Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Исломни ким қандай англайди

Исломни ким қандай англайди
07 Mart 2017 - 11:00 'да юкланди ва 1036 марта ўқилди.

Эргаш Сулаймон

Мамлакатнинг, миллатнинг ҳар қанақа ҳолати – ўша миллат мансуб зиёлиларнинг ақлу ҳофизаси билан ўлчанади. Ҳаттоки, ҳукуматнинг ва президентнинг ҳам аксар хатолари ва эришган мувафаққиятлари зиёлиларнинг нақадар ўзларини тўғри ёхуд нотўғри тутишларига боғлиқ. Миллатнинг тақдирида президентдан кўра, зиёлилар ўрни муҳим рол ўйнайди.

Афсус-ки, ҳаммаси учун халқни айблайдиган кўпчилик зиёлиларнинг ўзлари, ҳолбуки ўзларининг жамиятдаги ўрнини аниқ билмайдилар. Қайси бири ўзи чўчқа бўлган ҳолда, “чўчқалар”ни тарбиялаб, одам қилмоқчи бўлади.

Бошқаси, араб империяси билан исломни қориштириб юборади. Араблар ичидан етишиб чиқиб, Туркистонга келиб фитна қўзғатган миллати араб бўлган Муқаннани турк қаҳрамонига айлантиради.

Баъзи бир ақли ноқислари исломни дунёвийлаштириш ва кенг ислоҳ қилиш учун Америка президентидан ёрдам сўрайди. Ислом асосларини ерпарчин қилсам, Ўзбекистонда тараққиёт бошланади, дея ишонади.

Бир минг тўрт юз йилдан буён айтилиб келинаётганидек, исломда бир-биридан айрилган диний салтанату дунёвий салтанат бўлмаслигини ва бу бошқарув инсондан юксак диний, ахлоқий, ақлий ҳамда бошқа сифатларга эга бўлишни талаб қилишини, у ўйлаб ҳам кўрмайди.

Чунки, унда ислом ҳақидаги оддий тушунча ҳам йўқ. У ҳали ҳам эскириб, чириб кетган коммунистларнинг яроқсиз ғоялари билан сиёсат майдонида жанг қилиб юрибди. У қурол ва зўровонлик билан дунёни қойил қилишни мақсад қилиб қўйган. Техника ривожини ва фитна қўзғотувчи фикрлар, у учун энг олий мезон. Ойга қўниб тушган мамлакатнинг фуқаролари у учун идеал фуқаролар ҳисобланади. У учун одоб-ахлоқ масаласи, энг сўнгги масала…

Шариатсиз киши учса ҳавоға,
Кўнгил берма анингдек худнамоға.

Ҳавога учса, монанди чибиндур,
Ани ҳоди дема, шайтони диндур.

Шариатсиз киши гар ютса ўтни,
Ҳаво ўртасида минса булутни,

Қачон топқан эрур қурбат ҳидини,
Вали билманг тақий андоқ кадини.

Бўлибтур мундоғ ишлар кофирийдин,
Начукким, бўлди сеҳри сомирийдин.

Сўфи Оллоёр одамнинг дуо билан ҳавога учишидан бохабар бўлган. У бизга шариатсиз кишининг ҳавога учиши ўзини кўрсатиш (“худнамо”лик), у гўё бир чивин (пашша), деяпти. Уни “ҳоди”, яъни йўл кўрсатувчи шайх деб билма, унинг дини – шайтоний, деб, ҳатто у шариатсиз одам оловни ютса ва ё осмонга чиқиб булутни минса ҳам, у қурбатни, Аллоҳга яқинлик ҳидини қаёқдан билсин, бундай кади, яъни ошқовоқни вали деб билманг, чунки бундай ишлар кофирдангина келади, деб уқтираётипти.

Динни ва муллолик рутбасини ниқоб қилган кўп замондош шайхлару имомларнинг Сўфи Оллоёр таърифини келтирган фирибгарлардан фарқланадиган жиҳати йўқ. Уларнинг ҳийла-найрангларига алданиб, икки оламда осий бўлгандан кўра, худосизларнинг ғоясини қўллаб-қувватлаб, худосиз ўтган тузук.

Худосизлар хатоларини англаб, чин юракдан тавба-тазарру қилсалар, Яратганнинг ҳидоят этиши мумкинлиги эҳтимоли йўқ эмас. Эгаси итининг қилиғини билади, деганларидек, Аллоҳ бандасининг феъл-атворини билади. Банда борки, хатолардан холи бўлмайди. Ҳеч ким ҳам фаришта эмас.

Эшиткил, балки Фиръавн амридин Нил
Қуйидин юққориға оқди беқил.

Муни билгилки, Ҳиндистонда ҳоло
Учарлар кофирин санноси боло.

Шариат ҳукмин этмай иқомат,
Таажжуб ишлари бўлмас каромат.

Ҳиндистонда осмонга учган одамнинг таажжуб қиладиган ишлари ҳам каромат эмаслигини, бу тугул, Фиръавн амри билан Нил дарёси тескари оққанда ҳам бу каромат бўлолмаслигини биздан қарийиб уч аср илгари яшаб ўтган Сўфи Оллоёр каромат қилган.

Ҳиндистонда одамнинг осмонга учиши неча асрлар илгаридан ота-боболаримизга маълум. Биз эса буни телевизордан эшитиб, гўё энди пайдо бўлган янгилик каби ёқа ушлаб ўтирипмиз. Коммунистлар ойга ракета қўндирдик, деб дунёйи оламга жар соладилар, аммо чумолининг оёғини эзиб ташлаб, қайта ўз ҳолига келтира олмасликлари олдида лолу гаранг қолишдан ҳам улар ўзларини тия олмайдилар. Чунки улар одам оёқлари етган жойларнинг инсон тафаккури олдида бир қадамлик ҳам манзил эмаслигини илғашга қодир эмаслар.

