Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Абдулқайс элчилари

Абдулқайс элчилари
07 Mart 2017 - 8:00 'да юкланди ва 959 марта ўқилди.

Алихонтўра Соғуний

ТАРИХИ МУҲАММАДИЙ — 151
(давоми)

АБДУЛҚАЙС ЭЛЧИЛАРИ

Абдулқайс қабиласидан келган элчиларнинг сони ўн олти кишидан иборат эди. Булар ичида Жоруд номли бир киши бўлиб, насоро динида эди. Таврот, Инжил ўқиб Расулуллоҳнинг сифатларини кўрмиш эди. Бу элчилар келмасидан бурун Расулуллоҳ булардан хабар берган эдилар.

Шундоқким, бир куни саҳобалар билан Мадина масжидида ўлтирган чоғларида шундай марҳамат қилдилар:

— Мана шу ҳозирда шу томондан бир қанча туя минган кишилар чиққайлар. Булар эса шарқдан келган кишиларнинг энг яхшиларидур. Динга кирмакка мажбур эмаслар, ҳақиқатни излаб йироқ йўлдан келурлар. От-уловлари ориқламиш, озиқ-овқатлари товсилмишдур. Улар эса Абдулқайс қабиласининг элчиларидурлар. Эй бор Худоё, бу қабилани мағфират қил,— деб дуо қилдилар.

Сўнгра хиёл ўтмасдан Расулуллоҳ айтган томонларидан бир қанча кишилар кўрина бошлади. Расулуллоҳга кўзлари тушиши билан ўзларини туядан ташлаб югуришдилар. Расулуллоҳни қўл ва оёқларига юз-кўзларини суртишиб, йиғлашган ҳолда кўришдилар.

Булар ичида Абдуллоҳ ибн Авф исмли бир киши бор эди. Барчаларидан ул ёшроқ бўлса ҳам, уларнинг раислари эди. Йўлдошларидан ажраб қолиб, шошилмай туясидан тушиб уни чўктирди. Сўнгра хуржунидан икки дона оқ либос олиб кийди. Бу ишларни Расулуллоҳ йироқдан кўриб турдилар. Сўнгра ўз юришида, бошқалардек югурмай, тўғри юриб келиб Расулуллоҳ билан кўришди. Қутлуғ қўлларини ўпиб, юз-кўзларига суртди. Абдуллоҳ ўзи хунук юзли, кўримсиз, киши эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга узоқроқ қараб қолдилар.

Анда ул:

— Ё Расулаллоҳ, инсон териси ош ичгудек идиш бўлмас, инсоннинг қиймати эрса, икки кичик нарсаси билан бўлур. Бириси, тили, иккинчиси анинг дилидур,— деб айтди.

Расулуллоҳ бунинг сўзини ёқтириб:

— Эй Абдуллоҳ, Худо ва унинг Пайғамбари яхши кўрадиган икки хислатнинг сенда борлигини кўрдим. Биринчиси, юмшоқлик эрса, иккинчиси, шошилмасликдур. Бу икки феълни Аллоҳ яхши кўргай, — дедилар.

Анда у:

— Ё Расулаллоҳ, бу хулқ эрса ўзимдан бўлдими, ёки менда Аллоҳ яратганмидур? — деди.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Дастлаб яратилишингда бу хулқни Аллоҳ сен билан бирга яратмишдур.

— Худо ва Пайғамбар яхши кўрган икки хулқни менда яратган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин, — деб ташаккур қилди.

Энди юқорида айтилишича, насоро динини тутган, Таврот ва Инжилда Расулуллоҳ сифатларини ўқиб, ўзларини кўришга муштоқ бўлиб юрган Жоруд булар билан бирга келган эди.

Ўзининг яқин йўлдоши Салама ибн Иёз деган кишига бир куни шундай сўз айтган эди:

— Эй Салама, Макка шаҳрида бир йигит пайғамбарлик даво қилиб чиқмишдур. Охирзамон Пайғамбари чиқди. Исо алайҳиссаломнинг қилган васиятларини Таврот, Инжилда ўқиб кўрган эдим. Шу киши бўлғайму, деб гумон қилурман. Бани Қайс элчилари билан унинг қошига борайлик, ҳозирдан ҳар икковимиз ўз кўнглимизда уч нарсани яширайлик, уларни эрса ҳар қайсимиз ўзимиз билайлик, бир-бирларимизга ҳам айтмайлик. Агар ул киши шу кўнглимизга яширинган нарсаларни тўғри топди эрса, Аллоҳ отиға онт қилурманким, Исо Пайғамбар башорат берган охирзамон пайғамбари аниқ шу бўлур. Анда алар иккови ҳам элчилар билан биргаликда Расулуллоҳ олдиларига киришди. Анда Жоруд:

— Эй Муҳаммад, сен Аллоҳдан қандай дин келтирдинг, нима ишлар қилмоққа сени буюрди? — деди.

Анда Расулуллоҳ:

— Аллоҳдан Ислом динини келтурдим, бу диннинг асоси эрса беш нимарсадур: биринчиси, барча оламни яратгувчи ёлғиз бир Аллоҳдур деб инонмоқ; иккинчиси, ҳар куни беш вақт намоз ўтамоқ; учинчиси, бой кишилар чоғайларга закот бермоқ; тўртинчиси, ҳар йили бир ой рўза тутмоқ; бешинчиси, қудрати етса умр ичида бир қатим ҳаж қилмоқдур, — дедилар.

Яна Жоруд:

— Эй Муҳаммад, аниқ Аллоҳ юборган Пайғамбар бўлсанг, кўнглимиздаги яширган сўзларимиздан хабар бергил, — деди.

Расулуллоҳ уйқу босгандек бўлиб, кўзларини юмиб очдилар. Шу орада ваҳий тушиб, муборак манглайларидан тер оқа бошлади. Бошларини кўтаргач, Жорудга қараб:

— Сен кўнглингда уч ишни сўрамоқчи бўлдинг. Биринчиси, Ислом келмасдан илгари араблар орасида қонлар тўкилиб, уларнинг ўз вақтида қасоси қайтарилмаган бўлса, унинг ҳукми Ислом шариатида қандоқ бўлур экан? Иккинчиси, жоҳилият даврида сақланиб келган қабилалар орасида ичилган қасамлар Исломиятда ҳам сақланарму? Учинчиси, қайси садақанинг савоби ортиқроқдур? Буларнинг жавоблари шулдурки, жоҳилият қонлари исломиятда сўралмағай, уларнинг қасоси қайтарилмагай. Жоҳилиятда ичилган қасамлар исломиятда мардуддур. Мусулмонлар орасида бирлик сақлаш учун исломият ўзи қасамдур. Садақаларнинг энг яхшироғи муҳтож кишиларга кўлук (от, ҳўкиз, арава шунга ўхшаш нарсалар) кучини бермакдур ёки эрта-кеч соғиб ичгудек ҳайвонлар сутини садақа қилмоқдур, — дедилар.

Расулуллоҳ унинг иккинчи йўлдошига қараб:

— Салама, сенинг кўнглингда яширган уч нарса шулардур: биринчиси, бутларга ибодат қилмоқ тўғрисида; иккинчиси, сабосаб кунининг ҳурмати хусусинда; учинчиси, асл ва зотсиз кишиларнинг ҳуқуқ ва қасосда фарқлари ҳақида сўрамакчисан. Мана шуларни кўнглингда яширдинг, — дедилар.

Бунинг жавоби эрса, бутларни ва уларга топинган кишиларни Аллоҳ таоло тамуғ ўтида куйдиргай. Сабосаб кунлари эрса жоҳилият давридаги ҳурматли байрам кунлари бўлиб, унинг ўрнига исломиятда Аллоҳ таоло Қадр кечасини ато қилди. Бу туннинг қадри эрса, Худо олдида минг ойдан ортиқроқ эрур. Шу бир кеча тоат-ибодат қилган кишилар минг ойлик тоат-ибодат қилганининг савобини топгайлар. Рамазон ойининг энг кейинги ўн кунидан бошлаб, уни талаб қилинглар. Қадр кечасининг белгиси — туни ёруғ бўлиб, бошқа кечалардек ортиқча қоронғу бўлмагай. Ул кечада бўрон-чопқун бўлмагай, ул туни тонг отгунча тинчлик-омончилик бўлгай. Қуёш чиқар чоғда шу куни бошқа кунлардек ялтираб чиқмасдин хирароқ бўлиб чиққай. Асл кишилар билан зотсиз кишиларнинг исломият олдида фарқлари йўқдур. Ҳар бир ҳуқуқда баробардурлар. Агар бир асл одам зотсиз одамни ўлдирар бўлса, уни қасос қилиб ўлдурмак лозимдур. Аммо Худо олдида эрса инсонларнинг фарқлари бордур. Кимнинг тақвоси кўп эрса, Аллоҳ олдида унинг даражаси улуғдур. «Инна акрамакум индаллоҳи аткакум» ояти каримасининг мазмуни ҳам шулдир, — дедилар.

Бу мўжизани кўргач, дарҳол ул икки одам иймон келтирдилар. Буни кўришиб, Абдулқайсдан келган барча элчилар ҳам иймон келтиришдилар.

Сўнгра улардан бир киши туриб:

— Ё Расулаллоҳ, бизни ерларимизнинг ҳавоси оғирдур. Ош-сувларимиз сингишлик эмас, узум-хурмолардан ясалган ичимлик шаробларимиз бўлур, шулардан бир коса-ярим коса ичиб юрмакка рухсат қилурмисиз, — деб сўради.

Анда Расулуллоҳ айтдилар:

— Ўзингиз билурсизким, ҳеч ким бу нарсадан оз ичмакка қаноат қилмагай, кўп ичиб эсиргандин (мастликдан) сўнгра ақли қочиб, қилич суғуриб ўз йўлдошининг оёғига ургай. Унинг заҳмидан бир киши умр бўйинча оқсоқ бўлиб қолгай.

Расулуллоҳдан бу сўзни англашлари билан барчалари бирданига кулишиб юборишдилар. Расулуллоҳ улардан:

— Нега кулдинглар? — деб сўрадилар эрса:

— Сиз айтган воқеа ўз ичимизда мана шу киши устида бўлиб ўтгандур, — дейишиб, чўлоқ бир кишини кўрсатдилар.

— Гувоҳлик берурмизким, Аллоҳ юборган аниқ пайғамбар экансиз. Ароқ ичмасга ваъда берурмиз, — дейишди. Сўнгра Расулуллоҳдан рухсат олиб ўз юртларига қайтишдилар.

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар