Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Ўрта Осиёда сиёсатингизни ўзгартиришингиз лозим

Ўрта Осиёда сиёсатингизни ўзгартиришингиз лозим
07 Mart 2017 - 5:00 'да юкланди ва 1702 марта ўқилди.

Ноки Ўзкон
(Суҳбат қисқартирилган ҳолда чоп этилди)

Ўзбекистон «ЭРК» Партияси раиси, шоир Муҳаммад Солиҳга кўра ОХҲТ қарорлари ва Туркия

Ўзбекистон мухолифатининг саси, «ЭРК» Партиясининг лидери, машҳур шоир Муҳаммад Солиҳ билан ОХҲТ (Оврупода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти) қарорлари ва Туркия ҳақида суҳбатлашдик. Солиҳ ўзининг 1985 йилда ёзган «Политбюрога мактуб»и ила совет зиёлилари ичида катта қўзғолиш уйғотганди. 1991 йил сайловларида у Ўзбекистон президентига номзод бўлди. Сайловдаги адолатсизликларга қарамай, унинг 13 фоизга яқин овоз олгани расман тан олинди.

Миллатвакиллигига сайлангандан сўнг, тазйиқларга норозилик сифатида миллатвакиллигидан истеъфо этди. Ҳибсга олинди.

Халқаро ташкилотларнинг тазйиқлари ва Ўзбекистонни зиёрат этган Турғут Ўзолнинг илтимосидан бир кун сўнгра озод этилди.

Туркияга келди, аммо тазйиқлар давом этавергач, 1994 йилида бу ердан ҳам кетишга мажбур бўлди. У ҳозир Норвегияда яшамоқда.

-ОХХТнинг Истанбул Конференциясига чақирилганингизни эшитдик, аммо келмадингиз не сабабдан?

-Оврупо Ҳамкорлик Ташкилотининг Истанбул Конференциясига қатнашиш учун таклифнома олгандим, аммо Туркия тарафидан «илтимос, келманг», шаклида бир огоҳлантириш юборилди. Кейин эса, Каримовнинг босқилари натижасида, Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам ўз таклифномасини қайтариб олди.

– Ҳамкорлик Ташкилотининг Истанбул зирвасини қандай баҳолайсиз?

– Бу зирва Ўрта Осиё жумҳуриятлари учун жуда аҳамиятли эди. Истанбул Конференцияси 2000 йилларнинг Ўрта Осиё стратегияси эшигини излади. Бу стратегия доирасида Туркия зиммасига буюк роль тушмоқда. Ўрта Осиё ва Кавказ янги дунё геополитикасининг муҳим нуқталаридир.

– Русиянинг Чеченистонга қилган ҳужуми бу янги геополитиканинг қаеридан ўрин олган?

– Бу минтақаларда ўзининг эски мавқеини сақлаб қолишни истаётган Русия, Ғарбнинг янги бир геостратегик қурилишларининг олдини олиш учун бу урушни бошлади. У бу урушни яна ҳам кенгроқ майдонга ёйишни истаб қолиши мумкин. Русия бу мақсадини «терроризм ва фундаментализмга қарши кураш» каби баҳоналарга ўрашни истайди, аммо бу тўғри эмас. Русия аввалдан супер куч бўлган бир давлат комплексини ташимоқда ва бу комплекс таҳликалидир. Русия икки ўт орасида: бир тарафдан демократия ва дунё билан тинчлик ичида яшамоқ, иккинчи томондан супер куч комплекси… Русиянинг бу икки ўт орасида мувозанат сақлаши мумкин эмас. Аммо тинчлик ва демократия Русияга ҳам керак.

– Ўзбекистон Президенти Каримов Истанбулдан эрта айрилди, сабаби нимада?

– Русия Ўрта Осиёдаги таъсирини давом эттирмак учун эски системадан қолган раҳбарлардан фойдаланмоқда, улардан жуда яхши фойдаланмоқда. Бундай раҳбарлар ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун ҳар нарсага тайёрлар. Истанбул зирвасида Ельциннинг асабийлашганидан сўнг, Каримов ҳам Туркиядан ўпкаланиб, Истанбулдан эртароқ кетиш шаклида бир тадбир олди. Каримов, ”четлатилганлик” баҳонаси орқасига яширинишни истайди, аммо асл сабаб – унинг Ельцин ёнида бўлиш истагида эди. Истанбулдан қайтибоқ, у Хитой билан бир қатор шартномалар тузди. Ўзбекистон аввалроқ Русиянинг мудофаа бирлигидан чиққан эди, аммо у пайтда Америкага ишонаётган эди. Каримов Америка ва Ғарбнинг ўзи билан ҳамкорлик қилишлари учун инсон ҳақлари ва демократиядан воз кечажагига умид қилган эди. Инсон ҳақлари ва демократия Ғарб муҳофаза қилган қадриятлар, улар истаганлари тақдирда ҳам бу қадриятлардан воз кечолмасдилар. Улар Ўзбекистон учун истисно қилолмайдилар. Шундан сўнг Ўзбекистон Русия томонга қайрилиш сиёсатини юргиза бошлади.

– Бу шароитда Туркиянинг вазифаси нимадан иборат?

– «Ғарб» деганда мен Туркияни ҳам назарда тутаяпман. Ғарбнинг ва табиийки, Туркиянинг Ўрта Осиё сиёсатидаги энг заиф халқа – мавжуд режимлар ва раҳбарлар: уларнинг принципсизлиги ва бебурдлиги. Ғарб сўнгги олти йил давомида эски коммунист раҳбарлар-ла бу ўлкаларни ўзига ағдариб олишни кўзлади. Мавжуд раҳбарларга тегинмай, миллиардларча доллар ҳаржлаб, ўз таъсирини ёйишга ҳаракат қилди. Аммо кўрдиларки, истаганлари бўлмади. Русия бу минтақада ўз таъсир кучини сақлаб қолмоқда. Ортиқ шуни кўрмоғингиз лозим: Ўрта Осиё ўлкаларининг мавжуд раҳбарларида Ғарбга интеграция бўлишни уддалай оладиган, демократик қадриятларни қабул этажак бир зеҳният топилмаяпти. «Эски милтиқлар» ўзгартирилгани йўқ. Янги бир лидерлар авлоди келмагунча, Ўрта Осиёда ўзгариш кутиш мумкин эмас. Ғарб энди демократияга чиндан ишонган янги лидерларни дастаклаши лозим. Туркия ҳам шу йўналишда ишлаши керак.

Ўрта Осиёда дўстлар бўлишини истасангиз, дўстларингизнинг иқтидорга келишига дастак беринг. Сиз эса, ким ҳокимиятда бўлса, ўшани дастаклайсиз. Аммо иқтидорда сиз тарғиб қилаётган қадриятларга, яъни эркинлик ва демократия, инсон ҳақлари, тинчлик ва фаровонлик ғояларига душман бўлган одамлар ўтирибди. Сиз ҳали ҳам бу раҳбарлардан бир нарсаларни умид қилмоқдасиз. Бу сиёсат ортиқ ҳар қандай мантиққа зид бўлиб қолди. Янги Овросиё стратегиясига уйғун ўлароқ, Ғарб ва Туркия янгича сиёсат юргизиши лозим. Табиийки, агар ҳали ҳам Чин деворларига қадар ёйилган бу ўлкани қучоқлашни истаётган бўлсангиз…

– Туркия сизга ёрдам бермаяптими?

– Каримов, Муҳаммад Солиҳга Туркия ёрдам бераяпти, деб ўйлайди. Мантиқан, Туркия ёрдам этиши лозим эди. Чунки советлар давридан бери Туркия ва унинг қадриятларини Муҳаммад Солиҳ тарғиб қилади. Аммо, афсуски, Туркия менга ҳеч бир замон ёрдам кўрсатмади. Мен ҳам Туркия ва Ўзбекистон орасидаги алоқалар бузилмаслиги учун жим турдим. Туркия ҳали ҳам айни тактикани давом эттиришни истамоқда. Лекин бу тактика эскирди. Энди янги тактикага эҳтиёж бор. Энди янги нарсалар ҳақида гапириш замони келди. Оврупо Ҳамкорлиги ташкилоти зирвасидан сўнг Туркия зиммасига тушган вазифани очиқ ва машруъ шаклда амалга ошириш замони келди. Яъни диктаторларнинг инжиқликларига сассиз қолмаслиги керак. Туркия Каримовнинг бутун талабларини бажариб, нимага эришди? Аксинча, Каримов Туркияга қарши яна ҳам қўрслашди. Зирвадан сўнгра Туркия минтақада кучли роль ўйнаш мажбуриятидадир. Бу ролнинг ижобий таъсирларини кутаяпмиз.

– Ўзбекистонда демократия аломатлари борми?

– Ўзбекистонда демократик ҳаракат заиф бўлсайди, Каримов олти йилдан бери бизни таъқиб этмасди. Ўлкамизда бир сукунат бор, аммо бу сукунат довул олдидан бўладиган сукунат кабидир. Кафканинг романларидаги каби доимо назорат остида қолиш натижасида туғиладиган бир психологик ҳолат мавжуд. Ғарб: «Ўзбекистонда асло бир нарса қила кўрма, истиқрорсизлик бошланади», дейди. Ҳолбуки, истиқрорсизликнинг манбаи Каримов режимидир.

(”Миллият” газетаси, 27 .11.1999 )

(72)
Муҳаммад Солиҳнинг 2013 йилда Истанбулда чоп этилган “Туркистон шуури” китобидан. (206-209-саҳифалар.)

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар
istanbul escort