Бошидан нотўғри шакллантирилган кўзқарашлар – бошга туя териси қопланган Манқуртнинг миясига қайтиб ўсган сочга ўхшайди. Ният холис, тасаввурлар ёрқин бўлмагач, руҳиятда ўзгаришлар содир бўлмайди. Фикрлашда ҳар куни янгиланишлар рўй бериб турмаса, ўсиш ва тараққиёт юз кўрсатмайди.

Минг йиллар асносида қақраб ётган чўлларни боғ-бўстонга айлантирган Ленин инқилоби бизга тараққиёт олиб келди, дея СССР парчалангандан кейин ҳам, қарийиб ўттиз йилдан буён ичимизда туриб, тинмасдан жавраётган мўрмалахлар галаси бор. Ҳар маҳалланинг уч оиласининг иккисида, мактабларда Совет йилларида текин таълим-тарбия бериларди, болаларимиз ҳур ва бахтиёр эди, дегувчилар бор…

Амалда-чи? Амалда мактабларда қуллик ва ялтоқликдан илм бериларди. Уларга берилаётган таълим-тарбиянинг ва билимларнинг миллий маънавиятимиз ва тарихимизга ҳеч бир тегишли жиҳати йўқ эди. Ўша кунлардаги таълим-тарбия ва билимлар Мустақиллик йилларида самара берди. Давлат бошига ўзбек миллатининг на тарихига, на маънавиятига алоқаси бўлмаган Ислом Каримовни олиб келди. Ўзлигидан, тарихи ва маънавиятидан узоқлаштирилган миллат, ўзига ҳеч қанақа алоқаси бўлмаган бир кимсани лидер сифатида қабул қилишга мажбур бўлди. Бу мудҳиш хатонинг мамлакат ва фуқаролар ҳаётидаги тикланмас йўқотишлари хусусида, баҳслашиб ўтирмаса ҳам бўлади.

Совет мактабларида таълим-тарбия топганларнинг аксари маънан қашшоқ, бир қисми мол-дунёсини кўрсичқондек гурумига тортишга устаси фаранг бўлиб етишди. Дин-иймон, миллий ғурур ва ор-номус туйғулари – тарихий хотиранинг ғариблиги, уларни ор-номуссиз қилиб қўйди.

Уларни ўқитган ўқитувчилар – қулдорларнинг заранг таёқлари эдилар. Улар учун жаҳолат – ақллилик ва олижаноблик белгиси ҳисобланарди. Ўтмишга хиёнат – қаҳрамонлик эди. Улар ўзлари дарс бераётган мактабларда бир соат дарс олган ўқувчининг юз йил ўнглана олмаслигини хаёлларига ҳам келтирмасди. Ўқувчилар руҳиятларидаги озодлик ва ҳурлик туйғуларининг қуллик ва ялтоқликка, ҳамиятсизлик ва беномусликка айқашганини ҳатто сезмасди ҳам. Шунинг учун ҳам биз, ўтган 25 йиллик Мустақиллик даврида онгимизни қулликдан, худбинлик ва калтафаҳмлик асоратларидан қутқара олмадик.

Давлат бошига коммунистлардан ҳам бешбаттар мунофиқ ва фирибгарлар келди. Масжид-мадрасалар жоҳил муллоларга тўлди, улар ҳукуматнинг раъйига бўйсиниб, миллатни исломдан адаштирди. Адолат ва эзгулик ҳаммоллари ҳисобланган суд тизимлари ва хавфсизлик ташкилотлари қонунларни паймол этди. Рўшнолик ва тараққиёт мезони бўлмиш тартиб-интизомни, илм-фанни, касб-ҳунарни бошбошдоқлик ўзанига солдилар.

Ночор халқ руҳий парокандаликка юз тутиб, ит эгасини, мушук бекасини танимай қолди. Булар барчаси уч юз-тўрт юз йиллик подшоларимиз ва шўро сиёсатининг олтмиш йиллик зўровонлиги асоратидир.

Ҳолбуки, бизлар бугунгача ҳам Совет йилларида мактабларда бепул ўқитилган болаларимиз ичидан авлиёлар қидирмоқчи бўламиз. Босқинчилар болаларимизни қўлларимиздан тортиб олган эдилар. Пулсиз сотиб олганлари учун ҳалигача тавон тўлаяпмиз.

Кимлардир, коммунистларнинг Ўзбекистонни боғу бўстонга айлантирганини айтиб, оғиз кўпиртиради. Чўллар ва саҳроларимизнинг у даврларда боғ-бўстонга эврилганига келадиган бўлсак, аслида улар боғ-бўстонларимизни саҳрога айлантиришди. Кўз илғамас сарҳатларда ястанган саксавулзор, юлғунзорларимиз, дарёлар бўйларидаги тўқайларимизга қирон етди. Натижада, экотизим ишдан чиқиб, табиий офатлар бошланди. Юзлаган хил ўсимликлар, ёввойи ҳайвонлар, дарандалар ва парандалар йўқолиб кетдилар.

Бугун Орол денгизининг ўлими ҳақида бутун дунё айюҳаннос солишга бел боғлаган. Эрта-индин ўзимизнинг ҳалокатимиз хусусида баҳс-мунозаралар бошланади, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган касалликлар урчийди. Шон-шуҳратга муккасидан кетганлар олий минбарлардан нутқ ирод этишга тушадилар. Бироқ ўшанда бизлар ҳаммасини бой берган бўламиз…

(давоми бор)

Etiketler :
Хабарга ўз изоҳингизни қолдиринг

Сўнгги хабарлар
Ўхшаш хабарлар