва-л-наҳлий» бир неча фарангий тиллариға таржима бўлди. VIII аср уламосидан Шиҳобиддин Абул Аббосни ўттуз жилддан зиёда «Масолик ал-абсор фи-л-мамолик ва-л-амсор» исмлик китоби Париж шаҳриға босилди. Мундан бошқа мусулмон донишманд ва уламоларидан Абулфараж Бағдодий, Ёқут Ҳамавий, Масъудий, Баҳром Дамашқий, Ибн Аёз, Абу Убайд ал-Бакрий, Шариф Идрисий, Самарқандий Али Қушчи, Улуғбек Кўрагон, Абу Али ибн Сино ва ғайриларики, тарих ва жуғрофия ва ҳайъатга таснифот қилиб эдилар.

Фаранг—Оврупо тиллариға юзлар йилга илгари бйлинмаган ва эшитилмаган жазира, мамила мусулмон уламосини китобларидан неча юзлар ила таржима ва табъ бўлдики, жуғрофия илмини букунги тараққийсиға қарун васатадаги*, яъни беш юз йил илгари ўтган уламойи исломияни сабаб бўлишиға кимса мункир бўлолмайдур.

Ўшал ислом уламо ва сайёҳлари Ер юзини аҳволи жуғрофиясини муфассал ёзиб, яна Ерни ич тарафини аҳволидан баҳс очиб, янги илмларни бошлаб, хулоса, мисрий, юноний замонларидан кўра дунёни каттароқ қилиб олам аҳлиға билдурдилар, деб мўътабар китобларға ёзилган ва аҳли вуқуф ва тарих ўқийдургон одамларға маълумдур.

Мусулмон уламоларидан сўнгра фарангийларни аҳли дониши ва Оврупо олим ва сайёҳлари денгиз ва қуруқликни ҳар тарафиға араблардан зиёда ҳиммат ва ғайрат ила юра бошлаб, дунёмизни иброний, юноний, арабий замонларидан кўра хейле катталигини билиб ва дунё аҳдиға билдурдилар.

Аввалги замонларға оти эшитилмаган Амрика, Пўлинизия, Орази Қутбийя ва минглар ила жазираларни топиб, ҳозирги барча мамлакат ва жазира ва денгизларни масоҳати* ила ҳамаға билинмоқиға боис бўлдилар. Дунё илми бирдан ривож топди. Санаи 1450 милодий — 854 ҳижрийдан бошлаб, бани одам илмиға дунёмиз аввалгидан кўра каттароқ бўлишиға Оврупо донишмандлари хизмат қилиб ва ўз давлат ва миллатлариға кўп нафлар еткурдилар.

898 санаи ҳижрияға фаранги тоифасидан Христофорўф Колумб деган илми риёзийға доно ва денгиз сафариға моҳир киши денгизға ўз ишиға бориб туруб, Амрика ерларини топди. Унланчи аср[4] ҳижрияға Русия одамларидан Ермак деган киши ҳозирги Сибир мамлакатини кашф қилиб, Русия ҳукуматиға қўшди. XI асрни аввалиға бешланчи қитъа еримизға тобеъ Пўлинизия аталгувчи кўп адад жазираларни Оврупо донишмандлари топиб, ўз ҳукуматлариға тобеъ қилдилар.

1700 ланчи йилға Русияға император бўлиб турган Петр аъзам подшоҳ завжаси (малика Екатерина) амри ила Азийя қитъасини шимоли-шарқи тарафиға азбаройи кашфиёт учун икки кема юборилдики, 1741 санаи милодияға Беринг, Черикоф деган кемачи капутанлар Шимолий Амрикағача бориб, Саника деган жазирани топиб, Янги Архангил деган шаҳарни бино қилиб, Беринг бўғозини топдилар. Хулоса, уч-тўрт асрдан бери йилдан-йилға илгари билинмаган ва эшитилмаган жазира, мамлакат ва қутблар тарафидаги ерларни аҳволи фарангий — Оврупо уламойи жуғрофийюн ва сайёҳларини ғайрати ила олам ёинки илм аҳлиға билинди ва фарангийларни дин ва дунёлариға ушбу саёҳат ва жуғрофия илми ниҳоят кўп нафлар еткурди.

Ҳануз жуғрофия илмини ривожиға саъйлари бордур. Барча мактабларига ўқитадурлар. Ҳозир ҳар бир катта давлат ва ҳукуматларни «жамияти жуғрофия» деган катта мажлислари ва ул мажлисларни уламойи жуғрофийюндан члон—аъзолари бордур. Дунёдаги барча жамияти жуғрофияни бир-бириға хату хабари бўладур. Янги топган нимарса ва янги саёҳатларидан бир-бириға хабар берадур. Ҳозирги жуғрофия илми ниҳоят мартаба тузатилиб, мукаммал бўлгандур. Хулоса, жуғрофия илмиға ул мисрий, румий, юноний одамлари, сўнгра мусулмон уламо ва сайёҳлари, учунчи мартабаға фаранг сайёҳлари хидмат қилдиларки, ҳар бирини аҳволиға илми тарих ва жуғрофия шоҳид…

(Давоми бор)

*
Васат – ўрта
Масоҳат – ўлчов


[1] Страбон (милоддан олдинги 64/63 йиллар – милодий 23-24) – қадимги юнон географи, тарихчиси; 17 китобдан иборат “География” асарининг муаллифи.
[2] Птоломей (тахм. 90-160 йиллар) – қадимги юнон мунажжими.
[3] Илми табоқот ул-арз — ер қатламлари илми.
[4] Ўнинчи аср. Муаллиф Сибир истилосини Русиянинг расмий-ҳукмрон нуқтаи назаридан ёритади.

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар